Қайднома

Қидирув

«ЛИВЕРЧЕСТЕР СИНАЙТЕД» нега инглиз клублари шунчалик омадли?

«ЛИВЕРЧЕСТЕР СИНАЙТЕД» нега инглиз клублари шунчалик омадли?

  19.05.2019 05:49
  0
  571
«ЛИВЕРЧЕСТЕР СИНАЙТЕД» нега инглиз клублари шунчалик омадли?

Маълумки, бу мавсум еврокубоклар финалида Англия клублари мисли кўрилмаган натижага эришдилар. Бошқача айтсак, ЕЧЛ ва ЕЛ финалларига АПЛнинг бирданига тўрт клуби - «Ливерпуль», «Тоттенхэм», «Арсенал» ва «Челси» йўл олишди. Қисқаси, бу мавсум АПЛга аталди. Шу муносабат билан айрим хорижлик ҳамкасбларимиз инглиз жамоаларининг муваффақиятига нима сабаб бўлгани ҳақида бош қотиришди ва бирмунча қизиқарли фикрларни илгари суришди.

Раҳмат сенга, Платини!

«Ливерпуль» ва «Тоттенхэм», «Арсенал» ва «Челси»... Бир-икки йиллар олдин шу тўртлик бир мавсумда ЕЧЛ ва ЕЛ финалига чиқиши мумкинлиги ҳақида умуман ўйлаб кўрмаган бўлардик. Чунки бир томондан, бунақаси ҳали тарихда кузатилмаган, иккинчи томондан эса «Сити» ҳамда «Юнайтед»нинг суперюлдузлар учун кўр-кўрона пул сарфлашларидан сўнг, мантиқ бўйича, айнан шу клублар евротурнирлар финалига йўл олишлари лозим эди.

Аммо кўриниб турибдики, қачонлардир Мишель Платини илгари сурган ва амалга татбиқ этган ғоя - «молиявий фэйр-плей» иш беришни бошлади. Биз буни Англия мисолида яққол сезяпмиз. Ўшанда ҳаммани бир савол ўйлантирганди: хўш, грандларнинг кармонини қандай назорат қиламиз?! Қарангки, бу жуда осон экан - шунчаки, уларга трансферни тақиқлаб қўйилса, бас. Тўғри, қайсидир лаҳзаларда қоидаларни четлаб ўтиш ҳам мумкиндек туюлганди. Бироқ шундай йўл тутишни истаган ва шайхлар пулида «чўмилган» «Сити» ёхуд «ПСЖ» еврокубокларда нимага эришди? Деярли ҳеч нимага.

Ўзи аслини олганда, сўнгги йилларда бутун Европа Британия клублари устидан кулишни бошлаганди. Зеро финалгача бўлган босқичларда «Ливерчестер Ситинайтед» каби номлар қанчалик кучли ва енгилмас туюлмасин, охир-оқибатда, ғолиб ё «Реал» ёхуд «Барселона» бўлишига ўрганиб қолдик. Шунингдек, «Бавария» ҳам аксарият ҳолларда инглиз жамоалари йўлини тўсарди. Эътибор беринг: сўнгги бор АПЛ вакили («Челси») ЕЧЛ бош совринини 2012 йилда, худди ўша «фэйр-плей» жорий этилган пайтда қўлга киритган экан. Мана, орадан етти йил ўтиб, янги «Европа қироли» яна «англиялик» бўлади. Қизиғи шундаки, биз буни ҳали финал ўтмасидан туриб биламиз. Зўр-а?! Бунинг учун Платинига алоҳида миннатдорлик билдирсак, арзийди.

 

«Ливерпуль» ва «Тоттенхэм»нинг экотизими

Ана энди яна асосий саволга қайтамиз: хўш, франциялик амалдор аслида нимани режа қилганди? Платини кучли ва кучсиз, пулдор ва қашшоқ клубларнинг даражасини тенглаштиришни, жамоалар фақат пул ёрдамида эмас, манфаатли селекция ҳамда кучли менежмент орқали ривожланишини истарди. Хуллас, УЕФА жорий этган «молиявий фэйр-плей» мантиғи қуйидагича: уч йил оралиғида исталган клубнинг буромади (сарфлаган маблағи) умумий даромаддан беш фоизгина ошиб кетиши мумкин. Бундан ортиғи - тақиқланади. Мазкур янгиликдан сўнг ҳеч ким, ҳатто араб шайхлари ҳам пулларини ўзи истаганча сарфлай олмай қолишди. Тўғри, «ПСЖ» бир амаллаб «Барселона»дан Неймарни «ўғирлаб келди», аммо юқорида айтганимиздек, бу парижликларга нима берди? Ҳеч нима...

Бу вақтда эса «Ливерпуль» ва «Тоттенхэм» сингари клублар юзага келган имкониятдан унумли фойдаланиб, сезиларли даражада ўсишга муваффақ бўлишди. Аниқроқ айтганда, улар янги порлаб чиқаётган ёш футболчиларни арзимас пулга харид қилишни, кейин эса уларни топ-даражага олиб чиқишни мақсад қилган ўз экотизимларини яратиб олишди. Бунинг учун клублар аввало, нафи тегмаётган, аммо катта маош олаётган фахрий футболчилардан бутунлай воз кечишди. «Тоттенхэм» эса ҳатто, керакли чизиқларни кучайтириб олганидан сўнг умуман янги футболчиларни сотиб олишни тўхтатди. Тўғри, «қизиллар» айрим суперхаридларни (ҳимоячи Виржиль ван Дейк - 84 млн. евро, дарвозабон Алиссон - 62,5 млн., Наби Кейта ва Фабиньо -105 млн. доллар) амалга оширишди, аммо шу билан бирга, улар керакли вақтда Коутиньони 135 миллион эвазига «Барселона»га пуллаб, «баланс»ни тўғрилаб олишди.

Қисқаси, «Ливерпуль» ва «Тоттенхэм» мана шу ўтган давр мобайнида келажак учун яхшигина таркиб тузиб олишди. Дейлик, 1980 йилларда туғилган футболчилар икки жамоада атиги 9 нафаргина, холос ва улар Юрген Клоп ҳамда Маурисио Почеттинонинг ишлашига халал бермай, аксинча, мураббийларни имкон қадар қўллаб-қувватлашмоқда.

 

«Арсенал» анъанаси

Биз юқорида «Ливерпуль» ҳамда «Тоттенхэм»га қўпроқ эътибор қаратдик, аммо еврокубокларнинг 2018|2019 йиллар мавсумидаги барча кашфиёт клублари айнан «молиявий фэйр-плей» туфайли шу даражага етишганини унутмаслик лозим. Мисол учун, бундан уч йиллар аввал «Аякс» ва «Айнтрахт» клубларидаги футболчиларни ўз мухлисларидан бошқа ҳеч ким танимасди, ҳисоб. Энди ЕЧЛ ва ЕЛ финалига чиқишига бир баҳягина қолган клублар ҳамманинг асосий мавзусига айланди. Биз эса шуни таъкидлашни истардикки, Платинининг ислоҳотлари бўлмаганида, амстердамликлар ҳам, франкфуртликлар ҳам ярим финал босқичини фақат тушларида кўришарди.

Хуллас, биз яна Англияга қайтамиз. Европа Лигасининг бу йилги финалига, Бокуга йўлланмани биринчи бўлиб ҳал қилган «Арсенал»да Платинининг ғоясига қадар ҳам пулни ақл билан ишлатиш анъанаси мавжуд бўлган. Хусусан, Арсен Венгер 1990-йиллардаёқ эътиборини савияли, аммо нархи арзон футболчиларга қаратарди. Айнан шу сабабли ҳам лондонликлар таркибида бир пайтлари шарқий европалик йигитлар ҳам тўп суриш бахтига муяссар бўлишган: украиналик Олег Лужний, беларусь Александр Глеб, латвиялик Игорь Степанов...

Қимматбаҳо харидлардан кечиш «канонирлар»нинг «Хайбери» стадионидан «Эмирейтс»га (айни вақтда «Тоттенхэм» худди шу ҳолатда) кўчиб ўтиши билан ҳам боғлиқ эди. Бунинг натижасида Андрей Аршавиннинг «Зенит»дан Лондонга 15 миллион фунтга кўчиб ўтиши ўша пайтда «Арсенал» тарихидаги энг қиммат харид деб баҳоланганди!..

Унаи Эмери шогирдларига 29 май куни Бокуда қаршилик қиладиган «Челси»да эса ҳолат бироз бошқачароқ. Чунончи, россиялик миллиардер Роман Абрамовичга тегишли ҳисобланган клуб ҳозирча «эски ақидалар» тарафдори бўлиб турибди ва жамоа хўжайини учун қайсидир совринни ютиш - ҳаммасидан муҳимроқ. Аммо қаттиққўл УЕФА «Челси»даги айрим муаммоли вазиятлар сабаб, клубга янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишни тақиқлади. Бу эса шуни англатадики, «Челси» агар замонавий футболдан ортда қолишни истамаса, ўз фалсафасини ўзгартириши лозим.

 

Тарих ўзгарганида...

Бир мавсумнинг ўзида бир мамлакатнинг тўрт клуби халқаро турнирларда финалга чиқиши чиндан ҳам, ноёб ҳолат. Бунгача эса мусобақаларда учта «ватандош» ва битта «бегона» клублар тўқнаш келишганини кўп бора кузатганмиз. Қуйида ана шундай ҳолатларни ёдга оламиз.

* УЕФА Кубогининг 1979|1980 йиллар мавсумидаги финали немис клублари иштирокида ўтган. Ўшанда Менхенгладбахнинг «Боруссия»си ва «Айнтрахт» икки ўйиндан иборат курашда ўзаро муносабатларга ойдинлик киритишган. Менхенгладбахдаги илк ўйин мезбонларнинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланади. Франкфуртда эса «Айнтрахт»нинг қўли баланд келади - 1:0. Сафарда урилган гол устунлиги эса «Айнтрахт»ни турнир ғолибига айлантиради. Чемпионлар Кубогининг ўша йилги финалида эса «Гамбург» «Ноттингем Форест»га Мадридда ютқазиб қўяди - 0:1.

* Мавсум-1989|1990 итальянча кўриниш олган. УЕФА Кубоги учун «Ювентус» ва «Фиорентина» беллашади ва Туриндаги ўйин «кекса сеньора»нинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан ниҳоясига етади. Флоренциядаги жавоб ўйинида ҳисоб очилмагани учун соврин «Ювентус»га насиб қилади. Чемпионлар Кубоги финалида эса «Милан» Венада «Бенфика»ни ранжитади - 1:0. Демак, ҳар икки еврокубок битта мамлакатнинг икки клубига насиб қилган ва инглизлар бу борада рекордчи ҳисобланишмайди.

* «А» серия вакиллари мавсум-1994|1995да ҳам ўзларини кўрсатишган. Жумладан, УЕФА Кубоги финали «Парма» ва «Ювентус» иштирокида ўтиб, соврин «Парма»да кетган. Чунки Невио Скала жамоаси ўз майдонидаги илк ўйинда 1:0 ҳисоби билан рақибни енгиб, жавоб баҳсида, Туринда дурангга эришган - 1:1. Нариги мусобақада эса «Аякс» ғолиб бўлган. Амстердамликлар ўшанда «Милан» устидан Венада муваффақиятга эришишганди - 1:0.

* Италияликларнинг Европадаги ҳукмронлиги 1997|1998 йиллар мавсумида ҳам давом этди. Парижда ўтган ва илк марта биргина ўйиндан иборат бўлган УЕФА Кубоги финалида «Интер» «Лацио»ни йирик ҳисобда енгди - 3:0. Чемпионлар Лигаси финалида эса «Ювентус» Амстердамда «Реал» билан куч синашиб, ягона гол эвазига мағлубиятни тан олди - 0:1.

* Сўнгги ўн йилликка келиб, еврокубокларнинг ҳал қилувчи баҳслари асосан испанлар иштирокида ўта бошлади. Мисол учун, мавсум-2013|2014да «Севилья» Европа Лигаси финалида «Бенфика»ни пенальтилар сериясидан сўнг мағлубиятга учратади. Лиссабондаги ЕЧЛ финали эса «Мадрид дербиси»га айланади ва унда Карло Анчелоттининг «Реал»и «Атлетико»ни 4:1 ҳисобида ишонч билан енгади.

* Худди шу кўриниш мавсум-2015|2016да ҳам такрорланган. Яъни «Севилья» яна Европа Лигаси олтин медалларини Базелдаги финалда «Ливерпул»ни енгиб, қўлга киритади - 3:1. Чемпионлар Лигасида эса яна «Реал» ҳамда «Атлетико» клублари тўқнаш келишади. Фарқи шундаки, бу гал «Реал» нисбатан қийинчиликка учраб, асосий вақтда «Атлетико»ни енга олмайди - 1:1. Аммо пенальтилар сериясида барибир, «Қироллик клуби» устунлик қилади - 5:3.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz