Қайднома

Қидирув

Ҳалолликни қоидалар бошқарадиган замон

Ҳалолликни қоидалар бошқарадиган замон

  06.03.2019 04:23
  0
  599
Ҳалолликни қоидалар бошқарадиган замон

Навбатдаги мулоҳазаларимизни савол билан бошламоқчимиз: «Нима учун футбол қоидалари ўзгаришга эҳтиёж сезмоқда?» Замон шиддат билан олға бораётгани, тараққиёт тулпори ҳаддан зиёд тез чопаётгани бор гап. Шунга яраша, қоидалар ҳам янгиланишини тушунса бўлади. Лекин ўзгарган бир қоиданинг тараққиёт тезлигига ҳеч қандай алоқаси йўқ, назаримизда. Гап шундаки, кейинги пайтларда ғалаба қозонаётган жамоанинг захирага олинган футболчиси имкон қадар майдондан секинроқ, вақтни «ўлдириб» чиқиб кетиш йўлини изламоқда. Спортдаги ҳалоллик тамойилига мутлақо зид бу ҳаракатдан аксарият футболчилар асло уялишмаяпти. Аксинча, бутун майдон бўйлаб соллана-соллана қадам босиб, захирага йўл олиш одати манфаатдор жамоа мухлислари томонидан олқишланмоқда...

 

Демак, футболдаги ҳалолликни энди қалб ва тафаккур, инсоф ва диёнат эмас, балки мустаҳкам ва қатъий қоидалар назорат қиладиган замон бошланди. Бундан кейин футбол томошаси ҳам осон кечмайди, чоғи. Зеро, авваллари ўйин жараёнини тартибга солган қоидалар моҳиятан табиатини ўзгартирмоқда. Ҳалоллик оти жиловини онгу тафаккур ўрнига қоидалар тутса, буни ҳазм қилиш ёки тараққиётга менгзаш анчайин эриш туюлади. Яқин-яқинда ҳам жарима майдонида тасодифан йиқилгани учун пенальти белгилаган ҳакамнинг қарорини ўзгартирган Михаэль Баллак мухлислар суюклиси ҳисобланарди. Энди-чи? Ғалабани сақлаб қолиш йўлида бирор ҳийла ишлатолмаган футболчи шаънига ҳуштак ва таъна-дашномлар ёғилади.

«Жонли девор»даги кураш жараёнини тартибга солувчи янги қоидани балки тараққиёт эҳтиёжи сифатида қабул қилиш мумкиндир. Аммо заҳирага олинган футболчининг инсофсизлиги сабаб қоиданинг янгиланиши ниҳоятда ачинарли ҳол. Наилож?! Футбол стихияси шу йўлни танламоқда ва маъқул кўрмоқда. «МЮ»нинг «Саутгемптон» устидан ғалаба қозонишига муносиб ҳисса қўшган Ромелу Лукаку голни футболкасини ечиш асносида нишонлаши шартмиди? Йўқ, албатта. Ҳеч ким уни бу ишга мажбурламади. Ҳужумчининг ўзи шуни хоҳлади. Шу йўл билан мухлисларга ёқиш ва уларнинг кўнглини овлашни ўйлади. Аёнки, сариқ карточка билан жазоланиши муқаррарлигини хаёлига ҳам келтирмади. Аниқроғи, Лукаку бу қоидани менсимади. Шу маънода айтсак, ғалаба қадри олтинга тенг паллада балки янги қоида ҳам футболчиларни чўчитолмас. Ана, Егорь Кримец ҳам Осиё кубоги-2019да сариқ карточка ва молиявий жазони ўйламай, рақиб ҳужумини онгли равишда қоидага хилоф тарзда тўхтатиб қолди-ку?! У мухлислар ва мутасаддилар томонидан қўллаб-қувватланишига ишониб, шундай йўл тутди ва ўз ҳаракатини ватанпарварлик, деб билди.

Воқеалар шу тариқа ривожланаверса, келажакда қатъий қоидалар ҳам футбол, шу жумладан, ҳалолликни бошқаролмай қолса, не ажаб. У ҳолда ноҳақ ҳакам ва футболчиларни ИНСОФнинг ўзи жазолайди. Агар инсоф қилганда, Поль Погба «Саутгемптон» дарвозасига белгиланган пенальтини тепиш имкониятини Лукакуга берарди ва эҳтимолки, Ромелу «хет-трик» қайд этиб, шукуҳга тўларди. Поль эса буни лозим топмади ва инсофнинг бўйсунмас қудрати уни жазолади. Бутун футбол дунёси мазкур хижолатли ҳолни кўрди ва Погбага ачинди. Бироқ унинг ўзи бундан хулоса чиқардими? Жавобсиз савол бу. Қандайдир сантиметрлар дуранг­га лойиқ «Фулхэм»нинг «Челси» дарвозасига урган голини «офсайд»га айлантиргани каби бизни ҳам уюм-уюм муаммо-мулоҳазалар саволга жавоб излашдан маҳрум айлайверади. Нима ҳам дердик, гоҳо шавқатсиз саволлар стихияси қаршисида бош эгамиз. Акс ҳолда, «Эль-класико» оловига атайлаб қуйилаётган мой идишларини синдириб ташлардик. Айниқса, санъаткорона чизилган, лекин моҳиятан таҳқирлашни кўзлаган карикатуралар дунёсига ҳеч иккиланмай ўт қўярдик. Таҳқир ва масхара ифодаси бўлмиш санъатнинг манзили охир-оқибат ёвузликдир. Ёвузликни ёқтириш васвасаси эса футболни ҳалокатга етаклайди. Эҳтимол, «Реал»даги депсинишларнинг бош айбдори Серхио Рамосдир. Эҳтимол, унинг ҳаракатлари ИНСОФнинг фусункор табиатига ёқмаётгандир... Ҳар ҳолда, буюк ҳимоячи истеъдоди ва табиати ўртасидаги зиддият «Реал»ни тобора мушкул аҳволга солмоқда.

Янгиланишга муҳтож «Реал» тақдирини ўйлаган мухлис янгиланишга улгурган «Пахтакор» келажагига катта умидлар боғламоқда. Ғуломжон Ҳамидов «шерлар»нинг собит ва жонкуяр мухлисларидан бири. 50 йиллик қадрдонининг ОЧЛ гуруҳ босқичидаги юришидан олдин у киши бизга ишончга йўғрилган шеър йўллади. Фикримизча, барча мухлисларнинг эзгу тилаклари шу шеърда ўз ифодасини топган:

Бу йил бошҚачадир

футбол баҳори

Мухлислар қувончи чексиздир бугун,

ОЧЛ ҳам қизир ЕЧЛ каби.

Қарангки, баҳордек очилиб гулгун,

«Футбол» деб пичирлар қизларнинг лаби.

 

Грандлар боришар гуруҳда қатор,

Ҳар бирин орзуси бўлмоқлик ғолиб.

Уларнинг сафида «Локо», «Пахтакор»,

Қўпорилсин энди мунғайган қолип.

 

Қишнинг совуғида куч бериб бизга,

Дубайда довруқлар солишди «шерлар».

Ниҳоят, ҳаммаси тушмоқда изга,

Унинг отин ахир «Пахтакор» дерлар.

Олға, Жалолиддин, бўш келма, Жасур,

Ҳужумга ҳамдамсан шерюрак Достон.

Тоғдай таянч Одил, Месси - Жавоҳир,

«Шерлар» наърасидан титрайди осмон.

 

Халқимиз қонида «Пахтакор» номи,

Шараф-ла оқмоғи - улуғ анъана.

Букилмас Биродар, Геннадий шони,

Янги авлод ичра қилсин тантана.

 

Тўғри, «Озоди»да бўлмайди осон,

«Персеполис» кучли, ашаддий рақиб.

Кўрамиз, бир куни бош бўлса омон,

Эроний «ёнғоқ»ни қўямиз чақиб.

 

Ҳозирча эртадан умидлар катта,

ОЧЛда «тандем» «Локо» - «Пахтакор».

Финалда учрашиб қолсин, албатта,

Бундайин орзулар яна қайда бор?

Муҳамад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz