Қайднома

Қидирув

Темурхўжа АБДУХОЛИҚОВ: «МЕН УЧУН ЖАМОАДОШЛАРИМ ЭНГ КУЧЛИСИ»

Темурхўжа АБДУХОЛИҚОВ: «МЕН УЧУН ЖАМОАДОШЛАРИМ ЭНГ КУЧЛИСИ»

  04.03.2019 15:29
  0
  485
Темурхўжа АБДУХОЛИҚОВ: «МЕН УЧУН ЖАМОАДОШЛАРИМ ЭНГ КУЧЛИСИ»

Pepsi Суперлига янги мавсуми биринчи туридаёқ мухлислар супертўқнашув гувоҳига айланишади. Пойтахт дербисидан ўрин олган «Пахтакор» - «Локомотив» учрашуви 1-турни безаб беради. Ҳозирданоқ бу ўйинга бўлган қизиқиш юқори. Таркибини сезиларли тарзда кучайтирган «Пахтакор» бу йил чемпионлик учун бош даъвогар. «Локомотив» ҳам унвонини ҳимоя қилиш учун интилиши тайин. Иккала жамоа ҳам ОЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этади. Марат Бикмаев «Пахтакор»га, Жамшид Искандеров эса аксинча, қарама-қарши йўналишда «Локомотив»га кўчиб ўтди. Бу омиллар ҳам икки жамоа ўртасида чемпионлик учун кечадиган курашни кескинлаштиради. Биз Суперлига-2019га қуръа ташлаш маросимидан сўнг «темирйўлчилар» ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқовдан интервью олдик.

 

- Темурхўжа, аввало, Суперкубокдаги ғалаба билан табриклайман. Қолаверса, бу йилги расмий ўйинлардаги биринчи голингизни урдингиз. Умуман, Суперкубок ўйи­ни ҳақида қандай фикрдасиз?

- Табрик учун раҳмат. Албатта, мавсумни соврин билан бошлаш ёқимли. Лекин ўйин биз учун осон кечмади. Бу мавсумдаги биринчи расмий ўйинимиз эди. Шунга бўлса керак, анча қийналдик. Айтмоқчи бўлганим, Суперкубокдаги ғалаба осон келгани йўқ.

- АГМК ОЧЛ ўйинидан келгани учун оз бўлса-да чарчоқ аломатлари сақланиб қолганди. Лекин иккинчи бўлимда жамоа анча жонли ўйин намойиш этди. Олмалиқликлардан бундай қаршилик кутганмидинглар?

- Очиғини айтаман, иккинчи голни урганимиздан кейин хотиржамликка берилдик. Рақибларимиз эса бундан фойдаланиб қолишга интилишди. Таваккал қилиб бўлса-да бутун жамоа бўлиб ҳужумга ўтишди. Бу эса бир вазиятда фойда берди. Балки шундан бўлса керак, учрашувнинг сўнгги дақиқалари биз учун асабий руҳда ўтди.

- «Локомотив» мавсумга қанчалик тайёр?

- Икки ой давомида тайёргарлик кўрдик. Хориж йиғинлари ташкил этилди, бир нечта ўртоқлик ўйинларида майдонга тушдик. Бу учрашувлар орқали мавсумга жиддий тарзда ҳозирлик кўрдик. Энди тайёргарлигимиз қандай бўлганини мавсум ўйинлари кўрсатади.

- Ўтган мавсум билан таққосласак, таркиб бўйича жамоа кучсизландими ёки..?

- Шахсан мен учун жамоадошларим энг кучлиси. Ҳар доим шундай бўлиб қолади. Юқоридаги фикримга қайтаман: кучайган ёки аксинча, кучсизланганимизни 2019 йилги футбол мавсуми кўрсатади.

- Ниҳоят, янги чемпионатга қуръа ташланди. Қизиғи, биринчи турнинг ўзидаёқ пойтахт дербисига гувоҳ бўламиз...

- Тўғриси, буни кутмагандим. Биринчи давранинг ўрталарида бир-биримизга қарши майдонга тушсак керак, деб ўйлагандим. «Қуръанинг кўзи кўр», дейишади. Лекин барибир, ҳар қандай ҳолатда ҳам «Пахтакор» билан камида иккита учрашув ўтказамиз. Кубокда ҳам йўлимиз кесишиб қолса, ўйинлар сони янада кўпроқ бўлади. Билмадим, балки 1-турдаёқ тўқнаш келганимиз биз учун яхшиликкадир?!

- Бир ҳафтада учта ўйин ўтказасизлар. Осиё Чемпионлар Лигасида иккита ҳамда «Пахтакор»га қарши Суперлига учрашуви. Бир ҳафтада учта мураккаб ўйин кўп эмасми?

- Бизни ажойиб ва ғаройиб ҳафта кутмоқда. Шахсан менга катта ўйинлар ёқади.

- Ўйиннинг қолдирилгани маъқул эмасми?

- Йўқ. Биринчи турдан чемпионат ўйинларининг қолдирилиши яхши эмас. Бундай тиғиз баҳсларга ҳам ўрганиш керак. Шахсий фикрим, учрашувларнинг ўз вақтида ўтказилгани маъқул.

- ОЧЛ - муҳим турнир. Футболчилар толиқиб қолишмайдими?

- Аслида, буни олдинроқ ҳисобга олиш керак эди. Майли, энди ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмаса керак. Ижобий натижа қайд этиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз. «Пахтакор» ҳам биз билан бир хил шароитда бўлади.

- Айнан қуръа ташлаш маросими куни Суперлигада 14та жамоа­нинг иштирок этиши маълум бўлди. Бу ҳам сиз учун кутилмаган янгиликми?

- Худди шундай. Ҳатто бундан ҳайрон ҳам қолдик. Майли, бу биз учун тааллуқли нарса эмас.

- «Локомотив»нинг ОЧЛ-2019 гуруҳ босқичидаги илк рақиби - «Ал-Ваҳда» ҳақида нима дея оласиз?

- Билмадим, рақибни ўрганишни энди бошлаймиз. Шуниси аниқки, ОЧЛда кучсиз жамоаларнинг ўзи йўқ. Шунга қараб тайёргарлик кўрамиз.

- Бу гуруҳдан «плей-офф»га чиқса бўладими?

- Нима учун йўқ?! Ҳаракат қилсак, интилсак, ўз олдимизга қўйилган мақсадга албатта, эришамиз. Ҳозир гуруҳдаги барча жамоаларнинг имкониятлари тенг. Агар ОЧЛ мавсумини ғалаба билан бошласак, ке-йинги ўйинларда ҳам юқори кайфиятда майдонга тушамиз.

- Мавсумлар оралиғида бошқа клублардан, хусусан, хориждан таклифлар олмадингизми?

- Хориждан таклифлар тушди, лекин мени қизиқтирадиган даражада эмас. Шуларни инобатга олиб ҳам «Локомотив»да қолишга қарор қилдим. «Темирйўлчилар» олдига ҳамиша улкан вазифалар қўйилади. Жамоа билан яна ютуқларни қўлга киритишни хоҳлайман.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz