Қайднома

Қидирув

Лопетеги ва икки экстраординар жамоа

Лопетеги ва икки экстраординар жамоа

  08.03.2019 08:46
  0
  649
Лопетеги ва икки экстраординар жамоа

Хулен Лопетеги: «Менда бир вақтда икки мегажамоани бошқариш имконияти бор эди, афсуски...». «Реал Мадрид» бошқарувида ишни омадсиз бошлаши оқибатида мавсум ярмига келмасданоқ истеъфога чиқарилган Испания терма жамоаси собиқ бош мураббийи Хулен Лопетеги олдинлари матбуотда тез-тез чиқиш қилиб турарди. Бироқ «Қироллик клуби»даги иши ўхшамаганидан кейин бу борада мутлақо ўзгарди. Яъни Лопетеги эндиликда жуда кам интервью бермоқда. Лекин El Partidazo журналистлари аламзада мутахассисни суҳбатлашишга кўндириш йўлини топишди ва у ҳозирги ҳолатига тўхталиш баробарида Испания терма жамоаси ва «Реал»га боғлиқ гап-сўзларга изоҳ берди.

 

Мураккаб ҳолат

- Ўзи мураббийлик касби ҳамиша ҳар қандай вазиятга тайёр туришни талаб этади. Чунончи, бир зумда барчаси мутлақо ўзгариб кетиши ҳеч гап эмас. Мана, мен билан рўй берган воқеаларга қаранг: аслида бир вақтнинг ўзида икки экстраординар жамоани шуғуллантириш имкониятига эга эдим, бироқ кутилмаган қарор туфайли бундан маҳрум бўлдим. Боз устига, «Мадрид»да ҳам барчаси зараримга ишлади. Бу энди вазият тақозоси. Хуллас, мураббийликни танлаган киши ҳар дамда иши мисли кўрилмаган даражада орқага кетиши мумкинлигини сира унутмаслиги керак. Омадсизлик - мураббий ҳаётининг бир қисми.

Терма жамоа ва«Мадрид» тажрибаси

- Бу икки жамоадаги иш мен учун мураббийлик бобида катта мактаб бўлди, албатта. Тўғри, битта алам қиладиган томони, миллий жамоада қандайдир шафқатсизликка дуч келдим. Ахир биз Россия мундиалига жуда яхши тайёрланган жамоа сифатида йўл олгандик. Бироқ бошланган ишни охирига етказиб қўйиш имконини беришгани йўқ. «Мадрид»даги фаолиятимга келсак, буниси мен учун «қора» саҳифа. Аслида «Қироллик клуби»ни узоқ муддат бошқаришни режалаштиргандим, аммо... Асосийси, айни шундай муваффақиятсизликлар одамни янада кучли бўлишга ундайди. Шахсан мен эсанкираб қолганим йўқ, чунки ҳар қандай мураббий шундай қисматга юз тутиши мумкинлигини жуда яхши биламан.

«Қизил фурия»дан кетиш...

- Краснодарда рўй берган воқеаларни эслагим ҳам йўқ. Ғалатиликнинг энг юқори нуқтаси... Ҳар ҳолда, жамоани ЖЧга узоқ вақт мукаммал тарзда тайёрлаган мураббийнинг турнир старти арафасида кетишга мажбур бўлиши ақлга сиғмайди. Буни изоҳлашга тил ожиз.

«Мадрид»да иш бошлаш баёноти

- Тушунаман, барчасини сир сақлашим, яъни «Мадрид» билан шартнома тузганимни ошкор қилмай туришим ҳам мумкин эди. Бироқ ниманидир яширишни истамадим, қолаверса, рўй-рост баёнот бериш энг тўғри йўл эканлигига шубҳаланмадим. Энг асосий факт битта - ўша пайт Испания миллий жамоаси бош мураббийи эдим ва бор эътиборим мундиалда муваффақиятли иштирок этишга қаратилганди. Зеро, бутун Испания биздан натижа кутаётганини теран англаб тургандик.

«Мадрид» раҳбариятига ташаккур

- Тўғриси, гарчи кўзлаганимдан анча эрта истеъфога чиқарилган бўлсамда, «Мадрид» ва клубнинг раҳбариятидан бағоят миннатдорман. Ҳар ҳолда, менга шундай экстраординар жамоани шуғуллантириш имконияти тақдим этилди. Умуман, «Реал»да натижага эришолмаганим туфайли кимнидир айбламайман. Дейлик, футболчиларга нисбатан муносабатим ҳамон зўр ва уларга фақат яхшиликни раво кўраман.

Винисиус иҚтидори

- Менинг давримда Винисиус мослашув жараёнини бошдан ўтказаётганди. Вақт фактори муҳим эканлигини унутмаслик керак. Ҳа, эҳтимолки, у бирданига ўйнаб кетишни ҳам уддаларди, бироқ мавсум 1-2 эмас, нақ 9 ой давом этади. Умуман, ўшандаёқ Винисиус таркибдан жой олишини сезганман. Дейлик, бошида «Кастилья» сафида тўп сурган бўлсада, асосий жамоа машғулотларида қаттиқ ишларди. Ўйлайманки, йигитчани ёрқин келажак кутмоқда.

Серхио Рамос - чин етакчи

- Серхио билан ўзаро муносабатимиз жуда илиқ. Ҳамиша нафақат Рамос, балки бошқа футболчилар билан ҳам тил топишишга ҳаракат қилганман ва бунинг уддасидан чиққанман.

Флорентино Перес табиати

- Ростини айтсам, бошида «Реал» вакилларидан биргина Хосе Анхель Санчес мен билан алоқага чиққанди. Жамоадан кетиш вақтида ҳам айнан у кузатиб қўйди. Қисқаси, клуб президенти Флорентино Перес билан гаплашмаганман. Бунда ажабланадиган томони йўқ - унинг йўли бошқа, меники бошқа...

Роналду роли

- Криштиану ўрнини босадиган футболчи бормиди? Бу борада дангал гапиришим қийин, лекин ихтиёримда йиғилган таркиб барча сов-ринлар учун кураша олишига ишончим комил эди...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz