Қайднома

Қидирув

Бугунги рақибимиз: «АЛ-АҲЛИ» - «СОВРИНЛАР ҚАСРИ»

Бугунги рақибимиз: «АЛ-АҲЛИ» - «СОВРИНЛАР ҚАСРИ»

  12.03.2019 09:54
  0
  489
Бугунги рақибимиз: «АЛ-АҲЛИ» - «СОВРИНЛАР ҚАСРИ»

«Пахтакор» ОЧЛ-2005да ҳам Жидданинг «Ал-Аҳли»си билан битта гуруҳда ўйнаган ва Саудия клуби Тошкентда енгилган бўлсада, «плей-офф»га чиқишни уддалаганди. Шунга ҳам 14 йил бўлибди. «Ал-Аҳли» бу орада Саудия Премьер-лигасида чемпионликни тантана қилди, нақ 4 марта 2-ўринни банд этди, қолаверса, бир сафар бутун бошли мавсум давомида мағлубиятсиз одимлади. Хуллас чинакам рақобатбардош жамоага айланди. Демак, «Пахтакор»нинг ОЧЛдаги бугунги рақиби билан яқинроқ танишамиз.

Маълумот учун

«АЛ-АҲЛИ» (Жидда)

Тўлиқ номи: «Ал-Аҳли Сауди» футбол клуби

Лақаблари: «Совринлар қасри», «Миллат элчиси», «Қироллик клуби»

Ташкил этилган вақт: 1937 йил 17 март

Уй стадиони: «Қирол Абдуллоҳ Спортс Сити» (сиғими - 62000)

Президенти: Нодир Дамҳурий

Бош мураббийи: Хорхе Фоссатти (Уругвай)

Бош ҳомийси: Saudi Arabian Airlines

Ички совринлари: Саудия Арабистони чемпиони (4 марта) - 1969|1970, 1977|1978, 1983|1984, 2015|2016; «Валиаҳд шаҳзода кубоги» совриндори (6 марта) - 1957, 1970, 1998, 2002, 2007, 2014|2015; «Қирол кубоги» ғолиби  (13 марта, рекорд) - 1962, 1965, 1969, 1970, 1971, 1973, 1977, 1978, 1979, 1983, 2011, 2012, 2016); Саудия Арабистони суперкубоги эгаси (1 марта) - 2016; Федерация кубоги соҳиби (4 марта) - 2001, 2002, 2007, 2012

Халқаро натижалари: ОЧЛ финалчиси - 2012; Форс кўрфази ЧЛ ғолиби (3 марта) - 1985, 2002, 2008

Жорий мавсум (2018|2019) ички чемпионатдаги ҳолати: 23та ўйин, 12та ғалаба, 4та дуранг, 7та мағлубият, тўплар нисбати: 46-32. 5-ўрин (пешқадам - «Ал-Ҳилол»дан 16 очко ортда қолмоқда)

«Ал-Аҳли» ОЧЛда

2002|2003: саралаш босқичидан ўтолмаган

2005: чорак финал (6та ғалаба, 2та мағлубият)

2008: гуруҳ босқичи (4та дуранг, 2та мағлубият)

2010: гуруҳ босқичи (2та ғалаба, 4та мағлубият)

2012: финал (5та ғалаба, 3та дуранг, 4та мағлубият)

2013: 1|4 финал (4та ғалаба, 3та дуранг, 1та мағлубият)

2015: 1|8 финал (4та ғалаба, 3та дуранг, 1та мағлубият)

2016: гуруҳ босқичи (3та ғалаба, 3та мағлубият)

2017: 1|4 финал (4та ғалаба, 4та дуранг, 2та мағлубият)

2018: 1|8 финал (4та ғалаба, 3та дуранг, 1та мағлубият)

2019: гуруҳ босқичи (1та ғалаба)

«Ал-Ҳилол», «Ал-Иттиҳод» ва «Ал-Наср» қатори Саудия Премьер-лигасини ташкил этган 4та клубдан бири саналган «Ал-Аҳли» 2014-2016 йиллар оралиғида 51та ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия қайд этди. Шу жиҳатдан уни «Арсенал» (Лондон)га ўхшатишади. «Ал-Аҳли»ни тузиш ғояси Ал-Фалаҳ мактаби талабаларидан чиққан. Мамлакат сиёсий етакчилари ушбу клубга ҳамиша катта эътибор қаратишади. Аммо Саудияда биринчилардан бўлиб ташкил этилган ва катта тарихга эга жамоалардан бири ҳисобланган «Аҳли» совринлар сони бобида ҳамшаҳри «Ал-Иттиҳод»дан анча орқада. 1984 йилдан кейин ички чемпионатда ишлари ортга кета бошлаган «Ал-Аҳли» XXI асрнинг иккинчи 10 йиллигини ўзгача мақсадлар билан бошлади. Хусусан, чемпионлик учун курашга дадил киришди. Бунга эришган жамоа Саудия грандлари - «Ал-Ҳилол» ва «Ал-Наср» қаторига қўшилиб, ОЧЛда ҳам барқарор ўйнаш баробарида шахсий натижаларини яхшилашга тушди. Дейлик, жиддаликлар 2012 йили ОЧЛ финалига чиқишди, аммо ҳал қилувчи беллашувда «Ульсан Хюндай»га 0:3 ҳисобида ютқазиб қўйишди. Ўшанда бразилиялик ўрта бўйли ҳужумчи Виктор Симоеш жамоа тўпурари сифатида финалга қадар катта кўламда иш бажарганди. ОЧЛ-2018да эса «Ал-Аҳли» 1|8 финалда тўхтади. Бундан ташқари, украиналик Сергей Ребров бошқарган жамоа чемпионатда «Ал-Ҳилол»дан атиги 1 очко ортда қолиб, «олтин»дан мосуво бўлишди. Тўғри, чемпионат якунида клуб вакиллари Муҳаммад ал Овайс (энг яхши дарвозабон) ва Мотаз Ҳавсавий (энг яхши ҳимоячи) индивидуал совринларга муносиб кўрилдилар.

2014 йилнинг 1 май куни Жиддада 560 млн. доллар эвазига қурилган «Қирол Абдуллоҳ Спортс Сити» стадиони «Ал-Аҳли»га бириктирилгач, жамоанинг ўз майдонидаги ўйинларига мухлислар ташрифи кескин ортди. Айни пайт «Совринлар қасри» номини олган «Аҳли»нинг 1та ўйинини ўртача ҳисобда 15-17 минг мухлис бевосита стадионда кузатмоқда. Муҳим  учрашувларда эса «Қирол Абдуллоҳ Спортс Сити» трибуналарида бўш жой қолмайди. Тўғри, мухлислар ташрифи жорий мавсум аввалгисига нисбатан 19,5 фоиз пасайди.

Бош мураббий. Хорхе Даниэль Фоссати Лурачи. 1952 йилнинг 22 ноябрь куни Монтевидео (Уругвай)да туғилган. 2004-2006 йиллар оралиғида Уругвай термаси билан сезиларли натижаларга эришгач (жумладан, Америка кубогида 3-ўрин), Қатарнинг «Ал-Садд» клуби бошқарувига жалб этилди. 2007-2008 йиллар эса Қатар термасида ишлади. ОЧЛ-2011да «Садд»ни ғалаба сари етаклади (шундан буён Ғарбий ва Марказий Осиё жамоалари ОЧЛда ғолиб чиқолмаяпти). 2010 йилнинг июль - декабрь оралиғида эса Саудияда «Ал-Шабаб»ни бошқарди. «Ал-Аҳли»ни яқиндагина, яъни февраль ойида қабул қилиб олди.

Легионерлар. Муҳаммад Абдул Шафи (Миср). Ҳимоячи. 1985 йилнинг 1 июль куни туғилган. Мисрнинг «Замалек» клубида ўйнаган. «Ал-Аҳли» сафига мавсум-2014|2015да қўшилди. Тўғри, ўтган мавсум «Ал-Фотиҳ»да ижара келишувини ўтади. Пауло Сезар Диас (Чили). 1994 йилнинг 25 августида туғилган. Ўнг қанот ҳимоясига тўлақонли жавобгар бу футболчи Конфедерациялар кубоги-2017 кумуш медали соҳибига айланди. Саудияда Аргентинанинг «Сан-Лоренцо» клубида ҳар томонлама ўсганини исботламоқда. Алексис Руано Дельгадо (Испания). Ҳимоячи. 1985 йилнинг 4 августида туғилган. «Ал-Аҳли» сафида 8тагина ўйинда майдонга тушиб, 2та сариқ ва 1та қизил карточка олишга улгурди. Асосий таркибга кириш учун катта потенциалга эга. «Валенсия» ва «Хетафе»да яхшигина тажриба орттирган. Жорже Жанини (Кабо-Верде). 1991 йилнинг 21 март куни туғилган. Ҳар икки оёғида бир хил зарба берадиган ҳужумчи «Аҳли» сафида 13та гол уриб, чемпионат тўпурарлари орасида 6-ўринда бормоқда. Николаэ Клаудиу (Руминия). Ярим ҳимоячи. 1993 йилнинг 7 май куни туғилган. «Аҳли» уни шу йил 28 январь куни «Спарта» (Прага)дан 10 млн. еврога сотиб олди. Ҳозирча асосий таркибдан муқим жой олганича йўқ. Клаудио Андрес Баэза (Чили). 1993 йилнинг 23 декабрь куни туғилган. Ушбу ярим ҳимоячининг бутун профессионал фаолияти «Коло-Коло» (Чили) клуби билан боғлиқ. Араблар қишки трансферлар бозорида унинг учун 3,1 млн. евро тўлашди. Омар Жиҳад ал Сома (Сурия). Ҳужумчи. 1990 йилнинг 23 март куни туғилган. Ўтган йили Саудия элит лигасида 22та гол уриб, бош тўпурар бўлди. Умуман, у 2015-2017 йиллар давомида ҳам чемпионат тўпурарлари пойгасида ғолиб чиққанди. Айни пайт эса ҳисобида 16та гол бор (чемпионат бўйича 4-кўрсаткич). Дейлик, Сома охирги 3та ўйинда 4та гол урди. Қисқаси, араб дунёсида чин голеадор сифатида катта шуҳрат қозонган ҳужумчи.
ОЧЛ. «D» гуруҳи. 2-тур

18:00 «ПАХТАКОР» - «АЛ-АҲЛИ» (С.Арабистони)

Ҳакамлар: Муҳаммад Тақи, Ли Цзю Лианг, Ронни Гу Минжи, Фу Чуан Хай (Сингапур)

Назоратчи: Саад ал Фадҳлий (Қувайт)

А.ҲАМИДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz