Қайднома

Қидирув

Функционерлар ёки шунчаки, бизнес ҳақида

Функционерлар ёки шунчаки, бизнес ҳақида

  26.02.2019 03:26
  0
  526
Функционерлар ёки шунчаки, бизнес ҳақида

«Монако» кузда тушиб қолган мураккаб вазиятдан чиқишга интилмоқда. Клуб бир нечта трансерларни амалга оширди, Жардимни ортга қайтарди. Энди инқилобий навбат жамоа раҳбариятига етиб келди. «Монако» хўжайини Дмитрий Риболовлев клуб вице-президенти Вадим Васильевни ишдан бўшатди. Васильев журналистлар билан суҳбат чоғи истеъфо сабаблари ҳақида гапирмади: шунчаки, раҳбарият, ишқибозлар, князь Альбер II ва бошқаларга миннатдорчилик билдириб, Жардим ва футболчиларга омад тилади.

Риболовлев эса аксинча, Васильевнинг истеъфоси сабабларига батафсил тўхталди: «Вадим Васильевнинг «Монако»даги олти йиллик фаолияти давомида биз катта йўлни босиб ўтдик. Кўплаб муваффақиятларга эришдик. Аммо сўнгги йилларда жиддий хатолар ҳам кузатилди ва бунинг оқибатида энг ёмон кўрсаткичлар қайд этилди. Яқиндан бошлаб клуб муаммоларини муҳокама қилишга фаол киришдим. Бу орада қийин, аммо ўйлашимча, муҳим қарорларни чиқардим. Хусусан, Леонарду Жардимга шахсан қўнғироқ қилдим - октябрда йўл қўйилган хато учун узр сўрадим, қайтиб жамоа бошқарувини қўлга олишини илтимос қилдим. Унинг қишки трансферлар пайти янги ўйинчилар сотиб олиш бўйича барча таклифларини маъқулладим. Ўзгаришлар даври келди. Мен учун қанчалик қийин бўлмасин, аммо Вадим Васильевни вице-президент ва бош директор лавозимларидан бўшатишга қарор қилдим».

Вадим Васильевнинг «Монако»даги фаолияти шу тариқа якунланди. У мазкур клубда олти йил ишлади.

Нималар билан ёдда Қолди?

• Олти йиллик фаолияти давомида Васильев «Монако»ни конвейерга айлантирди: ушбу функционер ишлаган пайтда Лига 1да князликлар шарафини 103 футболчи ҳимоя қилди - бундай ҳолат аввалги вице-президентлар даврида кузатилмаганди.

• Вадим Васильев айни пайт «Вулверхэмптон»да ўз империясини қураётган машҳур агент Жорже Мендеш билан алоқаларни яхшилади. Бунинг натижасида «Монако»да Фалькао, Хамес ҳамда Моутиньо сингари юксак иқтидор соҳиблари тўп суришди - уларнинг барчаси Мендеш билан ҳамкорлик қилишади.

• Васильев тузган супердаромадли шартнома туфайли «Монако» унга ҳар бир трансфердан 10 фоиз тўларди. Football Leaks маълумотларига кўра, мазкур келишув 2015|2016 йиллар мавсумида функционерга 5,3 миллион евро, 2016|2017 йиллар мавсумида эса 5,4 миллион евро даромад келтирган. 2017|2018 йиллар мавсуми оралиғидаги иккита трансфер ойнасида эса «Монако» жами 123 миллион еврога футболчи сотган. Яъни, Васильев тахминан 12,3 миллионга эга бўлган. Аниқ рақамларни ҳисоблаш қийин, чунки дейлик, Мбаппе учун «ПСЖ» пулни турли траншлар орқали тўлаган. Қўшимчасига Килианнинг шартномасида яхшигина бонуслар ҳам бўлиши мумкин: мисол учун, Лига 1даги ғалаба учун.

• Васильев «Монако» академиясини ривожлантириш ташаббускорларидан бири бўлган. Сўнгги пайтларда Васильев ушбу масалада бир нечта муҳим қадамларни қўйган. Биринчиси - базани янгилади, «Монако» бунинг учун 30 миллионга яқин пул сарфлади. Иккинчиси - Бертран Разони «Монако» академияси директори этиб та­йинлади. Бунга қадар Разо «ПСЖ»да ишлаб, Преснел Кимпембе, Адриен Рабьо, Кристофер Нкунку, Альфонс Ареоля ва бошқа кўплаб ёшларни кашф этган.

• Ушбу функционернинг уринишлари самараси ўлароқ, «Монако» ривожланиш тизимини ўзгартиришда қийналмади. 2016|2017 йиллар мавсумигача жамоа асосан қимматбаҳо ўйинчиларни сотиб олган. Кейинчалик эса таркиб академия тарбияланувчилари ҳамда иқтидорли ёшлар эвазига қуриладиган бўлди.

• Васильев ишлаган пайтда «Монако» Лига 2дан чиқди, икки марта Франция олий дивизиони кумуш медалларини қўлга киритди, мамлакат чемпионига айланди ва Чемпионлар Лигаси ярим финалигача етиб борди.

• Ишқибозлар раҳбариятни (хусусан, Васильевни ҳам) унинг қўл остида клуб олди-сотди пунктига айланиб қолганлигида айблашди: етакчилар кетишди, уларнинг ўрнини иқтидорли футболчилар эгаллаб, ўсишга эришгач, яна ўша ҳолат такрорланди. Яққол мисол - Хамес ва Лемар.

• Васильев Александр Головинни таклиф этиш ғоясини илгари сурганлардан бири. Дастлаб Головиннинг мазкур клубдаги фаолияти муваффақиятли чиқмади, ҳозир гўёки вазият изга тушгандек: у иккита гол урди, жароҳат олди, бироқ тиклангач, афтидан, ўзини қулай ҳис этаётгандек.

• Леонарду Жардим - ёшлар билан ишлаш бўйича Франциядаги энг яхши мутахассислардан бири. Аммо бу сифати ҳам уни истеъфодан асраб қололмади. Мураббийнинг ишдан бўшатилишини Васильев тасдиқлади ва унинг ўрнига Анрини таклиф этди: мустақил ишлаш бўйича етарли тажрибага эга бўлмаган франциялик собиқ футболчи тайинловдан сўнг жамоа етакчилари билан чиқишолмади ва уларни ўринбосарлар сафига «сургун» қилди. Дмитрий Риболовлев Жардимни ортга қайтаришда шахсан ўзи, Васильевнинг аралашувисиз шуғулланганини таъкидлади.

Вазиятга Қандай баҳо бериш мумкин?

Бир томондан, «Монако» клубни инқироздан олиб чиқишда ёрдамлашган функционерни ишдан бўшатди. Бошқа томондан, жамоа бу қарор орқали воситаларини тежади (эндиликда клуб ҳар бир трансфердан кимгадир 10 фоиз ажратмаса керак) ва аҳамиятли паллаларда (яна ўша Жардимни мисол келтириш мумкин) муҳим қарорлар чиқармайдиган одамни истеъфога чиқарди.

Мазкур ҳолатга бир жумла жуда мос тушади: «Бу - шунчаки, бизнес».

М.Абдуҳамитов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz