Қайднома

Қидирув

Алибоев ва «Сеул» Бардам

Алибоев ва «Сеул» Бардам

  09.04.2019 11:19
  0
  595
Алибоев ва «Сеул» Бардам

Аҳмедовсиз мағлубият. «Шанхай СИПГ» клуби 5 апрель куни Хитой Суперлигаси 4-тури доирасида «Чунцин Лифан»ни қабул қилиб, 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Мазкур омадсиз баҳсда Шанхай клуби етакчиларидан бири Одил Аҳмедов иштирок этмади. «СИПГ» кутилмаган мағлубиятдан сўнг турнир жадвалининг 3-поғонасига сурилди.

Алибоев фаол. Жанубий Корея чемпионати олий дивизиони 6-тури ортда қолди. Ҳамюртимиз Икром Алибоевнинг клуби - «Сеул» бу сафар ОЧЛ иштирокчиси «Кеннам»га қарши майдонга тушди. Сеулда бўлиб ўтган баҳсда майдон эгалари 2:1 ҳисобида зафар қучишди. Учрашувни бошланғич таркибда бошлаган Алибоев 90-дақиқада ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди. Унинг 33-дақиқада сариқ карточка олганини ҳам маълумот ўрнида келтириш жоиз. «Сеул» айни пайт 13 очкога эга ва «Ульсан Хюндай» ортидан 2-ўринда бормоқда. Ж.Корея иккинчи дивизионида ўйнаётган Жавлон Иброҳимов «Сувон»нинг «Сеул Е-Ленд»га қарши ўйини (1:1)да тўлиқ 90 дақиқа тўп суриб, биринчи бўлим ярмида сариқ карточка олди.

Денисов айбдор... Россия чемпионати 22-туридан ўрин олган «Краснодар» - «Крилья Советов» учрашуви самараликлар ҳимоячиси Виталий Денисов учун ёқимсиз ҳолда тугади. Аниқроқ айтсак, ҳамюртимиз охирги дақиқада рақиб футболчисини ўз жамоаси жарима майдони ичида йиқитгач, ҳакам «Крилья» дарвозаси томон пенальти белгилади. Натижада меҳмонлар 11 метрли жарима зарбаси самараси ўлароқ, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Виталий ҳафта ўртасида бўлиб ўтган «Оренбург» - «Крилья Советов» ўйини да ҳам тўлиқ 90 ўйнаган ва жамоаси ортга мағлубият (1:3) билан қайтганди. Ўша учрашувда мезбонлар вакили Вадим Афонин 77-дақиқада майдонга тушди. Оренбургликлар 22-тур доирасида кеча «Ахмат»ни қабул қилишди. Россия Премьер-лигасидаги энг фаол легионеримиз Элдор Шомуродов аввалига кубок турнири ярим финалининг биринчи учрашуви («Локомотив» - «Ростов» - 2:2) 73-дақиқасида майдонга тушди. Якшанба куни эса ростовликлар чемпионат доирасида «Уфа»га ютқазишди - 0:1. Ушбу сафар ўйинини бошланғич таркибда бошлаган ҳамюртимиз 79-дақиқада захира футболчиси билан алмаштирилди.

Рашидов йўқ. Португалия Примеросида ишлари сира юришмаётган «Насьонал» клуби 28-турда «Авеш» билан куч синашиб, 0:0 ҳисобига кўнди. «Насьонал» сафида бир порлаган Сардор Рашидов бу сафар захирада қолди. «Насьонал» 28-турдан сўнг атиги 27 очкога эга ва турнир жадвалининг «қора» қисмида бормоқда.

Амалиёт жуда кам. Фозил Мусаев  Япония элит лига 6-турида майдонга тушмаган бўлсада, унинг клуби - «Жубило Ивата» сафарда «Шонан Бельмаре»дан устун келди - 2:0. Япония иккинчи дивизиони иштирокчиси «Ренофа Ямагучи» аъзоси Достон Турсунов аксинча, «Варен Нагасаки» майдонидаги баҳсда тўлиқ вақт ҳаракатланиб, 2:2 ҳисобига озми-кўп ҳисса қўшди, қолаверса, 44-дақиқада огоҳлантирилди. «Ямагата» бу сафар «Токио Верди»ни 2:1 ҳисобида енгди, аммо клуб сафига қўшилган Забиҳилло Ўринбоев яна майдон четида қолди.

«Шаржа» муҳим очколардан мосуво. БАА чемпионати турнир жадвали пешқадами - «Ал-Шаржа» 19-турда «Ажман» меҳмони бўлиб, 0:0 ҳисобини қайд этди. Шаржаликлар шунга қарамай, энг яқин таъқибчи - Ал-Аҳли»ни нақ 9 очко ортда қолдиришмоқда. Эслатиб ўтамиз, пешқадам жамоада ўз ўрнига эга бўлиб улгурган Отабек Шукуров жароҳат туфайли майдонга тушолмаяпти.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz