Қайднома

Қидирув

Асосий йўналиш – Шарқий Осиё

Асосий йўналиш – Шарқий Осиё

  20.02.2019 01:53
  0
  634
Асосий йўналиш – Шарқий Осиё

Четда тўп сураётган футболчиларимиз доимо тортишиладиган мавзу бўлиб келган. Бу ҳақдаги турлификрлилик уларнинг ўша кетиш онларидаги дастлабки лаҳзаларданоқ бошланади. Умуман, легионернинг қаёққа йўл олиши фойдали-ю, қайси мамлакатда тўп суриши шўнғишга олиб келиши ҳақида ҳар хил қарашлармавжуд... Миллий терма жамоамизнинг келажак футболчилари эҳтимолидаги икки вакилимиз узоқ Шарқ томон йўл олишди. Фақат, ўрни анчагина қуйида бўлган клубларга.

Рустам Ашурматов бориб қўшилган «Гвангжу» ўз даврида анча кучли клуб бўлган. Ҳозирги ўрни К-2 лигасида эканига қарамай, шу йилиёқ яна Кей-лигага қайтиш эҳтимоли бор. Умуман, бу Жанубий Кореяда иккита лига орасида энг кўп чиқиб-тушадиган клублар сирасига киради.

Аксинча, Достон Турсуновнинг жамоасида ҳолат мутлақо бошқача. У шартнома имзолаган «Ренофа Ямагучи» ҳали япон футболида янги жамоа. Жей-лига ўйинларини умуман кўрмаган ҳам. Тахминимча, бу клуб яқин 1-2 йил ичида Япониянинг юқори дивизионига йўл ололмаса керак. Ҳар ҳолда, бу фикрни мазкур жамоа тарихини, ҳозирги мақсад ва имкониятларини анча яхши ўрганиб чиққан ҳолда билдиряпман.

Япониянинг Ямагучи префектураси шарафини ҳимоя қилувчи «Ренофа» инглизча «renovation», «fight» ва «fine» сўзларининг дастлабки иккита ҳарфларидан олинган бўлиб, 1949 йилда ўқитувчилар ҳаваскор жамоаси сифатида ташкил қилинган. Олдинлари клуб номи ҳам шунга мос - «Ямагучи Тичерс» («Ямагучи ўқитувчилари») эди. 2006 йилга келибгина, мазкур жамоани Жей-лигага олиб чиқиш ҳақида жиддий бош қотира бошланди. Шу йили номи «Ренофа Ямагучи»га ўзгартирилган мазкур клуб олдига мамлакатнинг бош лигасигача бўлган довонни босиб ўтиш вазифаси қўйилди. Бундай йирик режа 10 йил деганда тахминан ярмига самара берди: 2016 йили «Ренофа» Жей-лига 2-дивизионига йўл олди. J-2 лигада 22та жамоа иштирок этишини ҳисобга олсак, дастлабки мавсумда қўлга киритилган 12-ўрин унчалик ёмон кўрсаткичга ўхшамасди. Лекин 2017 йили жамоа якунда 20-ўринга жойлашди ва J-3 лигасига қайтиб тушиб кетишига бир баҳя қолди. Натижада клуб раҳбарияти аргентиналик бош мураббий Карлос Майорни ишдан олиб, унинг ўрнига маҳаллий мутахассис Масахиро Симодани та­йинлади. Ўтган 2018 йилги мавсумда «Ренофа» ўз тарихидаги энг баланд натижани - Жей-лига-2 да 8-ўринни қўлга киритди.

Юқорида Рустам Ашурматовнинг «Гвангжу»си ҳақида ҳам маълум фикрлар билдирилганди. Мазкур клубнинг сўнгги 8 мавсумдаги иштироки ва кўрсаткичларига эътибор қаратсангиз, Рустамнинг қандай жамоага йўл олгани ҳақида бироз тасаввур пайдо бўлади:

Кўриб турганингиздек, «Гвангжу» сўнгги 8 мавсумдан 5тасини мамлакатнинг бош мусобақаси саналган Кей-лигада ўтказган, 3тасида К-2 лигада қатнашишга мажбур бўлган.

Келажакда кучли ҳимоячи сифатида етишиб чиқишини кутаётганимиз Ашурматовнинг 4-ўриндаги жамоамиздан Кореянинг қуйи дивизион вакили сафига бориб қўшилиши масалага юзаки қараган киши учун ҳеч бир юксалишга тўғри келмайдиган ҳол сифатида тилга олинар, эҳтимол. Лекин масалага чуқурроқ ёндашадиган бўлсак, шуни пайқашимиз мумкинки, Жанубий Кореяда К-1 ва К-2 лигалардаги жамоаларнинг кучи орасида жуда катта тафовут йўқ, бу ерда К-лигада қатнашувчи 10та жамоадан исталган бири чемпион бўлиши мумкин ва исталган иккитаси К-2 лигага тушиб кетиши одатий ҳол. Ҳаттоки, амалдаги чемпион келаси мавсумда пастки дивизионга тушиб кетиши ва аксинча, К-2дан янги чиққан жамоа чемпион бўлиши ҳолатлари кузатилган.

Бундай вазият айнан «Гвангжу»га ҳам бегона эмас: ўтган йили К-2да 5-ўринга жойлашган мазкур жамоанинг ҳам бу ерда узоқ қолиб кетмаслиги эҳтимоли анча юқори. Шуларни ҳисобга олиб, Ашурматовнинг Жанубий Корея томон юриши биз учун фақатгина «плюс» тарафга, деб айтиш мумкин.

Бизда энди-энди йўлга қўйилаётган Про-лигани кучайтириш дастурига ўхшаш тизим бу мамлакатда аллақачонлар ўз йўлига тушиб олган. Тахминан 16-20та жамоа бир-бирини бемалол енга олади. Шу нуқтаи назардан, Ашурматовнинг «Гвангжу»га ўтишини яна бир бора олдинга ташланган қадам деса бўлади.

Япония ва Кореядаги футбол инфратузилмаси хусусида гап кетганда, уларни соатлаб мақташ мумкин, молиявий масалаларда муаммо деярли кўрмайсиз. Бу ерда дунё даражасидаги юзлаб фирма ва концернлар бор. Уларнинг аксарияти автомобилсозлик ва электроника соҳасида фаолият кўрсатиши ва футболга ҳам маълум даражада пул ажратишини айтиб ўтиш керак.

Айниқса, Достон Турсуновнинг Япония қуйи лигаси вакили бўлсада, у ерга мамлакатимиз Суперлигасини тарк этган клуб сафидан йўл олиши жуда тўғри қарор бўлди. Достон Японияда янада яхшироқ футбол намо-йиш этишига мен умуман шубҳа қилмайман. Бунга астойдил ишонишимга учта сабаб бор:

1. Футболчи учун бошиданоқ катта босим бўлмайди, унинг жамоаси ўртаҳол клуб ва мазкур жамоа сафида бир мавсумдаёқ япон футболини ўзлаштириб олади. Шу давр мобайнида маҳаллий футболчилардан фарқли равишда унга эътибор, кузатишлар кўпроқ бўлади (легионер мақоми учун).

2. Биздаги футбол инфратузилмаси (айниқса, паст сифатли майдонлар)да кўрсатолмаган ўйинларини айнан Япониянинг идеал майдонларида намойиш этиши мумкин. Очилмаган қирралари ярқ этиб намоён бўлади, роҳатланиб футбол ўйнайди. Бу унинг янада ўсишига олиб келади.

3. Агар жуда яхши ўйинчи бўлиб етишса-ю, бу давр мобайнида «Ренофа» Жей-лигага чиқа олмаса, клуб уни барибир, узоқ ушлаб тура олмаслиги аниқ. Бошқа кучли жамоаларга ўтиб кетиши қийин кечмайди.

Айниқса, охирги фикрларимдан япон клуби вакиллари жуда хафа бўлишлари аниқ эди, лекин менга ҳозир бу борада умуман фарқи йўқ, қаерда бўлишидан қатъий назар, бизга кучли ҳимоячилар керак. Бу борада биз учун муҳим тарафи, ё «Ренофа» юқори дивизионга кўтарилиб, кучли жамоага айлансин ёхуд футболчимиз ўзини кўрсата олгач, бирор кучли жамоа сафига ўтсин. Шуниси муҳимроқ - яъни «Ренофа» трамплин вазифасини бажаради. Ашурматов борасида ҳам худди шунга ўхшаш фикрларни илгари суриш мумкин.

Япония J-2 лигаси ҳақида яна бир қизиқ факт: «кунчиқар юрт» қуйи дивизионида анча паст ўринни олган жамоалар ҳам Жей-лига йўлланмасини қўлга киритишлари мумкин. Масалан, 2012 ва 2014 йилги мавсумлар J-2 лигада 6-ўринни эгаллаган «Оита Тринита» ва «Монтедио Ямагата» клублари келаси мавсум юқори дивизионга йўл олишган.

Бу ерда ҳам регламент худди биздаги каби тез-тез ўзгариб туради; ўша йиллари 6-ўрин соҳиби 3-ўрин соҳиби билан ўйнаган ва уни мағлуб этиб, 4-5-ўринлар ғолибига рўбарў келган. Бу ўйинларда ҳам ғолиб чиққан юқоридаги икки клуб сенсацион тарзда (Японияда аслида унчалик сенсация ҳам эмас) Жей-лигага йўл олган.

Бу йилги регламентга кўра, нечанчи ўрингача Жей-лига йўлланмаси учун имконият тақдим этилиши ҳозирча бизга қоронғу. Шунга қарамай, Достон Турсуновда ҳар томонлама яхши имкониятлар мавжуд.

Энди эътиборингизга Жанубий Кореянинг айнан шу лигаси вакили саналган «Теджон Ситизен» клуби аъзоси Шоҳрух Гадоевга берилган савол ва унга легионер футболчимиз томонидан берилган жавобни ҳавола этсак (интервью «ИнтерФутбол»нинг 2018 йил куз ойларидаги сонларида чип этилган):

- Шоҳруҳ, Жанубий Корея К-лигаси клубларига қарши ўйнагансиз, улар билан К-2 лигаси савияси бир-бирига яқинми ёки тафовут каттами?

- Катта фарқи йўқ. Жамоамизда К-лигада ўйнаган тажрибали футболчилар бор. Улар билан айнан мана шу мавзуда суҳбатлашганимизда, элитадан бизнинг чемпионатимиз кучлироқ, деган жумлани эшитгандим. Жисмоний тайёргарлик бўйича аниқ устунмиз.

Хабарингиз бор, «Теджон Ситизен»да яна бир ҳамюртимиз Санжар Турсунов ҳам тўп сурмоқда. ФК «Сеул»га йўл олган Икром Алибоев ва «Жубило Ивата»да ўз ўрнига эга Фозил Мусаевни ҳам бу рўйхатга қўшадиган бўлсак, айни пайт Япония ва Жанубий Корея майдонларида ўйнайдиган вакилларимиз сони ҳам ҳеч қачон бунчалик кўпаймаганига гувоҳ бўламиз.

Мақоламиз якунида хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, ушбу икки мамлакатга бориб тўп сурган футболчиларимиздан ҳеч бири заиф ўйинчилар бўлишмаган.

Сервер Жепаров ФК «Сеул» сафида Корея чемпионлигини қўлга киритган, кейинчалик «Сеонгнам» ва «Сувон Самсунг Блюуингз» таркибида ҳам анча муваффақиятли ўйнаган.

Тимур Кападзе ҳам Кореянинг «Инчхон Юнайтед» клубида ўйнаётган пайтида миллий жамоамизнинг асосий фигураларидан бири эди. Темур «Инчхон» сафида атиги бир мавсум тўп сурган бўлсада, 28та ўйинда майдонга тушиб, 4та гол уришга эришган.

Фақатгина бу борада Гейнрих унчалик муваффақият қозона олмади. Балки, «Сувон Самсунг»га унинг ўйин услуби мос келмагандир (18та ўйин, 3та гол), лекин шу даврларда ҳам Гейнрих миллий термамизнинг етакчи ҳужумчиларидан бири эди.

Олдинлари ушбу мамлакатларга бориб тўп сурган етакчиларимиз мисолида, Япония ва Жанубий Корея майдонлари бизга келажакда ҳам катта муваффақиятлар келтиради, дея ишонч билдиришимизга бугун асослар бор.

 

Мавсум                 Лига Ўрни Жамоалар сони

2011     К-лига-1   11       16

2012     К-лига-1   15       16

2013     К-лига-2   3         8

2014     К-лига-2   2         10

2015     К-лига-1   10       12

2016     К-лига-1   8         12

2017     К-лига-1   12       12

2018     К-лига-2           5          10

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz