Қайднома

Қидирув

ЛИГАДА БЕҚАРОР, КУБОКДА ЭСА…

ЛИГАДА БЕҚАРОР, КУБОКДА ЭСА…

  18.02.2019 07:06
  0
  566
ЛИГАДА БЕҚАРОР, КУБОКДА ЭСА…

«Монако» Лига 1да қаторасига мағлубиятга учрайвергач, Франция чемпионатида ундан ёмон жамоа бўлмаса керак, деб ўйлагандик. Ҳаттоки, Россия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Александр Головинга ачинганлар ҳам учради. Монегасклар шундай бўш ўйнашдики, хавфли зонагача тушиб кетишди. Лекин энг охирги ўринга эмас. «Монако»дан пастда бир клуб бор - «Генгам». Бу Лига 1да «Монако»дан ёмонроқ кўрсаткич қайд этаётган ягона  жамоадир.

«Тракторчилар» 22та ўйинда атиги 3 марта ғалаба қозонишди. Жамоани Франция термаси, «Марсель» ва «Нант» клубларининг собиқ футболчиси Жослен Гурвеннек бошқармоқда. Жамоа чемпионатни Антуан Комбуаре бошчилигида бошлаганди. Гурвеннекни вазиятни ижобий томонга ўзгартириш мақсадида ноябрь ойида таклиф қилишганди. Унинг қўл остида чемпионатда «Монако» ва «Ренн» мағлуб этилди. Бироқ ҳолат ўзгармади.

Албатта, футболда мўъжизалар ҳам учраб туради. Кубок ўйинларида «Генгам» худди эртак қаҳрамонларидек таассурот уйғотмоқда. Жамоа ғойибдан куч олиб, рақибларини у ёқдан-бу ёққа «улоқтирмоқда».

Чемпионат аутсайдери, айниқса, Лига кубогида кўпчиликни ҳайрон қолдирмоқда. Гурвеннек жамоаси навбат билан «ПСЖ» ва «Монако»ни турнирдан чиқариб юборди. «Тракторчилар»нинг Парижда Франциянинг амалдаги чемпиони, мамлакат кубоги ва лига кубогининг амалдаги соҳиби «ПСЖ»ни мағлуб этишлари ҳеч ким учун кутилмаган бўлди. Иккинчи бўлим давомида «Генгам» уч марта пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритиб, шундан иккитасини голга айлантирди. Натижада ярим финал йўлланмаси қўлга киритилди. Агар пенальтидан берилган зарбаларни инобатга олмасак, генгамликлар «ПСЖ» дарвозасига бошқа аниқ зарба беришмаганди.

Орадан тўққиз кун ўтиб, «ПСЖ» «Парк де Пренс»да «Генгам»дан ўзига хос қасос олди. Парижликлар мазкур учрашувда рақиб дарвозасига тўққизта жавобсиз тўп йўллашди. Аммо мазкур йирик ғалаба ҳам «ПСЖ»га Лига кубогида соврин ютиш имкониятини қайтариб бермайди.

Ярим финалда Гурвеннек жамоаси «Монако»ни мусобақадан чиқариб юборди. Учрашувда 0:2 ҳисобида имкониятни бой бераётиб, якунда ҳисобни тенглаштирди. Пенальтилар сериясида эса ғалаба нашидасини сурди. Ўша куни монегасклар еврокубокларда ўйнаш имкониятини берувчи сўнгги имкониятни қўлдан бой беришди. «Генгам» эса Европа Лигасида Франция шарафини ҳимоя қилиши мумкин. Фақатгина 30 март куни финалда «Страсбур»ни мағлуб этса, кифоя. Эътиборли томони, финал учун чиқарилган 50 мингта чипта сотиб бўлинган.

«Генгам» Франция кубогида ҳам шов-шув кўтаришга яқин турганди. Бироқ жамоа 1|8 финалда «Лион»га 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Эслатиб ўтамиз, генгамликлар 2013|2014 йиллар мавсумида Гурвеннек қўл остида мазкур мусобақада ғолиб чиқишганди.

«Генгам»да шундай футболчилар борки, улар билан танишгач, беихтиёр Франция чемпионати аутсайдери ўйинларини кузатишга қизиқиш ортади. Мисол учун, «тракторчилар»нинг 21 ёшли тўпурари Марку Тюрам. ЖЧ-1998да Франция терма жамоаси билан ғолиб чиққан Лилиан Тюрамнинг ўғли. У турли турнирларда 22та учрашув ўтказиб, 11та гол урди. Ўша «ПСЖ»га қарши учрашувда иккита пенальтини тепиш унга ишониб топширилди. Биринчисидан фойдалана олмади. Кейин «нуқта»га иккинчи марта яқинлашишга қўрқмади ва 90+3-дақиқадаги ғалаба голига муаллифлик қилди.

Марку ҳимоячи отасидан фарқли ўлароқ, ҳужумкор футболчи ҳисобланади. У чап қанот вингери бўлиш билан бирга, марказий ҳужумчи сифатида ҳам ҳаракатлана олади. Жисмонан бақувват, техникаси ва дриблинги яхши. Ёш бўлишига қарамай, ўзига ишончи юқори. Фаолиятини «Сошо»да бошлаган. 2017 йилнинг ёзида эса «Генгам» 600 минг еврога сотиб олган.

Лилиан Тюрамнинг яна бир ўғли бор - Кефрен. У «Монако»да ўйнайди. Ака-укалар Лига кубогининг ярим финалида ўзаро кураш олиб боришди. Бу баҳсда Марку ғолиб чиқди. Mirror нашрининг хабар беришича, «Генгам» ҳужумчисини «Манчестер Юнайтед» скаутлари диққат билан кузатишмоқда. Шундай экан, жаҳон чемпионининг ўғли тез орада «Олд Траффорд»да голлар уришни бошласа, ажабмас.

У.Умаров тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz