Қайднома

Қидирув

Сардор Азмун: «Ёрдам бериш – реал бурчим!»

Сардор Азмун: «Ёрдам бериш – реал бурчим!»

  12.04.2019 08:51
  0
  216
Сардор Азмун: «Ёрдам бериш – реал бурчим!»

«Зенит»нинг эронлик ҳужумчиси Сардор Азмун Россиянинг championat.com нашрига интервью берар экан, атиги ярим соатда шу қадар ажойиб таассурот қолдирдики, россиялик касбдошимиз бутун фаолиятида илк марта шундай дилкаш  суҳбатдошга дуч келганлигини алоҳида таъкидлаб футболчини мақташдан тийилмади: «Мусобаҳага киришиб кетган Сардор навқирон ҳукмдор ёки саркардани эслатди. Ҳа, форслар шаҳзодасини! Қандайдир 20-30 йилдан кейин унинг юксак минбардан оммага ваъз ўқишини тасаввур қилиш қийин эмас. Ҳозирча Азмун питерликлар сафида майдонга тушиб, фаоллик кўрсатмоқда. ФИФА кунлари туфайли юзага келган танаффус вақтида эса Эронда юз берган кучли табиий офат асоратларини бартараф этиш билан банд бўлди, тошқиндан зарар кўрган ватандошларига имкон қадар ёрдам қўлини чўзди. Ажойиб йигит ва шундай суҳбатдош».

 

«Зенит» ва Бердиев

- Сардор, «Зенит»даги илк 6та ўйинда 7та гол уриб, жамоа рекордини ўрнатдингиз. Бундай юксак натижадан ажабланмаяпсизми?

- Очиғи, рекорд ҳақида ўйламагандим. Гол уриш - ҳужумчининг бош вазифаси. Қолаверса, юқори самарадорлик бутун жамоа хизматининг самарасидир.

- Россиядаги фаолиятингиз бевосита Қурбон Бердиев билан боғлиқ. Агар «Рубин»да молиявий муаммолар юзага келмаганида ҳам, «Зенит»га ўтармидингиз?

- Аслида жамоамни алмаштирганимда молиявий жиҳатларнинг алоқаси йўқ. Ҳар ҳолда, ҳеч қачон моддий манфаатдорликни 1-ўринга қўйган эмасман. Энг муҳими - маҳоратимни ошириш ва юксак чўққиларни забт этиш имконияти. Тўғри, Питерга кўчиб ўтишимни умумий вазият тезлатиб юборди. Лекин «Рубин» билан хайрлашишим эҳтимоли катта эди, барибир.

- Қизиқ, Бердиев билан охирги ўзаро суҳбатингиз қандай оҳангда кечди?

- Мутлақо дўстона оҳангда гаплашдик. Мураббий «Зенит»да ўзимни қандай тутишим ва ўйнашим кераклиги ҳақида баъзи тавсиялар бердики, уларни хотирамга мустаҳкам жойлаб олдим. Чунончи, Қурбон оға ўгитларини юксак қадрлайман. Бердиев мени илк марта Эронда учратганида жуда ёш йигитча эдим. Ҳарқалай, савиям Россия Премьер-лигасида ўйнашга асло жавоб бермасди. Шунга қарамай, Қурбон Бекиевич менга ишонди, ўйинчи сифатида юксалишимда кўп меҳнат қилди. Умуман, бошидан менга ўзгача муносабатда бўлди. Ўз навбатида, ғамхўр мураббийга шунга яраша муносиб жавоб қайтариш ҳаракатида тинмай шуғулландим, бор эътиборни футболга қаратдим. Хуллас, Бердиевни шунчаки, устоз эмас, энг яқин қадрдоним ўрнида кўраман. Албатта, хайрлашиш осон бўлмади. Бироқ илож қанча, ҳаётнинг ўзи шундай...

- Хўш, Бердиевнинг сизга берган асосий сабоғи нима?

- Биринчи навбатда айтишим керак, у ўзлигимни англатди, шахс сифатида шаклланишимга беминнат ёрдам берди. Булар ўз касбим, кишиларга муносабатим ва майдон ташқарисидаги феъл-атворимга тааллуқли.

- Қурбон Бекиевич 2 йилча олдин сизнинг юлдузлик хасталигига чалинганингиз ҳақида афсусланиб гапирганди. У нечоғли ҳақ эди?

- Ҳа, у айни ҳақиқатни айтганди. Мен эса ҳақиқатни ҳеч қачон инкор этмайман, хусусан, мураббий танқидини ҳам тўғри қабул қилдим. Муҳими, шу аччиқ гаплари билан шахс ва футболчи сифатида яна олдинга қадам ташлашимга туртки берди. Қурбон Бекиевич менга таъсир ўтказиш мақсадида ошкора танқид қилганини ҳам тушунаман. Менимча, ёшликдаги озгина муваффақият ортидан босар-тусарини билмай қолиш ҳолати барча футболчиларда юз берса керак. Муҳими, спортда нимагадир эришишни истар экансиз, ўзингизни қатъий назорат эта билишингиз зарурлигини тўлиқ англадим.

- «Рубин»дан «Ростов»га ўтганингизда полиция ходимлари меҳмонхонада сизни трансфер борасида сўроққа тутишганди. Ўша воқеалардан асабийлашмадингизми, атрофингиздаги гап-сўзларнинг салбий таъсири билинмадими?

- Йўқ, асло хавотирланмадим. Чунки қонунга зид иш тутмаганимни яхши билардим. Текширувларни ким уюштиргани ва унинг сабабини тушунтириб берадиган одам борми? Нима, мени қўрқитмоқчи бўлишдими? Яхшики, барчаси ўз ўрнига тушди. Ўзи ҳеч ким ва ҳеч нарсадан қўрқмайман. Фақат ёлғиз Яратгандан қўрқаман, яқинларимни йўқотишдан ҳам.

- ЖЧ-2018дан кейин қўққисдан терма жамоадаги фаолиятингизни якунлаганингизни маълум қилдингиз. Кейин яна қайтдингиз. Қарорингиз тезда ўзгарганини қандай изоҳлайсиз?

- Ўта муҳим сабаб шунга мажбур этди. Кетиш арафасида бош мураббий билан бир неча марта суҳбатлашдим. У мени тушунди. Кейин вазият ўзгаргач, қайтдим. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, лекин барчасини достон қилишдан маъно йўқ.

Суҳбат жараёнида Сардорнинг Голестандаги қутқарув ишларида иштирок этганини четлаб ўтиш иложсиз эди. Офатга йўлиққан кишиларни қутқариш жараёни ҳақидаги гаплар уни тўлқинлантириб юборди ва диалог монологга айланди. Яъни Азмун барчасини куйиниб ҳикоя қилди:

- Аслида фалокат юз берган паллада уни бартараф этишга масъул мансабдор шахслар қандай иш тутишларини кузатмоқчи бўлдим. Аммо ўша заҳоти ёрдамга шошилиш зарурлигини тушундим ва Голестанга жўнадим. Йўқ, қандайдир қаҳрамонлик кўрсатиб, ўзимни овоза қилиш эмас, бу инсоний реал бурчим эканлиги учун. Шукрки, юртдошларим мени яхши кўрадилар. Демак, таҳликали ҳолатда хавфни бартараф этиш масаласида намуна кўрсатишим шарт эди. Муҳими, қутқарув ишларига қўшилганимдан кейин кўпчилик кескин фаоллашди. У ерда қандай ишлаганимиз ва неча кишини қутқарганимиз хусусида эса гапиришни истамайман. Голестан - уйимиздан тахминан ярим соатли йўл оралиғидаги мўъжаз шаҳарча, одамлари хушмуомала, одобли.

- Сув тошқини асоратларини бартараф этиш - хатарли юмуш. Унга қўл уришдан аввал клуб раҳбарларидан рухсат сўрадингизми?

- Албатта, хавф-хатар эҳтимоли йўқ эмасди. Афсуски, 6 киши ҳаётдан кўз юмди. Бироқ ҳеч қанақасига бир четда жим туролмасдим. Ахир ўша шаҳарча фуқаросиман-ку. Клуб раҳбарияти бу борадаги аҳдимни маъқуллади. Зеро, ҳамшаҳарларим бошларига мусибат тушган, уларга ёрдам беришим зарур эди.  Шунингдек, энди жамоамиз мутасаддиларидан ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат кўрсатишни илтимос қилмоқчиман.

- Табиий офатдан жабр кўрганларга моддий томондан ҳам ёрдам бердингизми?

- Маблағ ҳақида гапиришим ортиқча. Ниманидир берган ёки берадиган бўлсам, барчасида бурчимни адо этиш умиди яширин. Қолаверса, баъзан кишилар моддий бойликдан кўра, самимий ҳамдардлик изҳорига кўпроқ эҳтиёж сезадилар.

Жаъфархон БОБОХОНОВ тайёрлади. 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz