Қайднома

Қидирув

«Пахтакор»нинг ҳужум сиймоси (3-қисм)

«Пахтакор»нинг ҳужум сиймоси (3-қисм)

  13.04.2019 01:24
  0
  320
«Пахтакор»нинг ҳужум сиймоси (3-қисм)

Хабарингиз бор, газетамизнинг аввалги сонларида «Пахтакор»нинг ўтмишдаги етук футболчиларидан бири - Владимир Фёдоров ҳақида мақола чоп этилди. Бугун ҳам ушбу материалнинг навбатдаги қисмини сиз азизлар билан баҳам кўриб, маҳоратли ҳужумчининг фаолиятига назар ташлашда давом этамиз.

(Давоми. Бошланиши аввалги сонларда)

--------------------------------------------

1976 йилнинг 20 мартида Фёдоров яна бир ўртоқлик ўйинида Собиқ иттифоқ термаси либосида майдонга тушди, рақиб - Аргентина миллий жамоаси. Учрашув Киевда, 32 минг мухлис гувоҳлигида ўтди. Мазкур баҳсни «Футбол-хоккей» нашри журналисти М. Михайлов қуйидагича тасвирлаганди: «Ўйин Собиқ иттифоқ термасининг шиддатли ҳужумлари билан бошланди. 2-дақиқадаёқ меҳмонлар ҳимоячиси Альберто Тарантини акробатик услуб эвазига жамоасини муқаррар голдан сақлаб қолди. Кейинги дақиқаларда ҳам аргентиналиклар асосан ҳимояланишди, аммо голдан дарак бўлмади. Ҳар доимгидек, Ловчев гол уришга астойдил интилди, Маховиков рейдлар уюштирди, Сахаров, Фёдоров ва Минаев кучли зарбалар йўллашди. Бироқ буларнинг барчаси индивидуал ташаббус эди, жамоавий ўйиндан эса асар ҳам йўқ...»

Натижада Фёдоров яна бир бўлим ҳам ўйнамай, 46-дақиқада Олег Блохинга ўрнини бўшатди. Бу пайтга келиб Собиқ иттифоқ термаси 0:1 ҳисобида ютқазаётган, мазкур ўйинчи алмаштирилиши орқали аргентиналиклар дарвозаси олдида кўпроқ хавфли вазиятлар яратиш режалаштирилганди. Ўйин чиндан ҳам кескин тус олди, лекин жавоб голи барибир йўлланмади. Меҳмонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.

24 мартда Фёдоров Софияда Собиқ иттифоқ термасининг навбатдаги ўртоқлик баҳсида Болгария жамоасига қарши тўп сурди. Бу сафар у ўйин охирида - 85-дақиқада Олег Блохиннинг ўрнига майдонга тушди. Бу пайтга келиб иттифоқчилар 3:0 ҳисобида олдинда боришаётгани сабабли, бу ўзгариш рамзий маъно касб этди. Блохин ўз сўзини айтиб (81-дақиқада учинчи голни урганди), шу боис дам олишни хоҳлагандек эди. Лобановский эса унинг хоҳишини бажарди.

Кейинчалик Фёдоров термадаги ўрнини сақлаб қолгани ҳолда, Монреалдаги Олимпиадага борди. Тўғри, аввалига у захирадан ўйинга қўшилди. Дастлаб иттифоқчиларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан тугаган канадаликларга қарши баҳсда қаҳрамонимиз 73-дақиқада Владимир Онишенко (ҳар икки гол муаллифи)нинг ўрнига майдонга тушди. Бу ҳақда В. Винокуров «Футбол-хоккей» нашрида шундай ёзганди: «Бизникилар вақти-вақти билан рақиб жарима майдончасида хавфли вазиятлар яратишди. Фёдоров ўйинга қўшилгач, Минаев билан ажойиб тарзда ҳаракатланди, ҳар икки футболчида тўп киритиш учун имконият бўлди. Аммо голни канадаликлар уришди - ўша куни қойилмақом тарзда тўп сурган Астаповский қўриқлаётган дарвоза ишғол қилинди. Рақиблар сардори Дуглас яқин масофадан муваффақиятли зарба йўллади. Ўйин тугашига икки дақиқа қолганда, канадаликларда яна бир қулай вазият вужудга келди - бироқ ҳимоячиларимизнинг чаққонлиги сабаб, Астаповскийнинг устидан ошириб йўлланган тўп тўрга бориб тушмади...»

КХДР термасига қарши кечган баҳсда Фёдоров 66-дақиқада Леонид Бурякнинг ўрнига майдонга тушди. Собиқ иттифоқ жамоаси бу сафар ҳам ғалаба қозонди - 3:0. Фақат Эрон билан кечган ўйиндагина Фёдоров 90 дақиқа тўп сурди. Яна иттифоқчилар зафар қучишди - 2:1.

Ярим финал доирасидаги ГДР термасига қарши баҳсда эса Собиқ иттифоқ жамоаси мураббийлари Фёдоровни 71-дақиқада Владимир Онишенконинг ўрнига майдонга туширишди. Иттифоқчилар мазкур учрашувда 1:2 ҳисобида ютқазиб, финалга чиқа олишмади. Шунга қарамай, олдинда Бразилия билан бўладиган 3-ўрин учун ўйин кутиб турарди. Бу сафар ҳам мураббийлар Фёдоров эмас, ЦСКАдаги Леонид Назаренкога имконият беришди. У Владимир Онишенконинг ўрнини эгаллади. Ушбу ўзгариш фойда берди. Иттифоқчилар 1:0 (гол муаллифи - Онишенко) ҳисобида ғалаба қозонишаётган паллада, ўйиннинг 40-дақиқасида майдонга тушган Назаренко 9 дақиқадан кейин ҳисобдаги фарқни оширди - 2:0. Учрашув айнан шундай кўринишда якунланиб, Собиқ иттифоқ термаси бронза медалларига сазовор бўлди. Шу тариқа Владимир Фёдоров икки ой ичида иккита медал соҳибига айланди - «олтин» (ёшлар ўртасидаги Европа чемпионати) ҳамда «бронза» (Олимпиадада 3-ўрин). Натижада қаҳрамонимиз Олимпия ўйинларида совриндор бўлган ўзбекистонлик ягона футболчи бўлди.

Бу пайтга келиб, Фёдоровнинг қадрдон клуби «Пахтакор»нинг ишлари юришмаётганди. Июнь ойи охирларида тошкентликлар Кемеровонинг «Кузбасс» жамоасига ютқазишгач (0:2), бош мураббий Анатолий Башашкин истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнига эса Геннадий Красницкий тайинланди. Шундан кейин «Пахтакор» дастлабки бешта ўйинда учта дуранг ва икки ғалаба қайд этди. Бу пайтга келиб Фёдоров 5та гол билан тошкентликларнинг асосий тўпурари бўлиб турганди. Мавсум якунида ҳам шундайлигича қолди: унинг голлари сони эса 16тани ташкил этди. У кейинги ўйинларда рақиблар дарвозасини ишғол қилганди: «Спартак» (Оржоникизевск, 4:0, Фёдоров «дубль» расмийлаштирди), «Кубань» (Краснодар, 6:0), «Колхозчи» (Ашхобод, 2:1), «Терек» (Грозний, 2:2), «Эльбрус» (Нальчик, 4:1, Фёдоров иккита гол урди), «Даугава» (Рига, 2:1), «Нистру» (Кишинёв, 2:3), «Спартак» (Ивано-Франковск, 4:0), «Рубин» (Қозон, 2:2).

Фёдоровнинг ажойиб ўйини (у ҳаттоки, Собиқ иттифоқнинг энг яхши 33 футболчисидан бири бўлган, одатда, бу рўйхатдан олий дивизион вакиллари жой олишарди) «Пахтакор»-нинг элитада «жон» сақлаб қолиши учун етарли бўлмади. «Пахтакор»нинг «Металлург» (Запорожье)га қарши ўйини (0:1)дан сўнг журналист В. Асаулов шундай ёзганди: «Мазкур баҳс «Пахтакор» икки футболчи - Ан ва Фёдоровга боғланиб қолганини кўрсатди. Михаил тўп учун курашда ўйин қоидасини бузиб, ўша вазиятда жароҳат олиб майдонни тарк этгач, тошкентликлар ўйини буткул йўқолди. Фёдоров яна якка қолди. Тўпни эгаллаш мақсадида ҳужум чизиғининг ҳар бир қисмида астойдил интилди, бор кучини сарфлади...»

«Пахтакор» мавсум-77га янги мураббий билан кириб борди - ишдан бўшатилган Геннадий Красницкийнинг ўрнини Александр Кочетков эгаллаб, деярли аввалги таркибни сақлаб қолди. Ўша мавсум биринчи лигада қатнашган Москванинг «Спартак» клуби (Симферополнинг «Таврия»си ҳам) элита йўлланмаси учун курашда «Пахтакор»га асосий рақобатчи бўлиши кутилганди.

Тошкентликлар мавсумни жуда яхши бошлашди - дастлабки тўртта ўйиннинг барчасида ғалаба қозонишди. Фёдоров эса биринчи ўйиндаёқ гол урди - Свердловскнинг «Уралмаш» жамоасига қарши баҳс (4:0)нинг 12-дақиқасида муваффақият қозонди. Тўғри, кейинги бир ярим ойни голсиз ўтказди. Мавсумдаги иккинчи тўпни эса 20 май куни Грознийнинг «Терек» жамоасига қарши Тошкентда кечган ўйин (2:0)да киритди. Бундан аввал эса «Пахтакор» Москвада принципиал рақиби «Спартак»ка қарши ўйнаган, учрашув 1:1 ҳисобида якунланганди. Ушбу ўйинда ўзбек жамоасининг ягона голига А. Могильний муаллифлик қилганди (дарвоқе, бу унинг ўша мавсумдаги ягона голи эди).

Турнирнинг яна бир фаворити - Симферополнинг «Таврия» клубига қарши баҳсда ҳам «Пахтакор» дуранг (0:0) қайд этди, бу гал ҳам сафарда ўйнади. Фёдоров эса яна принципиал учрашувда ўзини кўрсатолмади. Умуман, мавсум-77 унинг учун омадли ўтган, дейиш қийин. Буни тошкентликларнинг мураббийи А. Кочетковнинг сўзлари ҳам тасдиқлаб турибди: «Фёдоров учун мавсум у қадар яхши ўтмади, аммо жамоага ёрдами тегди...» Бу ёрдам 9та гол билан изоҳланганди.

Юқори икки ўрин тақдири турнир финишига яқин қолганда ҳал бўлди. Мусобақа тугашига иккита тур қолганда «Спартак» (Москва) очколар бўйича етиб бўлмайдиган даражага чиқди. Кейинги турда эса Ашхободда «Колхозчи» билан 0:0 ўйнаган «Пахтакор» ҳам асосий таъқибчиларни сезиларли фарқ билан ортда қолдирди.

«Пахтакор» мураббийининг гап-сўзларига қарамай, Собиқ иттифоқ термаси устозлари - В. Лобановский ва О. Базилевич Фёдоровнинг хизматидан фойдаланишда давом этишди. Таъкидлаш жоизки, ўша кезлари Собиқ иттифоқ таркибининг 90 фоизи «Динамо» (Киев) футболчиларидан ташкил топган (мазкур клубни айнан термада ишлаётган мураббийлар бошқаришарди), фақат айрим ўйинчиларгина бошқа клублар вакиллари ҳисобланишарди. Владимир Фёдоров «Пахтакор»дан, Шота Хинчагашвили ва Давид Кипиани «Динамо» (Тбилиси)дан, Евгений Ловчев «Спартак» (Москва)дан, Александр Минаев ва Александр Максименков «Динамо» (Москва)дан чақирилганди. Айтганча, Лобановский Фёдоровдан Киевга кўчиб ўтиб, ёрқин келажакка замин ҳозирлаши лозимлигини айтганда, қаҳрамонимиз таклифни рад этиб, фақат «Пахтакор»да тўп суришини таъкидлаган. Бундай фидойилик ҳурматга лойиқ, ваҳоланки, аксарият футболчилар етакчи клубларга ўтиб кетишни оддий ҳол сифатида қабул қилишарди.

Мавсум-77да (март - июль) Фёдоров Собиқ иттифоқ термасида (у пайтлари жамоани Никита Симонян бошқарган) 6та ўйин ўтказганига қарамай, гол уролмади. Дастлаб 20 март куни меҳмонда Тунис термасига қарши ўртоқлик баҳсида майдонга тушди. 79-дақиқада ўрнини ЦСКА вакили Александр Тархановга бўшатиб берди. Бу пайтга келиб ҳисоб иттифоқчилар фойдасига 2:0 бўлиб турганди. «Советский спорт» газетаси ўша беллашув ҳақида шундай ёзганди: «Собиқ иттифоқ термаси ўйинни бироз секин бошлади. Биринчи навбатда ноқулай об-ҳаво шароити халал берди. Ўша пайт Шимолий Африкада жойлашган бу мамлакатда 27 даража иссиқ ҳукм сурарди. Бироқ кўп ўтмай, иттифоқчилар шароитга мослашиб, бир нечта ҳужумлар уюштиришди. Майдон эгалари дарвозаси мунтазам «ўқ»қа тутилди: Блохин, Максименков, Онишенко, Фёдоров зарба йўллашди. 27-дақиқада Максименков ва Минаев томонидан амалга оширилган комбинация гол билан якунланди...»

Туниснинг ТАП номли ахборот агентлиги эса ўйин ҳақида қуйидагича фикр билдирганди: «Блохин, Онишенко, Максименков, Фёдоров ва уларнинг шериклари ўз ўйинлари билан Собиқ иттифоқ футбол мактаби бугунги кунда Европада энг яхшиларидан бири эканини кўрсатишди».

23 март куни Белградда яна бир ўртоқлик учрашуви ўтказилди - Собиқ иттифоқ - Югославия. Бу ўйинда Фёдоров тўлиқ 90 дақиқа ўйнади. Журналист О. Кучеренко («Советский спорт»)нинг мазкур ўйин ҳақидаги таассуротларига назар ташласак: «Сўзсиз, Собиқ иттифоқ термаси сўнгги йиллардаги энг яхши ўйинларидан бирини кўрсатди. Авваллари таркибимизда учрашув тақдирини якка ўзи ҳал қиладиган индивидуал маҳорат эгалари етишмасди. Аммо бу нохуш дамлар ортда қолаётгандек. Ҳар ҳолда, марказ ва ҳужум чизиғида тўп сурган олтилик - А. Максименков, А. Коньков, Л. Буряк, Д. Кипиани, В. Фёдоров, О. Блохин — биргаликда ва якка тарзда юқори техника соҳиби эканликлари, самарали ҳужум уюштира олишларини кўрсатишди. Айниқса, иттифоқчиларнинг дастлабки икки голи ажойиб чиқди. 42-дақиқада Фёдоров жарима майдончаси ичида турган Блохинни ажойиб узатма билан таъминлади. Терма сардори ва энг яхши тўпурари эса тўпни кўкрагида тўхтатиб, ўзига қулай тарзда ўнглаб, ажо-йиб зарба йўллади. Иккинчи ҳолатда эса Коньков ҳамда Кипиани биргаликда яхши ўйнашди: бири заргарона пас узатди, иккинчиси бу узатмани қабул қилиб, керакли паллада керакли зарбани берди. Ўйинни ўқий олиш, юқори ижро маҳорати - бу самарали комбинацияларни худди шу жиҳатлар билан изоҳлаш мумкин».

Ўша учрашувда Собиқ иттифоқ термаси 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

------------------------------------------

(Давоми газетамизнинг келгуси сешанба сонида)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz