Қайднома

Қидирув

Жозе Моуриньо: «Мессидан фақат қафас қутқаради»

Жозе Моуриньо: «Мессидан фақат қафас қутқаради»

  24.04.2019 05:32
  0
  934
Жозе Моуриньо: «Мессидан фақат қафас қутқаради»

Европа ЧЛ чорак финалининг ҳаяжонли спектаклларидан кейин RT нашри журналистлари таҳлилга уста португалиялик мутахассис Жозе Моуриньо ҳузурига ошиқишди. Чунончи, бетакрор ҳиссиётларни «Беназир»нинг «теша тегмаган» иборалари воситасида ифода этиш драманинг давомидек туюлади.

- Айтингчи, шахсан сиз қачондир «Манчестер Сити» -  «Тоттенхэм» баҳсидек ўткир сюжетли драмани томоша қилганмисиз?

- Ҳа, албатта. Тўғри, айнан шундай сценарий асосида бўлган баҳсларни топиш мушкул, аммо ҳаттоки, ЧЛда ҳам ҳайратомуз голлар ва ечимлар билан якунланган беллашувлар кўп кузатилган. Дейлик, «Барселона» томонидан «ПСЖ»га қарши баҳсда амалга оширилган «камбэк»ни мисол сифатида кўрсатиш мумкин. Ўшанда Каталония гранди олдида охирги ярим соатда 3та гол уриш зарурати турганди. Шахсан ўзим  «Челси» бошқарувида айнан «Барселона» тўсиғидан шундай қийинчилик билан ўтганман. Демоқчиманки, бундай эҳтиросларга бой ўйинлар ўта йирик турнирларга ҳам бегона эмас. Дастлабки учрашувлар якунлангач, асосий кураш ҳали олдинда эканлигини айтгандим. Қаранг, бир ҳафта бурун 4та учрашувда 6та гол урилганди. Энди эса биттасида 7та гол кўрдик.

- Агар VAR Раҳим Стерлингнинг сўнгги дақиқалардаги голини бекор қилмаганида, ярим финал йўлланмаси «Сити»га насиб этарди. Ҳакамларнинг ўша қарорига қўшиласизми?

- Ҳаммаси адолатли. Видеотакрорлар кўплаб мусобақаларда қўлланилмоқда. Баъзида тизим менга ёқаётгандек туюлади, гоҳо аксинча, нафратим жўшиб кетади. Кўпинча VAR футболча эҳтиросни ўлдираётгани ҳақида ўйлайман, ундан фойдаланиш хатоликдек кўринади. Бироқ энди VARнинг ҳакамга ишончли кўмакчи эканлигини инкор этиш мумкин эмас. Дунёдаги ҳеч бир лайнсмен 5 сантиметрли «офсайд»ни аниқлай олмайди. VAR эса буни яна бир бора уддалади.

- Қолаверса, Льоренте дарвозани ишғол қилган паллада қўлини ишга солгандек кўринди...

- Ҳа, шунинг ортидан кичик можаро ҳам юзага келди. Ўйлашимча, ҳакам голни инобатга олиб тўғри қилди. Ҳарқалай, шахсан мен ўйинчининг қўлидан фойдаланмоқчи бўлганини кўрганим йўқ. Албатта, такрорий лавҳадан кейин реферига эътироз билдириш мумкин. Зеро, VAR якуний қарорни бош ҳакам ваколатида қолдиради. Умуман олганда, Жунайт Чақирнинг ўша вазият юзасидан чиқарган қарорига тўлиқ қўшиламан.

- Қизиқ, томонлар ниманинг эвазига атиги 21 дақиқада 5та гол уришга улгуришди?

- Муҳими, юз берган шоудан мухлислар чинакамига завқланишди, бунга шубҳам йўқ - ажойиб томоша. Аммо мен барчасига мураббий нигоҳи билан разм солдим - бу ЧЛ савиясига хос ўйин эмас. Ахир савияли футболчиларнинг қисқа вақт оралиғида шунча хатога йўл қўйишларини тасаввурга сиғдириш қийин!

- Хатоларга кучли босим сабаб эмасмикин?

- Қўйсангизчи, юқори савияли ўйин-чилар босимни тан олишмайди. Демоқчиманки, руҳий ҳолат хусусида гапириш ортиқча ва хатоларни шунга боғлаш ҳам ноўрин. Чунончи, аксар голлар ҳимоядаги хатоликлар ортидан келди. Демакки, орқа чизиқ вакиллари рақибларга жуда кўп бўшлиқлар яратишди, зарбаларга тўсқинлик қила олишмади. Майли, ярим финал баҳслари ҳам шундай сермаҳсул бўлишига қаршилигим йўқ. Лекин шунинг баробарида жамоалар ижросида камроқ хато кузатилиши тарафдориман.

- Серхио Агуэронинг голидан кейин «Сити» ғалабани қўлдан чиқармайдигандек кўринганди...

- «Шаҳарликлар» рақибга эркин ҳаракатланиш имкониятини бериб қўйишди. Қолаверса, мураббийлар Лерой Сане, Габриэль Жезус ва  Фернандиньо каби савияли ўйинчиларни захирада қолдиришди. «Шпорлар» аксинча, энг сара вакилларини жангга ташлашди. Почеттинода ўзгача вариант ҳам йўқ эди. Тўғри, Мусса Сиссоко ўйиндан чиққач, «Тоттенхэм» мағлубиятга учрайди, деб ўйлагандим. Чунки Льоренте тезлик бобида Сиссокодан заифроқ, унинг Сон Хюн Минни қўллай олишига ишонмагандим. Аслида ўйин назорати мезбонлар тарафида эди. Лекин испаниялик ҳужумчи гавдаси билан тўпни дарвозага йўллагач, вазият тамоман ўзгарди. Ҳа, Гвардиола бурилиш ясашга уриниб кўрди. Почеттино эса 5-ҳимоячини майдонга тушириш билан жавоб қайтарди. Ҳаммаси режа асосида кетаётган бир паллада Эриксен жиддий хатога йўл қўйди, аммо уни VAR қутқариб қолди.

- Боз устига, лондонликлар Гарри Кейнсиз майдонга тушишlи.

- Унинг йўқлиги деярли сезилгани йўқ. «Тоттенхэм» ўнг қанотдаги Лукас Моура ва эркин ҳужумчи Сон Хюн Мин билан ўта хавфли рақибга айланди.

- Энди «Тоттенхэм» Роналду ва «Ювентус»ни «офсайд»да қолдирган «Аякс» билан финал йўлланмаси учун курашади. Голландия клуби юксак натижага эришиб бўлгани ҳақидаги фикрларга қўшиласизми?

- Шак-шубҳасиз. «Ювентус» - «Аякс»га бор куч-қудратини бемалол намойиш этиш имкониятини берган навбатдаги қурбон. Ҳайронман, амс-тердамликларни ҳеч ким назарга илмай, уларнинг истаганча тўп суришларига тўсқинлик қилмаяпти. Кўриниб турибди, Эрик тен Хаг ўз жамоасига ажойиб ижрочиларни тўплабди. Уларнинг айримлари ЕЛда ўйнаш тажрибасига эгалар. Етакчи ўйинчилар - Душан Тадич ва Дейли Блиндда тактик ва руҳий тайёргарлик аъло даражада. «Аякс»нинг фалсафаси - грандларга қарши ҳеч қандай босимни ҳис этмаган ҳолда, кўтаринки кайфиятда тўп суриш. Ярим финал қандай натижа тақдим этишидан қатъий назар, «Аякс»ни ҳозирнинг ўзида мавсум кашфиёти сифатида таърифласак бўлаверади. Бу маррага турли йўллар билан келиш мумкин. Голландияликлар эса ўта машаққатли йўлни чиройли тарзда босиб ўтишди.

- Бу жамоани асосий «қурол»ларидан жудо қилиш, лоақал хавфини камайтириш учун нима қилиш керак? Ҳар ҳолда, сиз бошқарган жамоа ЕЛ-2017 финалида «Аякс»ни енгиш уддасидан чиққанди.

- Ўша учрашувдан кейин голландияликлар нималар дейишганини ўқисангиз, ҳаммасини тушуниб оласиз. Рақиб мураббийлари ва ўйинчилари бизнинг ўйинимиз уларга ёқмаганидан нолигандилар. Аниқроғи, тактик услубимиз, Маруан Феллайни ва жисмоний ҳолатимиздан арз қилишганди. Қисқаси, агар «Аякс» финалга чиқса, «Барселона» ёки «Ливерпул»ни ҳам бемалол маҳв этиши мумкин.

- «Аякс»нинг ғалаба голини 19 ёшли Маттейс де Лигт урди. Бу футболчи ҳақида қандай фикрдасиз?

- Уни ўта ноёб иқтидор соҳиби сифатида таърифламасдим. Ҳозирда 17 ёшли йигитчаларнинг бўй кўрсатишлари тез-тез кузатилмоқда. Франц Беккенбауэрни эсланг, у ҳимоя чизиғида жуда барвақт мукаммал ўйин кўрсатган. Де Лигт 2 йил аввал «МЮ»га қарши тўп сурганди. Ўшанда унинг ёшини фақат паспорти орқали билиб олиш мумкин эди. Яъни ўйинда ўзидан 10 ёш катта тажрибали ҳимоячидек таассурот қолдирганди. Маттейснинг устун томони шуки, у «Аякс»дек ажойиб жамоада энг муҳим позиция - марказий ҳимоячи ролида майдонга тушмоқда. Уни Виржиль ван Дейкка қиёслаша бошлашди, ҳа, иккисининг ўйинида ўхшаш жиҳатлар бор. Улар ўз клубларида етакчи, ҳаракатлари сустроқ кўринсада, аслида ундай эмас. Энг муҳими, ўйинни яхши тушунишади, тўп билан рисоладагидек муомала қилишади ва зарур пайт ҳужумга қўшилиб, гол уришни ҳам ўрнига қўйишади.

- «Ливерпуль» собиқ клубингиз -«Порту» қаршилигини осонгина енгди - умумий ҳисоб  6:1га етгани барчасини кўрсатиб турибди. Бу тўқнашув қандай таассурот қолдирди?

- Асосийси, «Порту» ғурурини йўқотмаган ҳолда ўйнади, қандайдир мўъжиза кўрсатишга уринди. Лекин рақиб кучли эди.

- Умуман, «Ливерпуль» ўтган йилгидан кучлироқми ёки...?

- Шахсий фикримча, кучлироқ. Ҳар ҳолда, жамоа ихтиёрида ҳужум ва қарши ҳамла бобидаги салоҳиятини ошириш учун 1 йил вақт бор эди. Виржиль ван Дейк шунчаки, моҳир футболчи эмас, балки чинакам етакчи. Таркиб кун сайин уюшқоқ ва тезкор бўлиб бормоқда. Агар «Барса» таркибида Месси бўлмаганида, «Ливерпул»нинг  финалга чиқишини бемалол тахмин қилардим.

- Ҳозирги «Барселона» учун Месси қанчалик муҳим?

- О, Леоси бор ва унингсиз «Барса» ўртасидаги фарқ жуда катта. Йўқ, Мессини ўта ноёб футболчи сифатида мақташим шарт эмас. Чунки барчасини унинг ўзи мунтазам равишда исботламоқда. «МЮ»га урган 2та голи энг юксак эътироф учун кифоя...

- «Барселона» ва «МЮ» 2 хил ўйин намойиш этди, шундайми?

- Ҳа, зеро, «МЮ» жавоб учрашувига ўзгача ёндашув билан киришди. Манкунианликлар майдон марказини эгаллашлари лозим эди. Мессини зарарсизлантириш борасида турли режалар тузиш мумкин, аммо буни амалда кўрсатиш учун чинакам қафас ҳосил қилиш талаб этилади. Бироқ бу осон эмас. Оддий айтганда, Мессини ушлаб қолишнинг иложи йўқ. Ҳа, Манчестерда мезбонлар бу вазифани қисман уддалашди: Лео гоҳ Фред, гоҳ Мактоминайга дуч келди. Лекин «МЮ» 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди, барибир. Натижада ўйинини ўзгартиришга мажбур бўлди. Хусусан, Лингард ҳужумчи ортидан жой олгач, Фред таянч ҳудудида ёлғиз қолди. Тўпни эгаллаб олган Мессини ягона таъқибчи билан тўхтатиб бўлмаслигини кўп бора такрорлаганман. Майдонда у қафас ичида қолсагина жамоасига наф келтиролмайди. Рақиб жамоа ўйинчилари кўпчилик бўлиб уни қуршаб олишлари ва эркин ҳаракатланишига халал беришлари шарт. Бироқ манкунианликлар бу миссияни уддалолмадилар. Хатога йўл қўйган Давид де Хеа менинг ҳимоямга муҳтож эмас. Дейлик, «МЮ» АПЛдаги охирги беллашувда айнан унинг ажойиб «сэйв»лари ёрдамида қимматли 3 очко олганди. Давиднинг «Камп Ноу»даги хатосига келсак, футболда ҳеч қайси кипер бундай ҳолатлардан ҳимояланмаган. 

- Хўш, чорак финалда курашдан четга чиққани туфайли «МЮ»га ачиниш ўринлими? Ҳар ҳолда, жамоа 2 дақиқа ичида 2:0 ҳисобида олдинга ўтиб олиш имкониятига эга бўлганди...

- «МЮ» қандай жамоага қарши тўп сурганини ҳам унутмайлик. Ҳозирда «Барселона» ҳар тарафлама юқорироқ савияда. Хуллас, каталонияликлар ҳақли равишда устун келишди. Тўғри, «МЮ» 1-дақиқадаги вазиятни голга айлантирганида, учрашув сценарийси бутунлай ўзгариб кетиши ҳеч гап эмасди.

- Охирги савол - ўтган ҳафтанинг асосий қаҳрамони ким?

- «Аякс» бош мураббийи Эрик тен Хаг. У шогирдларини Туринга олиб келди ва «Ювентус»ни енгди. Енгганда ҳам, яққол устунлик ва оқилона ёндашув билан! Хуллас, мен учун ҳафта қаҳрамони - тен Хаг!

Содиқ СОБИР тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz