Қайднома

Қидирув

Лео маъқуллайди ёки миллий лигаларнинг энг яхши тўпурарлари

Лео маъқуллайди ёки миллий лигаларнинг энг яхши тўпурарлари

  30.05.2019 01:48
  0
  172
Лео маъқуллайди ёки миллий лигаларнинг энг яхши тўпурарлари

Яқинда MLS янги натижа гувоҳига айланди - турнир тарихидаги бош тўпурар ўзгарди. Хуллас, 36 ёшли Крис Вондоловски голеадорлар рўйхатида афсонавий Лэндон Доновандан ўзиб кетди. Soccer.ru сайти ижодкорлари эса америкалик ҳужумчининг тарихий натижаси баҳона миллий чемпионатлар архивини титкалашга тушишди. Улар шу аснода баъзи лигаларнинг бош голеадорини яна бир бора эътироф ҳам этишди.

Шимолий Америка - MLS

Крис ВОНДОЛОВСКИ (АҚШ) - 148та гол

Америкалик ҳужумчи «Чикаго Файр» клубига қарши кечган учрашувда «покер»га эришиб, MLS тарихидаги энг сермаҳсул ўйинчига айланди. Вондоловски деярли бутун фаолияти давомида «Сан-Хосе Эртвейкс» шарафини ҳимоя қилган ва 144та голини айнан Калифорния жамоаси либосида урган. У шунингдек, «Динамо» (Хьюстон)да ҳам фаолият юритган, аммо ўйин амалиёти ва маҳсулдорлик бобида муаммога учраб, атиги 4та гол билан чекланган. Мана, Крис MLSнинг 36 йиллик тарихидаги тўпурарлар рўйхатини бошқариб келган ҳамюрти Лэндон Доновандан ўзиб кетди. Энди америкалик ҳужумчиларни 3та гол ажратиб турибди.

 

Мексика - Лига МХ

КАБИНЬО (Бразилия) - 312та гол

АҚШга қўшни Мексика чемпионатига назар солсак, маҳаллий лигада бразилиялик футболчи олдинда эканлигини кўрамиз - Эванилдо Кастро ёхуд Кабиньо. Оддий айтганда, Кабо. У ўтган асрнинг 70-80-йиллари Мексика элит лигасида «УНАМ Пумас», «Атланта» ва «Леон» клублари шарафини ҳимоя қилган. Кабиньо атиги бир марта мамлакат чемпиони бўлган, лекин тўпурарлар пойгасида нақ 8 бора ғолиб чиққан. Хуллас, бразилиялик ҳужумчи ацтеклар юртидаги фаолияти давомида лиганинг ўзида 312та голга муаллифлик қилган. Лига МХ тарихидаги иккинчи яхши тўпурар - мексикалик Карлос Эрмосильо ҳисобидаги голлар сони эса 18та кам.

 

Бразилия - «А» серия

Роберто ДИНАМИТ (Бразилия) - 190та гол

Бразилиялик энг яхши футболчилар азалдан кучга тўлган пайт Европа томон талпинишган. Эндиликда ҳаттоки, кучга тўлишларини кутмасдан «кўҳна қитъа» футболига юз буришмоқда. Шунинг учун ҳам Бразилия «А» сериясининг энг яхши тўпурарлари рўйхатида Роналдо, Ривалдо ва ҳаттоки, Пеле ҳам йўқ. Футбол қироли Паулиста штати чемпионатида деярли 500тача гол урган, «A» серия баҳсларида эса рақиблар дарвозасини атиги 100 марта нишонга олган. Бош голеадор - Роберто Динамитга келсак, у деярли бутун фаолиятини Бразилиянинг ўзида ўтказиб, «Васку да Гама» клуби тимсолига айланган. Тўғри, бу футболчи вақтида «Барселона» сафига қўшилиб, 11та ўйинда 3та гол урган, аммо Каталонияда ўзини эркин ҳис қилолмай, тезда ортига қайтган.

Аргентина - Апертура

Арсенио ЭРИКО (Парагвай) - 295та гол

Ажабланарли, лекин аниқ факт: Аргентина миллий чемпионати тарихида энг кўп гол урган футболчи бошқа юртдан. Қойилмисиз, эҳ, қани Батигол ва Леоголлар? Қисқаси, Парагвай фуқароси Арсенио Аргентина лигасида деярли 300та голдан хирмон ясаган. Узоқ 1933-1946 йиллар оралиғида «Индепендьенте» либосида ҳаракатланган ҳужумчи «қизил иблислар» сафида ҳақиқий афсона даражасига чиқиб, «қизил кема» лақабини ҳам олган. 

 

Испания - Ла-лига

Лионель МЕССИ (Аргентина) - 417та гол

Аргентина миллий чемпионатида ўзга юрт вакили ҳамон бош голеадор бўлиб турган бўлса, аргентиналик юлдуз Испанияни бутунлай маҳв этди. «Кумуш мамлакат» вакили Ла-лигадаги фаолияти давомида 417та гол уришга улгурди, бу деярли ярим аср давомида рекордчи бўлиб турган маҳаллий снайпер - Тельмо Сарра кўрсаткичи- (251та гол)дан анча кўпдир. Ҳа, ҳозирдан Мессини абадий рекордчи сифатида эътироф этсак ҳам бўлар. Ҳеч қандай қўштирноқсиз. Боз устига, бу унинг учун охирги марра эмас.  

 

Англия - АПЛ

Жимми ГРИВЗ (Англия) - 357та гол

Агар Криштиану Роналду «МЮ»да худди Месси «Барселона»да узоқ вақт ўйнаётгани каби ушланиб қолганида, эҳтимолки, қария Гривздан рекордни тортиб олармиди? Ҳар ҳолда, португалиялик шоввоз Англия футболида голеадорларга боғлиқ барча энг яхши кўрсаткичларни бирин-кетин янгилаш имкониятига эга бўларди. Бироқ футбол тарихи «агар» иборасини тан олмайди. Шундай экан, 1966 йилги жаҳон чемпиони ҳамон олдинда. У Англия юқори лигасидаги голларини «Челси», «Тоттенхэм» ва «Вест Хэм» клублари сафида нишонлаган.

 

Италия - «А» серия

Сильвио ПИОЛА (Италия) - 274та гол

Италияда ҳужумчилар вақти-вақти билан гол уриш масаласида катта қийинчиликка дуч келишади. Зеро, ҳимоявий ўйин анъаналари ва орқа чизиқда ҳаракатни тартибга солиш усуллари кўпинча айнан Апеннин ярим оролида кашф этилади. Шунинг учун бўлса керак, Пиоланинг тўпурарлик рекорди 70 йилдан буён янгиланаётгани йўқ. Сильвиодан ўзиб кетишга жиддий бел боғлаган охирги футболчи - бу Франческо Тотти. Бироқ «Рома» фахри 250та гол маррасида тўхташдан ўзга чора тополмади («А» серия тарихидаги 2-яхши кўрсаткич).

Германия - Бундеслига

Герд МЮЛЛЕР (Германия) - 365та гол

Мюллер - Германия футболининг барча даврлардаги бош снайпери. Рақиблар дарвозаси олдида мутлақо ваҳшийга айланиш ҳадисини яхши ўзлаштирган Герд «Бавария»нинг ички чемпионат доирасидаги 427та ўйинида қатнашиб, 365та гол урган. «Бавария» асосан айнан шу ҳужумчининг юқори маҳсулдорлиги ҳисобига бир неча йил давомида чинакамига «гегемон»лик қилган, Мюнхенга эса Европа футбол маркази сифатида қаралган. Афсонавий Франц Беккенбауэр жамоадошининг гол уриш қобилиятини юксак баҳолаб, унинг клуб тарихидаги ролини алоҳида эътироф этганди: «Агар Герд шу қадар кўп гол урмаганида, эҳтимолки, биз ҳалигача Зэбенерштрассдаги кичик ёғоч уйда ишлармидик...».

 

Франция - Лига 1

Делио ОННИС (Аргентина) - 299та гол

Бош тўпурари аргентиналик бўлган Европанинг кучли 5та миллий чемпионати қаторига кирувчи яна бир лига. Ҳа, Оннис Испания чемпионатида 400тадан ортиқ гол урган йигит каби ўта машҳур эмас, лекин у франциялик мухлислар, хусусан, «Монако» тарафдорлари учун ниҳоятда қадрли. Аргентиналик ҳужумчи Франция лигасида ўтган асрнинг 70-йиллари ва 80-йиллари биринчи ярмида тўп суриб, 5 марта бош тўпурарга аталган соврин эгасига айланган. Умуман, Делио 299та голини «Монако», шунингдек, «Реймс», «Тур» ва «Тулон» сафидаги 449та ўйинда тўплаган.


Собиқ иттифоқ - олий лига

Олег БЛОХИН (собиқ иттифоқ|Украина) - 211та гол

Тушунарлики, Олег Блохин собиқ иттифоқ чемпионати тарихидаги энг яхши тўпурар мақомини абадий қўлдан чиқармайди. Алоҳида таъкидлаш ўринли, собиқ иттифоқ биринчилиги жуда кучли бўлган ва Украина футболи фахри Олег Владимирович Киев «Динамо»сида кўрсатган натижаси билан чиндан ҳам, ҳурматга сазовор.

 

Россия - Премьер-лига 

Олег ВЕРЕТЕННИКОВ (Россия) - 143та гол

Статистик рақамлардан маълумки, Россия чемпионатида гол уриш ҳаттоки, Италия «А» сериясида рақиблар дарвозасини ишғол қилишдан ҳам қийинроқ. Олег Веретенников ўрнатган рекорд кўрсаткич 20 йилдан буён ушланиб тургани ҳам шундан далолат бермоқда. Ҳа, Александр Кержаковда «Ротор» ва «Сокол» клублари собиқ ҳужумчисидан ўзиб кетиш учун яхшигина имконият туғилганди, бироқ Нева соҳилларидан чиққан голеадорга охирги шиддат етишмади. Яъни у 139та гол маррасида тўхтади. Қаранг, Веретенников билан тенглашишига атиги 4та аниқ зарба етишмади. Энди Артём Дзюба чўққига интилмоқда. Ҳозир «Зенит» вакили ҳисобида 101та гол бор ва у Веретенников натижасини такрорлаш учун яна 42та ҳужумни муваффақиятли якунлаши керак.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz