Қайднома

Қидирув

ЙЎЛДАН «ҚОРА МУШУК» ЎТДИ… ёки «ПСЖ»ни кубокдан маҳрум этган клуб ҳақида

ЙЎЛДАН «ҚОРА МУШУК» ЎТДИ… ёки «ПСЖ»ни кубокдан маҳрум этган клуб ҳақида

  18.05.2019 09:00
  0
  663
ЙЎЛДАН «ҚОРА МУШУК» ЎТДИ… ёки «ПСЖ»ни кубокдан маҳрум этган клуб ҳақида

Франциянинг «Ренн» клуби хўжайинлари топаётган даромад Роман Абрамович ва Дмитрий Риболовлевникидан кўпроқ бўлиб чиқди, лекин минтақанинг ўзгача жамоаси ўзига хос модель танлаган. «Қора мушуклар» мамлакат чемпионлиги учун курашишмайди, лекин кубок баҳсларидаги ғалабалар учун астойдил интилишади. Яқиндагина «Ренн» «ПСЖ»ни шундай совриндан қуруқ қолдирди.

41 йил мобайнида илк марта

Айни пайт Франция футболи нуқтаи назаридан, Ренндан бахтлироқ шаҳар йўқ. Маҳаллий жамоа мамлакатнинг энг кучли, шу билан бирга, Чемпионлар Лигасида муваффақият сари интилаётган клуби - «ПСЖ»дан устун келди. «Қизил-қоралар» президенти Оливье Летангнинг кубокни кўтариб, шаҳар бўйлаб айланаётгани тасвирланган видеони кўрсангиз, одамлар юзидаги қувонч яққол сезилади. У мухлисларни қутлаб, «Ренн» учун узоқ кутилган соврин ёнида суратга тушишга рухсат берди.

Бу ердагилар қатарлик ишбилармонлар пуллари эвазига бошқа бир Эйфель минораси қурилаётган пойтахт томонга ҳали узоқ вақт нафрат билан қарашади. Оливье Летанг учун Франция кубоги алоҳида аҳамият касб этади. У бир неча йиллар мобайнида «ПСЖ»да норасмий тарзда спорт директори лавозимида ишлаган. Оливье клуб президенти Носир ал Ҳелайфининг маслаҳатчиси бўлгани ҳолда, Погба, Гризманн, Игуаин, Давид Луиз ҳамда Ди Мария билан музокара ўтказган, улардан фақат икки нафари Лига 1да тўп суришга розилик беришганди.

2017 йили Летангни «Ренн»га таклиф қилишди, у жамоадаги назоратни йўқотган Рене Руеллонинг ўрнини эгаллади. «Қизил-қоралар» хавфли ҳудудда боришаётганди, ишқибозлар норозилик билдириб, ўйинлар тўхтатилишига сабабчи бўлишганди, ўша пайтдаги президент эса, масалани ижобий ҳал қилиш ўрнига шундай деганди: «Ўйлашимча, биздаги муаммолар катта эмас. Ҳамма инқироз - сизларнинг газетангизда, айнан сиз, журналистлар вазиятни кескинлаштиряпсиз. Мен лавозимимни тарк этмоқчи эмасман, ўзимни жуда қулай ҳис этмоқдаман». Шу гапларидан кейин Руеллони истеъфога чиқаришди. Летанг эса биринчи навбатда бош мураббий Кристан Гуркюфф ўрнига Сабри Лямушини тайинлади. Клуб ўша мавсум бешинчи ўринни эгаллади, жорий мавсумда эса Европа Лигаси 1|8 финалигача етиб борди.

Отадан ўҒилга

Жамоадаги вазиятга Оливье Летанг масъул бўлса, пул таъминоти Франсуа-Анри Пино қўлида. «Ренн» хўжайини - Франсуа Пинонинг ўғли, Франциянинг энг бадавлат кишиларидан бири, унинг молиявий ҳолати 29,7 миллиард долларга баҳоланади. У 1993 йилдан буён «Ренн»га ҳомийлик қилади, 1998 йили шаҳар мэри Эдмон Эрве клуб акцияларининг назорат пакетини сотиб олишга ундашидан аввал, La Piverdiere академиясига асос солди, 2001 йилда эса клубга эгалик ҳуқуқини оила аъзоларидан бирига топширди.

Кичик Пинога отаси Kering компаниясини ҳам берган. Ушбу муассаса Gucci, Yves Saint Laurent, Balenciaga, Alexander McQueen каби брендлар билан ҳамкорликда ишлайди. Жорий йил февралида Анри актриса Сальма Хайек билан тўйининг ўн йиллигини нишонлади.

Францияда ҳамма билади: Пино фанатлар тоифасидан эмас, лекин футболни яхши кўради. У оилавий бюджетидан тайёр юлдуз трансфери учун йирик сумма ажратмаслиги, лекин ҳудуд ўз анъаналари бор клубга эга бўлишга лойиқ эканлигини таъкидлаган. Франсуа имкон қадар ўйинлар қолдирмасликка интилади, ҳаттоки, «Роазон Парк»нинг VIP-ложасида обрўли инсонлар билан бирга ўтиради.

Сотув учун маҳсулот

Франция кубоги финалидан бир неча кун аввал Франсуа-Анри қисман бўлсада «ПСЖ» билан рақобатга киришди. «Қизил-қоралар» хўжайини Нотр-Дам-де-Пари черковини тиклаш жараёнига 100 млн. евро ажратди. «ПСЖ» эса бироз зиқналик қилган бўлсада, хайрия ишида қатнашди. Париж клуби «Монако» билан ҳамкорликда ёнғиндан жабр кўрган иншоот суратлари битилган футболкалар сотувини йўлга қўйиб, ундан тушган пулни черков таъмирига йўналтиришди.

Пино қимматбаҳо буюмлар савдоси билан шуғулланади, унинг клуби эса иқтидорли футболчиларни сотишга интилади. Бу йўлда Европага хос модель асос сифатида олинган: арзон нархга истеъдодли ўйинчиларни топиб, уларни тарбиялаб, кейин қимматроққа пуллаш. «Ренн» академияси бир неча марта мамлакатда энг яхши таълим маскани деб топилган, ёшлар таркиби эса мунтазам равишда Гамбарделла кубогида муваффақиятли қатнашади.

Луис Фабиано, Петр Чех, Александр Фрай, Ким Чельстрем, Асамоа Гьян сингари футболчилар ўз фаолиятларини айнан шу ерда бошлашган. Академиядан Сильвен Вильтор, Микаэль Сильвестр, Йоанн Гуркюфф, Жимми Бриан, Янн М~Вила, Усмон Дембеле каби иқтидорлар етишиб чиққан. Дембеле «Боруссия Дортмунд»га 15 млн. еврога сотилган, «Барселона»га трансферидан кейин ҳозиргача маълум фоизда даромад келтирмоқда. «Ренн» учун энг фойдали сотув 2000|2001 йиллар мавсумига тўғри келиб, ўшанда Шабани Нонда учун «Монако» 20 млн. евро тўлаганди.

Бор эътибор кубокка

Сабри Лямуши 2018 йилнинг декабригача «қора мушуклар» бош мураббийи сифатида ишлади. Бу пайтга келиб «Ренн» 14-ўринга тушиб кетди, лекин Европа Лигаси гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтди. Клубга Реннда туғилган, «ПСЖ» тарбияланувчиси Жульен Стефанни чақиришди. Сўнгги уч йил ичида у ёшлар таркиби билан ишлаб, асосий жамоага футболчилар етиштириб берганди.

Францияда Лига кубогининг ҳал қилувчи босқичи ва мамлакат кубогининг илк ўйинлари январдан старт олади. Янги йил арафасида Стефан футболчиларга мавсум учун иккита мақсад борлигини уқтирди: элитада «жон» сақлаб қолиш ва бор эътиборни кубок баҳсларига қаратиш. Лига кубогида «мушуклар» пенальтилар сериясида «Монако»га ютқазишди.

Янги мураббий кутилмаганда «Лион» устидан қозонилган ғалаба (2:0) билан бошлади ва дастлабки бешта ўйиннинг тўрттасида зафар қучди. «Қизил-қоралар» миллий кубок учрашувлари доирасида «Брест» (2:2, пен.-5:4), «Сен-Приве-Сен-Мемен» (2:0), «Лилль» (2:1), «Орлеан» (2:0) ҳамда «Лион» (3:2)ни мусобақадан чиқариб юборишди.

Париж олов Қуршовида

«ПСЖ» соясида «қора мушуклар» шубҳасиз аутсайдер мақомида эдилар. Лига 1 турнир жадвалида 14-ўринни эгаллаб турган, мавсум учун бюджети 68 млн. евро, таркибининг умумий нархи 142,5 млн. евро (Transfermarkt талқинига кўра) бўлган жамоа - чексиз бюджетга эга (бунга УЕФА ҳам шубҳа қилмайди), футболчиларининг умумий нархи 1 млрд. евродан ошиқ бўлган клубга қарши.

«Ренн»да иқтидорли футболчилар етарлича. Мбайе Ньянг - Марио Балотеллининг «сайқалланган» нусхаси. Бенжамен Буриго - Лига 1нинг ўтган мавсуми кашфиётларидан бири, жамоанинг энг яхши тўпурари ва диспетчери. Клеман Гренье - хавбек, болалигида Жуниньога тўп узатиб турган, лекин «Лион» юлдузига айлана олмаган. Исмоил Сарр учун клуб «Метц»га 17 млн. евро тўлади. Бу футболчи ҳужумнинг исталган нуқтасида ўйнай олади, кубок финалида эса ўнг қанот вингери сифатида тўп сурди.

Диққатга молик воқеалардан бири Ҳотам Бен-Арфа билан боғлиқ. 2016 йили у эркин агент сифатида «ПСЖ»га ўтди, бироқ на бош мураббий Унаи Эмери билан, на клуб президенти билан тил топиша олди. Иттифоқо, парижликлар базасига Қатар амири Тамим ал Тани ташриф буюрди ва Ҳотам ортиқча иккиланишсиз у билан арабчасига саломлашди.

- Французча биласизми? - деб сўради Бен-Арфа.

- Албатта, - деди Қатар амири.

- Жуда яхши-ку, чунки Носир («ПСЖ» президенти) билан боғлана олмаяпман, ўйин вақтимни муҳокама қилмоқчи эдим.

- У ҳеч қачон жавоб бермайди, - дея амир ҳам бу ҳазилни тўғри қабул қилди.

Оқибатда Ҳотам янги клубида бир сония ҳам тўп сурмади, кейинчалик жамоанинг АҚШдаги мавсумолди йиғинларида қатнашмади. Кубок топшириш маросимида ал Ҳелайфи Бен-Арфанинг қўлини сиқишни истамади.

Тахминан шу пайтда Неймар кумуш медаллар топшириладиган жойга яқинлашаётиб, «Ренн» ишқибозининг гапидан ғазабланиб, унга мушт туширди. Бразилиялик юлдузни авваллари ҳеч қачон бундай ғазабланган ҳолда ҳеч ким кўрмаганди.

Аслида, бу воқеага ўйиндаги вазиятнинг кескин ўзгариб кетиши сабаб бўлганди. Дани Алвес ва Неймарнинг голларидан сўнг 0:2 ҳисобида ортда бораётган «қизил-қоралар» учрашувнинг учдан бир қисмида парижликларни ҳолдан тойдиришга интилишди. Амари Траоренинг кроссидан кейин Преснел Кимпембе ўз дарвозасини ишғол қилди, танаффусдан кейин эса Мексер Греньенинг узатмасидан сўнг ҳисобни тенглаштирди. Сабрлар синовдан ўтадиган қўшимча 120 дақиқада Килиан Мбаппенинг асаблари дош бермади. Бу ёш ҳужумчининг фаолиятидаги энг ёмон ўйин бўлса, ажабмас. У ҳимоячи Да Сильвага нисбатан ўта қўпол муносабатда бўлгани учун, кераксиз пайтда қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. «Ренн» футболчилар эса Мбаппесиз қолган парижликларни пенальтилар сериясида мағлубиятга учратиб, 41 йил ичида илк марта Франция кубоги соҳибига айланишди.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz