Қайднома

Қидирув

Винисиус Жуниор танлови – пул эмас, лойиҳа

Винисиус Жуниор танлови – пул эмас, лойиҳа

  28.03.2019 03:32
  0
  589
Винисиус Жуниор танлови – пул эмас, лойиҳа

«Реал»нинг бразилиялик истиқболли легионери Винисиус Жуниор қисқа вақтда Испания чемпионати ихлосмандлари ҳурматини озми-кўп қозонишга улгурди. «Қироллик клуби»да чин қирол даражасига кўтарилиши кутилаётган тезкор футболчи Пиреней ярим оролидаги дастлабки йирик интервьюсини Cadena CEP радиостанцияси мухбирига берди. Бразилиялик иқтидор суҳбат давомида жуда хушчақчақ кўринди ва яқин келажак режалари, «Реал»да кутилаётган ўзгаришлар хусусида атрофлича фикр билдирди.

 - Винисиус, жароҳатдан кейинги тикланиш даврида ўзингизни қандай ҳис этяпсиз?

- Аъло даражада! Ҳар ҳолда, тикланиш жараёнида муаммо йўқ, кутилганидан-да тезроқ соғаймоқдаман. Албатта, бор эътиборим имкон борича вақтлироқ сафга қайтишга қаратилган.

- Аламлиси, айнан энг ёрқин ўйин пайти шикастландингиз...

- Ҳа, ўша лаҳзадаёқ жароҳат анча жиддий эканлигини англадим: тўпга зарба беришга чоғланган эдим, аммо улгурмадим... Нохуш ҳолатга йўлиқдим ва оғриқдан кўзимга беихтиёр ёш қалқди. Бир зумда барчаси хаёлимдан ўтди, хусусан, терма жамоа ҳам. Ахир Бразилия термасидан илк марта таклиф олгандим...

- «Твиттер»да қолдирган изоҳингиздан иқтибос: «Атрофимда воқеалар жуда тез ривожланмоқда». Бунда нимани назарда тутгансиз?

- Ўзи жамоа сафига қўшилганимдаёқ Каземиро ва Марсело менга сабрлироқ бўлишни тавсия қилишганди. Мен эса атиги 18 ёшда эканлигимни унутиб, дарҳол ўйинларга киришиб кетдим. Ваҳоланки, Бразилияда ҳеч ким менинг дастлабки ярим йил ичида майдонга тушишимни хаёлига ҳам келтирмаганди.

- Айтингчи, сизнингча, Винисиус Жуниор аслида ким?

- «Мадрид» билан сон-саноқсиз совринларга эришиш ишқида ёнаётган оддий йигит. Дунёнинг энг сара футболчилари билан ёнма-ён тўп суришнинг ўзи мен ва оилам учун юксак натижа. Айни пайт бутун диққат-эътиборим фақат ва фақат футбол билан банд. Бошқа ҳеч нарса мени бу қадар кучли қизиқтирмайди.

- Футболдаги илк қадамларингизни эслаб турасизми?

- Адашмасам, 4 ёшдан тўп сура бошлаганман, вақтида ярим ҳимоя позициясида ҳам ҳаракатланганман.

- Европа клублари қизиқишидан хабар топганингизда, қандай ҳолатга тушгандингиз?

- Бу ҳақда илк марта 16-17 ёшимда, ўсмирлар ўртасидаги Жанубий Америка чемпионати даврида эшитгандим. Отам дарҳол ёнига чақириб, барчаси оддий миш-миш эканлиги ва эътиборга арзимаслигини уқтирди. Фақат «Реал» ва «Барселона» клубларидан таклиф тушганидан кейингина улардан бирини танлашимни ўз ихтиёримга қўйиб берди.

- Қизиқ, қайси жамоадан олдинроқ чорлов олган эдингиз?

- Аввалига «Барса» вакиллари алоқага чиқишди, кейин «Мадрид» ҳам аниқ таклиф билан мурожаат қилди.

- Табиийки, бу қийин танлов.  Шахсан ўзингиз бошида нималарни ўйладингиз?

- Якуний тўхтамга келиш учун Мадрид ва Барселонага сафар уюштириб, клублар лойиҳаси билан танишишни истадим. Бунда Марселонинг 18 ёшда «Реал» сафига қўшилиб, ўз ўрнини топгани, Асенсионинг мунтазам ўйнаётгани менга ўзига хос далда бўлди.

- Ҳа, сиз учун энг сара икки жамоа ўзаро курашганди...

- Биз эса якунда сараларнинг сарасини танладик.

- Тўғрисини айтинг, «Барселона» либосини ҳам кийиб кўрдингизми?

- Йўқ.

- Хўш, қачондир Каталония жамоасига ўтишингиз мумкинми?

- Ўйлашимча, ҳеч қачон бундай бўлмайди.

- Нима, Месси билан ёнма-ён тўп суриш имконияти қизиқ эмасми?

- Табиатан ҳамиша энг яхши вариантни танлашга интиламан. Оилавий кенгашда айнан «Реал»да тўп суришим маъқул эканлиги тасдиқлангач, бошқаси ҳақида ўйлашга асос қолмади. Умуман олганда, ўзим ҳам Мадридда истиқомат қилишни истадим. Зеро, болаликдан шу орзу билан улғайганман.

- Демак, оилангиз «Реал»га мухлислик қилган, шундайми?

- Ҳа. Тўғри, отам учун «Винисиус» ФК биринчи ўринда туради.

- Сир бўлмаса, қайси жамоа кўпроқ маблағ ваъда қилди?

- Билишимча, «Барса» моддий томондан манфаатлироқ таклифни ўртага ташлаган. Бироқ биз маош эмас, лойиҳани афзал билдик. Қайтараман, «Реал»да ўйнашга мойиллик сезишимда, Марсело ва Каземиронинг далдалари муҳим аҳамият касб этди.

- Лопетеги даврида майдонга тушмадингиз, ҳисоб. Яъни атиги 12 дақиқа тўп сурдингиз...

- Тушунинг, ўша пайт Мадридда илк кунларни ўтказаётгандим. Аслида Лопетеги - ажойиб мураббий. Афсуски, жамоада муваффақият қозонолмади. Лекин шахсан менга  ўринли маслаҳатлари билан катта ёрдам берганини унутмайман. Умуман, «Кастилья» сафига қўшилганимда, Солари ҳам мени самимий қарши олганди.

- Айтингчи, Сегунда-Б лигаси ўйинлари қандай наф берди?

- Бразилиядан чиқиб келганимда, худди шундай бўлишини билардим. Муҳими, «Кастилья»даги ҳеч бир футболчи янги муҳитга тезроқ мослашишим учун ўз ёрдамини аямади.

- Лопетеги гарчи сизга имконият бермаган бўлсада, унинг истеъфога чиқарилганидан ранжиган кўринасиз...

- Ҳа, шундай. Нима бўлганда ҳам, у - Европадаги илк устозим. Такрорлайман, мавсумолди йиғинларида шахсан менга алоҳида эътибор қаратиб, ишончимни мустаҳкамлади.

- Шунингдек, Солари билан ҳам илиқ хайрлашдингиз...

- Бу мураббий майдонда зиммамга аниқ вазифа юклади ва уни бажаришимга имкон берди. Ўзи «Кастилья»даёқ Солари билан ўртамизда яхши муносабат шаклланган эди.

- Энди Зидан келди. Ҳозир ўз ўрнингизни йўқотиб қўйишдан чўчимаяпсизми?

- Йўқ, асло. Зидан афсонавий футболчи эди, энди ажойиб мураббийга айланди. У билан ҳамкорликда ишлаш - катта шараф! Каземиронинг айтишича, Зидан билан гаплашганида, ҳаяжонланиб кетар экан. Бу мураббийнинг кучли шахс эканлигидан далолат.

- Совринларга даъво қилмаган ҳолда, тўп суриш зерикарли эмасми?

- Ҳозир янги мавсумда зафарларга кўмилиш учун ўзимиз билан курашяпмиз...

- Умуман, жорий мавсум «Реал»-нинг  асосий қувончига айландингиз...

- Мухлислардан бағоят миннатдорман, доимо қарсак чалиб, олдинга чорлашмоқда. Айнан «Мадрид»ни танлаганимдан ҳам бахтиёрман.

- Бразилия терма жамоаси устози Тите билан гаплашдингизми?

- Ҳа, у мендан кўнгли тўқлигини айтди ва Америка кубоги стартига қадар бутунлай соғайишимга умид билдирди.

- Трансферингизнинг 45 млн. еврога баҳолангани қўшимча босим юкламаяптими?

- «Фламенго»да ўйнаганимдаёқ кучли босим қандай бўлишини билганман. «Реал» билан шартнома тузганимдан кейин босим янада кучайди. Аммо бу ерда ёлғиз эмасман - вазифамни талаб даражасида адо этиш йўлида яқинларим далдалари ва маслаҳатларидан куч оламан.

- Сизнингча, ҳозирда энг кучли футболчи ким?

- Мен (кулади). Бу ҳазил, албатта. Ким кучли эканлигини билмайман. Балки Неймардир.

- У билан бирга ўйнашни  истаормидингиз?

- Албатта. Бунинг учун имконият ҳам бор - Бразилия терма жамоаси. Афсуски, ҳозир иккимиз ҳам сафдан четдамиз.

- Неймарни балки «Мадрид»да ҳам кўришни хоҳларсиз?

- Буниси менга боғлиқ эмас. Бразилия термасида эса елкама-елка туриб, ўйнашимиз аниқ.

- Катта футболда кимлардан алоҳида ўрнак олгансиз?

- Аввалига Роналдиньо, кейин Неймардан.

- Ким зўрроқ - Мессими ёки Роналду?

- Билмайман, билганим шуки, Роналду - «Мадрид» афсонаси. Клубда уни қаттиқ ҳурмат қилишади. Ахир «Реал» асосан Роналду голлари эвазига қаторасига 3 марта ЧЛ ғолибига айланди.

- Энг устун хусусиятингиз?

- Табиатим.

- Қайси жиҳат устида кўпроқ ишлашингиз керак?

- Рақиб дарвозаси олдида аниқроқ  ҳаракатланишни ўзлаштиришим зарур. Бу борада тинмай ишлаяпман. Қулай вазиятдан фойдаланолмасам, ўз-ўзидан хавотир туғилади. Бунинг оқибатида ўйиним қовушмай қолиши мумкин. Шундай экан, биринчи навбатда, фойдаланиш коэффициентини яхшилашим талаб этилади.

- Зарбалар аниқлигини қандай ошириш мумкин?

- Изланишлар самарасиз кетмайди, албатта. Менимча, ҳали ҳужумчи сифатида тўлиқ шаклланмаганман. Жамоадошларим, бу борада яқиндан ёрдам беришяпти, жумладан, Бензема. Унинг айтишича, менга ҳужумни ўта юқори тезликда якунлаш хоҳиши панд бермоқда. Марсело ва Солари ҳам шундай фикрда. Машғулотларда ҳаммаси рисоладагидек, аммо ўйинда...

- Ўзингизни Бразилия футболи афсонаси сифатида тасаввур қила оласизми?

- Асосий мақсадим шу: Мадридга клуб ва терма жамоа тарихида муносиб из қолдириш ниятида келганман. Худди 27 ёшидаёқ кўплаб буюк ватандошларимдан кўпроқ гол урган Неймар сингари. Ўйлашимча, «Реал»да талаб даражасида тўп суриш Бразилия футболидан муносиб ўрин олишимни таъминлайди.

- Айтишларича, бразилиялик футболчилар кўнгилхушликка ўч эканлар...

- Бу янгилик эмас. Лекин бразилияликлар орасида ҳам ўйин-кулгини хушламайдиган йигитлар кўп.

 - Шахсан ўзингиз қувноқ давраларни ёқтирасизми?

- Йўқ, унча тоқат қилолмайман.

- «Олтин тўп»ничи?

- Бу соврин йўлида қанча тер тўксанг, оз! Лекин қачон эришаман - буни вақт кўрсатади. 25-26 ёш - айни кучга тўлган даврда олсам яхши бўларди.

А.ХАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz