Қайднома

Қидирув

ОЧЛ-2019га тайёрмисан, «Локомотив»?

ОЧЛ-2019га тайёрмисан, «Локомотив»?

  04.03.2019 14:35
  0
  560
ОЧЛ-2019га тайёрмисан, «Локомотив»?

Тошкентнинг «Локомотив» клуби бугун Осиё Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичидаги иштирокини бошлайди. Ўз майдонида «Ал-Ваҳда» жамоасини қабул қиладиган «темирйўлчилар»дан жорий мавсум мухлисларнинг умиди катта. Чунки Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони, мана икки йилдирки, ОЧЛни гуруҳ босқичида якунлашга мажбур бўлмоқда. Умид қиламизки, «Локо» бу галги иштироки билан бизни фақат ижобий фикрлашга ундайди. Таркибида бир қанча ўзгаришларни амалга оширган бу клуб Чемпионлар Лигасида қанчалик узоққа бора олади? Гуруҳдаги рақиблар анча жиддий, ҳар бири ўзига яраша ютуқларга эришиб улгурган. Шундай бўлсада, «Локомотив» юртимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилишига ишонч билдирамиз. Ҳозир эса мавсумлар арафасида жамоада рўй берган ўзгаришларга бир назар солсак.

 

«Локомотив» 8-23 январь мобайнида БААнинг Дубай шаҳрида ўқув-машғулот йиғини ўтказиб, Европа клублари билан ўртоқлик учрашувларида куч синашди. Москванинг «Спартак» клубига 2:5, Даниянинг «Брондбю»сига 1:5 ҳисобида имконият бой берилган бўлса, Словениянинг «Жилна» жамоаси 2:0 ҳисобида таслим этилди. Албатта, бу ўйинлар «темирйўлчилар» учун улкан тажриба мактаби вазифасини ўтагани шубҳасиз.

Сўнгра машғулотлар Туркиянинг Анталия шаҳрига кўчди. 30 январь-13 февраль оралиғида ўтказилган йиғин доирасида «Локомотив» даража жиҳатидан ўзига мос рақибларга қарши назорат учрашувларида майдонга тушди. Табиийки, натижалар ҳам шунга яраша бўлди: «Динамо» (Москва) - 1:1, «Заря» - 1:1, «Астана» - 1:1. 14 февраль куни юртимизга қайтган клуб вакиллари тайёргарликни Тошкентда давом эттиришди.

Таркибдаги ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, футболимизнинг умидли вакиллари - Икром Алибоев ва Сардор Рашидовнинг хорижга йўл олиши «Локо» учун катта йўқотиш бўлди. Бу рўйхатга Санжар Шоаҳмедовни ҳам киритиш мумкин. Ушбу футболчилар жамоанинг майдондаги асосий фигураларидан бири сифатида гавдаланарди, ҳужумларнинг аксарияти айнан шу йигитлар орқали яратиларди. Ҳужумга сўнгги нуқтани қўйиш вазифаси эса Марат Бикмаев зиммасига юклатиларди. Буни қарангки, тажрибали форвард Осиё кубогидан сўнг собиқ жамоаси - «Пахтакор»га қайтди. Шунингдек, Игнатий Нестеров «Уҳуд»дан тушган таклифни қабул қилди. Одатда, чемпионатимизда дарвозабонларнинг хориж жамоаларига йўл олишлари кам кузатилади. Лекин миллий термамизнинг биринчи рақамли кипери қитъа биринчилигидаги ажойиб «сейв»лари ва ишончли ўйини билан араб скаутлари эътиборини тортгани табиий ҳол. Бундан ташқари, «Локо» яна бир тажрибали футболчиси Садриддин Абдуллаев билан ҳам хайрлашди. У ҳам ўзи тарбияланган «Пахтакор» жамоасига бориб қўшилди.

Кетганлар ўрнига ёш иқтидор эгалари ва тажрибали футболчилар таклиф этилди. Жумладан, «Бунёдкор»дан Азиз Ҳайдаров, Филип Райевац, АГМКдаги ўйинлари билан танилган Йован Жокич, «Пахтакор»да захирада қолиб кетган Жамшид Искандеров, «Нефтчи»дан Аваз Ўлмасалиев, «Навбаҳор»дан Даврон Ҳошимов, АГМК, «Бухоро» клубларидаги ўйинлари орқали танилган туркманистонлик вингер Арслонмурот Аманов ҳамда дарвозабон Жавоҳир Илёсов билан шартнома имзоланди. Истеъдодли посбондан Нестеровнинг ўрнини билинтирмаслик талаб этилади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, «Локомотив» гуруҳидаги рақиблар кучли. Бугун «темирйўлчилар»га рақиблик қиладиган «Ал-Ваҳда» ўтган мавсум БАА Про-лигасида иккинчи ўринни эгаллаб, ОЧЛ гуруҳ босқичи йўлланмасига эга чиққанди. Бу клубни голландиялик Хенк Тен Кате бошқармоқда. Ушбу мураббий бундан аввал амирликларнинг бошқа бир жамоаси - «Ал-Жазира»га устозлик қилганди. «Ал-Ваҳда» ўтган мавсум ҳам «Локо» билан бир гуруҳдан жой олган, илк турда пойтахтимизда меҳмон бўлган клуб ортга 0:5 ҳисобидаги мағлубият билан қайтганди. «Ал-Ваҳда» таркибида юқори савиядаги легионерлар тўп суришади. Рим Чан Ву, Леандро, Мурод Батна ва Себастьян Таглибуэ шулар жумласидан. Шунингдек, БАА миллий жамоаси аъзоси, тажрибали Исмоил Матар, Ҳамдам Камолийларни ҳам унутмаслик керак.

Иккинчи рақиб - «плей-офф» орқали гуруҳ босқичига йўл олган Қатарнинг «Ал-Райян» клуби. Айни вақтда жамоага туркиялик Булент Уйғун мураббийлик қилмоқда. «Ал-Райян» таркиби ҳам кучли легионерлар ва маҳаллийлаштирилган футболчилар ҳисобига бойитилган. Родриго Тобата, Себастьян Куинтана, Даме Траоре, Ҳалфан Иброҳим, Гелмин Ривас, Лукас Боржес, Гонсалу Виейра, Ко Мёнг Жин кабилар исталган пайтда хавф туғдиришлари мумкин.

Гуруҳдаги яна бир рақиб - Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» клуби. Жамоани машҳур мураббий Славен Билич бошқармоқда. 2018 йили ўз чемпионатида 9-ўринни қўлга киритган клуб «Қирол кубоги»даги ютуқ эвазига ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритган. Айни пайт таркибда Метью Дурман, Карлес Вильянуэва, Карим ал Аҳмади, Ромариньо, Тьяго Карлето, Жонас, Вандерсон Валдивья каби легионерлар бор. «Локомотив» бу жамоа билан 2016 йилги ОЧЛ гуруҳ босқичида тўқнаш келган, иккала ўйинда ҳам дуранг қайд этилганди.

Кўриб турганингиздек, «темирйўл-чилар»га гуруҳда очко тўплаш осон бўлмайди. Лекин рақиблар ҳам ўзбек клубидан ҳайиқаётгани турган гап.

«Локомотив»нинг ОЧЛдаги энг яхши натижаси 2016 йил қайд этилиб, ўшанда жамоа чорак финалгача бориб, «Ал-Айн»га имкониятни бой берганди. Бу йилги мақсад - шу кўрсаткични яхшилаш. «Темирйўлчи-лар»дан қитъа майдонларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир эканликларини исботлаш талаб этилади. Бу йўлда бир нарса халақит бериши мумкин. Бу ҳам бўлса, бизда ҳали чемпионат бошланмаганлиги. Лекин олдига юқори мақсадларни қўядиган клубга бундай омиллар баҳона бўлолмайди.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz