Қайднома

Қидирув

Эркин фикр: ИҚТИДОРЛАР, ҚАЕРДАСИЗ?

Эркин фикр: ИҚТИДОРЛАР, ҚАЕРДАСИЗ?

  23.03.2019 09:01
  0
  691
Эркин фикр: ИҚТИДОРЛАР, ҚАЕРДАСИЗ?

Ўтган ҳафта Эктор Купер иштирокидаги матбуот анжуманида журналистлар мураббийга терма жамоани ёшартириш мавзусида саволлар беришди. Олимпия терма жамоасининг ўтган даврдаги ютуқлари, ажойиб ўйинлари бизни шундай фикрлашга ундаяпти. Кўрдикки, улар орасида миллий жамоада ўзини кўрсатадиганлари етарлича. Буни жорий йил бошида бўлиб ўтган Осиё кубогида яна бир бор кўрдик. Отабек Шукуров, Жавоҳир Сиддиқов, Достон Ҳамдамов, Элдор Шомуродов шу йўсин давом этишса, Одил Аҳмедов, Азиз Ҳайдаров, Сардор Рашидовга муносиб ўринбосар бўлишади. Аммо танганинг икки томони бўлганидек, кўнгилни хира қиладиган муаммо ҳам йўқ эмас. Ҳозирги термамиз ўринбосарларининг аксарияти Дилшод Нуралиев шогирдлари ҳисобланади. Улар ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати, жаҳон чемпионати иштрокчилари. Бироқ у жамоалардан айримлари ўз клубида ўрнини топа олмади, баъзилари эса жароҳатини тузатиш билан банд. Келинг, фурсатдан фойдаланиб, бош жамоамиз келажаги сифатида эътироф этилган футболчиларнинг фаолиятига бироз назар солсак.

 

Сарвар Каримов

Бу футболчи 2012 йили Эронда бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида танилди. Унинг ажойиб «сейв»лари Японияга қарши кечган финал баҳсида асқотганди. Пенальтилар сериясида ҳам ўзини кўрсатган иқтидорли кипер, кейинчалик БААда ўтган кичик мундиалда ҳам жамоамиз дарвозасини қўриқлади. Нимчорак финалда Гондурасга мағлуб бўлгач, Сарвар Каримовнинг кўз ёшларини тия олмай, майдон марказида ўтирган ҳолати эсимда ҳамон. Клубдаги фаолиятини «Локомотив»да давом эттирган дарвозабон рақобатда ютқазди. Бир давра «Суғдиёна»да ижарада тўп сурди, айни вақтда «Қўқон-1912»да.

Иброҳим Абдуллаев

Мудофаа чизиғининг ишончли вакили, барча ёшдаги терма жамоаларда асосий ҳимоячи саналган. Уни ҳатто Равшан Ҳайдаров Янги Зеландияда бўлиб ўтган U-17 жаҳон чемпионатига олиб кетганди. Ҳимоя марказида Рустам Ашурматов билан яхши тандем ҳосил қилган футболчининг клубдаги тақдири у қадар ҳавас қилгули даражада кечмади. «Пахтакор» академияси тарбияланувчиси асосий жамоадан ўрин ола билмади. Сўнгги мартта «Обод»да тўп сурди.

Темур Толипов

Яна бир «пахтакорчи». 2016 йил унинг учун ютуқларга бой бўлди: «шерлар»нинг асосий таркибидан ўрин олди, Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этди. «Ал-Жазира» билан кечган ўйинда у жарима зарбасидан ажойиб гол урганди. Жалолиддин Машарипов жароҳат олганида, унинг ўрнини эгалларди. Кейинги мавсумларда «Навбаҳор», «Обод» ва биринчи лига жамоаларида кўриниш берганига қарамай, ҳеч бирида ўзини кўрсата олмади. Жорий мавсум бошида эса Қирғизистон чемпионатига йўл олди.

Шоҳжаҳон Аббосов

Амирликлардаги жаҳон чемпионатининг илк турида Панама термаси дарвозасига урилган дастлабки гол муаллифи. Шунингдек, Эронда қитъа чемпионлигига эришганлардан бири. Равшан Бозоров «Навбаҳор»ни бошқараётганда, Шоҳжаҳонга имконият берди. Бироқ ишонч оқланмади. Аббосов айни вақтда «Зомин» клубининг муҳим футболчиларидан бири саналади.

Жамшид Болтабоев

2013 йили ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон термаси ўз гуруҳида 4 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турганди. Сўнгги турда Хорватияга қарши ўйиндаги ғалаба бизни биринчи ўрин билан навбатдаги босқичга олиб чиқарди. Ўша баҳсда финал ҳуштаги янграшига оз қолганда, Жамшид Болтабоев рақиб дарвозасини чиройли тарзда ишғол қилиб, жамоамизга ғалаба келтирганди. Кейинчалик «Пахтакор»да ўз ўрнини топишга интилган Жамшидга кўп ҳолларда жароҳат панд берди. Шундай бўлсада, Самвел Бабаян уни 2016 йили Осиё чемпионати-U-23га олиб кетди. Марказий ярим ҳимоячи ўша мусобақада қанот ҳимоясида ўйнашга мажбур бўлганди. Барибир, жароҳат ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Икки йил катта футболдан узоқда бўлган Болтабоевни қишки трансферлар пайтида Сергей Лушан «Сўғдиёна»га таклиф қилди.

Жавоҳир Соҳибов

Миллий жамоада Азиз Ҳайдаровга муносиб ўринбосар сифатида қаралган Жавоҳирга ҳам жароҳатлар халал берди. Ўз вақтида «Пахтакор»­нинг таянч зонасида алмаштириб бўлмас футболчига айланганди. Соҳибов 2014 йили Мьянмада ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида сардорлик боғичи остида жамоадошларини майдонга олиб тушганди. Рақиб ҳужумини бузиб, шерикларини олдинга бошлаш қобилиятига эга Соҳибов ҳам жорий мавсум бошида Болтабоев каби «Сўғдиёна» чорловини қабул қилди.

Кўриб турганингиздек, иқтидорини ўз вақтида намоён этолмаган футболчиларимиз бисёр. Умид қиламизки, ҳозирги олимпия термаси вакиллари бошига юқоридаги футболчиларнинг қисмати тушмайди. Ҳа, улар яхши ўйнашяпти, чакки эмас, аммо олдинги йилларда ҳам шундай бўлган. Муҳими, иқтидорли ёшларимиз барқарорликни сақлаб қолиб, имкон қадар жароҳатлардан узоқ юришсин. Бу борада тажрибалироқ саналган акаларидан маслаҳат олишса, ўзларига фойда бўлади.

Искандар НУР, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz