Қайднома

Қидирув

АҲВОЛЛАР ҚАЛАЙ, ХАЛК?

АҲВОЛЛАР ҚАЛАЙ, ХАЛК?

  04.05.2019 05:16
  0
  710
АҲВОЛЛАР ҚАЛАЙ, ХАЛК?

Санкт-Петербургнинг «Зенит» клубида тўп сурган, айни пайт ҳамюртимиз Одил Аҳмедов билан бирга Хитойнинг «Шанхай СИПГ» клуби шарафини ҳимоя қилаётган бразилиялик ҳужумчи Халк ҳақида эшитгансиз, албатта. «Семизгина» шартнома эгаси ҳисобланган Халк ҳозирда Хитой клубидан йилига 20 млн. евро миқдорида маош олмоқда ва имкон қадар олаётган пулларини оқлаб, маҳаллий ишқибозларни хурсанд қилиш пайида. 32 ёшли Халк шу кунгача барча турнирларда «Шанхай СИПГ» либосида 94 марта майдонга тушиб, уларда 55та гол уришга муваффақ бўлди. Эътиборлиси, мазкур голларнинг 13тасидан сўнг «Шанхай» тарихий ғалабаларга эришди. 2018 йили эса «қизил бургутлар» Суперлигада чемпионлик шоҳсупасига кўтарилиб, бу борада «Гуанжоу Эвергранд»нинг Хитойдаги 7 йиллик гегемонлигига чек қўйишди.

Бу йилги мавсум старти «Шанхай» учун бирмунча беқарор келди. Дастлабки турлардаги икки қониқарсиз натижа - «Тяньцзинь Цюаньцзянь»га қарши сафардаги дуранг ва ўз майдонида «Чунцин Лифан»дан қабул қилиб олинган мағлубият туфайли клуб чемпионат жадвалида учинчи ўринга тушиб қолди. Аммо Халк ўзига белгилаб олган «планка»ни асло пастга туширмаяпти. Дейлик, у ҳатто ўша мағлубиятли «Чунцин Лифан»га қарши учрашувда ҳам зиммасидаги вазифани тўлиқ адо этиб, меҳмонлар дарвозасини ишғол қилди. Зарба кучи шу қадар эдики, бу ҳолатда дарвоза тўри қандай қилиб бутун қолгани ҳайратланарли.

32 ёшда бўла туриб, жисмоний кўрсаткичлар борасида топ-даражани сақлаб туришнинг ўзи қийин. Бразилиялик паҳлавон эса буни уддалаяпти, ҳарқалай. Чунончи, у ҳар бир расмий учрашув ёки мураккаб машғулотлардан сўнг соғлиғи хусусида етарлича қайғуриб, тикланиш жараёни ҳамда енгил машқларга катта эътибор қаратади. Бунинг устига, «Инстаграм»даги саҳифасига тренажёр залидан суратларни мунтазам жойлаб, жисмоний ҳолатидан мухлисларини доим хабардор қилиб туради. Хуллас, Халк - ҳақиқий «машина»!

Кундалик ҳаёт масаласига келсак, бу борада Халкнинг ишлари жойида. Ҳатто айтиш мумкинки, у Хитойда оиласи учун аввалгидан ҳам кўпроқ вақт ажратишга улгуряпти. Рақамлар мисолида олсак, у 2018 йили клуб либосида барча турнирларда атиги 34 марта майдонга тушди, холос. Футболчи бўш вақтларида рафиқаси Иран, ўғиллари Иан ва Тьяго, шунингдек, арзанда қизчаси Алисиялар ҳамроҳлигида тез-тез Шанхай бўйлаб сайр уюштириб, маҳаллий ресторанларда тайёрланган таомлардан тановул қилмоқда. Қизиғи шундаки, егулик ва хизматлар учун пулни доим ҳам Халк тўлайвермайди. «Бугунги тушлик учун тўловни рафиқам амалга оширганидан фойдаланиб қолдим», — дея ҳазиллашади ҳужумчи сурат остига изоҳ ёзиб.

Қисқаси, Халк ўзининг Хитойдаги тинч ва осуда, қулай ҳаёт тарзидан мамнун. Шу боис, у Чин юртида шарт­номасининг охиригача - 2020 йилнинг декабригача қолмоқчи. Лекин «Шанхай»дан кейинги режалари ҳақида футболчи негадир сукут сақламоқда.

Очиқчасига тан олиш керак, Халк 2020 йилдан сўнг Европанинг қайсидир топ-клуби билан шартнома тузишига ишониш қийин. Чунончи, форвард мана 4 йилдирки, клублар миқёсидаги бирор-бир йирик турнирда қатнашмади (ОЧЛни ҳисобга олмасак, албатта), Бразилия миллий жамоаси либосини киймаганига ҳам 3 йил бўлди.

Эслатиб ўтамиз, охирги марта Халк терма шарафини 2016 йил июнида ҳимоя қилган. Шунда ҳам «пентакампеонлар» устози Дунга Америка кубогининг Перуга қарши ўйинида Халкка атиги 18 дақиқа вақт берган, холос.

«Ҳозирда 32 ёшга тўлдим. Одамлар эса катта клубларда ўйнашим мумкин бўлганини ҳамон гапришади. Шубҳасиз, мен «Порту» ва «Зенит»ни катта клуб деб биламан, аммо бу ўринда гап Испания, Италия ёхуд Англия чемпионатлари ҳақида бормоқда. Аммо минг афсуски, каминада бундай имконият бўлмади, — дейди ҳужумчи. — Ваҳоланки, шахсий кўрсаткичларим кучимни Европа чемпионатларида ҳам бемалол намойиш қилиш учун етарди. Ким билади дейсиз, эҳтимол, мени агентим йўлдан ургандир?!»

Шуниси аниқки, Халк футболчилик фаолияти шундай кўриниш олганидан асло афсусда эмас. Бу фикр ҳужумчининг ўзидан кўра, кўпроқ унинг мухлисларини ўйлантиради. Зеро, ишқибозлар Халкнинг зарбасидан сўнг дарвоза тўри йиртилиб кетганини фақат «Зенит»нинг машғулотлар майдонида эмас, Европанинг энг яхши лигаларида кўришни ҳам исташганди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz