Қайднома

Қидирув

САНЖАР ҚУВВАТОВ: «РАҚИБЛАРНИНГ «СЮРПРИЗ»ИГА ЎРГАНИМ ҚОЛГАНМИЗ»

САНЖАР ҚУВВАТОВ: «РАҚИБЛАРНИНГ «СЮРПРИЗ»ИГА ЎРГАНИМ ҚОЛГАНМИЗ»

  14.05.2019 01:30
  0
  565
САНЖАР ҚУВВАТОВ: «РАҚИБЛАРНИНГ «СЮРПРИЗ»ИГА ЎРГАНИМ ҚОЛГАНМИЗ»

«Пахтакор» Дохада «Ал-Садд» қаршилигини енга олмагач, гуруҳдан чиқиш имкониятларини бироз пасайтиргани рост. Шундай бўлсада, «шерлар» охиригача кураш олиб боришлари шубҳасиз. Умуман олганда, гуруҳдан чиқиш имконияти барча жамоаларда сақланиб қолган. Сўнгги икки тур барчасига ойдинлик киритиб бериши лозим. «Пахтакор» эса, шунчаки, олдинда турган муҳим баҳсларда ғалаба қозонса кифоя, улар учун кейинги босқич эшиклари очилади. Осиё Чемпионлар Лигаси доирасидаги учрашувлардан олдин миллий чемпионатимизда иккита ўйин ўтказган пойтахтликлар кўтаринки кайфиятда майдонга тушишса, ажабмас. Сабаби, улар ўтган икки баҳсда ўзлари учун керакли бўлган очколарни жамғара олишди. Coca Cola Суперлига 7-тури доирасидаги «Металлург»-га қарши кечган беллашув (2:1)дан сўнг асосий таркиб дарвозабони Санжар Қувватовдан интервью олдик. Мазкур суҳбат жараёнида маҳоратли посбон «Персеполис» билан ўйиндан олдинги фикрлари билан ҳам ўртоқлашди.

- Санжар, рақиб жамоа сафида Сервер Жепаровнинг майдонга тушмаганлиги сизларга бироз енгиллик бердими?

- Асло ундай демаган бўлардим. «Металлург» Жепаровдан бошқа кўплаб кучли футболчиларга эга. Баҳром Абдураҳимов, Музаффар Музаффаров, Баҳодир Пардаев... Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Улар майдонга қандай кайфиятда тушганликлари кўриниб турди, фақат ғалаба илинжида ҳаракат қилишгани яққол сезилди. Кўрдингиз, Жепаровсиз ҳам муносиб қаршилик кўрсатишди. Агарда Сервер ҳам ўйнаганда, бизга янада қийин бўларди.

- Дарвозабон сифатида рақибнинг қайси футболчисидан хавф кутгандингиз?

- Муайян бир кишидан хавф кутдим, дея олмайман. Ҳар қандай футболчининг гол уришга ҳаққи бор. Майдонга ҳам шу мақсадда тушади. Тўғриси, Ислом Исоқжоновнинг зарбаси ажойиб чиқди. Энди қолган турларда дарвозам дахлсизлигини сақлаб қолишга ҳаракат қиламан.

- Чемпионат тақвими тиғиз келгани боис, ҳар уч-тўрт кунда ўйин ўтказяпсизлар. «Персеполис» билан бўладиган учрашувгача жисмоний тарафлама тайёр бўласизларми?

- Албатта. Бу баҳс нафақат биз, балки бутун Ўзбекистон халқи учун муҳим аҳамиятга эга, принципиал ўйин бўлади. Халқаро мусобақаларда нафақат жамоамиз, балки ўзбек футболи шаънини ҳам ҳимоя қиламиз. Бу эса зиммамиздаги масъулиятни янада оширади. Худо хоҳласа, бор кучимизни ишга солиб, стадионга келадиган минглаб ишқибозларга ғалаба тортиқ қилмоқчимиз.

- Coca Cola Суперлига беллашувлари айни авж палласига кириб бормоқда. Ортда қолган турларда сиз учун энг қизиқарли туюлган ўйин сифатида қайси бирини кўрсатасиз?

- Ҳаммаси ўзига яраша қизиқарли ва шиддатли ўтяпти. Бизга қарши барча жамоалар максимал куч билан ҳаракатланишади, «сюрприз» тайёрлашади. Шунинг учун бўлса керак, «Пахтакор» иштирок этган ўйинлар ўзгача тус олади.

- «Пахтакор» ва «Локомотив» сингари кучли клубларга қарши баҳсларда, одатда, рақиблар ҳимояга эътибор қаратишади. «Металлург» эса бошқача футбол таклиф қилди...

- Рақибни ўрганиш жараёнида ҳимоявий ўйин кўрсатишини тахмин қилгандик, лекин улар очиқ футбол намойиш этишди. Иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштиришга астойдил интилишди. Очиғи, буни кутмагандим. Аммо ҳимоячиларимиз ишончли тарзда тўп суришди, бошқа хатога йўл қўймадик. Муҳими, яратилган вазиятлардан унумли фойдаландик, Жалолиддин Машарипов доимгидек юқори савияда ўйнади.

- Машариповнинг техникаси ва тезлигига гап йўқ. У келажакда Европа клубларида ўйнаб кета оладими?

- Жалолиддин нафақат «Пахтакор»нинг, балки миллий терма жамоамизнинг ҳам етакчиси ҳисобланади. У албатта, Европада бемалол ўрнини топиб кета олади. Жалол каби юқори тезликка эга Достон Ҳамдамов ва Жасур Яхшибоевни ҳам ёрқин келажак кутмоқда.

- Бугунги кунда АГМКда тўп сураётган Жасур Ҳасанов билан бирга ўйнагансиз. Хўш, Машарипов унинг ўринбосари бўла оладими?

- Назаримда, ҳа. Балки ундан ҳам ўтиб кетиши мумкин, ҳаммаси унинг ўзига боғлиқ. Ҳасанов бир вақтлари «Бунёдкор»да ёрқин ўйинлар кўрсатган. Шу жумладан, Жалолиддин ҳам «Пахтакор»да шу ишнинг уддасидан чиқяпти.

- «Насаф» билан «Персеполис»га қарши баҳсда иштирок этгансиз. Сизнингча, рақиб ўша пайтдагига нисбатан кучсизланганми?

- Эронликларнинг йўқотадиган нарсалари йўқ, шунинг учун бор кучлари билан ўйнашлари аниқ. Бу жамоани кучсиз демаган бўлардим, Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида оддий жамоалар қатнашмайди. Барчаси етарли салоҳиятга эга.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz