Қайднома

Қидирув

Альваро Арбелоа: «Барса», сенинг давринг тугади!

Альваро Арбелоа: «Барса», сенинг давринг тугади!

  22.02.2019 04:46
  0
  737
Альваро Арбелоа: «Барса», сенинг давринг тугади!

Жаҳон ва Европа чемпиони, ЕЧЛнинг 2 карра ғолиби - Альваро Арбелоа 17 январь куни таваллуд айёмини қарши олди. «Реал» тарихида ўзгача дриблинги билан ёрқин из қолдирган собиқ ҳимоячи тилидан чиққан «ўткир» изоҳлардан катта «гулдаста» ясаш мумкин. Журналистлар худди шундай қилишди. Яъни унинг интервьюлари архивини титкилаб, «Реал»даги фаолияти, жамоадошлари, мураббийлар ва «Қироллик клуби»нинг азалий рақиби - «Барселона» хусусида билдирган ўзига хос фикрларини териб чиқди. Ўйлаймизки, навбатдаги «Эль-класико»лар арафасида Каталония клубининг ашаддий душманидек таассурот қолдирган собиқ «мадридчи»нинг «ўткир» гаплари кўпчиликни қизиқтирса керак.

 

Жамоадаги роли ҳақида

- Тўғриси, моҳиятан заҳматкаш тулпорман, майдондаги ўз ўрнимни жуда яхши биламан. Тўғри, четдагилар асосан гол урадиган ўйинчилар ҳақида гапиришга одатланишган. Аммо ҳақиқат шуки, жамоа муваффақияти йўлида мен тинимсиз ишлайман, ҳаддан ортиқ даражада кўп тер тўкаман.

Ўйин услуби ҳақида

- Биламан, мени ўта қўпол ўйинчи сифатида кўришади, кўп танқид қилишади. Лекин аслида ундай эмас. Фақат майдондаги позициям, шунингдек, ҳар бир тўқнашувда ғолиб чиқиш иштиёқи анча тажовузкор ҳаракатланишимни тақозо этади. Акс ҳолда, яъни мулойимроқ тўп сурадиган бўлсам, ўрнимни рақобатчиларга бўшатиб беришимга тўғри келади.

Битта қизиқарли воқеа

- Бир сафар «Севилья»га қарши сафардаги учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисобда олдинга чиқиб олдик. Табиийки, ўз одатимга кўра, қанотда фаолликни оширишга, тез-тез ҳужумга қўшилишга уриндим. Бироқ бош мураббий Моуриньо ён чизиққа яқинлашиб, негадир менга бор овози билан бақирди: «Кафу». Кийиниш хонасига кирганимизда эса, у кўтаринки кайфиятда шундай деди: «Жамоанинг ўйини чакки эмас. Лекин орамизда Кафу бор. Кафу, Кафу, Кафу...». Назаримда, Жозе қисқа танаффус чоғида бу иборани 500 мартача такрорлади. Кейин бирдан менга юзланиб, ҳимояда ҳушёрроқ туришимни уқтирди ва киноя ҳам қилди: «Албатта, агар Кафу эътироз билдирмаса...». Очиғи, уни сира тушунмагандим.

Пепенинг тепкиси ҳақида (Арбелоа симуляция ишлатганча майдонда ётган Пепедан тезроқ туришини сўраганида, у жамоадошига енгил тепки билан жавоб қайтарганди)

- Калтафаҳм Пепе, у мени тепишдан олдин бутсани ечиб қўйиши керак эди. Энди ўзидан кўрсин...

Роналдудан «ўғирланган» гол

- Ҳа, Чичарито томонидан йўлланган тўпни ўтказиб юбормай, ўзим гол урганим Криштиануни роса ранжитди. Лекин бу табиий жараён. Чунки Роналду имкон қадар кўпроқ гол уришни ва энг яхши тўпурарга аталган «Пичичи» совринига эришишни истайди. Бироқ у мени ҳам тўғри тушуниши керак. Ахир онда-сонда гол уриш имкониятига эга бўламан, холос. Унутманг, ҳимоячи учун ҳам рақиб дарвозасини нишонга олиш жуда ёқимли, айниқса, «Сантьяго Бернабеу»даги гол кишини ўзгача тўлқинлантиради.

Гвардиола «Барселона»си ҳақида

- Гвардиола тузган «Барса» - футбол тарихидаги энг кучли жамоалардан бири. Мендек чин «мадридчи» учун буни тан олиш осон эмас, лекин ҳақиқатни айтишим шарт. Мана, каталонияликлар ўйин савиясини юксак даражага кўтарган ҳолда, анчадан буён ҳукмронлик қилишмоқда. Шундай бўлсада, уларга асло ҳавас билан қарамайман. Бундай ниятдан мутлақо йироқман. Чунки қалбим «Реал»га тегишли, айнан шу клубда бахтиёрман.

Узоқ кутилган Испания

чемпионлигидан (2012 йил)

- Ниҳоят, Каталония жамоаси «гегемон»лигига чек қўйиш вақти келди. Бугун шу қадар хурсандманки, баралла бақиришга ҳақлиман: «Барса», шуҳратга кўмилган давринг тугади!»

Жерар Пике ҳақида

- Пике билан нега дўст тутинмаслигимни осонгина тушунтиришим мумкин. Лекин уни ноқулай ҳолатга тушиб қолишини истамайман. Чунки оила аъзоларини қаттиқ ҳурмат қиламан. Ваҳоланки, Жерар менинг яқинларимга бундай муносабатда эмас. Очиғи, матбуотдаги бемаъни гап-сўзлар яқинларимизга кўп азият келтиради. Шу сабаб ҳам, Пике менинг устимга қанча «мағзава» тўкмасин, унга жавоб қайтаришдан ўзимни тияман. Лекин агар «Реал» шаънига тил теккизадиган бўлса, унда жим турмайман, албатта. Чунончи, жамоамни ҳимоя қилиш - доимий бурчим. Асосийси, ҳар қандай ҳолатда ҳам, муайян шахсни таҳқирламайман.

Карим Бензема ҳақида

- Бу йигит дунё футболидаги энг сара ҳужумчилардан биридир. Карим ўта ақлли ўйинчи, ҳа-ҳа, ишонаверинг, бу сўзларимга ҳар жойда жавоб бера оламан. Зеро, Карим нечоғли салоҳиятга эгалигини ҳар куни кўриб турибман.

Лука Модрич ҳақида

- О, Модрич... Ҳайратланарли ўйинчи. Унинг айнан «Реал» сафига қўшилганидан беҳад мамнунман.

Лионель Месси ва Зайниддин Зидан ҳақида

- Тан оламан, Месси - инсонга хос бўлмаган ноёб иқтидор соҳиби. Лекин унинг Зидандан кучлироқ эканлигига ишончим комил эмас. Умуман, эҳтимол, ҳаттоки, Зизудан маҳоратлироқ футболчи ҳам бордир, лекин шахсан мен билмайман...

Жозе Моуриньо ҳақида

- Моуриньодаги икки жиҳат олдида бош эгаман - ғолиблик руҳияти ва ўзига хос менталитет. Менимча, у шу букилмас руҳияти ёрдамида турли мамлакатларда муваффақият қозонди. Бундан ташқари, Жозе ўз жамоасига нима кераклигини теран ҳис этадиган мутахассисдир. Афсуски, «Реал»да унинг талабларини тўлиқ бажаролмадик. Ҳа, Моу «Мадрид» билан футболчилардан хафа ҳолда хайрлашди, аммо ундан миннатдор бўлишимиз керак, барибир.

«Реал»даги юбилей учрашуви

- «Қироллик клуби»нинг мендек тарбияланувчиси учун унинг либосида 200 марта майдонга тушиш - чинакам бахт! У билан зафар қучиш - унутилмас воқеа.

Касильясга нисбатан

муносабати

- Икер билан жамоадош сифатида яхши чиқишаман, худди бошқа шерикларим каби. Қисқаси, ҳаммани захира дарвозабонларига ҳам ҳурмат кўрсатишга даъват этганим Касильясга қаратилган дакки ёки танқид эмас, асло.

Зиданга йўлланган олқиш(мураббий «Реал» бошқарувини олганида)

- Шундай ажойиб устоздан сабоқ олиш - лаззатнинг ўзи! Хуш келибсан, бетакрор Зизу!

Криштиану Роналду ҳақида

- Роналду - дунёдаги энг кучли футболчи. Бу борада гап-сўз бўлиши мумкин эмас. У ўз маҳоратини кун сайин ошириб борадиган асл профессионалдир. Тобора яхшироқ тўп суриш учун қандай машаққатларни енгишини тасаввур ҳам қилолмайсиз. Тўхтамай ривожланаётган шундай футболчи билан ёнма-ён ўйнаш - улкан бахт!

Роналдунинг «Ювентус»га урган голидан кейин

- Ўйлашимча, Криш энди Ер сайёрасидаги фаолиятини якунлаб, марсликларга қарши тўп суриши лозим. Ҳар ҳолда, сайёрамизда унинг учун юмуш қолмади...

Диего Симеонега муносабати

- Биз битта туманда истиқомат қиламиз, ит билан сайрга чиққан вақтда тез-тез кўришиб турамиз. Унинг ити меникидан каттароқ, лекин бу борада муаммо йўқ. Агар Диегога нон, туз ёки тухум керак бўлиб қолса, уйим қаердалигини яхши билади.

Фаолиятини якунлаши ҳақида

- Жисмоний жиҳатдан олсак, яна маълум муддат ўйнашим мумкин эди, бироқ хайрлашишга тўғри келди. Бундан сира афсусда эмасман. «Реал»дан кетиш... Бу ҳолатни осмондан пастга тушиб, ердан паноҳ излашга ўхшатаман.

«Қироллик клуби» ҳақида

- «Реал» - ҳаётимдаги яккаю-ягона жамоа. Албатта, унинг ажралмас қисмига айланишни истардим. Очиғи, нима учун ер юзида ҳанузгача «Реал»га мухлислик қилмайдиган кишилар борлиги мени қаттиқ ажаблантиради. Бу борлиқнинг буюк жумбоқларидан бири бўлса, ажабмас.

Арбелоа ҳақидаги фикрлар

- Бир йўлнинг поёнига етиши - иккинчисининг бошланиши. У сен учун худди якунланган йўл каби муваффақиятли ва шонли воқеаларга бой бўлади. Футбол сенга ўхшаган чинакам мардларга муҳтож, Альваро! (Жозе Моуриньо, Арбелоани футболдан кузатиш чоғи).

- Собиқ жамоадошим «Реал» билан хайрлашди. Жамоа шарафи ва манфаати йўлида амалга оширган хизматлари учун унга таъзим қилишга тайёрман. Альваро - «кантера»нинг бир кетиб, кейин буюк ғалабалар учун қайтиб келадиган вакили. «Реал»нинг ҳар бир аъзоси Арбелоа каби тантанали хайрлашувга муносиб. Альваро, ҳаётинг янги босқичида муваффақиятлар ёр бўлсин. (Икер Касильяс).

- Биз «Твиттер» орқали жуда кўп баҳслашардик, баъзан ўткир киноялардан ҳам фойдаланганмиз. Лекин нима бўлишидан қатъий назар, Альварога энг яхши тилакларни йўллайман. У ўта ёрқин фаолияти ва кўплаб совринлари билан фахрланишга ҳақли. Умуман, Альваро юксак ҳурматга лойиқ. (Жерар Пике).

- Арбелоа ўз жамоадошлари, «Реал» рамзи учун ҳеч нарсани аямасди, ҳаттоки, қотилликка ҳам тайёр турарди. Агар сафимизда лоақал 5 нафар шундай фидойи футболчи бўлганида, ҳаммаси тамоман бошқача тус оларди. (аноним эътироф).

- Миннатдорлик учун бирор сўз топишга ожизман, Альваро. Шундай мураккаб паллада мени унутмаганинг, қўллаб-қувватлаганинг учун ҳар қанча раҳмат айтсам ҳам, оз. Сен барчага ўрнак бўлишга лойиқ чинакам инсонсан. Яна бир марта катта раҳмат! (Денис Черишев, «Реал»нинг ЧЛдаги ғалабаси тантаналари чоғи Арбелоа орқасига «Черишев» ёзуви туширилган футболкани кийган ҳолда, «Валенсия» сафида оғир жароҳатга йўлиққан россиялик жамоадошига ҳамдардлик билдирганди).

Маҳмудхон ЭШОНХЎЖАЕВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz