Қайднома

Қидирув

"Барса"да жами 57 нафар «бош»...

"Барса"да жами 57 нафар «бош»...

  16.03.2019 03:18
  0
  320

«Барселона» раҳбарияти яқиндагина амалдаги бош мураббий Эрнесто Вальверде билан тузилган шартнома муддатини узайтирди. Мана, Каталония гранди бошқарувини қўлга олишига қадар «Атлетик»даги иши билан ҳам эътиборга тушган мутахассис кетма-кет 2та «Эль-класико»да ғалабани таъминлаш асносида раҳбарларга муносиб жавоб қайтарди. Биз эса шу баҳона soccer.ru сайти маълумотлари асосида «Барселона»нинг бутун тарихдаги мураббийлар варақасини кўриб чиқишни лозим топдик. Ўйлаймизки, бу анча қизиқарли мавзу. Ҳар ҳолда, жаҳон футболидаги энг яхши клублардан бирининг мураббийлар масаласидаги сиёсати кўпчиликни бефарқ қолдирмаса керак. Тайёрмисиз? Унда бошладик.

 

Ҳаммаси Қандай бошланган эди?

«Барселона» клуби расмий сайтида берилган маълумотларга кўра, Эрнесто Вальверде Каталония гранди тарихидаги 57-бош мураббийдир. Жамоа бошқарувини қўлга олган биринчи мураббий - бу англиялик жентльмен Билли Ламб. 1912 йили 35 ёшли футболчи майдонда тўп суриш баробарида бош мураббий функцияларини ҳам бажарган. «Барса»нинг илк тўлақонли мураббийи ҳам Англиядан, бироқ жамоани айнан 1912 йили маълум муддат бошқарган мутахассис ҳақида айтарли маълумот йўқ. Ҳаттоки, унинг исми ҳам ўша вақт учун оддий саналган инициал остида яширин - мағрургина «Б». Боз устига, фамилияси масаласида турли вариантлар бор: Баррен, Барзон, Барон...  Энг қизиғи, «Барса»га раҳбарлик қилган ҳисоб бўйича 3-«бош» ҳам англиялик. Ўхшаш томони, у аввалги икки ҳамюрти каби бошқарув курсисида узоқроқ қололмаган. Фарқли томони эса, тарихга «блаугранас»нинг энг ёш мураббийи сифатида кирган. Гап «Барселона» сафига ўйновчи-мураббий мақомида қўшилган, бироқ дарвозани бирор марта қўриқламаган ҳолда, устоз ролига мослашган 21 ёшли голкипер Жек Олдерсон ҳақида кетмоқда. Дарвоқе, у кўп ўтмай, «Ньюкасл»дан таклиф олади ва ватанига қайтади.

«Барса» ҳаётининг ибтидосида бошқарув лавозимида ишлаган англиялик 4-мураббий - Жек Гринвеллгина барқарор фаолияти билан ажралиб туради. Эътибор қаратинг, у «Барселона»ни нақ 10 йил (1913-1923) давомида майдонга бошлаб тушади, қолаверса, кейинчалик, яъни ўтган асрнинг 30-йиллари бошида ҳам бу ишга қайтади. Хуллас, «Барселона» бош мураббийлари варақаси шу тариқа очилганди - илк даврда фақат инглиз мутахассисларига ишонч билдирилган. Умуман, клуб раҳбарияти 1940 йилга қадар испаниялик мураббийни фақат бир бора ишга ёллаган. Аниқроқ айтсак, жамоа афсонаси Рома Форнс ўз салоҳиятинимураббийлик курсисида ҳам синаб кўрганди. Кейин англияликлар қаторига ирланд Патрик О~Коннел қўшилади. Венгрияда туғилган Рихард «Жек» Домби (у кейинчалик Австрия паспортини олган) ва Йеса Посонь Каталония пойтахти жамоасини 2 бора бошқариб кўришган. Уларнинг ҳамюртлари Франц Платко ҳам «Барселона» бошқарувини икки марта қўлга олган мутахассислардан биридир. Диққатни тортадиган факт шуки, у клубга нақ 20 йиллик танаффусдан кейин қайтган.

 

13та мамлакат вакили

Кейинчалик клуб сиёсати ўзгарди ва «Барселона»ни шуғуллантириш бахтига муяссар бўлган каталонияликлар сафи тобора кенгайиб борди. Бироқ Испаниянинг бошқа регионларидан жалб этилган 11 нафар мураббий ҳам бор. Мисол учун, аввалги «бош» - Луис Энрике Астурия вакили ҳисобланади (у Хихонда туғилган ва маҳаллий клуб - «Спортинг» мактабида тарбияланган), Эрнесто Вальверде эса гарчи баск бўлсада, Испания жануби - Эстремадурада таваллуд топган, анча вақт ўша ерда яшаган. Умумий ҳисобда айтсак, 13та мамлакат фуқароси «Барселона» бошқарув рулини қўлга олган. Жами 57 нафар мутахассиснинг деярли 50 фоизини Испания вакиллари ташкил этишади. Англияликлар рўйхати ҳам қисқа эмас - 10 нафар. Тўғри, улардан 7 нафари ўтган асрнинг 30-йиллари охиригача ишлаган. Охирги ярим асрлик муддатни олсак, «Барселона» туманли ўлкадан чиққан 3 нафаргина мураббийни кўрди: Вик Букингем, Терри Венейблс ва Бобби Робсон. Дейлик, бу оралиқда бошқарув лавозимига келган голландлар сони кўпроқ, қолаверса, уларнинг «Клубдан-да каттароқ» таърифини олган «Барса» тақдирига ўтказган таъсирлари сезиларли даражада кучли. Дейлик, Ринус Михелс Каталонияга тотал футбол ғоясини олиб кирган бўлса, Йохан Кройфф ва Франк Райкаард «Барса»ни тегишлича Чемпионлар кубоги ва ЧЛда ғалаба сари етаклашган. Қолаверса, Луи  ван Гал ўзига хос услубни жорий этишга уринганидан ташқари, бир қатор иқтидорларни юзага чиқаргани билан эсда қолган.

Совринлар сони бўйича

Энди «Барселона» тарихидаги энг самарадор 6 нафар мураббий кўрсаткичлари билан танишиб чиқамиз.

5-ўрин. Эленио Эррера (1958-1960, 1980, 1980-1981) ва Франк Райкаард (2003-2008) - 5тадан соврин. Катеначчо услуби асосчиси сифатида тилга олинадиган аргентиналик мутахассис «Барса» коллекциясини 2та чемпионлик медали, 2та миллий кубок (Қирол кубоги) ва Ярмаркалар кубоги (УЕФА кубогининг бошланғич даври) бош соврини билан бойитган. Голландиялик мутахассис ҳисобида эса Ла-лиганинг 2та олтин медали ва Испаниянинг 2та суперкубоги ҳамда коллекция дурдонаси - ЧЛдаги ғалаба бор.

4-ўрин. Фердинанд Даучик (1950-1954) - 8та соврин. Словакиялик мутахассис XX асрнинг ўрталарида «Барселона» бошқарувида фавқулодда омадли даврни ўтказган. 8та совриндан 2таси чемпионлик ортидан келган бўлса, 3таси Генералиссимус кубоги (Қирол кубогининг олдинги номи) турнирида расмийлаштирилган.

3-ўрин. Луис Энрике (2014-2017) - 9та соврин. «Барселона» бу мураббий бошчилигидаги 3 йилликда имкони бор барча совринларга эга чиқди. Жумладан, Чемпионлар Лигасида завқли ғалаба тантана қилинди. Айтиш жоиз, Лучо мавсум-2014|2015да «кўк-анорранглилар» билан «требл»га эришди.

2-ўрин. Йохан Кройфф (1988-1996) - 12та соврин. Голландиялик афсона «Барселона»ни Испания чемпионатида нақ 4 марта ғалаба сари етаклаш баробарида «блаугранас»нинг Европа Чемпионлар кубогини бўйсиндирган биринчи бош мураббийига айланган. Айни пайтгача «Барса»ни ЧК|ЧЛда зафар чўққисига олиб чиқиш атиги 4 нафар мутахассисга насиб этган: иккиси голланд - Йохан Кройфф ва Франк Райкаард, иккиси испан - Хосеп Гвардиола ва Луис Энрике. Шулардан биргина Пеп «шалпангқулоқ»ни икки марта ютган.

1-ўрин. Хосеп Гвардиола (2008-2012) - 14та соврин. «Барселона» тарихидаги энг омадли ва сермаҳсул мураббий. Дейлик, Гвардиоланинг бошқарув даври Кройффникига нисбатан икки баравар қисқа бўлди, шунга қарамай, у совринлар сони бўйича буюк устозидан яққол ўзиб кетди. Пеп учун айниқса, 2009 йил самарали келди - жами 6та соврин. Каталонияликлар 2011 йили ҳам ушбу натижани такрорлашга жуда яқин келишди - 5та кубок.

 

Ғалабалар фоизи бўйича

Ҳозирги ҳолатда «Барса»ни камида 50та ўйинда бошқарган мураббийларга кўрсаткичларига қарасак, Эрнесто Вальверде ғалабалар сонининг жами учрашувларга нисбатан фоизи бўйича кучлилар қаторига қўшилиб улгурди. Яқиндагина шарномаси муддатини 2021 йилгача узайтирган амалдаги «бош» ҳисобида 3та соврин бор, лекин жорий мавсум якунидаёқ энг самарадор мутахассисларнинг кучли бешлигига кириш учун реал имкониятга эга. Демакки, «чумоли» лақабли мураббий учун интиладиган марралар етарли. «Барселона»ни камида 50 марта майдонга бошлаб тушганлар орасида эса, ғалабалар фоизи бўйича Луис Энрике пешқадамлик қилмоқда:

1-ўрин. Луис Энрике - 76,24 фоиз ўйинда ғалаба

2-ўрин. Эленио Эррера - 75,53 фоиз ўйинда ғалаба

3-ўрин. Хосеп Гвардиола - 72,47 фоиз ўйинда ғалаба

4-ўрин. Тито Виланова - 71,67 фоиз ўйинда ғалаба

5-ўрин. Херардо Мартино - 67,8 фоиз ўйинда ғалаба

6-ўрин. Эрнесто Вальверде - 67,7 фоиз ўйинда ғалаба

7-ўрин. Бобби Робсон - 65 фоиз ўйинда ғалаба

Дарвоқе, «Барселона» орада дуранглар сериясига йўлиқмаганида, Эрнесто Вальверде ҳозирда 70 фоиздан баланд кўрсаткич билан кучли бешликдан жой оларди. Нима бўлишидан қатъий назар, унда ҳар жиҳатдан юксалиш имконияти зўр.

 

«Барселона» бош

мураббийлари географияси

Испания: 26 нафар мураббий

Каталония (15 нафар): Рома Форнс, Хосеп Планас, Рамон Гузман, Хосеп Самитьер, Рамон Ллоренс, Доменик Бальмания, Энрик Рабасса, Луис Миро, Хосеп Гонзалво, Сальвадор Артигас, Хосеп Сегуэр, Хоаким Рифе, Карлес Рексач, Хосеп Гвардиола, Тито Виланова

Арагон (2 нафар): Хуан Хосе Ногес, Висенте Сасот

Кантабрия (2 нафар): Энрике Орисаола, Лауреано Руис

Кастилья ва Леон (2 нафар): Сесар Родригес, Хесус Антонио де ла Крус

Мадрид (2 нафар): Хосе Луис Ромеро, Луис Арагонес

Астурия (1 нафар): Луис Энрике

Балеар ороллари (1 нафар): Лоренцо Серра Феррер

Эстремадура (1 нафар): Эрнесто Вальверде

Англия: 10 нафар мураббий

Билли Ламб, Б.Баррен, Жек Олдерсон, Жек Гринвелл, Альф Споунсер, Ральф Кирби, Жеймс Беллами, Вик Букингем, Терри Венейблс, Бобби Робсон

Аргентина: 4 нафар мураббий Эленио Эррера, Роке Ольсен, Сесар Луис Менотти, Херардо Мартино

Голландия: 4 нафар мураббий  Ринус Михелс, Йохан Кройфф, Луи ван Гал, Франк Райкаард

Венгрия: 3 нафар мураббий

Йеса Посонь, Франц Платко, Ладислав Кубала

Германия: 2 нафар мураббий

Хеннес Вайсваллер, Удо Латтек

Сербия: 2 нафар мураббий

Любиша Брочич, Радомир Антич

Австрия: 1 нафар мураббий

Рихард Домби

Словакия: 1 нафар мураббий

Фердинанд Даучик

Франция: 1 нафар мураббий

Люсьен Мюллер

Ирландия: 1 нафар мураббий

Патрик О~Коннел

Италия: 1 нафар мураббий

Сандро Пуппо

Уругвай: 1 нафар мураббий

Энрике Фернандес

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz