Қайднома

Қидирув

Ақлдан озиш ва ўзига келиш...

Ақлдан озиш ва ўзига келиш...

  27.02.2019 03:46
  0
  304
Ақлдан озиш ва ўзига келиш...

Европаликлар азал-азалдан қитъа ташқарисида бўй кўрсатган ҳар қандай кучга хавотир билан қараб келишган, футбол соҳаси ҳам бундан мустасно эмас, албатта. Сабаби оддий: ҳушёрликни йўқотмасдан етакчилик мавқеи ва барқарорликни сақлаб қолиш. «Кўҳна қитъа»нинг бундай ёндашувини тушуниш мумкин: ахир кимдир янада яхшироқ шароитларга эга бўлиш йўлини топса, сизнинг зўрға такомиллаштирган лойиҳангиз аста-секин кераксиз матоҳга айланиши ҳеч гап эмас. Дейлик, Хитой футболи 2015 йили ривожланиш сари юз буриб, мазкур спорт тури оммавийлигини ошириш ва ёш иқтидорлар камолотига катта маблағ ажратилишини маълум қилганида, евроклублар бир сесканиб тушганди...

 

Чин юрти клубларига шу қадар молиявий имкониятлар яратилдики, натижада жаҳон миқёсидаги айрим етук футболчилар «нафақа ёши»ни ҳам кутмай, Шарққа йўл ола бошлашди. Табиийки, бу ҳолат еврофутболга сира ёқмади. Ҳаттоки, «Манчестер Сити»нинг шов-шувли трансферларию, афсонавий ҳотамтойдек пул сарфлаши ҳам Хитой чемпионати томон бурилган оқим олдида оддий жараёндек туюлди. Хусусан, Россия футболида муҳим ролга эга шахслардан бири Сергей Прядкин 2017 йили ошкора бонг урди: «Хитойликлар ҳаракати — Европа футболи учун улкан таҳдид». Умуман, кўплаб тан олинган мутахасислар, экспертларнинг шу маънода фикр билдиришгани ҳам бор гап. Аммо амалда Хитойда еврофутбол учун туғилган хавф қанчалик шиддат билан ривожланган бўлса, шунчалик тез сўна бошлади. Буни Хитой жамоаларининг трансферларга боғлиқ умумий кўрсаткичи яққол тасдиқлаб турибди:

Мавсум-2014|2015: 145 млн. евро

Мавсум-2015|2016: 418 млн. евро

Мавсум-2016|2017: 538 млн. евро

Мавсум-2017|2018: 140 млн. евро

Мавсум-2018|2019: 180 млн. евро

Кўриниб турибди, Хитой клубларининг «улгуржи савдоси» 3 мавсум ичида ўзининг энг юқори чўққисига чиққан. Дейлик, 2015 йили «Шахтёр»-дан 50 миллион евро эвазига кетган Алекс Тейшейра трансферлар бозорини «ёндириб» юборди. Кейин Рамирес 30 миллионга баҳоланди. Шунингдек, Жексон Мартинес (40 «лимон») ва Паулиньо ҳам катта маблағ эвазига Хитойга йўл олишди. Тўғри, Паулиньо кейинчалик Осиё ва Европа ўртасидаги ўзига хос «кўприк»дек таассурот қолдирди. Яъни маълум муддат «Барселона»да ўйнаган бразилиялик яна Чин футболига қайтди. 2016 йилги трансферлар ҳақида эса ортиқча гапириш шарт эмас. Чунончи, йирик маош ва ваъда қилинган шоҳона шароитлар туфайли Халк, Аксель Витцель, Оскар ва Карлос Тевес каби мегаюлдузлар ҳам Хитой лигасида ўйнашга қарор қилишди. Дейлик, аргентиналик Тевес маълум вақт жаҳон бўйича энг кўп маош оладиган футболчи бўлди.

Қарангки, хитойликлар 2 йиллик «алғов-далғов»лардан сўнг ақлларини бироз йиғиб олишди. Ҳар ҳолда, кейинги йилларда Хитой клублари томонидан трансферлар учун сарфланган маблағ миқдори 140-180 млн. евродан ошмади. Таққослаш учун айтсак, Россия Премьер-лигаси иштирокчилари ҳам йилига қарийб шунча сарфлашади. Гап шундаки, юлдузларни Хитойдан бездираётган омиллар ҳам йўқ эмас: чеклов, ўзгача маданият, маҳаллий футболчилар савияси... Хуллас, Европа муҳитига мослашган юлдузларнинг қадимий Чин юртида яшаб-ўйнашга кўникишлари осон эмас. Эътиборли томони, шунча воқеликлардан кейин ҳам Хитойда ҳеч ким футболни ташлаб қўйгани йўқ. Камтарингина, сипо кийинган ва юзларидан сира табассум аримайдиган хитойлик «амаки»лар ҳали-ҳамон маҳаллий футбол ривожи учун пулни аяшмаяпти. Фақат фарқи шуки, улар энди оқилона харажат қилишни ўзлаштиришди. Мисол учун, ўтган йилги трансферларни олайлик: Хавьер Маскерано «Барселона»даги кўп йиллик муваффақиятли фаолиятидан сўнг Хитойга юзланди. «Пекин Гуоан» эса 26 ёшли Седрик Бакамбуни харид қилди. Тўғри, бир қарашда, пойтахтликлар унинг учун кўпроқ пул тўлашгандек (футболчининг бозор нархига нисбатан, албатта). Лекин Бакамбу мавсум давомида 23та ўйинда иштирок этиб, 19та гол уриш баробарида 4 марта ассистентлик ролини бажарганини инобатга олсак, у сарфланган маблағни қисман оқлашга улгурди. «Атлетико»даги ҳаракатлари билан кўзга ташлан Янник Феррейра-Карраско ва Никлас Гайтан ҳам имкон қадар наф келтиришди.

Яқинда ёпилган қишги трансферлар бозорига тўхталсак, хитойликларда «ўзига келиш - соғайиш» жараёни давом этяпти. Харидлар фикримизга асос:

Паулиньо («Барселона»дан «Гуанжоу Эвергранд»га) — 40 млн. евро

Андерсон Талиска («Бенфика»дан «Гуанжоу Эвергранд»га) — 19,2 млн. евро

Маруан Феллайни («МЮ»дан «Шандонг Луненг»га) — 12 млн. евро

Эдер («Интер»дан «Жиангсу Сунин»га) — 5,7 млн. евро

Мусса Дембеле («Тоттенхэм»дан «Гуанжоу Фули»га) — 5,5 млн. евро

Марек Гамшик («Наполи»дан «Далян Ифан»га) - 9 млн. евро

Бир сўз билан айтганда, ажойиб трансферлар. Бунга қўшимча ўрнида айтиш керак, Хитой клублари ниҳоят, футболчиларни сотиш операциясидан моддий манфаат олишни ҳам ўрганяпти. Мисол учун, «Жиангсу Сунин» колумбиялик Рожер Мартинесни «Вильярреал»га сотиш ортидан чамаси 15 миллион фойда кўрди.

Футбол юлдузларининг йирик трансфери Хитой футболида маошлар миқдорининг кескин ошиб кетишига олиб келди. Аммо унутмаслик лозим, Хитойда легионерлар бўйича қўйилган чеклов туфайли қайсидир клубнинг маош тўлови ҳаддан ортиқ кўпайиб кетмаяпти. Иккинчидан, Чин юрти футболига боғлиқ шов-шувлар шунчаки, ўзларини менежер ролида синаб кўришни истайдиган бойлар ўртасидаги мусобақага ўхшаб қолмоқда.

 А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz