Қайднома

Қидирув

Мавсумга шаймисиз: «Локомотив»дан "Динамо"гача...

Мавсумга шаймисиз: «Локомотив»дан "Динамо"гача...

  19.02.2019 05:29
  0
  480
Мавсумга шаймисиз: «Локомотив»дан

Амалдаги чемпион хориж йиғинини якунлаб, юртимизга қайтди. Айтиш ўринли, «Локомотив» янги мавсум тайёргарлик босқичининг иккинчи ва асосий қисмини Туркияда ташкил этди. 30 январь - 13 февраль оралиғида олиб борилган охирги йиғин давомида 4та ўртоқлик учрашуви ўтказилди. Уларнинг дастлабкиси Москванинг «Динамо»сига қарши кечиб, 1:1 ҳисоби қайд этилди. Иккинчи беллашувда «Локо»га Қозоғистон вакили «Астана» рақиблик қилди ва яна дуранг натижа қайд этилди - 1:1. Анталия йиғинидан ўрин олган кейинги «ўртоқлик»да Украинанинг «Заря»сига 0:1 ҳисобида имкониятни бой беришган «темирйўлчилар» охирги назорат баҳсида «Олимпия» (Словения)га қарши майдонга тушишди ва 1:1 ҳисобига рози бўлишди. «Локо» сафида рақиб дарвозасини Алишер Шоғуломов нишонга олди. Албатта, назорат баҳсларида натижа муҳим эмас. Муҳими, мураббийлар камчиликларни кўриб олишди.

Энди «Локомотив» тайёргарликни Тошкентда давом эттиради. Жамоани 23 февралда жорий йил ҳисобидан илк расмий учрашув кутмоқда. «Темирйўлчилар» шу куни «Пахтакор» марказий стадионида Ўзбекистон суперкубоги-2019 учун АГМКга қарши майдонга тушишади.

 

«Пахтакор»

Тошкент клуби раҳбарияти 5 февраль куни ПФЛ томонидан чиқарилган қарор (Азиз Тур­ғунбоев масаласи бўйича) юзасидан йиғилиш ўтказди. Унда клуб раҳбарлари, мураббийлари ва ходимлари иштирок этишди. Йиғилганларга ЎФА ва ПФЛ регламенти, қоидаларига асосан иш тутиш лозимлиги алоҳида уқтирилди. Якунда 6 ойга дисквалификация қилинган Жаъфар Ирисметов ўрнига янги спорт директори тайинланди: бу лавозимда «Пахтакор» техник директори Собир Ходиев фаолият олиб боради. Таъкидланишича, «Пахтакор» ҳамиша ЎФА ва ПФЛ қарорларига ҳурмат билан ёндашади.

Энди жамоа ҳақида: БААга жўнаб кетишдан олдин Тошкентдаги охирги машғулотда айни пайт мураббийлар ихтиёрида бўлган барча футболчилар иштирок этишди. Сардор Собирхўжаев асосий гуруҳга қайтган бўлса, Акром Комилов якка тартибда ишлашда давом этди. Элдор Суюнов ва Марко Симич эса ҳамон четда қолишмоқда. 1,5 соатга чўзилган машғулот чоғи асосан жа­моавий ўйинни шакллантириш устида иш олиб борилди. Шу тариқа «Пахтакор» делегацияси шанба куни эрталаб Дубай амирлигига жўнаб кетди. Шота Арвеладзе жамоа­сини олдинда ОЧЛ гуруҳ босқичи йўлланмасига ойдинлик киритадиган «Ал-Наср» билан мураккаб ўйин кутмоқда.

«Навбаҳор»

Янги мавсумга тайёргарликни Туркиянинг Анталия шаҳрида олиб борган Наманган клуби бу йиғин доирасида навбатдаги назорат баҳсини Украинанинг «Александрия»сига қарши ўтказиб, 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради.

«Лочинлар»нинг голи Зафар Тўраев номига ёзилди. Ушбу «ўртоқлик»да ҳисобни украиналиклар очишди, кейин Андрей Канчельскис шогирдлари мувозанатни тиклашди ва рақиблар танаффусга 1:1 натижаси билан чиқиб кетишди. Иккинчи бўлимда эса «Александрия» футболчилари «Навбаҳор» дарвозасини яна бир бора нишонга олиб, 2:1 ҳисобида устун келишди.

«Навбаҳор»: Ўткир Юсупов, Игорь Голбан, Жаҳонгир Меҳмонов, Мирзоҳид Ғофуров, Славко Лукич, Абдужамол Исроилов, Зафар Тўраев, Шаҳзод Шайманов, Аббос Ғуломов, Александр Касьян, Иван Соловьёв.

Захирадан майдонга тушганлар: Баҳодир Насимов, Азим Аҳмедов, Жасур Азимов.

Анталиядаги охирги назорат учрашуви Польша Про-лигаси иштирокчиси - «Сталь» (Мелец) жамоасига қарши кечди. Бунисида польшаликлар танаффусга қадар ҳисобни ўз томонларига оғдиришди - 1:0. Иккинчи бўлимда эса захирадан майдонга тушган Баҳодир Насимов «Сталь» дарвозасини нишонга олиб, мувозанатни тиклади ва якуний ҳисоб 1:1 кўриниш олишини таъминлади.

«Навбаҳор»: Ўткир Юсупов, Обид Жўрабоев, Игорь Голбан, Ғиёс Комилов, Ҳожиакбар Юнусов, Шаҳзод Шайманов, Азим Аҳмедов, Жасур Азимов, Зафар Тўраев, Иван Соловьёв, Александр Касьян.

Захирадан майдонга тушганлар: Баҳодир Насимов, Абдужамол Исроилов, Мирзоҳид Ғофуров.   

Наманганликлар Туркиядаги йиғинни бугун ўз якунига етказиб, юртимизга қайтишди. Таркибдаги ўзгаришлар ҳақида гапирсак, «Навбаҳор» Иван Соловьёв билан «1}1» асосида шартнома тузди. Чунончи, у «Навбаҳор» машғулотларида фаол ишлаб, Канчельскисда яхши таассурот уйғотди. Айтиш ўринли, Иван вақтида Россиянинг «Зенит» клуби шарафини ҳимоя қилган.

Янги мавсумдан эътиборан ўқув юртлари ҳамда маҳаллалардаги ёшларни футболга кўпроқ жалб этиш, уларда қизиқиш ва меҳрни ошириш мақсадида яқин ўтмиш футболчилари иштирокида турли учрашувлар ўтказилмоқда. аввалги ҳафта ПФЛ Мухлислар билан ишлаш бўлими вакиллари «Навбаҳор» базасида бўлишди. Якунда Наманган шаҳридаги Давлатобод енгил саноат ва касб-ҳунар коллежи талаблари билан Акмал Теляков ва Аббос Латифбоев иштирокида учрашув ташкил этилди. ПФЛ вакиллари дастлаб «Марказий» стадионида «Навбаҳор» ҳамда арена раҳбарияти билан учрашиб, мухлисларни жалб этиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишишди, турли масалаларда тавсиялар беришди. Ўз навбатида, «Навбаҳор» вице-президенти Бахтиёр Усманов мавсум-2019да мухлисларга қулайлик яратиш мақсадида бир қатор ишларни амалга ошириш режаси тузилганини маълум қилди. Жумладан, «Навба­ҳор»нинг уй учрашувлари 8та видеокамера ёрдамида суратга олинади. Бу трансляция сифати яхшиланишини таъминлайди. Шунингдек, реклама баннерлари электрон кўринишда бўлади, «Марказий» аренасига жамоа рамзи - лочин қуши монументи ўрнатилади. Асосийси, жорий йилдан стадионда рақамли технология татбиқ этилади. Шундан сўнг «Марказий» стадиони анжуманлар залида ПФЛ, «Навбаҳор», маҳаллалар кенгаши ва вилоят касб-ҳунар таълим бошқармаси вакиллари, фахрий футболчилар Акмал Теляков ва Аббос Латифбоев иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

 «Бунёдкор»

14 февраль куни клуб раҳбарияти таклифига биноан, «Бунёдкор» академиясида мураббийлар учун педагогика фанлари номзоди, профессор Шамиль Исеев томонидан ўқув-семинари ташкиллаштирилди. Мураббийлар маҳоратини ошириш, футбол таълими самарадорлигини ошириш ҳамда малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида олиб борилган семинарда назарий, техник ва тактик кўрсатмалар берилди. Шунингдек, футболчилар жисмоний тайёргарлигини оширишда зарур саналган услубий тавсиялар ҳақида сўз борди.

Бу вақтда «Бунёдкор» футболчилари тайёргарлик ишларини давом эттирмоқдалар. Ўтган ҳафта Вадим Абрамов бошчилигидаги «қалдирғочлар» «Андижон»га қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушишди. Унда «Бунёдкор» таркибида АГМКнинг собиқ ҳимоячиси Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров ва «Насаф»дан таклиф этилган ҳужумчи Дилшод Хушбаков ҳам ҳаракатланишди.

 

«Металлург»

Хориж сафаридан қайтган Бекобод жамоаси вакиллари сўровга кўра, Тошкент вилояти Қибрай туманидаги ўқув-машғулотлар масканида тўпланишди. Куннинг иккинчи ярмида мазкур қароргоҳга собиқ  ҳакам, айни пайт етакчи назоратчилардан бири сифатида ишлаётган Марат Исмоилов ташриф буюриб, «Металлург» мураббийлари ҳамда ўйинчиларига «Футбол қоидаларидаги ўзгаришлар» мавзусида маъруза ўқиди. Марат Шокирович кейинчалик турли саволларга жавоб қайтариш баробарида махсус видеотасвирлар, чизмалар воситасида баҳсли вазиятларни таҳлил қилиб, бу борада тушунча берди.

«Металлург» футболчилари шунингдек, ЎФА Техник ривожлантириш бошқармаси илмий-методик бўлими раҳбари Шамиль Исеев бошчилигидаги гуруҳ назоратида нормативлар топширишди. Мавсум старти яқинлашган сари клуб стадионида ҳам иш қизимоқда. «Металлург» марказий аренасидаги ишлар якуний босқичга келди. Ўтган ҳафта махсус техника воситалари ёрдамида майдон текисланди, дренаж тизими созланди. Самар­қанддан келтирилган янги пластик ўриндиқлар ҳам ўрнатилмоқда. Стадион бинолари - ҳакамлар, назоратчи, комиссар, футболчилар кийиниш ва ювиниш хоналари таъмирдан чиқарилди.

 

«Бухоро»

Бухорода янги мавсумга қаратилган тайёргарлик ишлари изчил давом эттирилмоқда. «Бухоро» спорт мажмуаси майдонига  суғориш тизими ўрнатилди ва Голландиядан келтирилган махсус майса уруғи сепилди. Трибуналар ўриндиқларини алмаштириш жараёни ҳам бошлаб юборилди. Тез орада стадион бинолари таъмирдан чиқарилади.

 

«Насаф»

Қарши жамоаси футболчилари аввалги ҳафта нормативларни топширишди. Ушбу жараённи ЎФА Техник ривожлантириш бошқармаси илмий-методик бўлими ходими, профессор Шамиль Исеев бошчилигидаги мутахассислар олиб боришди. «Насаф»  таркибига эса бир қатор янги футболчилар қўшилишди. Аниқроғи, «Машъал»нинг икки вакили - Ҳумоюн Муртазоев ва Сардор Абдураимов «аждарлар» сафида шуғулланишмоқда. Маълумот ўрнида айтиш керак, Ҳумоюн охирги 4 мавсумда «газчилар» таркибида 104та ўйин ўтказиб, рақиблар дарвозасини 27 бора ишғол қилган.

«ҚизилҚум»

Ўқув-машғулотлар йиғинини Туркияда олиб бораётган Навоий клуби у ерда иккинчи назорат учрашувида майдонга тушди. «Қизилқум»га бу сафар Қозоғистоннинг «Тараз» клуби рақиб бўлди. Муросасиз кечган баҳсда «Қизилқум» 76-дақиқада Элгужа Григалашвили томонидан урилган гол эвазига ғалаба қозонди. 

Кейинги назорат учрашувида Қозоғистоннинг бошқа бир клуби - «Иртиш» спарринг-рақиб вазифасини ўтади. Голларга бой бўлган беллашув якунида томонлар жанговар дурангга имзо чекишди - 3:3. Ҳамиджон Актамов жамоаси голлари яна Элгужа Григалашвили (2та) ва Алишер Саноев номига ёзилди.

«Қизилқум» (бошланғич таркиб): Евгений Черемисин, Эркин Бойдуллаев, Суҳроб Ярашев, Алишер Саноев, Файзулла Қамбаров, Мурод Бобожонов, Муҳсин Убайдуллаев, Элгужа Григалашвили, Мақсуд Каримов, Элдор Бойматов, Салим Мустафоев.

 

«ҚўҚон-1912»

ПФЛ Суперлига клублари олдига бир қатор жиддий талабларни қўйгани ҳаммага маълум. Энг асосий талаблардан бири - футбол академиясига эга бўлиш. Бу борада муқобил вариант ҳам бор: ЎФА  қошидаги бирор академия билан шартнома тузиш. Хуллас, «Қўқон-1912» яқинда ПФЛнинг академия тўғрисидаги талабини ҳал қилди. Аниқроқ айтсак, жамоа раҳбарияти ЎФА қошидаги Фарғона вилояти ҳудудий футбол академияси билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Шунингдек, Қўқондаги «Марказий» стадионида катта ҳажмда иш олиб борилмоқда. Бугунги кунда арена майдони тўлиқ янгиланиш арафасида. Стадионга сифати юқори чим ётқизилади. Ҳозирда дренаж ва суғориш тизимлари тўлиқ янгиланди. Мутахассислар чим ётқизиш учун бироз қулай об-ҳаво шароитини кутиб турибдилар. Стадион ёритгичлари ҳам талабга мувофиқлаштирилади, албатта. Айни кунларда бутун республикамиз бўйлаб янги мавсум олдидан турли тадбирлар, мухлислар билан учрашувлар ўтказилмоқда. Хусусан, Суперлига ўйинларига мухлисларни жалб қилиш борасида тарғибот ишлари авжида. Қўқон шаҳридаги шундай тадбирда ПФЛнинг Мухлислар билан ишлаш бўлими ходимлари ҳам қатнашишди. «Марказий» стадионида клуб вакиллари ҳамда стадион раҳбарияти ўртасида махсус учрашув ҳам бўлиб ўтди. Унда Суперлига-2019 ўйинларига тайёргарлик, мухлисларга қулайликлар яратиш борасида ўзаро фикр алмашилди. Шундан сўнг Қўқон педагогика коллежида «Қўқон-1912»нинг фахрий футболчилари - Азамат Ашурматов ҳамда Алишер Отажонов талаба ёшлар билан учрашишди. Бевосита жамоанинг ўзига тўхталсак, қўқонликлар Тошкент йиғини доирасида «Динамо»га қарши майдонга тушиб, 2:3 ҳисобида имкониятни бой беришди. Нўъмон Ҳасанов жамоаси голларига Суҳроб Бердиев ва Шаҳбоз Эркинов муаллифлик қилишди.

«Қўқон-1912»: Боян Кнежевич, Жамшид Ҳасанов, Қувондиқ Рўзиев, Суҳроб Бердиев, Мурод Холмуҳаммедов, Александр Мерзляков, Суҳроб Неъматов, Марко Милич, Иқбол Маликжонов, Темур Усмонов, Милош Николич.

Иккинчи бўлимда майдонга тушганлар: Ислом Абдуллаев, Темур Ҳакимов, Аваз Маматхўжаев, Жасур Ёқубов, Шаҳбоз Эркинов, Беҳруз Содиллаев, Муҳаммаданас Ҳасанов.

 

«СўҒдиёна»

Хабарингиз бордир, Жиззах жамоаси Туркия­нинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулотлар йиғини ўтказди. Ушбу сафар давомида «Сўғдиёна» ва Сербия, Тожикистон, Норвегия, Қозоғистон ҳамда Украина клублари ўртасида назорат ўйинлари ташкиллаштирилди. Алоҳида таъкидлаш керак, жиззахликлар бу баҳсларда бирор марта мағлубиятга учрашмади.

Сергей Лушан шогирдлари хусусан, охирги ўйинда Польшанинг «Катовице» клубидан устун келишди. Кескин курашларга бой бўлган учрашувда икки клуб ҳам яхши вазиятлар яратди. Лекин ҳисоб 83-дақиқага қадар ўзгармади. Хуллас, шу дақиқада Иззатилла Абдуллаев томонидан урилган гол «Сўғдиёна»га ғалаба тақдим этди. Умуман, Жиззах жамоаси Анталия йиғинидан ўрин олган ўртоқлик учрашувларида қуйидаги натижаларни қайд этди:

6 февраль

«Сўғдиёна» - «Бачка» - 2:2

7 февраль

«Сўғдиёна» - «Истиқлол» - 1:0

9 февраль

«Сўғдиёна» - «Фредрикстад» - 1:1

12 февраль

«Сўғдиёна» - «Астана» - 0:0

14 февраль

«Сўғдиёна» - «Заря» - 1:0

16 февраль

«Катовице» - «Сўғдиёна» - 0:1

 

«Андижон»

Мавсум-2018да «Сурхон» шарафини ҳимоя қилган дарвозабон Руслан Матниёзов пойтахтда шуғулланаётган Андижон жамоаси сафига қўшилди. Фаолияти давомида «Нефтчи», «Қўқон-1912», шунингдек, Қозоғистон чемпионати биринчи лигасида ҳам ўйнаган голкипер айни пайт кўрикда бўлиб турибди. 1987 йили Ҳазорасп туманида таваллуд топган Руслан Матниёзов Хоразм футболи тарбияланувчиси ҳисобланади.

 

«Сурхон»

Термиз жамоаси билан боғлиқ шов-шувлар тобора кўпайса кўпаймоқдаки, асло камаяётгани йўқ. Тажрибали мутахассис Илҳом Мўминжоновнинг бош мураббий лавозимига тайинланиши, кейин маълум муддатга четлаштирилиши, бошқарув Анвар Солиев қўлига ўтиши, таркибнинг тобора кучайтирилаётгани, жамоа ҳафталаб эмас, балки ойлаб пойтахтда йиғин ўтказаётгани... «Сурхон»нинг Суперлигада ўйнашга даъвогар эканлиги ҳақидаги гап-сўзлар эса шов-шувларнинг кульминацион нуқтаси бўлиб келди. Таркибга қўшилган футболчиларга эътибор беринг - Асилбек Омонов, Шерзод Каримов, Аъзам Алиев, Азамат Алланиёзов, Дилшод Жабборов, Забиҳилло Ўринбоев, Владимир Бубанья, Дарко Станоевич... Яқинда «Сурхон» лагерида яна бир таниқли мутахассис расман таништирилди. Илҳом Мўминжонов ўрнига вақтинчалик бош мураббий вазифасини бажариб турган Анвар Солиев яна спорт директори лавозимига қайтди. Бош мураббий роли эса асли сурхондарёлик мутахассис Андрей Микляевга ишониб топширилди. Pro лицензиясига эга мураббий 2016-2018 йиллар давомида «Локомотив» жамоасида ишлаганди (бош мураббий ва ёрдамчи сифатида). Хуллас, малакали мураббий бор, таркиб кучайтириляпти, машғулотлар, ўртоқлик учрашувлари Суперлига даражасида амалга ошириляпти. Лекин «Сурхон» инфратузилмаси, Термиз шаҳридаги шароитлар Суперлига талабларига жавоб берадими? Яқинда ПФЛнинг махсус гуруҳи умумий ҳолатни ўрганиш мақсадида Термизда бўлди. Ойдинлашича, бор эътибор жамоага қаратилган-у, клуб базасида деярли иш қилинмаган. Тўғри, ПФЛ гуруҳининг сўроқ-сўроғи таъсир қилдими ёки вилоят ҳокимияти ҳамда мутасаддиларнинг иш бошлаш режалари шу муддатга белгиланганмиди, ҳар ҳолда, Термизда катта кўламли ишлар бошланиб кетди. Аввалига клуб вакиллари қурилиш тизими бўйича бир хил ҳисобланган АГМК стадионида бўлиб, у ердаги шароитлар билан яқиндан танишишдилар. Эндиликда бор эътибор «Сурхон» спорт мажмуасини АГМК аренаси даражасига келтириш ҳаракатига қаратилмоқда. 

Тошкентда олиб борилаётган машғулотларга тўхталсак, «Сурхон» аввалги ҳафта «Динамо» билан куч синашиб, 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди.

«Сурхон»: Асилбек Омонов, Убайдулло Холиқулов, Дарко Станоевич, Аюбхон Нўъмонов, Шерзод Каримов, Дилшод Жабборов, Забиҳилло Ўринбоев, Абдулазиз Юсупов, Аъзам Алиев, Владимир Бубанья, Шерзод Ҳакимов.

Захирадан майдонга тушганлар: Азамат Аҳмедов, Азамат Алланиёзов, Нажмиддин Нормуродов, Юнусбек Абдувоҳидов, Абдухолиқ Раҳмонов, Аббосбек Махсталиев, Сарвар Солиев.

 

«Динамо»

Тошкентда шуғулланаётган Самарқанд жамоаси навбатдаги учрашувда «Сурхон» клубига қарши майдонга тушди. Қибрайда ташкиллаштирилган «ўртоқлик»да «Динамо» бош мураббийи Даврон Файзиев яна бир қатор футболчиларни амалда синаб кўрди. Якунда самарқандликлар Воҳид Шодиев ва Қадамбой Нурметов («дубль») урган голлар эвазига йирик ҳисобда устун келишди.

«Динамо»: Акрам Хўжаев, Акмал Холмуродов, Ҳакимхон Аъламхонов, Аваз Агалиев, Отабек Нарзуллаев, Бобур Қосимов, Шоҳруҳ Абдураимов, Комил Шарофутддинов, Сардор Эминов, Санжар Баратов, Воҳид Шодиев.

Захирадан майдонга тушганлар: Шоҳруҳ Раимов, Жасур Ўринов, Шерзод Жалилов, Миркомил Локаев, Обид Ҳакимов, Дамир Темиров, Дилмурод Каримов, Мирзакамол Камолов, Суннатилла Абдуллажонов, Қадамбой Нурметов, Нозим Умуров.

Кейинги ўйин «Қўқон-1912» клубига қарши кечди. Бу сафар Файзиев шогирдлари 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишди. Жамоа голларига Бобур Қосимов, Қадамбой Нурметов ва Дамир Темиров муаллифлик қилишди.

«Динамо»: Акрам Хўжаев, Ҳакимхон Аъламхонов, Отабек Нарзуллаев, Аваз Агалиев, Комил Шарофутдинов, Дилмурод Каримов, Бобур Қосимов, Шоҳруҳ Абдураимов, Сардор Эминов, Санжар Баротов, Воҳид Шодиев.

Захирадан майдонга тушганлар: Шоҳруҳ Эшбўтаев, Миркомил Локаев, Қадамбой Нурметов, Шерзод Жалилов, Амир Сафаров, Дамир Темиров, Нозим Умуров, Жасур Ўринов.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz