Қайднома

Қидирув

ОЧЛ-2019: «ПАХТАКОР» ГУРУҲ БОСҚИЧИДА!

ОЧЛ-2019: «ПАХТАКОР» ГУРУҲ БОСҚИЧИДА!

  20.02.2019 11:58
  0
  666
ОЧЛ-2019: «ПАХТАКОР» ГУРУҲ БОСҚИЧИДА!

ОЧЛ-2019 учинчи саралаш босқичидан ўрин олган учрашувда Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси ажойиб ва чиройли ўйин кўрсатди. «Шерлар» БАА вакили «Ал-Наср»га қарши сафарда ўйнашганига қарамай, якунда ғалабани ўз томонларига оғдира олишди.

Мазкур баҳс мезбонларнинг ҳужумлари билан бошланди. Илк дақиқаларданоқ «Ал-Наср» футболчилари уюштирган ҳужумлар хавфли тус олди. Аммо Санжар Қувватовнинг ишончли ҳаракатлари «Пахтакор»ни голдан сақлаб қолди. Кейинги дақиқаларда эса «шерлар» ўйин тизгинини қўлларига олишни уддалашди. Жалолиддин Машарипов, Достон Ҳамдамов ҳамда Марат Бикмаевларнинг дарвоза томон йўллаган зарбаларига аниқлик етишмади. Ўйиннинг 14-дақиқаси ўтиб бораётган паллада учрашувни бошқарган япониялик ҳакам Рюжи Сато «Пахтакор» дарвозаси томон пенальти белгилади. Ўша вазиятда ярим ҳимоячи Одил Ҳамробеков тўпни қўли билан ўйнаганди. Лекин «Ал-Наср»нинг тажрибали ҳужумчиси Альваро Негредо қулай имкониятдан унумли фойдалана олмади. Ҳа, ҳатто жаҳон юлдузлари ҳам «нуқта»дан зарба йўллашда адашишади. Дарвоқе, ўша вазиятда Қувватов тўп йўналишини топгани ҳам эътиборга молик. Бўлим ўрталарига келиб «Пахтакор» аъзоларининг ўзларига бўлган ишончлари ортди - тўп назорати вакилларимиз томонига ўтди. Бирин-кетин узоқдан берилган зарбаларнинг баъзиларини рақиб посбони қайтаришга эришган бўлса, айримлари дарвоза томон аниқ бормади. 29-дақиқада ниҳоят, биз орзиқиб кутган ҳолат вужудга келди: Дос­тон Ҳамдамов қанотдан ҳужумга ўтиб, тўпни майдон марказига узатганда, тўп рақиб ҳимоячиларидан бирининг қўлига тегди. Натижада пенальти тепиш навбати меҳмон жамоа аъзоларига тақдим этилди. Драган Черан эса, Негредодан фарқли ўлароқ, қулай фурсатни бой бермади - 0:1. «Пахтакор» футболчилари биринчи бўлимнинг қолган дақиқаларида рақибга нисбатан фаолроқ тўп суришди. «Ал-Наср» вакиллари эса ўша биргина пенальти билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олмаса, айтарли хавфли ҳужум уюштиришмади. Мазкур ҳолатда ҳимоячилар Егор Кримец ва Шерзод Аъзамовнинг ҳушёрликни йўқотишмагани асқотди. Хуллас, танаффусга қадар ҳисоб бошқа ўзгармади.

Иккинчи бўлимни ҳам Шота Арвеладзе шогирдлари кўтаринки кайфиятда бошлашди. Натижада ўйиннинг 50-дақиқасида Достон Ҳамдамовнинг саъй-ҳаракатлари эвазига ҳисобдаги устунлик оширилди. Иқтидорли футболчимизнинг ўнг қанотдан ошириб берган тўпини Марат Бикмаев боши билан дарвозага тўғрилаб қўйди - 0:2. Эътиборлиси, «Эйр-Форс»га қарши кечган баҳсда ҳам Бикмаев - Ҳамдамов тандемининг фаоллиги иккинчи голни вужудга келтирганди. Бу эса «Пахтакор» қишки трансферлар вақтида керакли харидларни амалга оширганидан далолат. Орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас, ҳакам яна бир бор «шерлар» дарвозаси томон пенальти белгилади. Бу галги антиқаҳрамон - Садриддин Абдуллаев. Ҳакам ўша вазиятда тўп қўл билан ўйналди, деган қарорга келди. «Нуқта»га эса яна Алваро Негредо яқинлашиб, бу сафар зарба йўллашда адашмади - 1:2. Қолган дақиқаларда «Пахтакор» тўпни назорат қилиш бўйича рақибдан устун келди. Захирадан ўйинга қўшилган Жасур Яхшибоев ва Дилшод Раҳматуллаевларда бир нечта қулай имкониятлар юзага келди. Айрим ҳолларда уларга аниқлик етишмаган бўлса, бошқа томондан омад ҳам улардан юз ўгирди. «Ал-Наср» ўйиннинг сўнгги қисмида бироз жонланиб, фаолликни оширди. «Пахтакор» эса «энг яхши ҳимоя - ҳужум» иборасига амал қилган ҳолда, бўлим сўнгигача рақибни саросимада ушлаб турди ва мақсадига етди. Рюжи Сатонинг финал ҳуштаги янграгани «шерлар»нинг ОЧЛ-2019 гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритишганидан далолат эди.

Шу тариқа «Пахтакор» «Персеполис» (Эрон), «Ал-Садд» (Қатар) ҳамда «Ал-Аҳли» (Саудия Арабистони) жойлашган «D» гуруҳидан ўрин эгаллади. Кўриб турганингиздек, «шерлар»га қитъамизнинг номдор клублари рақиблик қилишади. Аммо Шота Арвеладзе шогирдлари ҳозиргидек уюш­қоқликда тўп суришда давом этишса, ҳар қандай рақибни енгишни уддалашларига шубҳа йўқ. Ҳар ҳолда, «Пахтакор» Чемпионлар Лигасида барқарор қатнашиш тажрибасига эга ва буни «плей-офф» учрашувларида кўрсатиб улгурди.

АЛ-НАСР (БАА) - ПАХТАКОР (ЎЗБЕКИСТОН) - 1:2 (0:1)

19 февраль. Дубай. «Rashid Al-Maktoum» стадиони.

Ҳакам: Рюжи Сато (Япония).

Голлар: Альваро Негредо (59-пен.) - Драган Черан (31-пен.), Марат Бикмаев (50).

Амалга оширилмаган пенальти: Альваро Негредо (15, Ал-Наср). 

Ал-Наср: Иброҳим Али, Жуан Умари, Маҳмуд Хамис (Саид Али Иброҳим, 82), Аҳмад ал Ясси, Маъсуд Сулаймон, Муҳаммад Сарваши (Муҳаммад ал Акбари, 56), Ҳолид Жалол, Аҳмад Тариқ (Амир Муборак, 56), Альваро Негредо, Жуниор Дутра, Ронни Фернандес.

Пахтакор: Санжар Қувватов, Ҳожиакбар Алижонов, Егор Кримец, Шерзод Аъзамов, Фаррух Сайфиев, Одил Ҳамробеков, Садриддин Абдуллаев (Дилшод Раҳматуллаев, 66), Достон Ҳамдамов (Жасур Яхшибоев, 74), Драган Черан, Жалолиддин Машарипов, Марат Бикмаев (Игорь Сергеев, 81).

Огоҳлантиришлар: Ҳолид Жалол (46) - Одил Ҳамробеков (14), Санжар Қувватов (58), Драган Черан (87).


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz