Қайднома

Қидирув

Ғалати, жуда ғалати…ҚАТАР, «ПСЖ», 35 МИЛЛИОН...

Ғалати, жуда ғалати…ҚАТАР, «ПСЖ», 35 МИЛЛИОН...

  22.02.2019 05:58
  0
  1225
Ғалати, жуда ғалати…ҚАТАР, «ПСЖ», 35 МИЛЛИОН...

Буларни нима ўзаро боғлаб турибди? Албатта, футбол-да, аниқроғи, трансфер келишуви. Гап қишки трансферлар бозорида кузатилган ғалати ўтиш ҳақида кет­япти. Диққатингизни бир жойга жамланг: Португалия лигасидаги ўртамиёна клублардан бири - «Портимоненше»нинг бутун таркиби чамаси 20 миллион евро туради. Қатарнинг «Ал-Дуҳайл» клуби эса биргина япониялик ярим ҳимоячи Сея Накашима учун шундан деярли икки баравар кўп тўлади. Хуллас, томонлар япон футболчиси трансферини 35 миллион еврога баҳолашди. Шу тариқа Накашима Португалия чемпионати тарихида маҳаллий жамоалар томонидан сотилган 3-қимматбаҳо футболчига айланди. Португалия лигаси клублари фақатгина Хамес Родригес (45 миллион) ва Радамель Фалькао (40 миллион)ни баландроқ нархда пуллашган. Ҳозир 24 ёшли Сея Накашимани ушбу юлдузлар билан таққослаш мантиқсизлик саналади, лекин японияликнинг салоҳияти чакки эмас. Дейлик, Сея ўтган мавсум Португалия чемпионатида 10та гол уришдан ташқари, 12та самарали узатмага муаллифлик қилди. Жорий мавсумда қайд этган натижалари ҳам чакки эмас: 5та гол + 6та «пас». Асосийси, «Портимоненше» етакчиси мақоми айнан японга тегишли эди. Умуман, «Боруссия» Д., «МЮ», «Вулверхэмптон» каби жамоалар турли трансферлар бозори пайти Накашимага жиддий қизиққан. «Портимоненше» раҳбарияти эса уни сотишга шошилгани йўқ, фақат Қатар жамоасининг эртакнамо таклифидан юз буролмади. Португалия чемпионати ихлосмандлари Накашимани жуда яхши билишади, энди биз ҳам у билан яқинроқ танишиб олсак, зарар қилмайди. Ҳар ҳолда, Япония миллий жамоаси умидларидан бири Осиёга қайтди.

 

S Накашима Японияда асосан мини-футбол билан шуғулланган. «Айниқса, тўп назоратида футзал тажрибаси таъсири яққол сезилади. Дейлик, мини-футбол билан шуғулланиш асносида тўпни ҳаттоки, оёғимнинг таг қисмида олиб юришни ўргандим. Чунончи, футзал майдони анча кичик, шунинг учун тўп билан ишлаш муҳим. Хуллас, мини-футболда орттирилган тажриба бугун ҳар томонлама қўл келяпти», - деган эди Сеянинг ўзи.

S «Портимоненше» Накашимани «Токио» клубидан сотиб олган. Аниқроқ айтсак, аввалига ижара келишувини расмийлаштирган клуб кейинроқ футболчининг трансфер ҳуқуқидан 20 фоизини харид қилган. 2018 йилнинг ёзига келибгина Сея «Портимоненше»нинг тўлақонли аъзосига айланганди. Жамоа бу йўлда жами қанча сарфлагани борасида маълумот йўқ. Дарвоқе, «Бенфика» вақтида 10 миллион евро эвазига Накашимани ўз томонига оғдиришга уринган экан.

S Накашима - Япония элит лигаси тарихида «хет-трик» қайд этган энг ёш футболчи. У 18 ёшу 2 ойлигида шундай ажойиб натижага эришганди. Шунга қарамай, Сея иккинчи лига иштирокчиси сафига йўл олган (ижара). Муҳими, Накашима Япониянинг турли ёш тоифасидаги терма жамоаларида зўр ўйнаб, кўзга ташланди. Мисол учун, биргина U-23 термаси сафидаги 30та учрашувда 19та гол урди.

S Сея - универсал ярим ҳимоячи. Яъни майдон марказида ҳам, ҳар икки қанотда ҳам бемалол тўп суриши мумкин. Шунингдек, ҳужумчи ортида ҳаракатланишни хуш кўради. Бўйи анча паст (164 см.) футболчи учун соф ҳужумчи ролини бажариш ҳам муаммо эмас: ҳар икки оёғи билан кучли зарба йўллай олади, тезлиги юқори. Айтганча, Накашима Португалиядаги фаолия­тида 2 марта ойнинг энг чиройли голи муаллифи сифатида эътироф этилган.

S Накашиманинг «Ал-Дуҳайл»га трансфери - барча учун рекорд келишув. Яъни «Портимоненше» ва «Ал-Дуҳайл» клублари трансферларга боғлиқ энг юқори суммасини қайд этган бўлса, Сеянинг ўзи расман япониялик энг қимматбаҳо футболчи мақомини олди.

S Қатарлик шайхлар ишга киришишларидан олдин «Вулверхэмптон» клуби Накашима трансфери бўйича аниқ таклифни илгари сурганди - 17,8 миллион фунт. Японнинг ўзи «бўрилар» сафига қўшилишга қарши эмасди, бироқ якунда келишув амалга ошмади. Шунингдек, «Шахтёр» (Донецк) уни 10 миллионга сотиб олмоқчи бўлганди. Қолган даъвогарларнинг қизиқиши музокара жараёнига етиб бормаган.

S Накашима жорий мавсум «Спортинг» (Лиссабон)га қарши кечган учрашувда шунчаки, идеал футбол кўрсатди: жамоасининг 4та голида ҳам бевосита иштирок этди.

S Накашима трансфери аслида «Ал-Дуҳайл»нинг умумий сиёсатига унча тўғри келмайди. Ҳа, бу жамоа олдин ҳам машҳур футболчилар хизматига таянган, аммо таркибини кучайтириш йўлида бу қадар катта харажатга қўл урган эмасди. Дейлик, 2014 йили Владимир Вайсс учун «Олимпиакос»га 5,3 миллион евро тўлаган. Яқинда эса Меҳди Бенатияни 8 «лимон»га сотиб олди. Хуллас, «Ал-Дуҳайл» таниқли ўйинчиларни таклиф қилишда муаммо сезмайди, бироқ трансферлар эмас, балки маош масаласига кўпроқ эътибор қаратади.

S Накашима Қатарда йилига 3,5 миллион евро миқдорида маош олади. Лекин Испаниянинг AS нашри тахминича, бу ўтишда учинчи томон ҳиссаси ҳам бор. Гап шундаки, «Ал-Дуҳайл» Парижнинг «ПСЖ»сига эгалик қилувчи Қатар қироллик оиласига тегишли. Айни пайт эса Париж клуби жиддий кузатув остида турибди - молиявий «Фэйр-плей» қоидаси... Қисқаси, шайхлар таркибни кучайтириш учун хоҳлаганларича харажат қилолмайдилар. Тахминга кўра, иқтидорли Накашима маълум муддатдан сўнг «ПСЖ» сафига кичик сумма эвазига ёки ижара келишуви асосида ўтиши мумкин. Агар шундай бўлса, «ПСЖ» молиявий «Фэйр-плей» қоидаларини четлаб ўтишнинг яна бир тўғри йўлини топган ҳисобланади.

S Накашима «Ал-Дуҳайл»да 10-рақам остида тўп суради. Унинг ўзи Осиёга қайтиш қарорини оддий ва қисқа  изоҳлади: «Ушбу клубда барчаси ажойиб ва одамни қизиқтирадиган даражада».

S Қатар Юлдузлар лигасида 2 ойлик танаффус тугади ва чемпионат 16 февралдан яна йўлга тушди. «Ал-Дуҳайл» танаффусга турнир жадвалининг 2-поғонасида келганди. Жамоа 16-турдан ўрин олган баҳсда «Ал-Сайлия»ни ягона гол эвазига енгиб, турнир жадвалидаги мав­қеини сақлаб қолди. Накашима мазкур учрашувда 90-дақиқагача фаол ҳаракатланди.

S Сея Осиё кубоги-2019да қатнашгани йўқ - жароҳати халақит берди. Энди у янги клубида Осиё чемпио­натининг энг яхши футболчиси ва бош тўпурари ал Моаз Али билан бирга ўйнайди.

S Ғалати томони нима? Фақат трансфер суммаси. Эҳтимолки, ўртада «ПСЖ» борлиги (агар рост бўлса) учун баҳо ортиб кетгандир. Умуман, ушбу келишув ҳам қишки трансферлар кўпинча ёзги ўтишларга тайёргарлик бўлиши ҳақидаги тушунчани яна бир бора тасдиқлади.

Абдураҳмонхўжа АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz