Қайднома

Қидирув

Килиан МБАППЕнинг орзулари футбол туфайли амалга ошмоқда...

Килиан МБАППЕнинг орзулари футбол туфайли амалга ошмоқда...

  29.04.2019 06:43
  0
  522
Килиан МБАППЕнинг орзулари футбол туфайли амалга ошмоқда...

Футбол қироли Пеле «ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппе билан ўтган йилнинг ноябрида учрашишни режалаштирганди. Аммо Пеленинг тоби қочиб қолгани боис учрашув бошқа муддатга қолдирилди. Натижада улар шу йилнинг 2 апрель куни Париждаги «Лютетия» меҳмонхонасида учрашиб, дилдан суҳбатлашишди. Мазкур учрашув таассуротлари ҳақида Мбаппе France Football нашрига сўзлаб берди.

«УНИНГ ОЛДИДА ХУДДИ ЁДГОРЛИК ҚАРШИСИДА ТУРГАНДЕК БЎЛДИМ»

- Менга Пеленинг учрашмоқчилигини айтишганида, дарҳол рози бўлдим. Бу учрашув учун Шимолий қутб­гача боришга тайёр эдим. Ўша кеча ухлай олмадим, хаёлимдан турли саволлар ўтаверди. Тўғрисини айтсам, уни ажаблантиришдан чўчидим. Қолаверса, «Пеле инглиз тилида яхши гаплаша олмаса-чи?» деб ўйлаб қолдим. Мен ҳам португалчани у қадар дуруст билмайман. Шу тариқа тил танлаш масаласида жиддий савол туғилди. Лекин матбуот анжуманидан олдин Пеленинг инглиз тилида равон гаплаша олишини айтишди. Унинг олдида турсангиз, ўзингизни худди ёдгорлик қаршисида тургандек ҳис қиласиз. Яъни ўзингизни митти одамчадек ҳис қиласиз. Тоғнинг этагида турибман-у, юқорига йўл йўқдек туюлди. Лекин матбуот анжуманида журналистларнинг унга боқаётганларини кўриб, ҳиссиётларимиз бир хил эканлигига гувоҳ бўлдим. У барча бўшлиқларни тўлдиради. Бир оғиз сўз айтмай, шунчаки, уни томоша қилиш ҳам кифоя. Ҳаётимда бир марта шундай ҳолатга тушгандим, яъни Зидан билан учрашганимда. Ўшанда ҳам ўзимни жуда кичкина ҳис қилганман. Яна шундай ҳиссиётлар бўлди, фақат ўткирроқ. Гўё туш кўраётгандек эдим. Ахир қаршимда футбол қироли турарди.

«ҲАР СОҲАДА ПЕЛЕГА ЎХШАМОҚЧИМАН»

- Бу соатни (Мбаппе ва Пеле ўз номлари ёзилган соатларни алмаштиришди) бир умр сақлайман. Ҳатто бузилиб қолса ҳам. Айтишларича, ҳар қандай совға бебаҳо бўларкан. Лекин бу ҳадя мен учун ўзгача аҳамият касб этади. Болалигимда тўпнинг ортидан қуваётганимда, мени нафақат замонавий юлдузлар, балки ўтмишнинг машҳур футболчилари ҳам қизиқтирарди. Пеле деган футболчи борлигини эшитардим ва бу ном тез-тез учраб турарди. Бир куни унинг қандай ўйнаганига қизиқиб кўрдим, ўйинлари ёзилган видеони топдим... Пеленинг ҳаракатларини таърифлаш қийин. Мен мутахассис эмасман. Буни шунчаки, олган таассуротларим туфайли гапиряпман. Боз устига, у бразилиялик. Болалигимдан Бразилияга ишқибозман. Ёшлигимизда ҳамма Роналдиньо, Робиньо, Роналдо, Кака ҳақида гапирарди. ТВ орқали бразилиялик футболчиларнинг кўрсатган финтлари тўғрисидаги роликлар намойиш этиларди. Менда Роналдиньо ёзуви туширилган Бразилия терма жамоаси футболкаси бор эди. Бондидаги болалар жамоамизда ҳамма бразилияликларга мухлислик қиларди. Бразилия иштирокидаги ўйинлар биз учун футбол байрамига айланарди. Пеле эса барча даврларнинг афсонасидир. Ишончим комилки, яна юз йилдан кейин ҳам у ҳақда гапиришади. Ахир бу инсон уч марта жаҳон чемпиони бўлган. Энг эътиборли томони, ҳозирда Пеле ҳақида гапираётганларнинг аксарияти унинг ўйинларини кўришмаган. Шунга қарамай, уни яқинда фаолиятини якунлаган футболчидек эсга олишади. Афсона шундай бўлиши керак. Ҳар соҳада Пелега ўхшашни истайман.

«ПЕЛЕ ЖЧда БРАЗИЛИЯ ТЕРМАСИГА ХАЛАЛ БЕРМАСЛИКНИ СЎРАДИ»

- Пеле билан кичикроқ бир хонага кирдик. У ерга журналистлар ҳам кирмоқчи бўлишганди, улардан бизни ёлғиз қолдиришларини сўрадим. Пеле ҳам бунга қарши чиқмади. Ушбу меҳмонхонага келганимда ҳамма мен учун эшикларни очганди, бу сафар Пеле учун ўзим эшик очдим. У кулиб қўйди. Ёлғиз қолганимизда, қувончдан бошим айланди. Пеле қувноқ инсон экан. Афсуски, ёши ўтиб қолди, соғлиғи бироз ёмонлашди. Унинг сўзларини қунт билан тингладим, гапини бўлишни истамадим. У менга болалигини эслатишимни айтди. У менга қараб, ўзини кўраётганини айтди. Тўғриси, бироз ноқулай бўлди. У билан худди бобо ва набира сингари ўтирдик. Вақти-вақти билан «Ёнимда Мбаппе турибди», деб такрорлади. Аслида эса, мен Пеленинг ёнида эдим. Айримлар мени Пеленинг вориси дейишади. Аммо бундай мақомга эришиш учун унинг қилган ишларини такрорлашим керак бўлади. Аммо буни уддалаш осон эмас. Шунингдек, Пеле Қатарда ўтадиган жаҳон чемпионатида Бразилияга халақит бермаслигимиз лозимлигини айтди. Мен эса бунинг иложи йўқлигини таъкидладим. Ахир унга ўхшамоқчиман-ку. Қолаверса, ўзимга эътибор беришим кераклигини айтди, чунки замонавий футбол кўп куч талаб этади. Ўйинлар сони ҳам ошган. У менга тактика ва техникани кўп ўйламай, жисмоний ҳолатим ва кучим ҳақида кўпроқ қайғуришим кераклигини тушунтирди. Мавсум давомида олтмишта ўйин ўтказиш қийинлигини таъкидлади. Ҳар бир ўйиндан сўнг мароқли ҳордиқ чиқаришим шартлигини уқтирди. Гўёки гипноз қилингандек бўлдим. Футбол орзуларим амалга ошишида ёрдам бермоқда. Криштиану Роналду билан учрашишни орзу қилгандим, бу майдонда юз берди. Мессига қарши ўйнашни истадим ва бунга ҳам эришдим. Неймар билан қачондир бир жамоада ўйнамоқчи бўлгандим, бу ҳам рўёбга чиқди. Жеймс Леброндек буюк шахслар билан кўришдим, бошқа чемпионлар билан ҳам учрашишни мақсад қилганман. Мисол учун, Рожер Федерер билан.

Абдураҳмонхўжа АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz