Қайднома

Қидирув

Рейтинг: 10 ЙИЛЛИК САРАЛАРИ

Рейтинг: 10 ЙИЛЛИК САРАЛАРИ

  20.02.2019 03:39
  0
  674
Рейтинг: 10 ЙИЛЛИК САРАЛАРИ

Клуб футболининг охирги 10 йил ичидаги фаолиятини сарҳисоб қилган Хосеп Гвардиола энг яхши жамоалар учлигига «Реал»ни киритмади. Шубҳа йўқки, бу салбий хулоса «Қироллик клуби» мухлисларига мутлақо ёқмади. Боз устига, каталониялик мутахассис зўрларнинг иккитаси ўзининг собиқ жамоалари эканлигини айтганида, бу ўзини ҳурмат қиладиган ҳар қандай кишининг нафсониятига тегиши аниқ. Балки Soccer.ru ижодкорлари томонидан ўтказилган тадқиқотга ҳам Гвардиоланинг кескин фикрлари туртки бўлгандир?! Ахир Пеп 10 йиллик фаолияти давомида нақ 24та нуфузли совринларни қўлга киритиб, мураббий корпусининг атоқли саркардалари қаторига кўтарилди. Келинг, яхшиси, касбдошларимиз тадқиқотлари ва унинг натижалари билан танишайлик.

 

2008|2009 йиллар мавсумидан шу пайтгача бўлган давр ичида клублар қайд этган натижаларга баҳо бериш учун «Олтин бутса» коэффициентлар тизимидан фойдаланишни лозим топдик. Энг кучли чемпионатлар тўртлигида ғолиб чиққан жамоаларга 2 балл, Франция чемпионати ва ЕЛдаги зафар учун 1,5 балл, ЕЧЛдек нуфузли турнир ғолибига 2,5 балл берилди. УЕФА Суперкубоги соҳибига эса 0,5 эмас, 1 балл ажратилди. Ҳар ҳолда, бу соврин доимо номдор жамоаларга насиб этади. Миллий кубоклар эгалари ҳам 1 баллдан олишди. Мамлакатлар суперкубоклари, Лига кубоклари ва клублар ўртасидаги ЖЧ ғолиблари 0,5 билан баҳоланди. Лига кубоги француз ва инглиз жамоаларига имтиёз беради, КЖЧдаги рақиблар Европа вакилларидан кучсизроқ

Топ-5га кирмаган рекордчилар

Франция чемпиони 1,5 баллга баҳоланганидан келиб чиққан ҳолда, ўртамиёна биринчиликларни 1 баллга лойиқ кўрдик. Кубоклар 0,5, суперкубоклар 0,025 балл билан баҳоланди. Ҳисоб-китоблардан маълум бўлишича, топ-чемпионатлар бешлигига кирмайдиган мамлакатларнинг икки вакили - «Шахтёр» ва «Порту» охирги 10 йилликда еврокубокларда ғолиб чиқишган. Шу боис, «кончилар» 13, «аждаҳолар» эса 9,5 баллга эга бўлдилар. Агар Россия грандларидан ЦСКА 5,5, «Зенит» 4, «Рубин» 3, «Локомотив» 2 ва «Спартак» 1,5 баллга эга бўлишганини инобатга олсак, «Шахтёр» ва «Порту»нинг қанчалик малакали эканлиги ойдинлашади. Ҳатто кучли бешликка кирадиган ва бир неча марта ЕЛ кубогини қўлга киритган «Севилья» ҳам 5,5 балл тўплади. Чунки у ички мусобақаларда совриндор бўла олмаган.

Топ-5даги рекордчилар

11-ўрин. «Боруссия Д» - 7 балл

10- ва 11-ўринни банд этган жамоаларда ЕЧЛ финаллари бор. Бироқ улар «Бавария»га қарши икки хил натижаларни қайд этишган. «Арилар» Мюнхен грандини икки марта Бундеслигада доғда қолдиришди, Германия кубоги ва Суперкубогини ҳам «илиб кетишди». Жамоа жорий мавсум навбатдаги «кумуш товоқ» сари одимламоқда, «Интер»нинг Скудетто соҳибига айланиши эса анча мушкул. 2008|2009 йиллар мавсуми натижалари ўрнини жорий мавсум кўрсаткичлари эгаллаганда, «Дортмунд» етакчи 10таликдан жой олади.

10-ўрин. «Интер» - 7,5 балл

Миланликлар 2та Скудетто, Италия кубоги, ЕЧЛ ҳамда КЖЧдаги зафарлари эвазига шарафли ўринни банд этишди. Лекин тез орада уни бўшатишга мажбур бўлишади. Чунки Моуриньо давридаги ўта муваффақиятли мавсум натижалари эскириб қолади. Ёки Жозе яна қайтадими? Симеоне билан муваффақият қозониш варианти ҳам йўқ эмас. Хуллас, «нерадзурри»ни ҳисобдан чиқаришга ошиқманг. Гарчи «Ювентус» «Кальчополи» учун ўч олган бўлсада, бу ёғига тортишувлар қизиқарлироқ кечади.

9-ўрин. «Манчестер Сити» - 9,5 балл

«Шаҳарликлар» мақоми хусусида баҳс кетганида, Гвардиола «Барселона» ва «Бавария»нинг бошқа лига вакиллари эканини таъкидлаганди. У ҳақ, ахир жамоа ҳисобида ҳаммаси бўлиб 9та соврин, атиги 3 чемпионлик бор, холос. Унинг натижалари етакчи учликдан анча йироқда. Тўғри, «Сити» молиявий ва ўйин савияси жиҳатидан улкан имкониятларга эга. Юксак марраларга кўтарилиш учун эса вақт керак.

8-ўрин. «Атлетико» - 11 балл

«Матрасчилар» «МЮ»га деярли етиб олдилар, аммо ЕЛнинг қиймати ЕЧЛчалик эмас. Энг нуфузли турнирнинг 2та финалида Симеоне шогирдлари имкониятни бой беришди. Лекин жамоа 10 йил ичида 3 марта ЕЛ совринига сазовор бўлди. Шунингдек, УЕФА Суперкубокларини ҳам қўлга киритди, битта учрашувли мусобақа унга жуда ёқади. Бундан ташқари, Испания чемпионлиги ва кубок соҳиби унвонларига эришди. Жамоадаги барқарорликдан келиб чиқадиган бўлсак, «Атлетико» юқорироқ ўринга ҳам муносиб жамоа.

7-ўрин. «МЮ» - 12 балл

Сэр Алекс хайрлашиш арафасида бор маҳоратини ишга солди, Моуриньо эса кубок беллашувларидаги ғалабалар эвазига балларни кўпайтирди. «Қизил иблислар» 10 йилда 12та совринга эга бўлишди. Ҳозирда АПЛнинг етакчи квартети сари интилаётган ва ЕЛдаги зафари билан кифояланган жамоа учун 7-ўрин ажабланарли эмас. Лекин шуни ҳам эътиборга олиш лозимки, «МЮ» инглиз клублари орасида иккинчи.

6-ўрин. «Челси» - 15 балл

Британиянинг энг самарали клуби. «Аристократлар» 8 турнирнинг 6тасида зафар қучишди. Фақат КЖЧ ва УЕФА Суперкубогини бой беришди. Лекин АПЛда 3 марта шоҳсупага кўтарилишди. Буни уддалаш унчалик қийин эмас, лекин шарафли. Ахир чемпионликка Манчини ҳам, Раньери ҳам эриша олган. Энди унинг ёнига Англия Суперкубоги финалларида ношудликка йўл қўядиган жамоанинг кубок мусобақаларидаги муваффақиятини қўшинг. Хуллас, 5-поғонага интилаётган ҳақли ўрин.

5-ўрин. «ПСЖ» - 17 балл

Франциядаги совринлар учун белгиланган 1,5, 1 ва 0,5 коэффициентлар кўп деб ўйлайсизми? Аммо «ПСЖ» 10 йилда 5 марта чемпион бўлди, «Бавария», «Ювентус» ёки «Барселона» каби 7 марта эмас. Яъни, 1-Дивизиондаги рақобат топ-чемпионатлар квартетиникидан қолишмайди. Шундай экан, Париж грандига берилган баҳо адолатли деб ҳисоблаймиз ва юқори ўринларга кўтарилиш учун совринлар сонининг ўзи камлик қилиши, сифат муҳим роль ўйнашини алоҳида таъкидлаб ўтамиз.

4-ўрин. «Реал» - 18 балл

Хўш, «Қироллик клуби»ни етакчи учликка киритмаган Гвардиола чиндан ҳам ҳақми? Жамоанинг совринлари етарли - 17та. Бироқ уларнинг 9таси Суперкубок беллашувлари ва европалик бўлмаган жамоаларга қарши учрашувларда қўлга киритилган. ЕЧЛнинг 4та кубоги мадридликларга 10 балл келтирди. Қолган 8 очко эса 13та соврин самараси. Ҳа, нафақат «Барселона», балки бошқа жамоаларга ҳам тез-тез имкониятларни бой берган жамоа учликдан четда қолди. Ҳақли равишдами? Ҳақли равишда - етакчилар сафига чиқиш учун «Реал»га барқарорлик ва Ла Лига ғолиблиги етишмаяпти.

3-ўрин. «Ювентус» - 20 балл

Халқаро майдонлардаги совринларнинг йўқлиги, УЕФА Суперкубоклари ва КЖЧ мусобақаларида иштирок этмаганига қарамасдан, «Ювентус» умумий баллар йиғиндиси бўйича «Реал»дан сал бўлсада ўзиб кетишга муваффақ бўлди. Албатта, «Қироллик клуби» мухлислари Италия «А» сериясидаги рақобат даражаси учун Испания, Англия ва Германиядаги каби 2 баллдан берилганига эътироз билдиришлари мумкин. Бироқ Гвардиола мавзу лигаларга эмас, балки энг барқарор, савияли ва совриндор жамоаларга бағишланганини таъкидлаб ўтди. «Ювентус» - айнан шунақа жамоа.

2-ўрин. «Бавария» - 23,5 балл

Ҳаммаси ажойиб, салобатли. Бундеслига грандининг музейи охирги 10 йилда 7та «кумуш товоқ», 4тадан Германия кубоги, Суперкубоги, ЕЧЛ ва УЕФА Суперкубоги совринлари билан бойиди. Натижада жамоа очколар бўйича «Ювентус»дан ўзиб кетди. Агар туринликлар 2та финални бой беришмаганида, «Бавария»дан юқорироқда бўлишарди. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, немислар ҳисобида бой берилган ярим финаллар ҳам анчагина. Омадсизликлардан ҳеч ким кафолатланган эмас.

1-ўрин. «Барселона» - 35 балл

Ниҳоят, сўнгги 10 йилликнинг энг сермаҳсул клуби ҳақида. Ички чемпионатдаги 7та, ЕЧЛдаги 3та, Испания кубоги ва Суперкубоги мусобақаларининг бир неча совринлари Каталония грандига «Кубоклар қироли» мақомини келтирди. Шунингдек, Месси ва унинг жамоадошлари ҳисобида 3та УЕФА Суперкубоги ҳам бор. Шу тариқа «Барселона» ўз таъқибчиларидан сезиларли даражада ўзиб кетди. «Реал» ва «Атлетико» ҳам энг сара ўнталикда. Лекин Мадриднинг икки клуби кўп марта Каталония гранди қаршисида ожиз қолишди.

Хуллас, Гвардиола қитъанинг етакчи учлигига «Ювентус», «Бавария» ва «Барселона»ни лойиқ кўрганди. Ҳисоб-китоб­лар эса буни тасдиқлади. Сиз қандай фикр­дасиз?

 

Маълумот

ЕВРОПА РАМЗИЙ ТЕРМАСИ

ЕSM талқини бўйича Европа топ-чемпионатлари рамзий терма жамоаси

ESM аъзолари асосий 11 нафар юлдуздан ташқари, қуйидаги футболчиларга ҳам овоз беришди:

Дарвозабонлар: Ж.Доннарумма («Милан»), Алиссон («Ливерпуль»), Облак («Атлетико»);

Ҳимоячилар: Жоау Канселу, Ругани, Алекс Сандро (барчаси - «Ювентус»), Годин, Ариас, Хименес (барчаси - «Атлетико»), Марселу («Лион»), Линделёф («Манчестер Юнайтед»), Эдер Милитау («Порту»), Уокер, Ляпорт (иккиси - «Манчестер Сити»), Эльведи, Гинтер (иккиси - «Боруссия» М), Косьельни («Арсенал»), Александр-Арнольд («Ливерпуль»), Давид Луиз («Челси»), Пике («Барселона»), Тиагу Силва («ПСЖ»), Лала («Страсбур»);

Ярим ҳимоячилар: Модрич («Реал»), Эриксен («Тоттенхэм»), Жоау Моутинью («Вулверхэмптон»), Партей («Атлетико»), Канте, Э.Азар (иккиси - «Челси»), Заиоло («Рома»), Витсель («Боруссия» Д), Де Брюйне, Фернандинью (иккиси - «Манчестер Сити»), Артур («Барселона»), Эррера («Порту»), Пепе («Лилль»);

Ҳужумчилар: Квальярелла («Сампдория»), Т.Азар («Боруссия» М), Рэшфорд («Манчестер Юнайтед»), Игуаин («Челси»), Агуэро («Манчестер Сити»), Йович («Айнтрахт» Ф), Ди Мария («ПСЖ»).

Европа спорт нашрлари Ассоциацияси (ESM) январь ойи якунлари бўйича қитъадаги миллий чемпионатлар рамзий термасини тузди. Анъанавий сўровда La Gazzetta dello Sport (Италия), A Bola (Португалия), Marca (Испания), De Telegraaf (Голландия), Kicker (Германия), World Soccer (Англия), Frankfurter Allgemeine (Германия), Tipsbladet (Дания), ELF Voetbal (Голландия), Fanatik (Туркия), Nemzeti Sport (Венгрия), Sport Voetbal Magazine (Бельгия) ҳамда «Спорт-Экспресс» (Россия) вакиллари қатнашишди. Умумий ҳисобда энг кўп овоз Лионель Месси, Поль Погба ва Жорди Альбага насиб этди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz