Қайднома

Қидирув

Коке: «Барчасига Симеоне туфайли эришдик»

Коке: «Барчасига Симеоне туфайли эришдик»

  18.05.2019 03:55
  0
  457
Коке: «Барчасига Симеоне туфайли эришдик»

Жорий мавсум якунлангач, «Атлетико»нинг кўп йиллик сардори Диего Годин «матрасчилар» билан хайрлашади ва боғич жамоанинг фахрий футболчиларидан яна бири - Хорхе Ресурексьон Меродио, қисқача айтганда, Кокега топширилади. Бўлажак сардор яқинда журналистларга берган интервьюсида «рохибланкос»нинг жорий мавсумдаги иштироки, ўйин услуби, «Барселона» ва Антуан Гризманн келажаги хусусида атрофлича фикр билдирди.

Мавсум якуни

- Чемпионат старти арафасида Европа суперкубогини қўлга киритганимиз («матрасчилар» Таллиннда «Реал»ни 4:2 ҳисобида енгишганди) мухлисларимизни юксак натижаларга умидвор қилгани аниқ. Бироқ ҳар бир нарсага доимо холис баҳо бериш лозим. Тўғри, ўйинимиз чакки эмас, аммо афсуски, очко олишимиз шарт саналган бир қатор учрашувларда имкониятни бой бердик. Бундан ташқари, ЧЛ нимчорак финалидаги катта омадсизлик руҳиятимизга кучли таъсир қилди, гарчи «Ювентус»дек қудратли жамоадан енгилган бўлсакда. Кейин Испания кубоги доирасида «Жирона»га ютқаздик - буниси энди кечириб бўлмайдиган сусткашлик... Шунга қарамай, ўйлайманки, жамоамиз мавсумни муносиб ўтказди. Ҳар ҳолда, қаторасига иккинчи марта Ла-лига кумуш медалини қўлга киритдик. Асосийси - азалий рақибимиз «Реал»дан юқорироқ ўринни эгалладик.

Сардорлик масъулияти

- Ҳа, Диего Годин якунда чиндан ҳам, жамоадан кетса, сардорлик боғичини менга топширишади. Албатта, уни кучли иштиёқ билан қабул қиламан. Бош мақсадим - менга жуда кўп нарсаларни ўргатган Антонио Лопес, Тиаго, Габи, Рауль Гарсия каби «Атлетико»нинг буюк футболчиларига муносиб издош бўлиш.

Гризманн масаласи

- Билишимча, клуб ва Антуан ўртасидаги шартнома муддати ҳали якунланмаган. Демакки, назарий жиҳатдан қарасак, ҳужумчи Мадридда қолиши керак. Муҳими, бу ердаги шарт-шароитлар Антуанга маъқул, зеро, барчаси талаб даражасида. Демоқчиманки, қандайдир кутилмаган вазият юз бермаса, Гризманн ҳеч қаерга кетмайди.

Ўз келажаги

- Амалдаги шартномам 2024 йилга қадар мўлжалланган. Тушунарлики, зиммамдаги мажбуриятларни рисоладагидек адо этиш ниятидаман. Турли миш-мишларга умуман бефарқман. Чунки ҳозир айнан ўзим истаган жамоадаман. Шундай экан, мени қайсидир клуб харид қилмоқчи эканлиги хусусидаги гап-сўзлар мутлақо аҳамиятсиз, бунинг қизиғи йўқ.

Ўйин услуби

- 7 йилдан буён битта яхлит услуб асосида тўп суриб, улкан муваффақиятларга эришдик. Тактикани ўзгартиришга уринганимизда эса, ўйин савияси пасайиб кетаверди. Шундай экан, нега ундан воз кечишимиз керак? Яна бир ҳолатни сира тушунолмайман. «Атлетико»ни негадир таркибида ёрқин ўйин кўрсатадиган футболчилари кўплиги учун танқид остига оладиган. Бунинг замирида қандай маъно бор? Менимча, жорий мавсум фақат «Барселона» юксак савияда тўп сурмоқда. У ЧЛнинг бош фаворити эди. Агар Месси яхши спорт формасида бўлса, «Барса»ни тўхтатиш иложсиз ишга айланади. Бироқ энг муҳим паллада етакчи ҳам бироз панд берди. Лекин бошқа томондан, бутун мавсум давомида «Барса» яқинлашолмаган «Реал» қаторасига 3 марта нуфузли совринни қўлга киритиш уддасидан чиққанди.

Бетакрор Месси

- Майдонда Леога дуч келганингда, уни тўхтатиш иложсиздек туюлади. Айни ҳолатда футбол оламида Мессига ўхшаган ижрочи йўқ, менимча.

VARга муносабат 

- Яқиндагина жорий этилган ушбу тизим янада такомиллашиб боришига умидворман. Аммо якуний қарорни ҳакам қабул қилмоқда, барибир. Умуман, VARни ҳали ҳар тарафлама мукаммаллаштириш зарур. Ҳозирги ҳолатда тизим баъзида жамоага ёрдам бермоқда, лекин гоҳида зарар ҳам келтирмоқда.

Жароҳатлар таъсири  

- «Атлетико» футболчиларининг жорий мавсумда тинмай жароҳатга йўлиқишганини изоҳлашга тил ожиз. Назаримда, бу қандайдир тасодиф ва камдан-кам юз берадиган ҳодиса. Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийимиз Оскар Ортега 7 йилдан буён бир хил услубда машғулот олиб бормоқда. Аммо ҳеч қачон жорий мавсумдаги каби кўп шикастланиш кузатилган эмасди. Эҳтимол, барчаси 2018 йилги ЖЧ таъсирида ўйинлар сони кўпайгани билан боғлиқдир.

Диего Симеоне роли

- Мураббийимиз «Атлетико»нинг тарихи ва фалсафасини бутунлай ўзгартириб юборди. У бизни доимо шу куннинг нафаси билан яшаш ва ҳар бир учрашувни финал мақомида қабул қилишга ўргатди. Жамоада биздан аввал ҳам юксак савияли футболчилар тўп сурган бўлишсада, белгиланган вазифаларни амалга ошириш иложини тополмаганлар. Чоло  «Атлетико» бошқарувини қўлга олганидан кейин кейин биринчи навбатда ўз кучимизга нисбатан ишонч ҳиссини кучайтиришни ўйлади. Умуман, айнан Симеоне туфайли ҳар бир футболчи ўзини тўлақонли муҳим шахс сифатида ҳис эта бошлади. Якунда барчамиз ғолиблик руҳи билан тўйинган савияли ижрочиларга айландик...

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz