Қайднома

Қидирув

0:10, қанақасига, бу нима…? Сардор жамоасининг шармандали мағлубияти ҳақида...

0:10, қанақасига, бу нима…? Сардор жамоасининг шармандали мағлубияти ҳақида...

  26.02.2019 09:43
  0
  866
0:10, қанақасига, бу нима…? Сардор жамоасининг шармандали мағлубияти ҳақида...

Афсуски, ҳамюртимиз Сардор Рашидовнинг Португалия элит дивизионидаги дебютида «Насьонал» клуби ўта шармандали тарзда ютқазди. Тўғрироғи, Лиссабоннинг «Бенфика»си бечора меҳмонларни ростакамига хўрлади. 10та жавобсиз голни бошқача изоҳлаш мушкул. Диққат қилинг, бундай йирик ҳисоб Португалия чемпионатида охирги марта нақ 55 йил олдин қайд этилган экан. Яна афсус, 10:0нинг қайта такрорланиши келиб-келиб, ҳамюртимизнинг дебютида кузатилса-я...

«Насьонал» шунчалик заифми?

Йўқ, аслида Фуншал жамоаси бинойидек салоҳиятга эгадек. Ҳар ҳолда, «Динамо» (Москва)нинг собиқ аъзоси Коштинья бошқараётган клуб таркиб нуқтаи назаридан маҳаллий Примеродаги камида 5-6та иштирокчидан устун бўлса, борки, асло кам эмас. Бироқ фуншалликларга барқарор ўйнаш хислати етишмаяпти. Эҳтимол, бу мураббийга боғлиқдир. Хуллас, бинойидек жамоага айни пайт лигадан тушиб кетишдек ёқимсиз хавотир реал хавф солмоқда. Ўзи «Насьонал» мавсумни ўта ўхшовсиз бошлаганди, лекин кузнинг охири - қишнинг бошида умумий ҳолатини анча ўнглашга муваффақ бўлди. Аниқроқ айтсак, шу оралиқда 7та ўйин ўтказиб, уларнинг 4тасида ғалаба қозонди, 2 марта дуранг натижа қайд қилди ва фақат «Спортинг» олдида бош эгди. Ваҳоланки, ўша учрашувда ҳам аввалига 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олганди, аммо якунда 3 очкони грандга қўш-қўллаб топширди - 2:5. Шу-шу жамоа «қора кун»лар домига тушди. Дейлик, «Бенфика» стадионидаги шармандаликкача 5та ўйиннинг 4тасини бой берган ва атиги бир бора 0:0 ҳисобини зўрға сақлаб қолганди.

Коштинья фалсафаси - ҳужумкор футбол. Ёш мураббий ҳаттоки, энг кучли рақибларга дуч келинса ҳам, ҳеч қандай «автобус»га эҳтиёж сезмайди. Бироқ маҳсулдорлик ҳаминқадар. Боз устига, «Насьонал» гол қўйиб юбориш бобида лиганинг «етакчи» жамоаси бўлиб турибди. Ҳаттоки, Лиссабонда 10та гол қабул қилишдан олдин ҳам шундай эди: 20та ўйиндаги тўплар нисбати - 20-35.

«Бенфика» шунчалик кучлими?

Лиссабон клуби 55 йил бадалига иккинчи марта 10:0 ҳисобини расмийлаштирди. Қисқаси, Португалия биринчилигидаги охирги «рақибни таҳқирлаш» томошасида ҳам айнан «Бенфика» иштирок этганди. Қисқаси, лиссабонликлар 55 йиллик натижаларини такрорлашди. Улар 1964 йили камтарин «Сейшал»ни «дўппослагандилар». Дарвоқе, ўша учрашувда жаҳон футболи афсонаси Эйсебио рақиб дарвозасини нақ 6 марта ишғол қилган. «Насьонал»га қарши ўйин эса бир қатор қизиқарли воқеликларга тўғри келди. Мисол учун, «Бенфика» афсоналаридан бири Фернанду Шалан айнан 10 февраль куни 60 йиллик юбилейини нишонлади. Қизиғи, у жамоа сафида фақат...10-рақам остида ўйнаган экан.

Айтиш мумкинки, «Бенфика»да бош мураббий алмашгач, жамоа вакилларида ишонч ортди, улар энг яхши спорт формасига кириб олишди. Гап шундаки, Бруну Лаже 4-4-2 тактик чизмасига қайтиб, мавжуд футболчиларга майдонда муносиб жой ажратмоқда. Собиқ мураббий Руи Витория эса 4-3-3 моделидан сира кўнгил узолмаганди. Мана, янги схема самараси ўлароқ, 19 ёшли Жоау Феликснинг очилмаган қирралари кўзга ташланди. Бу йигитчани айни пайт «Реал» ва «МЮ» каби йирик жамоалар вакиллари диққат билан кузатишмоқда. Яхши ўйнаб кетган яна бир футболчи - Габриэль аввалги мураббий даврида ҳаттоки, ўйин қайдномасидан ҳам четда қолаётганди. Энг асосийси, клубнинг ёш тарбияланувчилари ташаббусни қўлга олишмоқда. Кетма-кет 2та ўйинда ҳимоя маркази 21 ёшли португал - Рубен Диашга ишониб топширилди ва у бунга муносиб жавоб қайтарди. Тўғри, Рубен анчадан буён асосий жамоада. Марказий ҳимоячи ролини бажараётган яна бир тарбияланувчи - Ферра эса жамоадаги дебютини яқиндагина нишонлади. Ҳужумда ҳам янги иқтидор бор - 19 ёшли Феликс. Марказий чизиқда эса унинг тенгдоши Флорентину Луиш ўзини кўрсатмоқда. Шундай бўлсада, 10:0 ҳисобини шароит тақозосига боғлаш мумкин. Бир томонда - «Бенфика»нинг аъло формаси, икинчи томонда - «Насьонал»нинг энг ёмон кунларидан бири. Меҳмонларнинг атайин суст ҳаракатланишганини айтишга асос йўқ. Бинобарин, ҳакамнинг финал ҳуштаги янграгач, айрим ўйинчилар майдоннинг ўзида йиғлаб юборишди. Ҳаттоки, «Бенфика» футболчилари ғалабани нишонлаш ўрнига аламзада рақибларни юпатиш билан овора бўлишди.

 

«Бенфика»нинг Португалия

чемпионатидаги энг йирик ҳисобли ғалабалари

«Насьонал» - 10:0 (мавсум-2018|2019)

«Сейшал» - 10:0 (мавсум-1963|1964

«Боавишта» - 11:0 (мавсум-1954|1955)

«Санжоаненсе» - 13:1 (мавсум-1946|1947)

«Порту» - 12:2 (мавсум-1942|1943)

«Насьонал»нинг Португалия чемпионати етакчиларига қарши ўйинлари

(жорий мавсум)

«Брага» - «Насьонал» - 4:2

«Насьонал» - «Бенфика» - 0:4

«Спортинг» - «Насьонал» - 5:2

«Порту» - «Насьонал» - 3:1

«Насьонал» - «Брага» - 0:3

«Бенфика» - «Насьонал» - 10:0

 

Ўйин иштирокчилари муносабати

 

Коштинья («Насьонал» бош мураббийи): - Аввало, жамоамиз мухлисларидан узр сўрашим керак. Бу бутун фаолиятимдаги энг ғайриоддий ҳолат. Бугун майдонда «Насьонал» футболчиларини кўрганим йўқ, лекин масъулият тўлиқ менинг зиммамга тушади. Ҳа, 0:10 - ўта оғир натижа, аммо биз амалда атиги 3 очко йўқотдик. Дастлабки 2та гол «Бенфика»га хотиржамлик бағишлади. Иккинчи бўлим воқеалари хусусида эса, гапиришга тилим ожиз. Даҳшатнинг ўзгинаси. Жамоани шуғуллантиришда давом этаманми? Буни «Насьонал» президенти ҳал қилади. Ишончим комил, бу ҳисоб шахсан мени «синдиролмайди»...

Витор Гонсалвеш («Насьонал» сардори): - Рўй берган воқеликни изоҳлаш жуда мушкул. Шунчаки, узр сўрашдан нарига ўтолмайман. 0:10 - мутлақ муваффақиятсизлик. Лекин таслим бўлмаймиз. Зеро, олдинда муҳим ўйинлар кўп, шундай экан, ўзимизни тезроқ қўлга олиб, ишлашда давом этишимиз шарт...

Бруну Лаже («Бенфика» бош мураббийи): - Тарихий натижа ва футболчилар буни бир умр эслаб юришса керак. Лекин энг асосийси, биз ўта сифатли футбол намойиш этдикки, динамика ва жамоанинг тараққиётидан бағоят хурсандман. Шунинг баробарида «Насьонал» футболчилари ва мураббийларини қўллаб-қувватлашни истайман. Негаки, ўта йирик ҳисобли мағлубият қандай юзага келишини яхши биламан: назорат шунчаки, қўлдан чиқиб кетади. Дарвоқе, «Манчестер Сити» ва «Челси» ўртасидаги ўйиннинг маълум қисмини кўрдим - футболда баъзан шундай бўлиб туради...

 

Матбуот муносабати

 

Espresso: - Бундай натижани фақат болалар футболида кўриш мумкин. Ҳаттоки, хоккейда ҳам камроқ гол уришади...

Record: - Бу денгизда кўтарилган қизил рангли цунами эди. Ҳозирги «Бенфика» ва Руи Витория бошқарган жамоа ўртасида битта ўхшашлик бор - фақат қизил тусли футболка.

O Jogo: - «Бенфика» ақл бовар қилмас натижага эришди. «Насьонал» эса худди тўртинчи дивизион жамоасидек кўринди.

 

ДАРВОҚЕ...

 

Хосеп Гвардиоланинг буюк Ғалабалари

Португалияда 10:0 ҳисоби кузатилган бўлса, энг рақобатбардош чемпионат саналган АПЛда 6:0 натижаси қайд этилди. Боз устига, Португалия Примеросидаги каби етакчи ва аутсайдерлардан бири қарама-қаршилигида эмас, балки савия жиҳатидан бир-бирига анча яқин саналган «Манчестер Сити» ва «Челси» ўртасидаги ўйинда. Шу билан «шаҳарликлар» устози Хосеп Гвардиола ҳисобидаги «жимжимадор» ғалабалар сони яна биттага кўпайди. Умуман, каталониялик мутахассис атиги 10 йиллик фаолияти давомида гранд жамоаларга қарши кечган 6та ўйинда камида 4та гол фарқини таъминлагани билан алоҳида мақтаниши мумкин.

1. 2009 йил 2 май. Испания чемпионати. 34-тур

«Реал» - «Барселона» - 2:6

2. 2010 йил 29 ноябрь. Испания чемпионати. 13-тур

«Барселона» - «Реал» - 5:0

3. 2012 йил 7 март. ЧЛ. 1|8 финал

«Барселона» - «Байер» - 7:1

4. 2014 йил 21 октябрь. ЧЛ. Гуруҳ босқичи (3-тур)

«Рома» - «Бавария» - 1:7

5. 2017 йил 9 сентябрь. Англия чемпионати. 4-тур

«Манчестер Сити» - «Ливерпуль» - 5:0

6. 2019 йил 10 февраль. Англия чемпионати. 26-тур

«Манчестер Сити» - «Челси» - 6:0

Уткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz