Қайднома

Қидирув

ФИФА рейтинги: ЭНДИ МУНДИАЛ САРАЛАШИНИ ЎЙЛАЙМИЗ…

ФИФА рейтинги: ЭНДИ МУНДИАЛ САРАЛАШИНИ ЎЙЛАЙМИЗ…

  14.02.2019 02:19
  0
  781
ФИФА рейтинги: ЭНДИ МУНДИАЛ САРАЛАШИНИ ЎЙЛАЙМИЗ…

2018 йил декабрь - 2019 йил январь оралиғи халқаро ўртоқлик ва расмий ўйинларга бой бўлди. Аниқроқ айтсак, эски йилнинг охирги ойида 18та, янгисининг 1 февралигача 55та учрашув ўтказилди. Шундан 51таси расмий мақомга эга. Тушунарлики, ОК-2019 мусобақасидан ўрин олган баҳслар назарда тутилмоқда. Қатар миллий жамоасининг чинакам «шовқин-сурон» кўтариш муддатига айланган шу 2 ойни ЖЧ-2022 саралаш босқичининг норасмий старти сифатида ҳам таърифлаш мумкин қайсидир маънода. Ҳа, навбатдаги мундиалнинг квалификацион ўйинлари бошланишига ҳали вақт кўп. Лекин қуръа жараёнида қайси жамоаларнинг нечанчи саватчадан ўрин олиши нуқтаи назаридан қараганда, ортда қолган яқин давр ўйинлари аҳамияти максимал даражада катта...

 

*** 7 февраль куни эълон қилинган жаҳон рейтингининг янги рўйхатида яккаҳокимлик давом этмоқда. Умуман, Бельгия термасининг камида яна 3 ой ФИФА рейтинги юқори поғонасидан тушмаслиги аниқ. Амалдаги жаҳон чемпиони - Франция миллий жамоаси яна 1 очко кам тўплаган ҳолда, 2-ўринни банд этди. Яна бир эътиборли томони, кучли 20таликда ҳеч қандай ўзгариш кузатилгани йўқ.

*** Эрон термаси 7 поғона юқорилади, бунинг таъсирида Австрия ва Сенегал жамоалари 1та ўрин пастга сурилди. Японларнинг рейтингда олдинга бирдагина 23 қадам ташлашлари эса кучли 50таликдаги аксарият жамоаларнинг 1-2 поғона пастлашишига олиб келди.

*** Қатар термаси 1993 йилнинг август ва октябрь ойларида ФИФА рейтингида 51-ўринни банд этганди. Жамоа Осиё чемпионатида зафар қучган бўлсада, унинг рекорди янгиланмади. Қатарликлар олдинги ва янги рейтинг эълон қилинган вақт оралиғида 11 марта майдонга тушиб, 9та ғалаба ҳамда 2та мағлубият қайд этишди. Натижада 93-ўриндан бирданига 55-қаторга кўтарилишди. Факт шуки, Қатар термаси тарихида бирданига 38 поғона юқорилаш бирор марта кузатилган эмасди! Дарвоқе, Осиёнинг янги чемпиони энди шу йил июнь ойида Америка кубоги турнирида иштирок этади. Умуман, жамоанинг июнь ойида 4та ўйин ўтказиши аниқ. Рақиблари ҳам маълум - АҚШ, Парагвай, Колумбия ва Аргентина термалари. Демак, Феликс Санчес Бас бошқарувидаги жамоа рейтингда ҳали янада кўтарилиш учун реал имкониятга эга. Испаниялик мутахассис ўз шогирдларини тиғиз тақвимга муносиб тайёрласа, бас.

*** Ўзбекистон терма жамоаси 2018 йилнинг февраль ойида 72-ўринга кўтарилганди. Вакилларимиз бу поғонага ҳали-вери яқинлашолмаса керак. Миллий жамоамиз 2018 йилнинг 22 мартидан  буён 14та ўйин ўтказиб, ўртачадан пастроқ статистика кўрсатди: 4та ғалаба, 4та дуранг, 6та мағлубият. Эктор Купер жамоаси айни пайт 89-қаторда (ОФК миқёсида атиги 12-ўрин).

*** Жаҳон рейтингининг дастлабки 50талигида ОФКдан атиги 4та вакил бор - Эрон, Япония, Ж.Корея ва Австралия термалари. Дастлабки 100таликка қарасак, ОФК таркибидаги 17та жамоа­ни кўрамиз. Осиёнинг яна 17та жамоаси рейтингда 150-ўриндан пастда. Кўриниб турибдики, ОФКнинг жаҳон рейтингидаги мавқеи ҳаминқадарлигича қолмоқда, барибир. Тўғри, Осиё бўйлаб, ЖЧ-2022 саралаш босқичи старт олиши билан вазият яхши томонга ўзгариши мумкин. Лекин ўсиш кузатилган тақдирда ҳам, вақтинча бўлиб чиқади. Ҳар ҳолда, қуйи гуруҳ вакилларининг ҳаттоки, ўртамиёна жамоаларга ҳам муносиб рақобат тақдим этишлари қийин масала. Эҳтимол, ОФК ҳам худди Европа Миллатлар Лигаси сингари алоҳида мусобақага асос солиши ёки муайян минтақалар миқёсидаги турнирларни жиддийлаштириб, уларни ФИФА рўйхатига киритишга уриниб кўриши керакдир... Шунда Осиё жамоаларининг очколари кўпаярмиди?

*** Қитъамизда ЖЧ-2022 саралашига жорий йил 6 июнь куни расман старт берилади. Гранд жамоалар эса 5 сентябр (7 ойдан сўнг)дан курашга киришади.

*** Ўзбекистон миллий жамоаси ОФК миқёсида 12-ўрин, умумий рўйхатда 89-ўринга жойлашганини инобатга олсак, ОК-2019 натижаларига кўра, Уммон ва Қирғизистон термаларидан ўзиб кетдик.

*** Ўзбекистон термаси январда 2та ғалаба, 1та дуранг ва 1та мағлубият қайд этиб, 24 рейтинг очкоси ишлади ва умумий рўйхатда 6 поғона юқорилади. 1996 йилнинг ноябрь ойида кузатилган антирекорд (119-ўрин)­дан анча узоқлашганимиз яхши, лекин умид қиламизки, жамоамиз Эктор Купер даврида кучли 50таликка қайтади.

*** Қатар термаси ой якунларига кўра, нафақат ОФК, балки ФИФА аъзолари орасида ўрин ва балл бўйича энг яхши ўсишга эришди. Осиё чемпионининг натижаси: +38 ўрин ёхуд +140 балл. КХДР термаси эса аксинча, пастга қулаш бобида ҳаммадан олдинда: -12 ўрин. Шимолий кореяликлар Осиё кубоги гуруҳи босқичида йирик ҳисобли мағлубиятларни тан олишганини назарда тутсак, бундай «шўнғиш» асослидир.

 

ДарвоҚе...

ЖЧ-2022 йўлида. Ўзбекистон терма жамоасининг ОК-2019да чорак финалга чиқолмагани ЖЧ-2022 саралашига ташланадиган қуръага катта таъсир кўрсатиши тайин. Оддий айтганда, жамоамиз Осиё кубогида рейтинг бўйича катта юксалишни таъминлай олмагани туфайли қуръа жараёнида асосий саватчага тушмайди. Бу ҳолат Эктор Купер жамоаси илк раунддаёқ Эрон, Япония, Жанубий Корея, Австралия, Қатар, БАА, Саудия Арабистони ва Хитой термаларидан бири билан битта гуруҳда ўйнашини англатади. Ҳали тўлиқ тасдиқланмаган саралаш формуласига қараб айтсак, вакилларимиздан ташқари, Ироқ, Сурия, Ливан, Уммон, Қирғизистон, Иордания ва Вьетнам термалари гуруҳ босқичида элит жамоаларга асосий рақиб сифатида гавдаланади. Ҳозирги режага мувофиқ, ЖЧ-2022 саралаши худди аввалги квалификация сценарийси асосида ўтади. Фақат бу сафар Индонезия ва Қувайт термалари ҳам катта ниятлар билан саралашга киришади. Асосий раундда жамоалар 8та гуруҳга бўлинади. Якунда 8та ғолиб, шунингдек, 2-ўрин соҳиблари орасида яхшироқ натижага эришган 4та жамоа ҳал қилувчи раундга чиқади. Эслатма, миллий термамиз ЖЧ-2018 саралаши учун қуръа ташланишидан олдин ФИФА рейтингида ОФКнинг 4-рақамли жамоаси эди: Эрон, Япония, Жанубий Корея, Ўзбекистон. Энг қизиғи, ОК-2015 ғолиби - Австралия термаси ОФК рўйхатида атиги 10-ўринда бўлганди. Бу сафар эса чемпион 5-поғонада турибди.

 

Ой давомида энг катта ўсишга эришган жамоалар (ўринлар бўйича)

1. Қатар: +38 ўрин

2. Япония: +23 ўрин

3. Ж.Корея: +15 ўрин

4. БАА: +12 ўрин

    Иордания: +12 ўрин

6. Ироқ: +8 ўрин

7. Эрон: +7 ўрин

8. Ўзбекистон: +6 ўрин

Ой давомида энг катта йўқотишга юз тутган жа-моалар (ўринлар бўйича)

1. КХДР: -12 ўрин

2. Сурия: -9 ўрин

    Туркманистон: -9 ўрин

4. Уммон: -8 ўрин

    Яман: -8 ўрин

6. Филиппин: -7 ўрин

7. Ҳиндистон: -6 ўрин

8. Панама: -5 ўрин

Ой давомида энг катта ўсишга эришган жамоалар (очко бўйича)

1. Қатар: +140 балл

2. Япония: +81 балл

3. Ж.Корея: +46 балл

    БАА: +46 балл

5. Иордания: +42 балл

6. Ироқ: +39 балл

7. Эрон: +35 балл

8. Ўзбекистон: +24 балл

Ой давомида энг катта йўқотишга юз тутган жа-моалар (очколар бўйича)

1. КХДР: -44 балл

2. Сурия: -36 балл

    Филиппин: -36 балл

4. Яман: -33 балл

5. Туркманистон: -31 балл

6. Уммон: -22 балл

7. Ҳиндистон: -21 балл

8. Ливан: -19 балл

 

ФИФА рейтинги (ОФК бўйича)

 

Ўрин   Фарқ    Жамоа              Очко       Фарқ

 

22        +7         Эрон                 1516        +35

27        +23       Япония              1495        +81

38        +15       Ж.Корея           1451        +46

42        -1          Австралия        1441        +5

55        +38       Қатар                1398        +140

67        +12       БАА                  1355        +46

70        -1          С.Арабистони   1344        +9

72        +4         Хитой                1339        +22

80        +8         Ироқ                 1310        +39

83        -9          Сурия               1286        -36

85        -4          Ливан                1277        -19

89        +6         Ўзбекистон      1275        +24

90        -8          Уммон               1273        -22

95        -4          Қирғизистон      1253        -11

97        +12       Иордания          1238        +42

99        +1         Вьетнам            1227        -2

100      -1          Фаластин          1224        -12

103      -6          Ҳиндистон        1219        -21

111      +2         Баҳрайн            1188        +10

115      +3         Таиланд            1169        +9

120      0           Тожикистон       1155        -3

121      -12        КХДР                1152        -44

123      -7          Филиппин          1135        -36

124      0           Хитой Тайпейи  1134        0

136      -9          Туркманистон   1089        -31

138      +1         Мьянма             1085        0

140      +1         Гонконг             1078        0

143      -8          Яман                 1073        -33

147      0           Афғонистон      1066        -2

152      0           Мальдив ор.     1046        0

158      0           Қувайт              1018        0

159      0           Индонезия        1003        0

161      0           Непал               1001        0

165      0           Сингапур           991          0

167      0           Малайзия          985          0

172      0           Камбоджа         970          0

183      0           Макао               925          0

184      0           Лаос                 923          0

186      0           Бутан                917          0

188      0           Мўғулистон       915          0

192      0           Гуам                 907          0

           0           Бангладеш        907          0

195      0           Бруней              903          0

196      0           Шарқий Тимор  900          0

199      0           Покистон          888          0

201      0           Шри-Ланка        886          0

ФИФА рейтингининг янгиланган варианти шу билан 4 апрель куни эълон қилинади.


ФИКРАТ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz