Қайднома

Қидирув

Отабек ВАЛИЖОНОВ: «ЎЗИМНИ ЁЛҒИЗ ҲИС ҚИЛМАЯПМАН»

Отабек ВАЛИЖОНОВ: «ЎЗИМНИ ЁЛҒИЗ ҲИС ҚИЛМАЯПМАН»

  15.04.2019 01:12
  0
  745
Отабек ВАЛИЖОНОВ: «ЎЗИМНИ ЁЛҒИЗ ҲИС ҚИЛМАЯПМАН»

Одатда, ўзбекистонлик футболчиларда хориж клубларига йўл олиш истаги пайдо бўлса, улар асосан Арабистон ва Шарқий Осиё мамлакатлари - Хитой, Жанубий Корея клублари таклифларини қабул қилишади. Кўп ҳолларда эса Россия футболи сари интилишади. Албатта, буни манфаатли моддий шароитлар ҳамда ўз кучини чет элларда синаб кўриш хоҳиши билан изоҳлаш мумкин. Қолаверса, айни пайтга келиб қарийб барча мамлакатларда футбол жадал ривожланмоқда ва ривожланишни мақсад қилган клублар ўз сафига тажрибали легионерларни қўшиб олиши табиий ҳол. Футболи тараққий этаётган ўлкалардан бири ҳисобланган Бангладеш республикасида бир вақтлари Азамат Абдураимов тўпурарлик қобилиятини намойиш этиб, маҳаллий чемпионат рекордини ўрнатгани кўпчиликнинг ёдида. Бир неча мавсумдан буён Бангладешда тўп сураётган ҳамюртимиз Отабек Валижонов ҳам хорижда малака ошириб, имкон бўлса, терма жамоадан таклиф олиш умидида.

 

- Отабек, Бангладешдаги ишларингиз қандай кетмоқда?

- Шукрки, ҳозирча барчаси кўнгилдагидек кечяпти. Бу ерда ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Клуб футболчилар учун ҳамма шарт-шароитларни яратиб берган. Бу борада уларда иш тўғри йўлга қўйилган. Маошлар, мукофот пуллари вақтида берилмоқда. Нолишга ҳожат йўқ. Ўз ўйиним билан мухлислар меҳрини қозонишга астойдил ҳаракат қиляпман.

- Ўзбекистон ва Бангладеш чемпионатларини қисқача таққослаб берсангиз...

- Асосий фарқ, менимча, футболчиларнинг техникаси ва маҳоратида. Ўзбек футболи техник ва тактик футболга асосланган. Футболчилар ҳам шу йўналишда тарбияланади. Бангладешда эса кўпроқ стандарт вазиятлар устида ишланади. Шунингдек, жисмоний тайёргарлик ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мен тўп сураётган BJMC ва бошқа клублар ўз таркибларини Европа ва америкалик кучли легионерлар ҳисобига бойитишган. Улар бемалол маҳаллий футболчиларни ўз ортларидан эргаштира оладилар.

- Клублар инфратузилмаси ва умуман, Бангладешдаги футболга муносабат ҳақида нима дея оласиз?

- Ҳозирги даврга келиб футбол бутун дунё бўйлаб оммалашгани барчага маълум. Ҳатто, кичик-кичик оролларда ҳам у энг севимли спорт турига айланган. Шу маънода айтсак, Бангладешга ҳам миллионлар ўйини бугун ёки кеча кириб келгани йўқ. Бу ерда 90-йилларда Азамат Абдураимовдек машҳур ҳужумчи тўп сурганидан хабардорсиз, албатта. Унинг рекордини ҳали ҳам ҳеч ким янгиламаган. Клубларнинг инфратузилмаси қониқарли. Ўрни келганда айтиб ўтиш жоиз, ўзбекистонлик Алишер Азизов ҳам шу чемпионатда тўп сурмоқда. Фақат жамоаларимиз бошқа-бошқа. Вақт бўлиши билан Алишер ва бошқа ватандошларим билан учрашиб тураман. Қисқаси, ўзимни ёлғиз ҳис қилмаяпман.

- У ёқларда ҳакамлик даражаси қандай? Эътирозлар кузатиладими?

- Ҳакамлик - бизда қандай бўлса, бу ерда ҳам худди шундай. Тўғри, баъзи бир ўйинларда ҳакамликка эътирозлар бўлади. Аммо бу - футболнинг бир қисми. Иш бор жойда албатта, камчилик ҳам учрайди. Умуман олганда, реферилар ўйинларни яхши бошқаришади. Уларнинг устида турадиган назоратчи ва раҳбарлар бор. Агар шубҳали ҳаракатлар кузатилса, шу заҳоти жазога тортилади. Хуллас, тартиб-интизом яхши йўлга қўйилган.

- Жамоангизда сиздан бошқа легионерлар ҳам борми?

- Ҳа, албатта. Таркибда Нигерия, Камерун, Бразилия, Испания фуқаролигига эга футболчилар тўп суришади. Ўйинларда уларнинг устун жиҳатлари яққол кўзга ташланади. Маҳаллий ёшлар эса легионерларни кузатиб, тажриба оширишмоқда.

- Келинг, энди ўзбек футболи мавзусига эътибор қаратсак: хўш, Ўзбекистон Суперлигасининг дастлабки турлари ҳақида фикрларингиз қандай?

- Тўғриси, миллий чемпионатимизнинг бу қадар муросасиз бошланишини кутмаган эдим. Ҳеч қайси жамоа мағлуб бўлишни истамаяпти. Қайсидир маънода, мамлакатимизда футбол янада ўсаётганини кўришимиз мумкин ва бу ҳол албатта, ҳаммани хурсанд қилади. Шу шиддат чемпионат якунигача сақланиб қолса, ўйлайманки, мухлислар яна стадионларга қайтадилар.

- Собиқ жамоангиз - «Навбаҳор»даги ўзгаришларга муносабатингиз?

- «Навбаҳор»нинг дастлабки икки турдаги ўйинини ижтимоий тармоқларда томоша қилдим. Клубда тажрибали мураббий Андрей Канчельскис фаолият кўрсатмоқда. «Локомотив»га қарши кечган учрашувда «лочинлар» жуда яхши ҳаракатланишди, аммо бироз омад етишмади. Боз устига, клубда Наманган аҳлининг ёқимтойлари тўпланишган. Азим Аҳмедов, Жаҳонгир Меҳмоновлар ажойиб ўйин кўрсатишяпти. Менимча, улар биттагина беллашувда ғалабага эришишса, ўзларига ишонч ортиб, натижалар яхшиланиб бораверади.

- Яқинда терма жамоа устози Эктор Купер барча легионерлар назоратимизда, деб айтди. Айтинг-чи, қачондир сизга ҳам эътибор қаратилишига ишонасизми?

- Албатта! Ватан шарафини ҳимоя қилиш - менимча, ҳар бир футболчининг орзуси ва бу спортчини руҳлантирувчи асосий омил! Миллий жамоага таклиф этишса, жонимни бериб ўйнашга тайёрман.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди. 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz