Қайднома

Қидирув

Лауреатлар: ИККИ ОЙ САРҲИСОБИ- Арвеладзе ва Машарипов

Лауреатлар: ИККИ ОЙ САРҲИСОБИ- Арвеладзе ва Машарипов

  09.03.2019 06:59
  0
  586
Лауреатлар: ИККИ ОЙ САРҲИСОБИ- Арвеладзе ва Машарипов

Одатда, қиш фаслида ўзбек футболида кўп воқеалар кузатилмайди. Асосан жамоаларнинг мавсумолди тайёргарликлари ҳамда Чемпионлар Лигаси «плей-офф» баҳсларини кузатамиз. 2019 йилнинг дастлабки қисми эса нисбатан ўйинларга бой тарзда кечди. Айниқса, БААда бўлиб ўтган Осиё кубоги мусобақасини зўр қизиқиш билан кузатганлар бисёр. Чунки мазкур турнирда Эктор Купер бош мураббийлигида янгидан шаклланаётган Ўзбекистон термаси ҳам қатнашди. Шунингдек, клубларимиз ОЧЛ гуруҳ босқичига ўтиш ўйинларида қатнашишди, айрим легионерларимиз ўзларининг янги клубларида ёрқин таассурот қолдиришди. «ИнтерФутбол» анъанага мувофиқ, ойнинг энг яхши футболчи ва мураббийларини аниқлади. Бу сафар икки ой - январь ва февраль давомида ўзини кўрсатганлар эътироф этилади.

 

Футболчилар ҳақида гап борганда, биринчи ўринни «Пахтакор» ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов эгаллади. Ушбу футболчи Осиё кубогида миллий жамоамиз сафидаги энг яхши ўйинчилардан бири бўлди. Унинг қанотдаги фаоллиги рақиб ҳимоячиларини қийнаганини барча кўрди. Шунингдек, Жалолиддин «Пахтакор»нинг ОЧЛ-2019 гуруҳ босқичига йўл олишида энг асосий роллардан бирини ўйнади. «Эйр Форс» ҳамда «Ал-Наср» клубларига қарши кечган баҳсларда Машариповнинг фидойилиги мухлису мутахассислар томонидан юксак эътирофга лойиқ кўрилди.

Иккинчи поғонада - Игнатий Нес­теров. Узоқ йиллар давомида миллий жамоамизнинг биринчи рақамли дарвозабони бўлган Нестеров ҳам БАА майдонларида ўтган қитъа биринчилигида ўзининг нималарга қодирлигини яна бир карра исботлади. Унинг ишончли ўйини Саудия Арабистонининг «Уҳуд» клуби эътиборини тортди ва натижада Осиё кубогидан сўнг Игнатий фаолиятини шу жамоада давом эттирадиган бўлди. Буни қарангки, айни пайт ўз чемпионатида мураккаб аҳволга тушиб қолган «Уҳуд» Нестеровнинг ташрифидан сўнг кетма-кет ғалабага эришди. Айниқса, ҳамюртимиз қатнашган ўйинлар бу жамоа учун муваффақиятли кечди.

Кучли учликка бошқа бир легионеримиз - Сардор Рашидов якун ясади. Қайсидир маънода, маҳоратли вингер Осиё кубогида ўзининг устун тарафларини намоён этолмади, аммо бу ҳолат футболчининг «Насьонал» билан шарт­нома имзолашига тўсқинлик қилмади. Португалия клуби Рашидовнинг фойда келтиришига ишонди, ҳамюртимиз эса бу ишончга дастлабки ўйинларидаги голлари билан жавоб берди. Умид қиламизки, бу фақат бошланиши ва Сардор Европанинг янада кучлироқ чемпионатларида ҳам ўзини кўрсатади, ҳали.

Шунингдек, январь-февраль ойларида ўзини кўрсатганлар қаторига Одил Аҳмедов, Элдор Шомуродов, Марат Бикмаев, Темурхўжа Абдухолиқов каби футболчиларни ҳам қўшиш мумкин.

Мураббийлар орасида етакчилик «Пахтакор» устозига насиб қилди. ОЧЛ-2019 гуруҳ босқичига ўтиш ўйинларида шогирдларини ғалаба сари руҳлантирган Шота Арвеладзе биринчи ўринга лойиқ кўрилди. «Локомотив» билан Суперкубокни қўлга киритган Андрей Фёдоровга эса иккинчи ўрин насиб этди. Гарчи Ўзбекистон миллий жамоаси билан Осиё кубоги нимчорак финалида тўхтаган бўлсада, Эктор Купернинг ҳам термамиз ўйинига киритган ижобий ўзгаришларини эътироф этмасак адолатдан бўлмайди, албатта. Узоқ йиллар мобайнида тажриба тўплаган аргентиналик мутахассис ўз билимларини юртимиз футболи ривожига сарфлаётганини кўрдик. Қитъа биринчилиги вакилларимиз учун шунчаки машғулот вазифасини ўтади, футболчиларимиз сўнгги сўзни ЖЧ-2022 саралашида айтишади, деган умидда Купер ва унинг шогирдларига келгуси ўйинларда омадлар тилаб қоламиз.

2019 йилнинг дастлабки икки ойи мобайнидаги иштирок эвазига лауреатлар рўйхатида илк очколарни қўлга киритганлар шулар эди. Шу ҳафта бошланадиган Суперлига ўйинларидан кейин бу рўйхатнинг янада бойишига ишончимиз комил. Шунингдек, айни пайт рейтингда пешқадамлик қилаётганлар ҳам ўринларини бой бермаслик мақсадида сусткашликка йўл қўймасалар керак.

 

ФУТБОЛЧИЛАР

Январь|февраль

1. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

2. Игнатий Нестеров («Уҳуд», С.Арабистони)

3. Сардор Рашидов («Насьонал», Португалия)

 

МУРАББИЙЛАР

Январь|февраль

1. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

2. Андрей Фёдоров («Локомотив»)

3. Эктор Купер (Ўзбекистон МТЖ)

 

УМУМИЙ НАТИЖА

Мураббийлар

1. Шота Арвеладзе - 5 очко

2. Андрей Фёдоров - 3 очко

3. Эктор Купер - 1 очко

 

Умумий натижа

Футболчилар

1. Жалолиддин Машарипов - 5 очко

2. Игнатий Нестеров - 3 очко

3. Сардор Рашидов - 1 очко

 

Изоҳ: 1-ўрин - 5 очко, 2-ўрин - 3 очко, 3-ўрин - 1 очко.

 

Футболчиларнинг январь|февраль давомидаги натижалари

Т|р     Футболчи                            Ўйин      Дақиқа             Гол

         

1.       Жалолиддин Машарипов     5            439                   2

2.       Игнатий Нестеров                6            540                   -5

3.       Сардор Рашидов                 4            234                   3

Изоҳ:Фақат расмий учрашувлар инобатга олинган.

Уткирбек УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz