Қайднома

Қидирув

Келажак аренаси ёки яна «Сантьяго Бернабеу» ҳақида...

Келажак аренаси ёки яна «Сантьяго Бернабеу» ҳақида...

  27.04.2019 04:43
  0
  457
Келажак аренаси ёки яна «Сантьяго Бернабеу» ҳақида...

«Реал Мадрид»нинг уй стадиони ҳисобланган «Сантьяго Бернабеу»ни кўпчилик яхши билади. Яқинда «Қироллик клуби» мазкур аренани янгилаш лойиҳасини тақдим этди. Агар у амалга ошса, афсонавий стадион сезиларли тарзда ўзгаради. «СЭ» нашри вакиллари ушбу янгилик тафсилотларига атрофлича тўхталишди.

Янгиланиш лойиҳаси

2019 йилнинг 2 апрели - Мадриднинг «Реал» клуби тарихида ўзига хос босқич бўлди. Шу куни клуб президенти Флорентино Перес ҳамда Испания пойтахтининг мэри Мануэла Кармена махсус матбуот анжуманида «қаймоқранглилар»нинг уй стадиони - «Сантьяго Бернабеу»ни янгилаш бўйича 2011 йили ишлаб чиқилган лойиҳани тақдим этишди.

Тарих: очилиш, ЖЧ-82,

500 млн. евро

Илк ғишти 1944 йили қўйилган стадион дастлаб «Нуэво Эстадио Чамартин» деб номланган. Ҳозирги номини эса 1955 йили олган. Ярим асрдан узоқ вақт мобайнида ушбу арена 12 марта турли таъмирлаш ва кенгайтириш ишларини бошдан кечирган.

Ҳозирга қадар «Сантьяго Бернабеу»да амалга оширилган энг йирик ўзгариш Испанияда ўтказилган ЖЧ-82га тўғри келган. Бундан 18 йил аввал Евро-64нинг ҳал қилувчи учрашувига мезбонлик қилган стадионда мундиал финали ўтказилиши режалаштирилган, шу боис ишга астойдил киришилганди: ўша пайтда стадион сиғими 125 000 эди, аммо ўриндиқлар сони тик ҳолда кўрадиган жойлардан деярли икки марта кам эди. ФИФА эса бу борада тенглик бўлиши лозимлигини талаб қилган, боз устига, ўриндиқларнинг аксарияти том остига ўрнатилиши кераклигини айтган. Шу боис, сиғим 90 800тага тушган, трибуналар усти ёпилган.

30 йиллик кредит

El Confidencial нашри берган хабарга кўра, «Сантьяго Бернабеу»ни қайта таъмирлашда ишлатиладиган технологик ускуналар учун 100 миллион, қурилиш ишларига 300 миллион ҳамда ички иншоотлар ва коммуникацияларни яхшилаш учун 125 миллион керак бўлади. «Қаймоқранглилар»га Американинг иккита ва бир нечта испан банклари кредит ажратишларини маълум қилишган - маълумотларга кўра, 2,5 фоизлик (максимум) кредит 30 йил муддатга берилади. Шундай экан, «Реал» ҳар йили банкларга 25 миллион евро тўлашига тўғри келади.

Зарур барча рухсатномалар олинган, ишларга май ойи охирида киришилади, лойиҳани амалга ошириш муддати - уч ярим йил. 2023 йили «Қироллик клуби»нинг янгиланган саройи тайёр бўлиши лозим. Энди деталларга тўхталсак.

«Кимда кўп бўлса, бошқалар билан баҳам кўрсин»

1. Биринчи навбатда «Реал» стадионга қўшни бўлган савдо марказини бузишга киришади, шу тариқа бўшаган ҳудудга парк ва дам олиш маскани қурилади. Мадрид мэри бу борадаги фикрлари билан ўртоқлашди: «Арена атрофидаги ишларнинг бари клуб ҳисобидан бажарилади. Кимда кўп бўлса, бошқалар билан баҳам кўрсин».

2. Ҳозирги «Сантьяго Бернабеу»нинг баландлиги - 45 метр. Янгиланган стадион 12 метр баландроқ бўлади - бу томни ёпишда ишлатиладиган махсус қурилмаларни ўрнатиш имконини беради. Шу тариқа усти ёпиқ аренада тадбирлар ўтказилган пайтда ён-атрофдаги аҳолини безовта қилмаслик имконияти туғилади. Стадион томи тўлиқ очилиши учун 15 дақиқа керак бўлади.

3. Ички томондан стадион тўлалигича махсус панеллар ва ярим шаффоф плёнка билан ўралади. Бу бир томондан уззукун табиий ёруғлик билан таъминлаш имкониятини тақдим этса, бошқа томондан қоронғу пайтда турли ранглар билан безатиш мумкин бўлади. Худди Мюнхендаги «Альянц Арена»да бўлгани каби.

4. Томошабинлар сиғими сезиларли даражада оширилмаслиги боис, стадиондаги асосий ўзгариш гигант медиаэкран билан боғлиқ бўлади.

5. Аренанинг ички ўзгаришлари ҳақида гапирганда, биринчи навбатда клуб музейи тилга олинади. Шунингдек, янги интерактив музей, киберспортга мўлжалланган жой, сайр ҳудуди, дўконлар, ресторанлар ва дам олиш жойлари барпо этилади. Клуб раҳбариятининг фикрича, буларнинг бари «Реал» ғазнасига ҳар йили 25 миллион евро келтиради.

Флорентино Перес лойиҳани тақдим этаётган пайтда шундай деди: «Янги «Сантьяго Бернабеу» келажакда энг яхши стадион бўлади. Сиз билан бизнинг келажагимизда».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz