Қайднома

Қидирув

Самвел Бабаян: «Мақсадим – иқтидорли футболчиларни топиш»

Самвел Бабаян: «Мақсадим – иқтидорли футболчиларни топиш»

  01.03.2019 04:51
  0
  732
Самвел Бабаян: «Мақсадим – иқтидорли футболчиларни топиш»

Таниқли ва тажрибали мутахассислардан бири Самвел Бабаян Тошкентнинг «Локомотив» клуби президентининг маслаҳатчиси этиб тайинланди. Хабарингиз бор, ЎФА уни бир умр­га футболдан четлатганди. Шу боис ҳам Бабаяннинг «Локомотив»да иш бошлаши кўпчилик учун «сюрприз» бўлди.

Ушбу мутахассис «Пахтакор» клубидаги бир неча йиллик фаолияти орқали кенг жамоатчиликка танилган. Улкан тажрибаси ҳамда ўзбек футболидаги самарали меҳнатини инобатга олиб, «Локомотив» ПФК раҳбарияти уни таклиф этди.

Самвел Вячеславович «Пахтакор»даги фаолияти давомида кўплаб ютуқларни қўлга киритган, 9 бор мамлакат миллий чемпионати ҳамда 8 марта Ўзбекистон кубоги ғолиби деб топилган. Бундан ташқари, «Пахтакор»нинг икки бор Осиё Чемпионлар Лигаси ярим финалига қадар етиб боришида, шу қаторда, 2002 йил мавсум якунларига кўра, «Осиё­нинг энг яхши футбол клуби» деб топилишида катта ҳисса қўшган.

Бундан ташқари, Самвел Бабаян Ўзбекистон миллий термаси бош мураббийи сифатида ҳам самарали меҳнат қилган, унинг қўл остида 42 нафар футболчи мамлакат бош жамоа­сида дебютини нишонлаган. Шунингдек, Бабаян «Пахтакор» менежери сифатида турли йилларда Ўзбекистоннинг олимпия, ёшлар ва ўсмирлар термаларига 200га яқин футболчиларни тарбиялаб берган. Яна шуни таъкидлаш жоизки, у ўзбек футболига қўшган улкан ҳиссаси туфайли икки бор Ўзбекистоннинг «Энг яхши мураббийи» деб топилган.

Самвел Бабаян олдига «Локомотив» ПФК президенти Ражабов Мансур Қўчқорович томонидан қу­йидаги асосий вазифалар белгилаб қўйилди:

1. Клуб инфратузилмасини кўтариш ҳамда янги босқичга олиб чиқиш;

2. «Локомотив» болалар ва ўсмирлар футбол мактабини ривожлантириш ва замонавий фаолият юритишини йўлга қўйиш;

3. Клуб материал-техник базасини янада шакллантириш ҳамда бунинг учун керакли барча чора-тадбирларни амалга ошириш.

Бабаян янги лавозимга киришганидан сўнг мухбиримиз у билан суҳбатлашди.

- Терма жамоадан кетганимдан сўнг Латвияда фаолият олиб бордим, - деди Самвел Бабаян сўз бошида. - Юрмаланинг «Спартак» клубида бош мураббий лавозимида иш бошлагандим. Бироқ ОФКдан олган «Про» лицензиям УЕФАда ишламас экан. Шундан сўнг клуб раҳбариятида фаолият юритдим.

Шу ўринда айтмоқчиманки, уч ойдан кейин тегишли лицензияни қўлга киритиш учун ўқийман. Хуллас, бир неча кун олдин «Локомотив»дан таклиф олдим. Ўз юртимни яхши кўрганим учун ҳам қайтишга қарор қилдим. Умид қиламанки, «Локо»нинг юқори марраларни забт этишида ўз ҳиссамни қўшаман.

Футболда янги одам эмасман. «Пахтакор»да етарлича тажриба тўплаганман. «Локомотив»да клуб президентининг маслаҳатчиси бўлиб ишлайман. Клуб ўз академиясини кучайтиришни мақсад қилган. Шу боис ҳам селекция ишлари билан ҳам шуғулланаман. Аммо бу мураббийлар штабида ишлайман, дегани эмас. Кабинетда ўтириш ниятим йўқ, бундай ишлашни ёқтирмайман. Жамоа учун янги футболчилар қидириш билан шуғулланаман.

Эртаданоқ академияда қилинадиган ишларни белгилаб оламиз. Кучли клублар, хусусан, «Краснодар» академияси билан ҳамкорлик қилишни режалаштирганмиз. Шунингдек, «Коппа Карнавале» турнирида қатнашиш ниятимиз ҳам бор. Ўзингизга маълум, «Пахтакор» ёшлари бу турнирда мунтазам қатнашиб келишган. Насиб қилса, «Локомотив» ҳам Италияда бўлиб ўтадиган мусобақада иштирок этади.

- «Сурхон»да ишлашингиз мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқаганди...

- Термизда иш бошламаганман. Шунчаки, «Сурхон» бош ҳомийси «Ўзбекгидроэнерго» раҳбари Абдуғани Сангинов жамоага таклиф қилганди. У билан баъзи нарсаларни маслаҳатлашдик, холос.

- Сизни ЎФА бир умрга футболдан четлатганди...

- Дисквалификациядан икки ҳафта ўтгач, ЎФА ижроқўмининг 2018 йил 1 февралдаги 5-сонли қарорига кўра, дисквалификация бекор бўлган. Ўшанда Москванинг «Спартак» клубида малака ошираётгандим. Кейинчалик Латвиянинг «Спартак» жамоасига йўл олдим. Москвага борганимдан кейин мен билан суҳбат қилишди.

Ўша интервью эса интернетга чиқиб кетди. Аслида у ерга шунчаки тажриба орттириш мақсадида боргандим. Нима учун айнан «Спартак»да малака ошираётганимни сўрашди. Уларга Массимо Каррера кучли мутахассис экани ва ундан ўрганмоқчи эканлигимни айтдим. Ўзингизга маълум, Каррера «Ювентус»да Конте билан бирга ишлаган.

- Ўшанда мухлислар томонидан жиддий танқидларга учрагандингиз...

- Танқидларни нормал қабул қиламан. Ҳамманинг ўз фикри бор. Кимдир у дейди, бошқаси бу дейди. Аммо мен Ўзбекистонни яхши кўраман. Айнан шу туфайли бу ерга қайтдим. Миллий жамоа учун мени танқид қилишганини биламан, лекин терма мураббийлигида майдонда боримни берганман.

Қўлимдан келганини қилганман. Терма жамоани қабул қилишдан олдин, бу иш қанчалик катта масъулият талаб этишини билганман. Мақсадим - иқтидорли футболчиларни топиш. Бу ишни олдин уддалаганман, энди «Локомотив»да ҳам шуни такрорлашга уриниб кўраман. «Пахтакор»да 15 йил ишладим.

Бу вақт давомида клубнинг 42 футболчиси терма жамоада дебют қилди. 200 нафар футболчи турли ёшдаги терма жамоаларда ўйнади. «Пахтакор» 9 марта мамлакат чемпиони бўлди. Энди бор кучимни «Локомотив»да кўрсатмоқчиман.

А.ИСРОИЛХОНОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz