Қайднома

Қидирув

Қуръадан кўнгил тўлдими, мураббийлар қандай фикрда?

Қуръадан кўнгил тўлдими, мураббийлар қандай фикрда?

  01.03.2019 09:41
  0
  549
Қуръадан кўнгил тўлдими, мураббийлар қандай фикрда?

Ниҳоят, 25 февраль куни Pepsi Суперлиганинг янги мавсумида нечта жамоа иштирок этиши, мусобақа қандай форматда ўтказилиши ва чемпионатнинг қачон бошланиши расман эълон қилинди.

«Миллий» стадионида ўтказилган тадбирда бу борада батафсил маълумот берилгач, турнирга қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Биз мазкур маросимдан кейин айрим мураббийларнинг қуръа юзасидан фикрларини билишга ошиқдик.

Андрей Фёдоров («Локомотив» бош мураббийи): - Қуръанинг кўзини кўр дейишади. Илк турдаёқ асосий рақиб - «Пахтакор»га қарши майдонга тушамиз. Лекин бундан катта фожиа ясаётганимиз йўқ. Барибир, ҳар бир жамоа билан уй-сафар тизимида ўйнашимизга тўғри келади. Ҳозир биз ҳам, «Пахтакор» ҳам бир хил шароитда.

Иккала клуб ҳам чемпионатнинг биринчи ўйинигача ОЧЛ учрашувида майдонга тушади. Шу жиҳатдан бироз қийин бўлиши мумкин. ОЧЛ барибир бошқа савиядаги турнир. Бу ўйинга юқори даражада тайёргарлик кўриш керак. Яхшигина куч сарфланади. Қандайдир уч кун ичида кейинги учрашувга тикланиб олиш осон бўлмайди.

Нима ҳам қила олардик, қайсидир маънода «ҳукм ўқилди» ва энди олдимизда турган мураккаб ўйинларга тайёргарлик кўрамиз. «Пахтакор» ҳозиргача ОЧЛнинг иккита «плей-офф» учрашувида майдонга тушиб улгурди. Шу ўйинлар орқали рақибни ўрганишга ҳаракат қиламиз. Бу йил биз учун осон бўлмайди.

Чемпионлик унвонини ҳимоя қилишиз керак. Ҳамиша чемпион бўлишдан кўра, уни ҳимоя қилиш қийин кечган. Янги мавсумда ҳам чемпионлик учун курашадиган жамоалар сони етарлича бўлади. Ҳар бир клуб очко тортиб олишга қодир. Фақат «Пахтакор» билан бўладиган икки ўйин чемпионлик масаласини узил-кесил ҳал қилиб беради, демаган бўлардим.

Бошқа жамоаларга қарши кечадиган ўйинларда очко йўқотмаймиз, деган кафолатни ҳеч ким беролмайди. Фақат бир нарсага кафолат беришим мумкин: «Локомотив» футболчилари ҳар бир ўйинда майдонга юқори кайфиятда тушиб, мухлисларга ғалаба қувончини тақдим этишга ҳаракат қилишади.

Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи): - Қуръа кутганимиздан ҳам қизиқарли бўлди. Ҳаммаси ҳаққоний ва кўз олдимизда рўй берди. Илк турдаёқ асосий рақибга қарши ўйнаймиз. Ундан аввал Эронда ОЧЛ 1-тур учрашувини ўтказамиз. Кейин «Локомотив» билан ўйин ва шундан сўнг ОЧЛнинг 2-турида майдонга тушамиз.

Қандайдир бир ҳафта ичида учта мураккаб ўйин ўтказишимизга тўғри келяпти. Майли, шундай бўлиши керак экан. Қуръадан катта фожиа ясамадик. Жамоа режа асосида бўлажак ўйинларга тайёргарлик кўришда давом этади. Бизда трансфер ишлари якунланган. Жамоага сўнгги бўлиб Жавоҳир Сиддиқов келиб қўшилди.

Уни «Қўқон-1912»дан ижарага олдик. Суперлига стартига қадар бошқа ўйинчи олмаймиз. ОЧЛ учун легионерлар ҳам таклиф қилинмайди. Балки, вазиятдан келиб чиқиб, давралар оралиғида, яъни ёзги трансфер ойнаси очилганда бу имкониятдан фойдаланиб қолармиз.

Вадим Абрамов («Бунёдкор» бош мураббийи): - Ниҳоят, Ўзбекистон Суперлигасида иштирок этишимиз расман аниқ бўлди. Унгача «Бунёдкор»нинг чемпионатда қатнашиши сўроқ остида қолаётганди. Турли гап-сўзлар юрганди. Энди футболчилар билан шартнома имзоласак бўлади. Унгача бу ишни амалга ошира олмаётгандик.

Имкон қадар қолган вақт мобайнида яхши савиядаги футболчиларни сафимизга қўшиб олишга уриниб кўрамиз. Биринчи ўйинимиз Жиззахда «Сўғдиёна»га қарши бўлиб ўтади.

Очиғи, мавсумнинг дастлабки ўйинини қаерда ўтказишнинг шахсан менга унчалик аҳамияти йўқ. Барибир, ҳамма жамоалар билан иккитадан ўйин ўтказишимиз керак. Яна олдинги форматга қайтилди. Бу ПФЛнинг қарори, биз уни бажаришга мажбурмиз.

Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - Бизни жуда қизиқарли чемпионат кутяпти. Тан оламан, «Насаф»га осон бўлмайди. Таркибимиз кескин равишда ўзгариб кетди. Бу йил ҳам ёшларга таянишга мажбурмиз. Лекин мени ташвишга солаётган жиҳат - аксарият футболчиларимиз мавсумнинг катта қисмида биз билан бўлмаслиги.

Хабарингиз бор, олимпия терма жамоамизга «Насаф»нинг 10 нафар футболчиси аъзо. Улар Осиё чемпионатининг саралаш баҳсларига тайёргарлик кўриш учун терма жамоа ихтиёрида бўлишади. Бу ҳолат таркиб борасида муаммоларни келтириб чиқаради. ЎФА билан ушбу масаланинг ечимини топишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Андрей Шипилов («Металлург» бош мураббийи): - Жорий мавсум учун таркибимизни кучайтиришга ҳаракат қилдик. Сафимизга Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси Сервер Жепаров қўшилди.

Бундан таш­қари, «Пахтакор» футболчилари Александр Лобанов, Станислав Андреев ва Акбар Исматуллаевнинг трансфер ҳуқуқларини тўлалигача сотиб олдик. Иброҳим Йўлдошев ва Суҳроб Нуруллоев эса жамоамизда ижара асосида ўйнашади. Чемпионатда юқори ўринлар учун курашишга тайёрмиз.

Камолиддин АЛИМОВ ёзиб олди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz