Қайднома

Қидирув

Африка учун ҳам экзотика ёки Бурунди миллий термаси ҳақида

Африка учун ҳам экзотика ёки Бурунди миллий термаси ҳақида

  07.04.2019 01:43
  0
  217
 Африка учун ҳам экзотика ёки Бурунди миллий термаси ҳақида

Пьер-Эмерик Обамеянгдек юлдузни Африка кубогидан мосуво этган Бурунди терма жамоасига назар. Қирғинлик, қашшоқлик ва қолоқлик - Бурунди мамлакати ҳақида гап кетганида, кўпинча шу каби ёқимсиз иборалар тилга олинади. Бурунди термаси эса ҳаттоки, Африка Миллатлар кубоги учун ҳам ҳақиқий экзотика ҳисобланади. Шундай жамоа ўз тарихида илк марта қитъа чемпионати финал босқичига йўл олди. Боз устига, бурундиликлар таркибида Пьер-Эмерик Обамеянгдек голеадори бор Габон миллий жамоасини саралаш довонида қолдириб кетишди. Хуллас, навбатдаги Африка Миллатлар кубоги саралаши ҳам соф сенсациядан холи бўлгани йўқ.

Фуқаролар уруши асорати

Бурунди - Шарқий Африкада жойлашган мўъжаз мамлакат. Танганьика кўли соҳилига туташ давлат охирги вақтларда хабарлар оқимига у қадар кўп тушаётгани йўқ, халқаро можаролар манбаи ўрнида кўрсатилмаяпти. Аммо бу ҳолат Бурундида барчаси тартибга солинганини англатмайди асло. Оддий битта факт: бу мамлакат инсон тараққиёти индекси (БМТнинг ривожланиш дастури учун қабул қилинган расмий термин) бўйича эта жаҳонда 185-ўринда бормоқда. Ушбу рейтингга 189та мамлакат киритилганини ҳисобга олиб, мамлакатдаги умумий ҳолатни тасаввур қилиб олиш мумкин. Бурунди ҳаттоки, уруш домида қолган Сурия ва Яман, иқтисодий-сиёсий можаролардан безиган  Ироқ ва Фаластиндан ҳам орқада. Ваҳоланки, ҳозирда мамлакат урушлар гирдобидан чиққан. Лекин Бурунди ўтган асрнинг 90-йиллари фуқаролар урушидан катта жабр кўрган. Ўшанда тутси ва хуту халқлари ўртасида оммавий келишмовчиликлар юзага келганди. Тўғри, уруш оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар сони қўшни Руандада ҳалок бўлганлардан анча кам. Аммо талофат кўлами жуда катта, барибир: БМТ маълумотига таянсак, тушунарсиз уруш мамлакатда чамаси 300 минг киши ҳаётига зомин бўлган. Хуллас, геноцид (қирғинлик) факти БМТ томонидан тасдиқланган ва  мамлакат ҳудудига халқаро армия олиб кирилган. Ҳа, шу аралашув билан умумий ҳолат ўнгланган бўлсада, жанговар ҳаракатлар асорати ҳали буткул йўқотилмади, маҳаллий шароитда бунга анча вақт керак. 2003 йили жангари гуруҳлардан бири етакчиси президент лавозимини эгаллади ва мамлакатни ҳамон у бошқармоқда.

Бурундида чуқур инқирознинг бошқа аломатлари ҳам бор. Мамлакатни бошқараётган партия - «Демократия ҳимояси учун миллий конгресс» аъзоси халқга «ҳар бир душман бошини олиш ва жасадини дарёга ташлаш» ҳақида видеомурожаат йўллаганидан кейин яна нима дейиш мумкин?

Футболнинг умумий ҳолати

Барча соҳаларда оқсаётган мамлакатда футбол инфратузилмаси қандайлигини тасаввурга келтириш унча қийин эмас. Ҳа, Бурунди футболидаги ишларга ҳам сира ҳавас қилиб бўлмайди. Мамлакат миллий жамоаси уй учрашувларини энг йирик шаҳар - Бужумбурдаги «Шаҳзода Луи Рвагасор» стадионида ўтказади. Муҳими, бурундиликлар 22 март куни Габон термасига қарши кечган ўйинни узоқ вақт эсдан чиқармасликлари тайин. Ўша оқшом стадион барча мухлисларни ўз бағрига сиғдиролмади, камтарин жамоа эса 1:1 ҳисобини сақлаб қолиш асносида бўлажак Африка Миллатлар кубоги йўлланмасини қўлга киритди. Табиийки, жафокаш халқ билан лиқ тўлган трибуналар мезбонларга катта мадад берди ва камтарин жамоа аъзолари миллат қаҳрамонларига айланишди. «Арсенал»да тинмай гол ураётган бечора Пьер-Эмерик Обамеянгга эса ачиниш мумкин. У Габон термасини турнирнинг финал раундига олиб чиқиш учун тинмай югурди, жонини жабборга бериб ҳаракат қилди, аммо бундан натижа чиқмади: ўйин бурундиликларни тўлиқ қаноатлантирган ҳисобда тугади. Габонликлар дарвозасини 75-дақиқада нишонга олган Седрик Амиссини ҳам алоҳида мақташ жоиз. Саудия Арабистонининг «Ал-Тавон» клубида ўйнайдиган футболчи тўпга бир тегинишда яхшигина зарба йўллади ва шу гол Бурунди термаси тарихида янги саҳифа очди.

Тарихий натижага эришган жамоанинг аксарият футболчилари бошқа мамлакатлар чемпионатларида тўп суришади. Аниқроқ айтсак, Бурунди термаси таркибида Кения ва Замбия клубларида фаолият юритувчи 3 нафардан ўйинчи бор. Шунингдек, Уммон, Эфиопия, Свазиленд ва ҳаттоки, Руанда чемпионати вакилларини кўриш мумкин. Легионерлар орасида иккиси алоҳида ажралиб туради - Гаэль Бигириман («Хайберниан», Шотландия) ва Саидо Берахино («Сток Сити», Англия). Улардан иккинчиси анча машҳур. Ҳар ҳолда, Саидо АПЛда ўйнаш тажрибасига эга. Дейлик, у мавсум-2014|2015да «Вест Бромвич» учун 14та гол уриб, кенг омма эътиборини қозонганди. Қизиқ, Берахино Бурунди термасида қандай пайдо бўлди? У вақтида Англиянинг турли ёш тоифасидаги терма жамоаларида яхшигина статистика қайд этган - 48та ўйинда 24та гол. Кўпчилик ўша пайт Саидони олдинда ёрқин келажак кутаётганини тахмин қилгани ҳам рост. Бироқ иқтидорли кўринган ҳужумчи кейинчалик бирин-кетин турли ва адоғи йўқ можароларга аралашди. 2016 йилнинг кузида эса ҳаттоки, допинг қабул қилгани учун футболдан ярим йилга четлаштирилди. Англия ўсмирлар ва ёшлар термаларида бинойидек ўйнаган, аммо миллий жамоа либосини бирор марта киймаган Берахино ўшанда барчаси уюштирилганини айтиб, ўзини оқлашга уринганди: «Допинг воситасини билмасдан қабул қилганман. Шунчаки, тунги клубда ичимликка қўшиб қўйишган...». Дисквалификация муддати якунига етгач, Саидо клуб футболида ўта узун голсиз серияга йўлиқди - нақ 2,5 йил давомида рақиблар дарвозасига йўл тополмади. Энг ажарланарлиси, ҳужумчи ўтган йилнинг кузида қандайдир 40-45 кун оралиғида 3 марта оталик бахтини туйди. Тўғрироғи, деярли бир вақтда 3 нафар аёл уни чақалоқ билан сийлади. Охирги можаро эса бир ойча муқаддам кузатилди: Берахино Лондонда эрталабки соат 3да маст ҳолда автомобиль бошқаргани ва суръатни меъёридан оширгани учун ҳисбга олинди. Футболчи ўз хатти-ҳаракатини босқинчи ўғрилар гуруҳи таъқибидан қочиш учун автомобилга мажбуран ўтиргани билан изоҳлади. Лекин полиция зўравонларни топгани йўқ, аксинча, машина ичида маст футболчидан ташқари, бир эркак ва бир аёл бор эди.

Берахино айни шундай можароли воқеалар таъсиридами, ўтган кузда кутилмаганда, футбол фуқаролигини алмаштирди - инглизлардан воз кечиб, Бурунди термаси либосини кийди. Шу тариқа сентябрь ойидаёқ АФК аъзоси таркибида дебютини нишонлади. Ҳозирга қадар эса 5та ўйинда иштирок этиб, Бурунди термасидаги голлари ҳисобини ҳам очди.

ус

Бурундича қўполлик. Ўтган ёз Бурунди ёшлар терма жамоаси вакилининг битта хатти-ҳаракати тезда бутун дунёга ёйилди. Аниқроғи, Бурунди - Танзания учрашувидан олинган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда худди ўткир вирус каби роса «айланди». Видео жангари фильмни эслатиб юборади: бурундилик футболчи рақиб сардорининг нафис финтига жавобан аввалига унинг бошига оёғи билан зарба беради, кейин йиқилган ёш ўйинчини тепкилайди. Бу лавҳа ижтимоий тармоқларда 3 миллион мартача томоша қилинди. Энг қизиғи, ҳакам қоидабузар футболчига қизил бир четда турсин, сариқ карточка ҳам бермаган... Дарвоқе, Африка Миллатлар кубоги финал раундига йўл олган «кичик» жамоалар қаторида Танзания термаси ҳам бор. Демак, бурундиликлар ва танзанияликлар юқори доирада ҳам ўзаро тўқнаш келишлари ҳеч гап эмас.

Ҳисоб бўйича 32-Африка Миллатлар кубоги турнири Миср стадионларида ташкиллаштирилади. Муддат: 2019 йил 21 июнь - 19 июль. Амалдаги чемпион - Камерун термаси. Турнирда 3та жамоа дебют қилади - Мадагаскар, Бурунди ва Мавринатия.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz