Қайднома

Қидирув

Каха Каладзе: «Гаттузо жамоасига гап йўқ»

Каха Каладзе: «Гаттузо жамоасига гап йўқ»

  07.03.2019 12:28
  0
  498
Каха Каладзе: «Гаттузо жамоасига гап йўқ»

«Милан»нинг грузиялик собиқ ҳимоячиси Кахи Каладзе яқинда Италияда бўлиб, янгиланган «россонерлар»нинг «Эмполи»га қарши кечган ўйинини бевосита стадионда кузатди. Бундан фойдаланган La Gazzetta dello Sport нашри спортдаги самарали фаолиятидан кейин сиёсатга бош суққан собиқ футболчини суҳбатга чорлади. Шу тариқа Каледзе «Милан»нинг шиддатли тараққиёти, Женнаро Гаттузонинг мураббийлик фаолияти ва Кшиштоф Пентекнинг улкан салоҳияти хусусида тўхталиш баробарида ўзининг кундалик юмушлари хусусида маълумот берди.

 

- «Милан» - «Эмполи» ўйинини  «Сан Сиро»да томоша қилдингиз. Кўрсатилган футбол сизга маъқул бўлдими?

- Жуда ёқди, «Милан» ажойиб ўйин намойиш этди. Ўзи жорий мавсум «россонерлар» ўйинини стадионда илк марта кузатдим. Лекин жамоа иштирокидаги деярли барча учрашувларни ТВ орқали томоша қиламан. Ўйин савияси тобора ошиб бораётгани яққол кўриниб турибди ва бу қувонарли ҳол.

- Хўш, ҳозирги «Милан»нинг айнан қайси жиҳати кўпроқ ҳайрон қолдирмоқда?

- Жамоадаги ишонч ва қатъият таҳсинга лойиқ. «Россонерлар» бу сафар ҳам яхши ҳимояланиш баробарида олдинги чизиқда самарали тўп суришди. Қойил.

- Сизнингча, ижобий ўзгаришларда Женнаро Гаттузонинг ҳиссаси қай даражада баланд?

- Кўриниб турибди, Гаттузо ўз жамоасида пухта ўйланган ҳужумкор услубни йўлга қўймоқда. Бошқача айтганда, Женнаро шунчаки оддий эмас, ўта аҳил жамоани шакллантиришга улгурди. Кийиниш хонасида ҳеч қандай муаммо йўқлиги - бугунги «Милан»нинг асосий устунлиги. Ўзи футболда ўйинчилар ҳамиша бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари, ягона мақсад сари елиб-югуришлари шарт. Шундагина қандайдир натижага умид боғлаш мумкин. Ўйлашимча, «Милан» айнан шундай ёндашув асосида ўсмоқда. Ўйин услуби ҳам чакки эмас: ҳужумчилар ярим ҳимояга, марказий чизиқ вакиллари ўз навбатида, ҳимояга катта кўмак беришмоқда.

- Қизиқ, шахсан сиз Ринонинг мураббийлик соҳасида муваффақиятли иш юритишини кутганмидингиз?

- Вақтида буни ҳаттоки, ўйлаб ҳам кўрмагандим. Ўзаро учрашганимизда, янги соҳадаги фаолиятни муҳокама ҳам қилмаганмиз. Бу йўлни Ринонинг ўзи танлади ва кўриб турганингиздек, номдор жамоалардан бирини рисоладагидек бошқармоқда. Женнаро амалга ошираётган ишлардан мамнунман, албатта, унинг тинмай изланаётгани, жамоа учун жон койитаётганини кўриб турибман. Тахминимча, Гаттузо «Милан»ни совриндорлар қаторига қўша олади. Хуллас, жамоанинг кейинги мавсум ЧЛда ўйнашига ишонч катта. Шунингдек, Италия кубоги ҳам «россонерлар»га насиб этишидан умидворман.

- Леонардо ва Мальдини директор лавозимида ишлашяпти. Бунисини  тасаввур қилганмидингиз?

- Улар жамоага анчадан буён етишмаётган барқарорликни олиб киришшди. Бош ҳомий - Elliott «Милан»ни имкон қадар тезроқ етакчилар сафига қайтариш учун етарли даражада сармоя ажратишга тайёрлигидан ҳам хабарим бор.

- Дейлик, Кшиштоф Пентек трансфери шу сармоя маҳсулими?

- Шундай. Кшиштоф беназир иқтидорга эга ажойиб ҳужумчи. Унинг «Женоа»даги ўйинларини ҳам диққат билан кузатганман, «Милан» сафига қўшилгач, эътиборим янада ошди. Қувонтирадиган томони - ёш ҳужумчи маҳорати тобора яққолроқ намоён бўлмоқда. Умуман, Пентекнинг янада сермаҳсул ўйин кўрсата олишига шубҳам йўқ. Аслида хорижлик футболчилар, айниқса, олдинги чизиқ вакилларининг «А» серия ритмига мослашишлари осон эмас. Биринчидан, ҳимоя кучли, иккинчидан, тиффозилар ҳар қандай ҳужумчидан юксак самарадорликни кутишади. Польшалик истеъдод эса шу мураккаб вазифани уддаламоқда, демак, тўғри йўлдан кетаётганини баралла айтиш мумкин. Унутмайлик, Кшиштоф ҳали жуда ёш, хуллас, унда кўплаб чўққиларни забт этиш имконияти катта. Тўғри, балки Роналдо даражасига чиқолмас, аммо юксак савия соҳиблари сафидан муносиб жой олишига ишонаман.

- Хўш, Гаттузони қўллаш учун «Сан Сиро»га энди яна қачон келасиз?

- Рино билан мунтазам алоқадаман, мисол учун, доимий равишда SMS-хабарлар йўллаб тураман. Саволингизга келсак, имконият туғилиши билан Миланга қайтаман, албатта. Тўғри, ҳозир ишларим жуда кўп. Ахир Тбилиси мэриман ва бўш вақт топишим қийин масала.

- Бевосита майдонга тушиб, тўп ортидан югуришни қўмсагандирсиз...

- Ҳозирда 1,5 миллион киши тақдирига масъулман. Умуман, Грузия пойтахтида ўз ечимини кутаётган муаммолар етарли. Халқимиз бахтли ҳаёт кечириши учун тинмай изланишимиз, енг шимариб ишлашимиз талаб этилади. Хуллас, майдонга тушиш учун вақт йўқ.

- Сир бўлмаса, айни пайт қайси йирик лойиҳалар устида иш олиб боряпсиз?

- Ижтимоий ривожланиш дастуримиз турли соҳаларни қамраб олган. Янги йўллар, портлар бунёд этяпмиз, инфратузилмани яхшилашга катта эътибор қаратяпмиз. Дейлик, жамоат транспортининг янги турини амалга татбиқ этиш ҳаракатидамиз. Бу лойиҳа биргина Тбилиси эмас, бутун мамлакатга тааллуқли. Чунончи, Европа ҳамжамияти эътиборини Грузияга қаратмоқчимиз


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz