Қайднома

Қидирув

Ариагнер Смит МЕДИНА: «ҚИЗИЛҚУМ»ДА АҲИЛ ОИЛА ЙИҒИЛГАН»

Ариагнер Смит МЕДИНА: «ҚИЗИЛҚУМ»ДА АҲИЛ ОИЛА ЙИҒИЛГАН»

  26.05.2019 08:22
  0
  537
Ариагнер Смит МЕДИНА: «ҚИЗИЛҚУМ»ДА АҲИЛ ОИЛА ЙИҒИЛГАН»

Миллий чемпионатимизда турли даврларда ҳар хил миллатга мансуб легионерлар тўп суришган. Ҳаттоки, 2014 йили испаниялик Карлес Кото «Бунёдкор» сафида бир давра ўйнаганди. Демакки, мамлакатимизга хорижлик футболчиларнинг келиши биз учун янгилик ҳисобланмайди. Сўнгги йиллардаги статистика жамоаларимизда фаолият юритган легионерларнинг аксарияти Болтиқбўйи давлатларидан эканини кўрсатмоқда. Лекин жорий йилдан эътиборан Суперлига клублари ўз анъаналаридан воз кечган ҳолда бошқа мамлакатлардан ҳам футболчиларни жалб этишмоқда. Буни «Қизилқум» мисолида кўриш мумкин. Навоийликлар янги мавсумга тараддуд кўриш жараёнида ўз таркибларини никарагуалик Ариагнер Смит Медина билан кучайтириб олишди. Тезкор дриблинг соҳиби бўлган ҳужумчи дастлабки турларда бирин-кетин голлар уриб, ишқибозлар эътиборига тушди. Биз яқинда Ариагнер билан суҳбатлашиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.

 

- Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

- Барчаси ажойиб, юртингиз об-ҳавосига секин-аста кўникиб боряпман. Кўряпсиз, чемпионат айни авж нуқтасига кириб бормоқда. Мазкур ҳолатда ҳеч бир жамоага осон бўлмаслиги турган гап. Олдинда муҳим баҳслар кутмоқда, иложи борича кўпроқ очко жамғаришга ҳаракат қиламиз.

- Ўзбекистон ҳақида аввал қандайдир тасаввурга эгамидингиз?

- Тўғриси, илк бор келганимда, Ўзбекистон менга нотаниш мамлакат эканлигини билардим. Лекин ҳозир футбол барча давлатларда жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Вақт ўтгани сари ёрқин таассуротларга эга бўляпман.

- «Қизилқум»да сизни қандай қарши олишди?

- Бу ерда аҳил-иноқ оила йиғилган, дастлабки кунимданоқ мезбонлар менга жуда илиқ муносабатда бўлишди. Жамоага тезроқ мослашиб кетишимда яқиндан ёрдам кўрсатишди. Шу боис бўлса керак, илк турлардан ўзимни кўрсатишга улгурдим.

- Чемпионат бошидаги ўйинларингиз мухлисларда ижобий таассурот қолдирди... Кетма-кет голлар урдингиз, лекин негадир кейин сермаҳсуллик йўқолди...

- Тўғри айтасиз. Лекин меҳнат қилиш, ўз устимда ишлашдан тўхтаётганим йўқ. Жамоадошларим мендан кўра тажрибали ҳисобланишади. Улардан кўп нарса ўрганиш мумкин. Ўйлайманки, олдиндаги баҳсларда яна голлар уриб, жамоамга ғалаба келтирмоқчиман.

- Қандайдир муаммоларга дуч келмадингизми? Маҳаллий одатларимизга ўрганиб қолдингизми?

- Имкон қадар ўрганяпман. Фақат тил борасида бироз қийин бўлди, даст­аввал. Аммо футбол терминлари ҳамма жойда бир қўлланилишини инобатга олсак, ҳозирча муаммо йўқ. «Қизилқум» мен учун катта имкониятлар эшигидир. Бир муддат Навоийда қолишга қарор қилдим. Очиғи, менга шаҳар ёқиб қолди, тинч, осойишта.

- Copa America мусобақасида қайси термага мухлислик қиласиз?

- Болалигимдан Бразилияга иш­қибозман, бу жамоанинг ўйин услуби ҳамиша ўзига жалб этган мени. Тўғри, Лотин Америкаси вакилларининг сўнгги йиллардаги натижаларини қониқарли деб бўлмайди. Лекин жаҳон чемпионатларидаги муваффақиятсиз иштирок бу жамоанинг кучи пасайганлигидан дарак бермайди. Неймар ва унинг шериклари қайси турнир бўлмасин, ҳамиша фаворитлар қаторида эътироф этиладилар.

- Навбатдаги евромавсум ҳам ниҳоясига етмоқда. Хўш, кучли бешлик чемпионатларида сиз кутган ҳолатлар содир бўлдими?

- Деярли, ҳа. Испанияда ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Фақат «Хетафе»нинг кучлилар сафида пайдо бўлишини кутмагандим. Италияда бу сафар «Аталанта» учинчи ўринни эгаллади. Унинг ўрнида «Милан» ёки «Интер» бўлиши мумкин эди. Менимча, энг қизиқарли ўтган чемпионат - бу Англия Премьер-лигаси ва Германия Бундеслигаси бўлди. Интрига охирги турга қадар сақланиб қолди.

- Ариагнер, сизга ва жамоангизга омад ва зафарлар тилаб қоламиз.

- Раҳмат. Асосийси, «Қизилқум»га фойда келтирсам бас.

 

МАЪЛУМОТ УЧУН

Тўлиқ исми: Ариагнер Стивен Смит Медина

Туғилган санаси: 1998 йил 13 декабрь

Туғилган жойи: Сомото, Никарагуа

Позицияси: ҳужумчи

Клублардаги фаолияти:

2014-2018 - «Реал Эстели» (Никарагуа)

2018 - «Спартак Юрмала» (Латвия)

2019 йилдан «Қизилқум» клубида тўп сурмоқда.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz