Қайднома

Қидирув

Раҳимжон ДАВРОНОВ: «ЧЕМПИОНЛИКНИНГ ЎРНИ БОШҚАЧА, БАРИБИР»

Раҳимжон ДАВРОНОВ: «ЧЕМПИОНЛИКНИНГ ЎРНИ БОШҚАЧА, БАРИБИР»

  22.03.2019 01:24
  0
  534
Раҳимжон ДАВРОНОВ: «ЧЕМПИОНЛИКНИНГ ЎРНИ БОШҚАЧА, БАРИБИР»

«Бухоро» жамоаси чемпионат стартига бир неча кун қолганда ўз таркибини маҳоратли ва тажрибали футболчилар билан бойитди. Владимир Баенко ортга қайтган бўлса, жамоа Артём Кулеша ва Владимир Фатичларни рўйхатдан ўтказишга улгурмади. Шундай бўлсада, якуний рўйхатдагилар ҳам ёмон ўйинчилар эмас. Бахтиёр Ашурматов улар билан шундай шароитда ҳам курашувчан, рақобатбардош жамоа тузишга астойдил уринмоқда. Бу йўлда у албатта, ўзи билган ва ишонган шогирдлари ёрдамига таяниши табиий. Қишки трансферлар вақтида «Бухоро»га таклиф этилганлар орасида олимпия термаси аъзоси Раҳимжон Давронов ҳам бор. У жорий йилда кўҳна шаҳарликларнинг асосий дарвозабони бўлишга асосий даъвогарлардан бири. Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпиони ғолиби билан суҳбатда турли мавзулардаги саволларимизга жавоб олдик.

- «Бухоро» клубига ўтиш сиз учун олдинга ташланган қадам бўлгани шубҳасиз.

- Тўғри айтасиз. «Бухоро» аъзосига айланганим мен учун катта мақсадлар сари ташланган илк қадам бўлди. Бунинг учун Бахтиёр Ашурматовга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Жорий мавсум ушбу мутахассис қўл остида ижобий натижалар қайд этамиз, деган умиддаман.

- Биринчи турда жамоа сафарда ўйнаганини инобатга олсак, дуранг сизлар учун қониқарли натижа бўлди, шундайми?

- Албатта. Кўрдингиз, ўйин икки жамоа учун ҳам осон ўтмади. Якуний натижа биз учун ижобий бўлди, дея оламан. Ҳар ҳолда, таркибимиз янгидан шаклланмоқда. Шунинг учун сафардан очко билан қайтишни қониқарли, деб баҳолаш мумкин.

- Фаолиятингиздаги асосий бурилиш нуқтаси қайси? «Машъал» клубининг асосий жамоасига жалб этилганингизми ёки Хитойда ўтказилган ёшлар ўртасидаги қитъа чемпионлигидаги ғолиблик?

- Ҳар икки натижани ҳам юксак қадрлайман. Зеро, «Машъал»да ўринбосарлар жамоасидан асосий таркибга ўтдим ва кейинчалик термага таклиф этилдим. Лекин чемпионликнинг ўз ўрни бор, у барибир бошқача.

- Бундай ютуқлардан кейин аксарият ёш футболчиларда юлдузлик касалига чалиниш кузатилади...

- Очиғи, билмадим. Ҳар ким ўзини ўзи назорат қилишни билиши керак. Характер жиҳатидан ҳам бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Бу ҳолат менда юз бермагани учун бирор-бир фикр билдиролмайман.

- Аввалги кичик жаҳон чемпионатида иштирок этган ёшларимизда бу ҳолат яққол намоён бўлди. Аммо сизнинг тенгқурларингиз орасида бу борада бироз ижобийлик кузатилгандек. Бунинг сири нимада?

- Тўғри. Мамлакатимиздан етишиб чиқаётган ёш футболчиларда ҳамиша имкониятлар кўп бўлган. Тенгдошларим аллақачон юқори даражали жамоаларда ўйнашга тайёр ҳолга келишган. Улар олимпия термасида муваффақият қозонишдан аввал ўз клубларида кучли мураббийлардан таҳсил олишган. Ўз устиларида ишлашдан, меҳнат қилишдан тўхташмади. Интизом ва тартиб борасида ўзларини тезда ўнглаб олишди. Катта натижаларга эса тинимсиз меҳнат ва сабр орқали эришишди.

- Юртимиздаги дарвозабонлар мактабининг етакчи мутахассислари қаторида кимларни алоҳида эътироф этасиз?

- Миллий жамоамизда фаолият юритаётган Денис Иванков ва «Навбаҳор»да ишлаётган Павел Синелников ўз ишининг ҳақиқий усталари. Ёш мураббийлардан эса тарихдаги энг кучли дарвозабонларимиздан бири Павел Бугалони кўрсатишим мумкин. Игнатий Нестеровдан ҳам етук мутахассис чиқишига шубҳам йўқ. Бироқ у ҳали бутсаларини михга илишга шошилмаса керак. Умид қиламизки, Нестеровга қўйилган тақиқ тез орада олиб ташланади.

- «Бухоро» таркиби кучли ва маҳоратли футболчилар ҳисобига бойитилди. Нима деб ўйлайсиз, жамоа ҳозирги ҳолатда лига етакчиларига муаммо туғдира олармикан?

- Ҳа. Сўнгги паллада таркибимиз кучайди. Сафимизга легионерлардан ташқари, ўзбек футболида ўзига яраша ном қозонган тажрибали футболчилар келиб қўшилишди. Ҳар қандай вазиятда ҳам астойдил ишлашда давом этамиз. Тўғри, ўйинимиз шаклланиши учун беш-олтита турни ўтказишга тўғри келади. Асосийси, ўйиндан-ўйинга кучайиб боришни мақсад қилганмиз.

- Футбол оламидаги актуал мавзу Зиданнинг собиқ жамоаси - «Реал»га қайтгани бўлди. Бундан аввалроқ ушбу лавозимга Жозе Моуриньо тайинланиши ҳақида гап-сўзлар юрганди. Аммо якунда воқеалар бошқача ривож топди. Нима деб ўйлайсиз, португалиялик мутахассис вариантидан воз кечилишига нима сабаб бўлган?

- Тўғрисини айтаман, Жозе Моуриньо қайси клубга борса, уша ерда ички низо юзага келади. Эҳтимол, ўта оғир феъл-атвори ва ўз принципларига содиқ қолиши, жамоасини ўзи хоҳлаган услубда ўйнатишга бўлган кучли хоҳиш бунга сабабдир. Кўпинча у бошқараётган клубдаги етакчи футболчилар мураббийдан норози эканликлари ойдинлашади, орага совуқчилик тушганига кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Зиданни эса «Реал» футболчилари бошқача ҳурмат қилишади.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz