Қайднома

Қидирув

«Қалдирғочлар» парвозига қаранг…

«Қалдирғочлар» парвозига қаранг…

  23.04.2019 01:32
  0
  472
«Қалдирғочлар» парвозига қаранг…

Турнир жадвалининг юқори 3 поғонасига қаранг - «Пахтакор», «Локомотив», «Бунёдкор». Яна пойтахт клублари. Ҳа, «шерлар» ва «темирйўлчилар»­нинг юқорида туришлари кутилган ҳолат эди, аммо кўпчилик «қалдирғочлар»ни анча қийналишларини тахмин қилганди, гарчи жамоада Вадим Абрамов иш бошлаган бўлсада. Демак, Вадим Карленовични олқишлаш керак. «Локомотив», «Бунёдкор» ва «Нав­баҳор»нинг ғалабали одимию, Улуғбек Бақоев «Сўғдиёна»даги ишини ижобий натижа билан бошлагани ҳам эътиборга арзирли воқелик...

 

1-2-КУНЛАР: БАЙРАМ ҒАЛАБА БИЛАН ГЎЗАЛ

Навбатдаги тур байрамона руҳда бошланди: «Андижон»нингуй аренаси - «Соғлом авлод» ниҳоят, мухлисларга яна ўз бағрини очди. Учрашувдан олдин майдони ўзгартирилган стадионнинг қайта ишга тушиши ва Андижондаги очилиш маросими муносабати билан катта байрам уюштирилди. Диққатга сазовор томони, Суперлиганинг дастлабки 4та турида ғалаба нималигини билмаган Элдор Сакаев шогирдлари ҳакамнинг старт ҳуштаги чалиниши билан байрамни майдонга кўчиришди: 1-дақиқа, дастлабки ҳужум ва гол. Бу вазиятда 21 ёшли ҳужумчи Шаҳзод Убайдуллаев қаршилик ҳимоячиларнинг пала-партиш ҳаракатларидан унумли фойдаланди. Шу тариқа янги майдонда очиқ футбол бошланиб кетди. 18-дақиқага келиб, Ҳумоюн Муртазоев «Насаф»нинг расмий ўйинлардаги голлари ҳисобини очди. Ўйин­даги кейинги 2та гол Рўзимбой Аҳмедов номига ёзилди. Хоразмлик ҳужумчи аввалига «Андижон»ни танаффусга 2:1 ҳисобида чиқиб кетишини таъминлади, кейин 57-дақиқада Фарҳод Мираҳматовга нисбатан қоидабузарлик учун белгиланган пенальтидан самара чиқарди. Якунда Ҳумоюн Муртазоев «Андижон» дарвозасини яна бир бора ишғол қилди, фақат ўйиндан ташқари ҳолатдан. Хуллас, «Андижон» байрамга мавсумдаги биринчи ғалабаси билан қўшимча кўрк бағишлади, «Насаф» эса кетма-кет 3-марта мағлубликни тан олди.

«Пахтакор» - «Динамо» ўйинида кутилганидек, мезбонлар устунроқ кўринишди. Бироқ Шота Арвеладзе шогирдлари бу сафар ҳисобни очишда анча қийналишди. Биринчи бўлимда Жалолиддин Машарипов, Фаррух Сайфиев, Драган Черан ва Марат Бикмаевнинг яхши вазиятлардан йўллаган зарбалари бесамар кетди. «Динамо» дарвозабони Шоҳруҳ Эшбўтаев жамоасини бир неча голдан сақлаб қолганини ҳам айтиш керак. Танаффусдан кейин эса «Пахтакор»га дарвоза устуни ва тўсини бир неча марта халақит берди. Бироқ самар­қандликлар охиригача чидай олишмади: Жавоҳир Сиддиқов 76-дақиқада ҳисобни очди. У Жасур Яхшибоевнинг узатмасидан сўнг тўпни боши билан дарвозага йўллади. Орадан кўп ўтмай, Жалолиддин Машариповнинг ажойиб ҳаракати чиройли гол билан тугади: қанотдан жарима майдонига яқинлашиш, дарвозанинг яқин бурчагига кучли ва аниқ зарба ва ҳисоб - 2:0. Шундай қилиб, «шерлар» Суперлигадаги 4-ғалабани расмийлаштириб, Қатар сафарига яхши кайфиятда йўл олишди.

ОЧЛ ўйини арафасида турган яна бир клуб - «Локомотив» ҳам айнан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Фарқли томони шуки, «темирйўлчилар» сафарда ўйнашди ва «Бухоро» дарвозасини биринчи бўлимдаёқ 2 марта нишонга олишди. 15-дақиқа: туркманистонлик Арсланмурат Аманов жарима нуқтасидан кучли зарба йўллагач, Раҳимжон Давронов тўп йўлини тўсолмади. «Локо» 29-дақиқада яна стандарт вазиятдан фойдаланди: бурчак зарбаси амалга оширилгач, Анзур Исмоиловнинг уринишидан сўнг тўп шундоқ Темурхўжа Абдухолиқовга тушди ва у имкониятни кўкка совурмай, чемпионатдаги голли сериясини 4та ўйинга етказди. Қолган вақт давомида «темирйўлчилар» хотиржамликни сақлаган ҳолда, Бахтиёр Ашурматов шогирдларига айтарли имконият беришмади. Андрей Фёдоров жамоаси кетма-кет 4та ўйинда ғалаба қозонганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак.

Жума куни водийнинг яна бир клуби - «Қўқон-1912» ҳам «Андижон» каби мавсумдаги илк ғалабасини нишонлади. Кетма-кет 2та дуранг ва 2та мағлубиятдан ке­йин бош мураббий Нўъмон Ҳасанов анча мураккаб ҳолатда қолган ва Навоийда уни ғалабадан бошқаси асло қониқтирмасди. Ўйин тенг курашлар остида бошланиб, охирги дақиқаларга қадар шу руҳда давом этди. Тўғри, хавфли вазиятлар нисбатан кам кузатилди, аммо майдонда шиддат сезилиб турди. «Қизилқум» биринчи бўлимдаёқ ҳисобда олдинга чиқиб олиши мумкин эди. Лекин 23 ёшли дарвозабон Ислом Абдуллаев бунга йўл қўймади. Ўртадаги 3 очко тақдирини эса Мурод Холмуҳаммедовнинг жарима нуқтасидан урган ягона голи  ҳал қилди. Диққатга сазовор томони, бу гол охирги дақиқага тўғри келди. Ўз ўрнида факт: Холмуҳаммедов мағлубият билан якунланган аввалги 2та учрашувда пенальти орқали гол урганди. У бу сафар ҳам «стантарт»дан фойдаланиб, голли сериясини давом эттириш асносида жамоасига Суперлига-2019даги илк ғалабани тақдим этди.

3-4-КУНЛАР: ЯНГИ «НАВБАҲОР» УСТУН

АГМК - «Бунёдкор» тўқнашуви тажриба ва ёшлик шижоати қарама-қаршилиги сифатида қараш мумкин эди. Унда Олмалиқ клубини асосан собиқ «қалдирғочлар», яъни ўзи яхши биладиган футболчилар ҳисобига шакллантиришга уринаётган Миржалол Қосимов ёшпарвар Вадим Абрамов тактикасига дуч келди. Кучли ёмғир остида кечган учрашувда футбол сифати чакки бўлмади, лекин мухлислар 1тагина гол кўришди. У ҳам кутилмаган зарба ва дарвозабон хатоси самараси. Биринчи бўлим тугашига оз вақт қолганида, Лутфулла Тўраев жарима нуқтасидан узатманамо зарба ижро этди, Акбар Тўраев эса тўпга чиқишда сусткашлик қилди. Айни шу ягона гол Вадим Абрамовнинг шижоати баланд кўринаётган ёш жамоасига ғалаба келтирди. Совринли ўринлар учун курашиши кутилган АГМК эса аксинча, 3-мағлубиятни тан олди.

«Навбаҳор» - «Сурхон». Бу тўқнашувга турнинг марказий ўйини, шунингдек, эски ва янги «Навбаҳор»нинг жанги сифатида қаралди. Шунга яраша майдонда 75-дақиқага қадар тенглик ҳукм сурди. Кейин Обид Жўрабоев ҳисобни очдию, ўйин ритми мутлақо ўзгарди. Яъни Андрей Микляев жамоаси мавсумдаги илк мағлубиятдан қочишга уриниб, олдинга ташландию, «лочинлар»дан яна икки бора «зарба» қабул қилди. Тўғри, Азим Аҳмедов ва Александр Касьян Термиз клуби дарвозасини сўнгги лаҳзаларда ишқол этишди. Факт шуки, «Нав­баҳор» биринчи йирик ҳисобли ғалабани нишонлаб, Андрей Канчельскисни ниҳоят, маҳсулдорлик бобида қониқтирди, «Сурхон» аксинча, илк мағлубият аламини татиб кўрди.

Улуғбек Бақоев «Сўғдиёна»даги дебютини ғалаба билан бошлади. Кетма-кет 3та мағлубиятдан кейин Сергей Лушандан айрилган жиззахликлар янги бош мураббийнинг иши яхши старт олиши учун майдонда борларини беришди. Улар ҳаттоки, рақиб - «Металлург» кучли таркиб ва етук ижрочиларга эгалигидан ҳам ҳайиқишмади. Бунинг самараси ўлароқ, Шоҳруз Норхонов ва Элёр Орифовнинг суперголлари мисолида мукофотланишди. Ҳа, финал ҳуштаги янграшига чамаси 15 дақиқа қолганида, Баҳодир Пардаев ҳисобни қисқартириб, «Металлург»ни ўйинга қайтаргандек бўлди. Аммо мезбонлар бошқа хатога йўл қўйишмади ва 3 очко эвазига турнир жадвалида 12-ўриндан бирданига 8-қаторга кўтарилишди. 

 

«АНДИЖОН» - «НАСАФ» - 3:1 (2:1)

18 апрель. Андижон. «Соғлом авлод» стадиони.

16856 томошабин.

Голлар: Шаҳзод Убайдуллаев (1), Рўзимбой Аҳмедов (40, 57-пен.) - Ҳумоюн Муртазоев (18).

 

 «ПАХТАКОР» - «ДИНАМО» - 2:0 (0:0)

18 апрель. Тошкент. «Пахтакор» стадиони.

7846 томошабин.

Голлар: Жавоҳир Сиддиқов (76), Жалолиддин

Машарипов (81).

 

 «БУХОРО» - «ЛОКОМОТИВ» - 0:2 (0:2)

18 апрель. Бухоро. «Бухоро» стадиони.

13256 томошабин.

Голлар: Арсланмурат Аманов (15), Темурхўжа

Абдухолиқов (29).

 

«ҚИЗИЛҚУМ» - «ҚЎҚОН-1912» - 0:1 (0:0)

19 апрель. Навоий. «Ёшлар» спорт мажмуаси.

2670 томошабин.

Гол: Мурод Холмуҳаммедов (90).

 

АГМК - «БУНЁДКОР» - 0:1 (0:1)

20 апрель. Олмалиқ. АКМК стадиони.

1420 томошабин.

Гол: Лутфулла Тўраев (39).

 

«НАВБАҲОР» - «СУРХОН» - 3:0 (0:0)

21 апрель. Фарғона. «Истиқлол» стадиони.

7122 томошабин.

Голлар: Обид Жўрабоев (75), Азим Аҳмедов (89), Алeксандр Касьян (90}3).

 

«СЎҒДИЁНА» - «МЕТАЛЛУРГ» - 2:1 (1:0)

21 апрель. Жиззах. «Сўғдиёна» стадиони.

2081 томошабин.

Голлар: Шоҳруз Норхонов (26), Элёр Орифов (64) - Баҳодир Пардаев (76).

 

 

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Ҳакамлик? Муртазоев гол урган вазиятда «офсайд» йўқдек кўринди. Тўғри, видеоёзувни ҳали кўрганим йўқ ва бу борада дангал гапиришим ножоиз. Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).

- Ўйин давомида ҳукм сурган муҳит беҳад қувонтирди. Ҳаттоки, футболчилик даврим кўз ўнгимга келиб, майдонга тушиб кетгим келди. Элдор Сакаев («Андижон» бош мураббийи).

- Битта вазиятда эътиборсизликка йўл қўйиб, дастлабки голни қабул қилдик ва бу якунда мағлубиятга етаклади. Даврон Файзиев («Динамо» бош мураббийи).

- Мураббийга шогирдларининг шунча қулай имконият яратиб, ҳаттоки, бўш қолган дарвозани ҳам ишғол этолмаганликларини кўриш оғир... Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).

- 1та ўйинда чиройли ўйин эвазига ғалаба қозониб, иккинчисида мағлубиятга учрайверсак, стадионга мухлислар ташрифи пасайиб бораверади. Демоқчиманки, мухлисларни йўқотмаслик учун чиройли, мазмунли ва сифатли футбол кўрсатишимиз шарт. Бахтиёр Ашуратов («Бухоро» бош мураббийи).

- Ўйин аввалида катта босимга дуч келдик. Муҳими, йигитлар босимни енгиб ўтишди - ғалабамиз асоси шу. Андрей Фёдоров («Локомотив» бош мураббийи).

- Ўйлайманки, энди истеъфога чиқишим ҳақида бош­қа савол бермайсизлар. Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи).

- Ҳакамнинг бўлар-бўлмасга ҳуштак чалиб, ўйинни тўхтатавериши кўпчиликни ғазаблантирди. Қолаверса, меҳмонлар жарима майдончаси ичида икки бора футболчиларимизга нисбатан қўполлик ишлатишсада, рефери бунга эътибор қаратмади... Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи).

- Шогирдларим маош ола бошлашса, бундан ҳам яхшироқ ўйнашади. Вадим Абрамов («Бунёдкор» бош мураббийи).

- Тўғриси, Тўраевдан бунақа хато кутмагандим. Футболда турли вазиятлар бўлади - Тўраев Тўраевга чиройли гол урди. Миржалол Қосимов (АГМК бош мураббийи)

- Дарвозамиз ишғол этилгач, мажбуран олдинга ўтдик ва оқибатда яна жазоландик... Андрей Микляев («Сурхон» бош мураббийи).

- Менимча, бугун олдинга қадам ташладик. Лекин ҳали олдимизда турган ишлар жуда кўп. Улуғбек Бақоев («Сўғдиёна» бош мураббийи).

 

ТУР ҚАҲРАМОНИ - МУРОД ХОЛМУҲАММЕДОВ

Футболда охирги лаҳзаларда урилган гол ҳамиша бошқача қадрланади. Агар у жамоага ғалаба келтирса, қадри ўн чандон ошиб кетиши муқаррар. Хўш, сўнгги дақиқадаги гол жамоага мавсумдаги илк ғалабани тақдим этса-чи? Албатта, бундай гол қадри жуда-жуда баланд. «Қўқон-1912»нинг чемпионатдаги биринчи ғалабасини таъминлаган ҳимоячи Мурод Холмуҳаммедовни тур қаҳрамони сифатида танлаганимиз моҳияти шу. Қолаверса, «Қўқон-1912»да стантарт вазиятларнинг уста ижрочисига айланган ҳимоя­чи Навоийдаги учрашувда орқа чизиқдаги мажбуриятларини ҳам талаб даражасида бажарди.

 

Тур Статистикаси

Ўйин: 7

Гол: 16  (ўртача: 2,28...)

Томошабин: 51251 (ўртача: 7321...)

Мезбонлар ғалабаси: 4

Меҳмонлар ғалабаси: 3

Дуранг: -

Йирик ҳисобли ғалаба: 1 ( «Навбаҳор» - 3:0)

Энг  сермаҳсул ўйин: «Андижон» - «Насаф» (4та гол)

Огоҳлантириш: 33 (ўртача: 4,71...)

Четлатиш: -

Энг «қўпол» ўйин: «Навбаҳор» - «Сурхон» (7та «сариқ»)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Андижон» - «Насаф» (16856)

Пенальти: -

«Дубль»: 1 (Рўзимбой Аҳмедов, «Андижон»)

«Хет-трик»: -

«Покер»: -

Автогол:  -

 

1 Пахтакор                           5              4             1              0             9-3                13

2 Локомотив                        5              4             0              1             10-4             12

3 Бунёдкор                           5              3             0              2             7-6                9

4 Сурхон                               5              2             2              1             5-4                8

5 Металлург                         5              2             1              2             9-6                7

6 Навбаҳор                           5              2             1              2             7-5                7

7 Динамо                               5              2             1              2             4-5                7

8 СўҒдиёна                            5              2             0              3             5-9                6

9 ҚизилҚум                           5              1             2              2             6-8                5

10 Бухоро                              5              1             2              2             4-6                5

11 Андижон                           5              1             2              2             4-7                5

12 ҚўҚон-1912                      5              1             2              2             4-11             5

13 АГМК                                      5              1             1              3             9-7                4

14 Насаф                       5                     1                     1                     3                     6-8                  4

 

Тўпурарлар

Зафар Полвонов (АГМК) - 6та

Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив») - 4та

Шерзод Ҳакимов («Сурхон») - 3та

Драган Черан («Пахтакор») - 3та (1та - пен.)

Александр Касьян («Навбаҳор») - 3та (1та - пен.)

Дилшод Жўраев (АГМК) - 3та (2та - пен.)

Мурод Холмуҳаммедов («Қўқон-1912») - 3та (2та - пен.)...

 

6-тур

26 апрель (жума)

17:30 ДИНАМО - НАВБАҲОР

19:35 НАСАФ - АГМК

19:35 БУХОРО - БУНЁДКОР

27 апрель (шанба)

17:30 СУРХОН - АНДИЖОН

18:30 МЕТАЛЛУРГ - ҚЎҚОН-1912

19:35 ЛОКОМОТИВ - ҚИЗИЛҚУМ

19:35 СЎҒДИЁНА – ПАХТАКОР

Абдураҳмонхўжа АҲМЕДОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz