Қайднома

Қидирув

Жерар Улье: «Мураббий ғоя ўғирлашни билиши керак»

Жерар Улье: «Мураббий ғоя ўғирлашни билиши керак»

  12.04.2019 04:37
  0
  424
Жерар Улье: «Мураббий ғоя ўғирлашни билиши керак»

«Ливерпуль» клуби ва Франция терма жамоасининг собиқ устози Жерар Улье France Football нашрига интервью бериб, жумладан, юқори савияли мураббийни ўртамиёна мутахассисдан нималар ажратиб туриши, ўйинчилар билан муносабатларни йўлга қўйиш усуллари ҳамда футболда бошқаларнинг ғоясини ўғирлашдан кўриладиган фойда ҳақида гапирди.

- Жаҳон даражасидаги мураббий қандай бўлади? Энг аввало, натижалар инобатга олинадими ёки...

- Мураббий нимага керак? Жамоа ғалабаларга эришиши учун. Фақат шундай! Пеп Гвардиола биринчи навбатда ғалабалар ҳақида ўйлайди. Аммо ҳар бир ўйиндан аввал ўйланадиган нарса очколар бўлиши керак. Мисол учун, январь ойи бошида чуқур прессинг ишлатадиган «Ливерпул»га қарши баҳсда (3 январь, «шаҳарликлар» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишган) «Манчестер Сити» ўйини бироз ўзгарди - узоқ масофага йўлланган паслар сони ошди. Натижага эришиш учун шундай қилиш зарур эди. Малакали мураббий муайян бир учрашувга тўғри тактика танлай олиши керак. Умуман, натижалар ҳам ҳаммаси эмас. Айрим жамоалар Чемпионлар Лигасида зафар қучишган бўлсада, ғалабалар ўткинчи эканлиги кўринди, зеро ўйин у қадар ёрқин эмасди. Яъни, ўйинга яхши тактика танлаб, бунинг эвазига муваффақият қозониш мумкин, бироқ шунинг ўзи жаҳон даражасидаги мураббий бўлиш учун етарли эмас.

- Аниқлик киритинг...

- Жаҳон даражасидаги мураббий - бу клуб тарихида ўчмас из қолдирган, жамоа юзини ўзгартирган, оригинал ғоялар қўллайдиган, ўзига хос услубга эга мутахассис. Масалан, Эленио Эррера номи янграганда, дарҳол катеначчо ва либеро атамаларини эслайсиз. Арриго Сакки - бу ҳудудий ҳимоя ва прессинг. Билл Шенкли - «Ливерпуль» ва «Энфилд». Бошқа томондан, Билл ўзгача шахс. Маҳоратли мураббий жамоада ғалабалар учун оптимал муҳит яратади, шогирдларига ҳар дам қувват бахш этади, ўз ғоялари билан футболчиларни руҳлантиради, у гўёки қўмондон, унинг ортидан ҳар қандай жангга тайёр турасан.

- Бугунги кунда «Атлетико»ни бошқараётган Диего Симеонени шу тоифага киритиш мумкинми?

- Ҳа. Моуриньони ҳам. Зеро яқинда кузатилган омадсизликларга қарамай, унинг савияли мураббий экани шубҳасиз. Умуман, айни пайт сайёрамиздаги энг яхшиси Пеп Гвардиола бўлиб турибди. Учинчи мамлакатда ишлаяпти, аммо ҳар ерда биринчи. Ҳамма жойда ўз ғоясини илгари суради, албатта, маҳаллий шароитларга мослашишни ҳам унутмайди. У доимо изланишда. Гвардиола «Барселона»да ишлаганида, Дель Боске унинг услубини ўзлаштирган, шу боис Испания термаси жаҳон ва Европа чемпионатида зафар қучганди. Пеп билан ишлаган барча футболчилар ҳамиша ўсишга эришишган. Яхшиямки, баъзан ютқазиб ҳам туради - гердайишига йўл қўймаслик керак (кулади).

- 1998-2004 йиллар мобайнида «Ливерпул»да ишлагансиз - клуб тарихида ёрқин из қолдиргансиз. Шундай десак бўладими?

- Бундан ҳам каттароқ ютуқларга эришсак бўларди, аммо мен ишлаган пайтда кўплаб футболчилар юлдузлик даражасига чиқишди, клуб тузилмаси нисбатан профессионал тарзда ишлади. 90-йиллар жамоада бўлганлар, Мелвуддаги машғулот базасини кўрганлар нимани назарда тутаётганимни яхши тушунишади. Ўз навбатида, ғалабаларга ҳам эришдик. Энг яхши мақтовлардан бирини «Ливерпул»нинг ўша пайтдаги президенти Дэвид Морсдан эшитгандим: «Сизнинг қўл остингизда жамоа 21 аср футболини кўрсатмоқда!» Ўйлашимча, Майкл Оуэннинг 2001 йили «Олтин тўп»ни қўлга киритиши, Стивен Жеррарднинг дунё даражасидаги футболчи бўлишига ҳам ҳисса қўшдим.

- Буюк мураббий учун нима муҳимроқ: ажойиб тактик бўлишми ёки яхши бошқарувчилик ва ташкилотчиликми?

- Сиз қандай бўлишингиздан қатъи назар, барчаси футболчиларга боғлиқ. Савияли ўйинчиларсиз етук мураббий бўлиш мушкул. Аммо бу ҳам ҳаммаси эмас: ўша савияли футболчилар фақат ўзларини ўйламай, жамоа учун тўп суришлари, шерикларини ортларидан эргаштиришлари, жамоа ютуғи барча ютуқларнинг асоси эканини тушунишлари лозим. Лекин ҳамма ҳар хил - ҳар бир кишига алоҳида муносабат талаб этилади. Карло Анчелотти буни ажойиб тарзда уддаларди: футболчиларга қандай ўйнашни ўргатмасди, шогирдларини ғалаба сари руҳлантиришни ўзининг асосий вазифаси деб биларди. Ўйинчиларга ишонарди, жамоада дўстона муҳит бўлишини назорат қиларди. Зидан ҳам «Реал»да худди шундай сиёсат юритди.

- Ҳар бир кишига алоҳида муносабатда бўлиш осон эмас-ку...

- Одамларни феъл-атворига қараб бир нечта гуруҳга ажратиш мумкин. Асабийлар, нимадир излаётганлар, санъат шинавандалари - бундайлар зиммасига ортиқча иш юкланса, охири яхшилик билан тугамайди. Аксинча, мунтазам равишда ишонч билдириб, муайян бир қолипга солинмаса, улар майдонда мўъжиза кўрсатишади. Кантона, Ибрагимович ёки Депайни олайлик - уларга ҳеч кимнинг сўзи ўтмайди, ўзларини яхши кўришади. Бундай футболчиларни омма олдида асло танқид қилиб бўлмайди - йўқса, бутун жамоага таъсир ўтказадиган муаммога йўлиқасиз. Улар билан яккама-якка гаплашиш керак. Шунингдек, омма ва матбуотнинг ёқимтойлари ҳам бор. Дейлик, Платини ёки Луис (Фернандес). Бундайларни мақтасангиз - тоғни толқон қилишади. Савияли мураббий айнан шу жиҳатларга эътибор қаратиши лозим. Барчага бирдек эътиборли, сезгир бўлиш керак. Ва энг асосий қоида: футболчи қанчалик буюк бўлмасин, жамоа ва мураббий қарорларига бўйсуниши шарт. Ҳар қандай можаро, турли машмашаларни бошиданоқ бартараф этиш муҳим. Алекс Фергюсоннинг Рой Кин ёки Дэвид Бекхэм билан муносабатлари совуқлашса, мураббий дадиллик кўрсатарди.

- Футболчи қанчалик машҳур бўлса, бу омил мураббийлик соҳасига ўтаётганида шунчалик халал берадими?

- Ҳа, мазкур ҳолатда ўзининг буюк келажагини унутишига тўғри келади. Айримлар мураббийнинг наздида ўта осон бўлган нарсаларни футболчилар бажара олмаётганидан аччиқланишади. Аммо ҳар бир жамоада юлдузлардан ташқари ўртамиёна ўйинчилар ҳам борлиги айни ҳақиқат. Мураббий шогирдига бирор-бир ҳаракатни қандай амалга ошириш кераклигини кўрсатиб беришидан ёмони йўқ. Бу футболчиларнинг жаҳлини чиқаради. Уларга ишониш кифоя - қолганини ўзлари жуда яхши уддалашади.

- Кишининг футболчиликдаги обрў-эътибори мураббий бўлганида ҳам унга ҳамроҳ бўладими?

- Тўғри, футболчиларни сизнинг авваллари қандай обрўга эга бўлганингиз қизиқтирмайди. Эҳтимол, эски даврлардаги нуфуз бир-икки ҳафта иш берар, аммо бу ҳол абадий давом этмайди. Баъзан эса сизнинг қандай футболчи бўлганингизни тушунмайдиганлар ҳам учрайди. Ўйинчиларга ўтмишда шуҳрат қозонган шахс эмас, мураббий керак. Илк ойларда зарур чоралар қўллай олмасангиз, ишингиз пачава.

- Биринчи навбатда жамоа етакчилари билан муносабатни яхшилаш керакми?

- Якуний натижа айнан етакчиларга боғлиқ бўлади. Шу боис, албатта, уларга ўзгача муносабат зарур. Эркалатиш, рағбатлантириш ёки мақташни меъёрдан ўтказиб юбориш ярамайди.

- Ҳозирги авлод вакиллари ҳам шундай муносабатни талаб қиляптими?

- Худди шундай. Бугунги футболчилар сабрсиз, нисбатан худбин, ўзига тўқ. Бошқа томондан, улар дангасалик қилишмайди, масъулиятни зиммаларига олишдан чўчишмайди, умумий ишга ҳисса қўшишади. Менимча, Тухель «ПСЖ»да Неймар ва Мбаппе билан гаплашишда тўғри оҳанг ва масофани топа олди. Шу боис йигитлар жуфтликда айнан мураббий таклиф этаётган футболни кўрсатишмоқда. Бунга қарама-қарши мисол ҳам бор. Ажабланарлиси, Моуриньонинг Пог-ба билан муносабатлари бузилди. Португалиялик мутахассис кетиши ҳамоно француз голлар урди, ассистентликни қойиллатди, яна ўз савиясида ўйнай бошлади.

- Машғулотларда етарли даражада синчков бўлмаган бирор-бир футболчини эслай оласизми?

- «Ливерпул»да шунга ўхшаш ҳолат кузатилганди. Бир сафар машғулот пайти Жейми Каррагернинг соатга қараётганини кўриб қолдим. Бу жуда ғалати эди. Чунки жамоада вақт билан иши бўлмайдиган ягона ўйинчи бўлса, у айнан Жейми эди. Гап нимадалигини билишга қизиқдим. Отасини қамоққа олишган экан, учрашувга бориши кераклигини айтди - соат 12дан 2гача. Ўшанда унинг кетишига рухсат бергандим. Натижада кечки машғулотларда, эртасига ҳам у бошқалардан фаолроқ шуғулланди.

- Мураббий энг аввало, тартибли бўлиши керак...

- Худди шундай. Мана, кўпчилик Арриго Сакки ёки Йохан Кройфнинг буюк стратег, буюк тактик эканликларини таъкидлашган, ваҳоланки, улар киришимли, ёқимтой бўлишган. Анчелотти кўп марта Сакки ҳақида шундай фикр билдирган. Кройф «Барса»да ишлаганида, клубга бориб, унинг жамоада қандай муҳит яратгани, футболчиларнинг унга қандай муносабатда бўлишаётганини кўргандим. «Манчестер Сити»нинг ҳозирги ўйинини кузатаётганда, майдонда ўйнаётган, захира ўриндиғида ўтирганларни кўрганда, бу Гвардиоланинг кучи эканлигини тушунаман - жамоани бошқариш, барчасини назоратда ушлаш шундай бўлади. Бу жуда муҳим, ахир улар қийин чемпионатда қатнашишади, уч кун ичида иккитадан ўйинлар ўтказишади. Кимдир жароҳатланади, айримларнинг формаси яхши бўлмайди...

- Машҳур клубда ишлаётган мураббий қанча кўп ғалабаларга эришса, унинг зиммасидаги масъулият шунчалик ортаверадими?

- Ҳа, айрим ўйинларда мағлубият ёки дуранг қайд этилса, ҳамма инқироз ҳақида гапира бошлайди... Раҳбарият бундай ҳолатни жуда оғриқли қабул қилади ва янги мураббий келса, ишончни қозониш учун унинг ихтиёрида олти ой бўлади, бундан кўп эмас. Лекин у ўз ғояларини клубнинг футбол фалсафасига мослаштириш учун вақтга эҳтиёж сезади, барчаси тўғри футболчиларни тўплашга боғлиқ бўлади. Албатта, «Манчестер Юнайтед»га Алекс Фергюсондан кейин ёки «Арсенал»га Арсен Венгердан кейин келиб, кўнгилдагидек ишлаб кетиш осонмас. Бошқа томондан, агар жамоа узоқ вақт ютуққа эришолмаган бўлса-ю, сиз келганингиздан кейин ғалабалар ҳам келса, бу барча учун - ҳам клуб, ҳам ишқибозлар учун ўзига хос кислород бўлади. 2001 йили «Ливерпул»да айни ҳолат менда ҳам кузатилган - мавсумни муваффақиятли якунлагандик. Биз ўша йили УЕФА кубогини қўлга киритганимиз сабабли ҳам тўрт йилдан сўнг «қизиллар» Бенитес қўл остида ЕЧЛда зафар қучишди.

- Сизда машҳур мураббийлар билан суҳбатлашиш тажрибаси бор. Умуман, улар нима ҳақида гаплашишади, мавзу қандай бўлади?

- Ўйин мувозанати, ҳимоядан ҳужумга тезда ўтиш, узоқ давом этадиган мавсумда пасайишларнинг олдини олиш... Эффект хусусида боради суҳбат. Мағлубиятсиз одимлаётган жамоада мотивацияни сақлаб қолиш асосий мавзуга айланади. Алекс Фергюсон шундай деганди: «Жамоа қанчалик муваффақиятли ўйнамасин, ҳар йили ротация қилиш - айрим футболчиларни ўзгартириш шарт. Шундагина динамика сақланиб қолади, сусткашлик кузатилмайди». Унинг қўл остида қандай футболчилар етишиб чиққанини қаранг! Бекхэм, Гиггз, Скоулз... Мураббий қарорининг фойда келтирганини кўринг! Кантона, Шмейхель, Роналду, Руни...

- Буюк мураббийнинг ғоялари ўзига хос бўлиши керакми?

- Бир сафар Фабио Капелло айтганидек, мураббий - ўғридек гап. Аммо у ғояларни ўғирлашдан ташқари, уларни ривожлантиради. 2009 йили Римда ўтказилган «Манчестер Юнайтед»га қарши финал баҳсидан (Чемпионлар Лигаси доирасидаги учрашувда каталонияликлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди) аввал «Барселона» ўтказган машғулот, тактик машқларни яхши эслайман... Бу ажойиб эди! Буларнинг барини Гвардиола эртанги кун қўллашини тушунганман. Бошқаларнинг тажрибасидан ўз ишингизда фойдаланиш мумкин. Ўзгалар ғоясини ривожлантириш, унга ўзидаги ғояларни қўшиш орқали ҳам мураббий ўзининг услубини яратади. Футболда аввал ҳам шундай бўлган, кейин ҳам шундай бўлади.

Хўжа АБДУРАҲМОН тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz