Қайднома

Қидирув

Жозе Моуриньо: «Атлетико»ни Роналдусиз енгиб бўлмасди»

Жозе Моуриньо: «Атлетико»ни Роналдусиз енгиб бўлмасди»

  23.03.2019 01:59
  0
  640
Жозе Моуриньо: «Атлетико»ни Роналдусиз енгиб бўлмасди»

«Аякс» жасоратидан сўнг қўл кўтаришдан ўзга иложи қолмаган «Реал» устози Сантьяго Солари ўрнига асосий номзодлардан  бири саналган португалиялик Жозе Моуриньо RT телеканали мухбири билан суҳбат давомида ЧЛ нимчорак финал ўйинлари натижалари юзасидан атрофлича фикр-мулоҳаза билдирди. «Беназир»нинг таъкидлашича, Криштиану Роналду етакчилик хусусиятини яна бир бора ишга солмаганида, «Ювентус» минг чиранса ҳам, «Атлетико» тўсиғидан ўтолмасди, барибир. Моу  шунингдек, «Барселона» етакчиси Лионель Мессининг «Лион»га қарши баҳсдаги ҳаракатларига ҳам юксак баҳо берди, «Бавария» мағлубияти сабаблари хусусида тўхталди. Гапга чечан мутахассиснинг алоҳида огоҳлантиришича, «Реал»га қайтган Зайниддин Зиданни олдинда кўплаб муаммолар кутмоқда.

 

- Бир ҳафтача олдин «Ювен-тус»нинг «Атлетико»га қарши баҳсда керакли натижага эришиши сизни ажаблантирмаслигини айтган эдингиз. Хўш, Турин клуби зафарида Криштиану Роналду шунчалик катта роль бажаришини кутганмидингиз?

- Ўйлашимча, Роналду ҳафтанинг чин қаҳрамони бўлди. Ҳа, «Юве» ўйинига гап йўқ. Аммо туринликлар Роналдунинг шахси ва ўзига хос фазилатисиз кейинги босқичга чиқолмасдилар. У мустаҳкам ҳимоя чизиғи билан донг таратган «Атлетико» дарвозасини 2 бора фақат ўз меҳнати ва муайян услуби билан забт этди. Ўзи мадридликларнинг 0:3 ҳисобида енгилишларини тасаввур қилиш қийин эди. Бироқ «Ювентус» ҳақиқий жасорат кўрсатди - Массимилиано Аллегри ўз шогирдларини аъло даражада тайёрлабди.

- Демоқчисизки, таркибида айнан Роналдудек ҳужумчиси борлиги учун ҳам «Ювентус»ни ҳисобдан эрта чиқариб юбориш мумкин эмас...

- Шубҳа йўқ, илк ўйин 0:2 ҳисобида бой берилгач, ҳаттоки, Роналду ҳам ижобий натижага кафолат бўлолмайди. Лекин у майдонга тушса, нимадандир умид боғлаш мумкин.

- Мадридлик ҳимоячиларнинг Криштиануга қарши ҳеч нарса қилолмаганликларидан ҳайрон қолдингизми?

- Бунинг сабабларидан бири - Криштиануга хос универсаллик. У фаолиятининг турли босқичларида ҳар хил позицияларда тўп сурди. Дейлик, Роналду катта футболга аслида қанот ҳужумчиси сифатида кириб келганди, кейин «Реал»да тез-тез марказга ўта бошлади. Айни шу даврда ўзининг энг чиройли голларини урди. Мадриддаги сўнгги йилда эса, соф ҳужумчи ролига мослашди. Хуллас, ҳозирги Роналду «найзанинг учи» сифатида ҳаракатланмоқда. Эътибор берсангиз, у беҳуда югуравермайди, шунинг баробарида зарба йўллаш имкониятини асло қўлдан чиқармайди.

- Умуман, Роналду вақт ўтиши билан табиатан ҳам ўзгаргандек, шу фикр тўғрими?

- Криштиану менинг қўл остимда ўйнаган даврда ҳар дақиқада гол уришни истайдиган, кимдир бу имкониятдан маҳрум қилса, қаттиқ ранжийдиган йигит эди. Яъни ўйинлар даражаси ёки рақибларга қарамасди. Энди эса бор маҳоратини ўта муҳим учрашувларга сақлаб қўйишга одатланди. Дейлик, «Удинезе»га қарши кечган ўйинда майдонга тушмади, «Атлетико» билан баҳсда ҳайратланарли спорт формасини намойиш этди.

- Кришти икки бўлим дебютида Ян Облакни ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этиб, ўртадаги мувозанатни тиклади. «Юве» - «Атлетико» қарама-қаршилиги тақдирини айнан иккинчи голи ҳал қилгандек...

- Тўғри, агар ўйинга энг катта таъсир ўтказган лаҳзани танлайдиган бўлсак, ўша гол урилган дақиқа муҳим нуқтадир. Ажойиб узатма, бош билан йўлланган зарба ва ҳакамга кўмаклашувчи видеотакрор тизимининг одилона ёрдами. Технология баъзан бизда шубҳа уйғотади. Аммо бу сафар ҳаммаси холисона ҳал қилинди. Зеро, қанот ҳаками тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтган-ўтмаганини аниқлай олмасди. Хуллас, бу вазиятда VARнинг аралашуви ва якуний қарор ўринли бўлди.

- Сизнингча, «Атлетико» нима учун шу қадар ожиз кўринди?

- Йўқ, аслида Симеоне шогирдлари Туринда ҳам яхши ҳимояланишди. Лекин қарши ҳужумларда уларга Диего Коста етишмади. Бу ҳужумчига жорий мавсум жароҳатлар халал бермоқда, аммо у шунда ҳам жамоада тактик ва руҳий жиҳатдан муҳим ўринга эга. Дейлик, «матрасчилар»ни айнан Диего олға бошлайди, рақиб ҳимоясини ёриб ўтади, тўп учун фаол курашади. Гризманн ва Мората эса бошқа ҳужумчилар тоифасидан...

- Энди яна бир эътиборли ўйин ҳақида гаплашсак. «Ливерпуль» сафарда «Бавария»ни ишончли тарзда маҳв этди. Эсланг, сиз Германия грандини яққол фаворит сифатида тилга олгандингиз...

- Тушунинг, таҳлилим футбол анъаналарига асосланган эди. «Бавария» охирги марта мавсум-2010|2011да чорак финалга чиқолмаган. Бу жамоа айниқса, ўз майдонида кучли ўйнайди. Хусусан, яқинда Бундеслигада «Боруссия»га тенглашиб олганини ҳисобга олиб, шу зафарли юриш шукуҳи ЧЛда ҳам муваффақиятга илҳом бағишлайди, деб ўйлагандим. Боз устига, тарозининг иккинчи палласида турган «Ливерпуль» АПЛдаги охирги 4та учрашувидан 2тасида очко йўқотганди. Мюнхенда эса айнан меҳмонлар ташаббусни қўлга олишди ва энг асосийси, улар керакли пайт ҳисобни очишди, танаффусдан кейин эса устунликни мустаҳкамлашди. Очиғи, «Бавария» шу қадар ночор ҳолатда қолиши мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмагандим.

- Мюнхенликлар «Ливерпуль» таклиф қилган босим ва суръатга дош беролмай қолишди. Бу нима билан боғлиқ? 

- Ҳа, «Бавария» футболчилари рақибларга бас келолмадилар. Менимча, чизиқлар ўртасида бўшлиқлар юзага келгани уларни анча толиқтирди. Мисол учун, олдинда Левандовски ёлғиз ўзи ҳаракатланди, марказда рақибга босим ўтказилгани йўқ. Айниқса, Хамес Родригес жамоадошларини бутунлай «йўқотиб» қўйди, Алаба эса жўяли бирор вазият яратолмади. Шунингдек, Жошуа Киммихнинг йўқлиги ҳам яққол сезилди. Ҳар ҳолда, у ҳозирги «Бавария»да энг муҳим ижрочилардан бири ҳисобланади.

- Мазкур ғалаба «Ливерпул»га ички мусобақадаги чемпионлик курашида  қўшимча куч бағишлаши мумкинми?

- Албатта! Бемалол таъкидлай оламан - «Ливерпуль» Мюнхендаги ўйинда қайта туғилди. Бу шунчаки, оддий ғалаба эмас, унинг шукуҳи жамоани чемпионлик учун жиддий курашга чорлаши тайин.

- Ҳаттоки, «Бавария» устози Нико Ковач ҳам меҳмонлар ҳақли равишда зафар қучишганини тан олди.

- Баъзан биз - мураббийлар ўзимизни оқлаш учун баҳоналар қидирамиз. Нико эса воқеликка холис баҳо берди ва мағлубиятини очиқ-ошкора тан олди. Бошқа гап йўқ.

- Бундай вазиятда мураббий кўнглидан нималар ўтади?

- Назаримда, биз ўз ишимизга ҳар доим ҳам тўғри баҳо беравермаймиз. Учрашув арафасида ҳаммаси рисоладагидек туюлади, лекин ҳакам ҳуштак чалганидан кейин камчиликлар бўй кўрсата бошлайди. Айни шу паллада эҳтиросларни бир четга суриб, ўйин боришини ўзгартириш лозим. Бироқ Ковач ўша куни иложсиз эди. Чунки «Ливерпуль» рақибидан пухтароқ ҳозирлик кўрганини амалда тўлиқ исботлади.

- Лионель Месси «Лион»га қарши кечган баҳсда «дубл»га эришишдан ташқари, яна 2та самарали узатмага муаллифлик қилди. Сизнингча, у шу фойдали ҳаракатлари билан Роналдуни сояда қолдиришга уринмадими?

- Месси - ўзига хос ўйинчи. У сўнгги вақтларда мунтазам равишда ҳафтанинг энг яхши футболчиси бўлишга даъвогарлик қилмоқда. Агар Роналду Туринда чинакам шоу кўрсатмаганида, сўровда айнан Лео ғолиб чиқарди, албатта.

- Айтингчи, Роналду ва Мессининг бир авлод вакиллари эканликлари омадми ёки омадсизлик?

- Ҳам униси, ҳам буниси. Улар ўзаро беллашадилар, бир-бирларидан ўрнак оладилар - муносиб спарринг-рақиблар. Лекин бошқа томондан, агар Лео ва Криш турли даврларда ўйнаганларида, узоқ вақт «Олтин тўп»ни бегона қилишмасди. Шундоқ ҳам бу икки шоввоз юксак рекордларни ўрнатди. Шунинг учун ҳам Неймар, Мбаппе ва Гризманн каби голеадорларни одатда «Митти монстрлар», деб таърифлайман. Чунки улардан бош ролга чиқиш йўлида кучли иштиёқ билан астойдил тер тўкиш талаб этилади.

- Мессининг ҳайратланарли иштирокига қарамай, сиз Роналдуни ҳафта қаҳрамони сифатида таърифладингиз...

- Нафақат мен, бошқалар ҳам. Тўғри, ўзгача қарорга келишим ҳам мумкин эди. Аммо унинг ўйини, голлари ва руҳий барқарорлигидан кўз юмолмадим. Қисқаси, бошқача қарорга келолмасдим. «Ювентус» - ҳафта жамоаси, Аллегри - ҳафта мураббийи, Роналду - ҳафта қаҳрамони!. Етакчилик мақоми унинг учун кам. Роналду - бор куч-эътиборини ўйинга берадиган, жамоадошларини ўз ортидан эргаштирадиган фидойи йигит. Қайтараман, «Юве» Роналдусиз «Атлетико»ни енголмасди.

- Зайниддин Зидан «Реал»га қайтди. Сизнингча, унинг мураббийлик фаолияти қай йўсинда кечади, 10 ойлик танаффус фойдасига ишлайдими ёки зарарига?

- Бир томондан қарасак, Зидан ўзига яхши таниш жамоага қайтди, демак, футболчилар билан танишишга вақт сарфламайди. Лекин бошқа томондан, аввалги муваффақиятларни унутолмайди. Шуниси унга халақит бериши мумкин. Чунки ўз-ўзидан «Яна шундай ютуқларни такрорлашга қодирман», деб ўйлайди.

- «Челси» қайтганингизда сизда ҳам шундай ҳиссиётлар жўш урганмиди?

- Ўшанда зиммамда қандай масъулият турганини теран ҳис этгандим. Чунки олдимга АПЛда ғолиб чиқиш шарти қўйилганди. Энди Зидандан ҳам янада каттароқ натижалар талаб қилишлари аниқ. Бу қўшимча босим, албатта.

- Хўш, «Реал»нинг янги бош мураббийи олдида қандай вазифалар турибди?

- Жамоа ихтиёрида бир неча йилдан буён ёнма-ён тўп сураётган футболчилар бор - яхлит асосий таркиб. Зидан айнан шу ўйинчилар билан ажойиб натижаларга эришди. Энди аввалги ишини давом эттириш баробарида таркибни кучайтириши лозим. Хусусан, янги мавсумдан олдин трансферлар воситасида жамоани аввалги савияга кўтариш чораларини кўриши керак.

- Одатда жамоа ишлари юришмай қолса, клуб раҳбарлари мураббийга босим ўтказадилар. Сизнингча, бу сафар Зиданга ўз ғояларини амалга ошириш учун етарли вақт беришармикин?

- Замонавий футболнинг талаби шундай. Ҳозир жамоага ташқи дунёнинг таъсири кучли. Клуб ҳаттоки, мухлисларнинг ижтимоий тармоқлардаги мулоҳазалари билан ҳам ҳисоблашишга мажбур.

- Яна ЧЛга қайтсак: чорак финалчилар маълум. Сизнингча, улардан қай бири энг кучлиси?

- Барча иштирокчилар имконияти тенглигини олдинроқ таъкидлагандим. Ҳаттоки, биз бу раундда кутмаган «Аякс» ва «Порту»ники ҳам чакки эмас. Турнирда ҳар қандай воқеа юз бериши мумкинлигини Голландия ва Португалия вакиллари тўлиқ тушуниб етишди. Фаворитларга келсак, биринчи навбатда, ички чемпионатда етакчилик қилаётган, мамлакат кубоги финалига чиққан ва Мессидек тўпурари бор «Барселона»ни ажратиб кўрсатиш керак. Шунингдек, Италия гранди - «Ювентус»ни ва албатта, АПЛда мунтазам равишда рақобатлашадиган инглиз квартетини ҳам...

- Қизиқ, шахсан сиз нуфузли турнирнинг ҳал қилувчи баҳсида қайси жамоалар майдонга тушишини хоҳлардингиз?

- «Ювентус» ва «Барселона»ни. Анчадан буён халқаро совринлардан четда қолаётган икки забардаст жамоа! Боз устига, улар Роналду ва Мессидек «Ўзга сайёралик» юлдузга эга!

А.АБДУҲАМИТОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz