Қайднома

Қидирув

Массимо АМБРОЗИНИ: «ИЛТИМОС, РИНОГА ИМКОН БЕРИНГ»

Массимо АМБРОЗИНИ: «ИЛТИМОС, РИНОГА ИМКОН БЕРИНГ»

  15.02.2019 01:47
  0
  588
Массимо АМБРОЗИНИ: «ИЛТИМОС, РИНОГА ИМКОН БЕРИНГ»

Айни пайтда SKYтелеканали шарҳловчиси сифатида ишлаёиган “Милан”нинг собиқ сардори Массимо Амброзини фикрича жамоанинг амалдаги бош мураббийи Женаро Гаттузога ҳали имкон бериш керак. У италиялик журналистлар  билан мулоқот чоғида “рассонерлар”нинг жорий мавсумдаги ўйинларига доир шахсий мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

- Массимо, жорий мавсум Италияда ЧЛ йўлланмалари учун бир неча жамоа кураш олиб бормоқда...

- Ҳа, дарҳақиқат, етакчилик «Ювентус» ва «Наполи»дан ортмаётган паллада қолган 2та ўрин учун баҳслар қизғин тус олмоқда. Бу курашни қайсидир маънода чемпионат ичидаги чемпионатга қиёслаш мумкин.

- «Милан» шу кураш иштирокчисига айланганидан мамнун бўлса, «Интер» вакиллари «Квартетда ўрнимиз нақд», деб ўйлашяпти, шекилли...

- Жамоа «Болонья»дан мағлубиятга учрагач, 3-ўрин масаласидаги ишонч «Интер» зарарига ишлаши мумкинлигини айтгандим. Чунончи, ўша ўйинда «нерадзурралар»га шижоат, суръатни ўзгартириш, ҳамжиҳатлик каби хислатлар етишмади. Мана, Икарди анчадан буён гол уролмаяпти. Айни пайт «Интер» тартибсизлик гирдобида қолгандек. Агар вақтида тегишли чоралар кўрилмаса, «Милан» ва бошқа таъқибчилар ўзиб кетишлари ҳеч гап эмас. Аммо унутмаслик керак, «Интер» қудратли тизим ва тажрибали мураббийга эга. Қолаверса, клубда турли вазиятдан чиқиб кетиш тажрибаси ҳам бор.

- Вақтида «Милан» ярим ҳимоясида Женнаро Гаттузо билан нақ 13 йил давомида ёнма-ён тўп суриб, кўплаб совринларга эга чиққансиз. Хўш, Рино мураббий ролида маъқул келяптими?

- Ҳа, жуда маъқул. Дейлик, у қисқа вақт ичида улкан ўзгаришларни амалга оширди. Ҳайронман, Гаттузодан яна нима исташади? Қаранг, Рино жамоага азалий қадриятни, ишончни қайтарди. Энг асосийси, бунда қалб қўри билан ишлади, бор имкониятларидан фойдаланди ва фойдаланмоқда.

- Лекин «Милан»дан ҳамиша ўз нуфузига яраша юқори савияда ўйнашини кутишади...

- Мураббий хизматига баҳо беришда аввало, клуб режаларини инобатга олиш лозим. Гаттузо зиммасидаги вазифаларни уддалаяпти. Ундан натижа таъминлаш баробарида футболчилар қийматини ошириш ҳам талаб этилганди. Менимча, Рино бу мажбуриятни ҳам  яхши бажармоқда.

- Масалан?

- Биринчи навбатда, Бакайокони тилга олишим керак. Унинг мавсум аввалидаги ва ҳозирги савияси ўртасида катта фарқ бор - бу яққол кўзга ташланиб турибди.

- Шу кунларда жароҳат туфайли бир неча ой майдонга тушолмаган Лукас Биглия сафга қайтади. Айтингчи, бу ҳолат не-не машаққатлар билан марказдаги муаммоларни бартараф этган Гаттузога қўшимча муаммо туғдирмайдими?

- Бакайоконинг асосий ўйинчилардан бирига айлангани исботга муҳтож эмас. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, Биглия ҳам сафдан чиқишидан олдин шундай мақомда эди. Демакки, Рино сихни ҳам, кабобни ҳам куйдириб юбормаслик учун жиддий бош қотириши керак. Умид қиламанки, у бу жумбоқни ҳам муваффақиятли ҳал қилади.

- Умуман, жамоа тактикасида қандай ўзгаришлар кузатилиши мумкин?

- Менимча, Пакета олдинги чизиқдан жой олса керак. Унинг кўрсаткичлари бунга имкон беради. Лекин яна такрорлайман: Ринога мустақил иш юритиш имкониятини берган маъқул. Ҳар ҳолда, футболчилар ҳолати унга аёнроқ.

- Қизиқ, тахминингизча, ЧЛ йўлланмалари учун пойга қандай якунланади?

- Тўғриси, бундай саволларга тоқатим йўқ. Чунки башоратчилик билан шуғулланмайман. Аммо Милан жамоаларига маслаҳат бериш қўлимдан келади: «Аталанта»дан эҳтиёт бўлинг. Бу жамоа ажойиб спорт формасида ва энг хавфли рақиб саналади!

Муҳаммад СОДИҚ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz