Қайднома

Қидирув

Асрор ҒОФУРОВ: «АНДИЖОН» ОРТГА ТАШЛАНГАН ҚАДАМ ЭМАС»

Асрор ҒОФУРОВ: «АНДИЖОН» ОРТГА ТАШЛАНГАН ҚАДАМ ЭМАС»

  26.02.2019 01:23
  0
  323
Асрор ҒОФУРОВ: «АНДИЖОН» ОРТГА ТАШЛАНГАН ҚАДАМ ЭМАС»

Ўтган мавсум якунларига кўра Суперлига йўлланмасини қўлга киритган «Андижон» клуби янги мавсум тайёргарлигининг сўнгги босқичини фаол олиб бормоқда. Йиғинни пойтахтимизда давом эттираётган жамоа «Бунёдкор»га қарши иккита назорат ўйини ўтказди. Дастлабки учрашувда ҳисоб очилмаган бўлса, иккинчи баҳсда «бургутлар»нинг қўллари баланд келди. Таъкидлаш жоизки, андижонликлар таркибида ўзгаришлар етарлича. Ўйинни кузатар экансиз, бир қатор янги футболчилар кўрикдан ўтаётганини кўриш мумкин. «Бунёдкор» билан бўлган ўйиндан сўнг маълум муддат Туркия клубларида тўп суриб, жорий йил «Андижон» таркибига қўшилган маҳоратли футболчи Асрор Ғофуровни суҳбатга тортдик.

 

- Асрор ака, «Андижон» жамоа­сига қўшилишингиз қандай юз берди?

- Туркияда тўп сураётган вақтимда клуб раҳбариятидан жиддий таклиф тушди. Қолаверса, ўзимда ҳам Ўзбекистон Суперлигасида кучимни синаб кўриш истаги йўқ эмасди. Шунинг учун мазкур таклифга йўқ дея олмадим. Тўғриси, миллий чемпионатимизни соғиндим.

- Янги жамоага мослашиш жараёни қандай кечмоқда? «Андижон» ўз олдига қандай мақсадлар қўймоқда?

- Бу клубдаги муҳитга мослашиш кутганимдан осонроқ кечяпти. Барча футболчилар аҳил, иноқ. Жамоанинг мақсади - чиройли ўйин кўрсатиб, кучли олтиликдан жой олиш. Бир оила бўлиб, мақсад сари дадил интилсак, ўйлайманки, кутилган натижага эришамиз.

- Бунга жамоанинг кучи ва салоҳияти етадими? Ҳар ҳолда, юқори олтилик учун курашда «Локомотив», «Пахтакор» ва бошқа кучли клублар қаршилигини енгиш талаб этилади.

- Булар фақат ташқи омиллар ҳисобланади. Аслида, майдонда икки жамоада ҳам ўн бир киши ўйнайди. Бунинг ажабланарли ери йўқ. Мураббий ва жамоадошларимга ишонаман. Биргаликда ўз ишимизни юқори даражада уддалашимизга ишончим комил.

- Янги мавсум тараддуди қандай кечяпти?

- Машғулотлар яхши ташкил қилинмоқда. Кунига икки маҳалдан шуғулланяпмиз. Назорат ўйинлари орқали янада чиниқмоқдамиз. Ўртоқлик учрашувлари бизга куч бағишлаб, ўзимизга бўлган ишончни орттиришга хизмат қилмоқда.

- Чемпионатимизнинг ўтган мавсумида янги тизим ва «олтин очко» қоидаси қўлланди. Ушбу янгилик бўйича фикрингиз қандай?

- Барча ишлар ўзбек футболи ривожи учун қилинмоқда. ПФЛнинг ҳар қандай қарори ҳурматга сазовор. Албатта, бундай изланишлар вақти келиб ўзининг ижобий натижасини беришига ишонаман.

- «Андижон» варианти ортга ташланган қадам эмасми? Ўзингизни нисбатан кучлироқ лигаларда синаб кўришингиз мумкинмиди? Бу борада вариантларга эгамидингиз?

- Албатта! Аммо менга «Андижон» варианти жуда маъқул келди. Болалигимдан водий жамоаларида тўп суришни орзу қилганман. Ниятимга етдим. Ҳар нарсанинг ўз вақти бор. «Андижон» ортга ташланган қадам эмас, деб ўйлайман.

- Жамоанинг жонкуяр ишқибозлари ҳақида нима дейсиз?

- Эшитишимча, улар чемпионат бошланишини интизорлик билан кутишмоқда. Мухлислар футболдаги ўн иккинчи ўйинчи ҳисобланишади. Уларнинг қўллаб-қувватлаши биз учун муҳим аҳамият касб этади.

- Элдор Сакаев футболчилардан асосан нималарни талаб қиляпти?

- Майдонда бир-биримизни қўллаб туришимизни, ҳам ҳужум, ҳам ҳимояда уюшқоқликда тўп суришимиз лозимлигини уқтирмоқда. Ўйин услуби ҳам шунга асосланган - ҳимоя ва ҳужумдаги мувозанатни сақлаш.

- 2019 йилда Суперлига чемпионлиги учун курашда қайси жамоанинг имкониятларини юқори баҳолайсиз?

- Менимча, пойтахт жамоалари бу борада бироз устунликка эгалар.

- Маълум вақт Туркия чемпионатида тўп сурдингиз. У ерда қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор берилади?

- Туркияда «Манисаспор», «Сокеспор», «Корлуспор», «Илекспор», «Гебзеспор» каби жамоалар шарафини ҳимоя қилдим. Имкон қадар маҳаллий мухлис-у мутахассисларга манзур бўладиган ўйинни намойиш этишга интилдим. Уларда асосий эътибор жисмоний ҳолатга қаратилади. Футболчилар қанчалик бақувват бўлишса, уларнинг маҳаллий шароитга мослашишлари шунчалик осон кечаверади.

- Легионер сифатида қандайдир муаммоларга дуч келдингизми?

- Албатта, бегона юртда мураккабликлар кузатилиши табиий ҳол. Биринчи навбатда турк тили ва ов-қатларига кўникиш қийин бўлди. Аммо жамоадошларим ёрдамларини аяшмади. Ўйин тарафлама қийналмадим, чунки футбол терминлари ҳамма жойда бир хил қўлланилади.

- Европа Чемпионлар Лигасида қайси клубга мухлислик қиляпсиз?

- «Ювентус»га. Буни таркибида Криштиану Роналду ўйнаётгани учун айтмаяпман. Шунчаки, туринликларнинг ўйин услуби ва мураббийларнинг рақибдан келиб чиқиб тактика танлаши, футболчиларнинг шунга мос равишда тўп суриши кишининг ҳавасини келтиради.

 

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz