Қайднома

Қидирув

«Илк ғалаба оқими» ёхуд «Сурхон» ҳам ўзига ўхшамади...

«Илк ғалаба оқими» ёхуд «Сурхон» ҳам ўзига ўхшамади...

  24.04.2019 02:24
  0
  593
«Илк ғалаба оқими» ёхуд «Сурхон» ҳам ўзига ўхшамади...

«Навбаҳор» - «Сурхон» ўйинида ҳисоб 3:0га етгач, шарҳловчи Абдулла Нурмонов «Мана сизга футбол!» - деди чиройли ўйин завқидан. Ўйин якунланиши билан пульт тугмачаси «Футбол 1» телеканалини топди. О, «Эвертон» - «МЮ» учрашувида ҳисоб бундан-да яхшироқ кўриниш олибди - 4:0! Фарғонадаги учрашув танаффусида «Эвертон» 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олганини билгандик. Дарҳол «МЮ» мухлислари ва Дониёрбекни эсладик. Улар ардоқли шоиримиз Рауф Парпининг қуйидаги мисраларини такрорлаётган бўлишса, неажаб?

Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,

Томчилар  томчилаб сочимга.

Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,

Ҳам қайғум, ҳам қувончимга...

Тушунса бўлади. Бу ёқда «лочинлар» ғалаба қозонишди, у ёқда «қизил иблислар» мағлуб...

Юқоридаги сўзларни қоғозга тушуриб улгурмасимиздан «Сўғдиёна» -«Металлург» учрашувини шарҳлаётган Хайрулло Ҳамидов ҳайқирди: «Шоҳруз Норхоновдан ажойиб гол! Параш­ют услубида! Ван Бастен айтганидек, чиройли гол - таваккалчилик маҳсули!»

 

Муҳтарам мухлис! Ўтган ҳафта ниҳоясидаги ўйинлар ҳаяжонини атайлаб яна бир бор ёдингизга солдик. Биламиз, голлар ва «интрига»га бой учрашувлар ҳамон хаёлингизда. Қаранг, «Аякс» бирдан кўпчиликнинг эркатой жамоасига айланди. Шу боисми, айримлар «Бунёдкор»ни «Ўзимизнинг «Аякс», деб суюшмоқда. Голландиялик ёш Маттейс де Лигт евроаренада достон, Жасур Жалолиддинов мамлакатимиз футбол муҳитида машҳур. Андижондаги байрам эса ҳамманинг оғзида. Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов маош олишмаса-да, ғайрат билан тўп сураётган «қалдирғочлар» ҳавасини келтириб, «Андижон»нинг ҳар бир футболчисини 10 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирлади. Халққа қувонч улашишни истаган ва албатта, ўз шаънини ҳам ўйлаган вилоят раҳбарига хос муҳим фазилат бу! Аслида у ҳам «Футболни қўя тур, шунча иш қараб турибди»,- деса бўларди. У ҳолда ўтган мавсум охирида драматик кечган «Андижон» - «Истиқлол» учрашувидаги қийин ва баҳс­ли ғалабанинг аҳамияти қолмасди. Андижонда катта футбол келажагига ишонч йўқоларди. Хуллас, вилоят ҳокими «Андижон»нинг ғалабаси учун нима қилса қилди - пул берди, машина топширди, футболчилар билан ўйнади. Ҳа, ғалаба учун ҳоким ўйнади!

Узр! Яна Хайрулло ҳайқирмоқда. Шоҳруз Норхонов ишини энди Элёр Орифов такрорлади. Қойил! Лекин «Металлург»нинг уйғонмаётгани ғалати. Ахир Бекобод жамоаси сафарда бўлсада, «Сўғдиёна»га босим ўтказишга қодир кучли таркибга эга. Бироз тортиниш бордек «Металлург»да. Меҳмонлар Улуғбек Бақоевни аяшдими?! Йўқ, хайрият, Баҳодир Пардаев гол урди.

Яна аввалги мавзуга қайтамиз. Негаки, ҳокимларнинг футболга муносабатлари Суперлигани қизитмоқда. Ана, Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоровнинг дастлабки 3та турдан сўнг атиги 1 очко билан турнир жадвали қуйисига жойлашган «Навбаҳор» билан шахсан шуғуллангани самара келтирди. Қаршидаги ғалаба - кўпроқ Наманган вилояти ҳокими саъй-ҳаракатлари маҳсули. «Лочинлар» Фарғонада ҳам «Сурхон»га қарши шукуҳ билан ўйнашди. Андрей Канчельскиснинг маҳорати масаласи ўз йўлига. Бизнингча, ғалабада мухлисларнинг чинакам қўллаб-қувватлашлари ва раҳбар олдидаги масъулият ҳиссаси катта. Қолаверса, «Сурхон» ҳам ўзига ўхшамади. Андрей Микляев нималарни ўйлагани бизга қоронғи. Аниғи шуки, воҳа жамоасида ғалабага иштиёқ сезилмади. Жиззахдаги ўйин ҳақида ҳам шунга яқин мулоҳаза билдириш мумкин. Фарқи шундаки, «Металлург» «қуруқ» мағлубиятни истамади. Йўқ, мағлубиятни истамагани тайин, лекин уни тан олди...

Ўйин тугагач, яна «Футбол 1» сари шошдик. Буни қаранг, Александр Елагиннинг эҳтиросли овози янграмоқда: «Один - ноль! Третий гол Жоржиньо Вейналдума в АПЛ!» «Сити» ва «Ливерпуль» «қувди-қувди»си авжида! Майли, АПЛ ўз йўлида давом этаверсин. Биз учун ҳозирча Суперлига таассуротлари муҳимроқ. «Навбаҳор» ва «Андижон» илк ғалабани нишонлагач, мухлислар очиқдан-очиқ гапиришди: «Қараб турасизлар, «Қўқон-1912» ҳам сафарда «Қизилқум»ни енгади. Ғалаба қозонмаган ёлғиз жамоа бўлиб қолишни хоҳламайди!» Охир-оқибат, шу ишонч оқланди. Офарин! Мухлислар Суперлигада кўзга ташланаётган «илк ғалаба зарурати» оқимини пайқашди. Шундай қилиб, Суперлига турнир жадвалида жамоалар бир-биридан кўнгли қолмайдиган ҳолатда. Гўё «Ҳар бир клуб - ўзи ва бошқалар учун!» шиори ҳукм сураётгандек. Шу фаразга асослансак, ғалаба қозониш навбати энди «Насаф»да.

Мулоҳазаларимиз ниҳоясида Жасур Жалолиддинов каби 10-синфда ўқиётган Нурмуҳаммад Машарифхўжаевнинг бир шеърини эътиборингизга ҳавола этамиз. Футбол поэзиясида Ғуломжон Ҳамидов каби ўз ўрнини топишни истаётган ёш истеъдод эгасига омад тилаймиз.

 

Шаффофликни йўқотма, футбол

Майдонларга мухлис шод келсин десанг,

Стадион мухлис билан тўлсин десанг.

Ниҳоллар ҳам кўкка бўй чўзсин десанг,

Шаффофликни йўқотма, футбол!

 

Кўчага чиқ, қара кўпдир иқтидор,

Лекин ҳаммасига етмас эътибор.

Куз каби тўкилма, бўл яшил баҳор,

Шаффофликни йўқотма, футбол!

Футболчи футболга жонини берса,

Майдонда излаган ўйинин кўрса.

Фанатларнинг бахти очиқлик билсанг,

Шаффофликни йўқотма, футбол!

 

Футболга борини беради фанат,

Мудрамагин, бўлди, оламни яшнат!

Мухлисларга кўрсат тоза муҳаббат,

Шаффофликни йўқотма, футбол!

Бошларни оғритар «майда-чуйдалар»,

Бил, бекорчи гаплар вақтингни олар.

Очиқ ўйин мухлис қалбида қолар,

Шаффофликни йўқотма, футбол!

 

Қуёшга қарайман, жим тургани йўқ,

Лекин ерга тушиб ҳам юргани йўқ.

Тириклик ерда бор, қуёшда-чи йўқ,

Шаффофликни йўқотма, футбол!

Ишқингда куйганлар кўп миллиондан,

Сени азиз билар, тандаги жондан.

Инсоф қилгин, сен ҳам чиқма иймондан,

Шаффофликни йўқотма, футбол!

 

Дилларда яшнайди футбол деган ном,

Дум-думалоқ тўп-у, ям-яшил майдон.

Сўзимнинг охирида хулласи калом,

Шаффофликни йўқотма, футбол!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz