Қайднома

Қидирув

Бугунги рақибимиз: ТАКОМИЛЛАШГАН ТЕРМА билан ўйнаймиз...

Бугунги рақибимиз: ТАКОМИЛЛАШГАН ТЕРМА билан ўйнаймиз...

  02.06.2019 01:26
  0
  474
Бугунги рақибимиз: ТАКОМИЛЛАШГАН ТЕРМА билан ўйнаймиз...

Эктор Купер бошчилигидаги Ўзбекистон миллий жамоаси 2 июнь куни сафарда Туркия термасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказади. Мазкур баҳсни ўзига хос воқелик десак муболаға бўлмас. Умуман олганда, Туркиянинг асосий қисми Осиё қитъасида, кичик ҳудуди Европада жойлашган. Шунга қарамай, мазкур терма УЕФАнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.

Туркияда сўнгги йилларда футбол анча ривожланди. Бунга яққол мисол сифатида терма жамоанинг 2002 йилги жаҳон чемпионатида учинчи ўринни эгаллаганини кўрсатиш мумкин. Аммо ўшандан буён турклар мундиал йўлланмасини қўлга кирита олишмади. Шунга қарамай, Европа чемпионатларида мунтазам иштирок этиб келишмоқда. Гарчи турк жамоалари 1896 йилги Олимпиадада қатнашган бўлсаларда, аслида Туркия термаси 1923 йилда ташкил этилган. Жамоа жаҳон чемпионатининг саралаш баҳсларида 1950 йилдан бошлаб иштирок этиб келади. 1950 йили Туркия саралаш баҳсларида Сурияни 7:0 ҳисобида мағлуб этиб, Бразилияда бўлиб ўтган мундиал йўлланмасини қўлга киритган. Бироқ молиявий муаммолар туфайли мусобақанинг финал босқичида иштирок эта олмаган. ЖЧ-1954 учун ўтказилган саралаш баҳсида турклар Испанияни мағлуб этишган. Дастлабки учрашувда испанлар 4:1 ҳисобида зафар қучишган. Жавоб ўйини эса Туркиянинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топган. У пайтларда сафарда урилган гол қоидаси жорий этилмаганди. Натижада учинчи ўйинни ўтказишга тўғри келган. Бу сафар 2:2 ҳисоби қайд этилган. Якунда турклар танга ташлаш йўли орқали жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишган. Шундан сўнг 1996 йилги Европа чемпионатига қадар Туркия йирик мусобақаларда кўриниш бермади. Ўша йили Англияда ўтказилган қитъа чемпионатида иштирок этган жамоа кейинчалик 2002 йилги мундиалда ҳақиқий шов-шув кўтара олди, 2003 йилги Конфедерациялар кубогида ҳам учинчи ўринни эгаллади.

Туркия терма жамоаси бош мураббийи Шенол Гюнеш иккита ўртоқлик ўйини ва иккита расмий баҳслар учун чақирилган футболчилар номини эълон қилди. Гюнеш бўлажак ўйинлар учун 38 ёшли Эмре Белезоглуни ҳам чақиргани диққатга молик. Бундан ташқари, рўйхатда Женгиз Ундер, Юнус Малли, Ҳоқон Чалханоглу, Бурак Йилмаз ва Женк Тосун каби машҳур футболчилар ҳам бор.

ТУРКИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ...
Лақаби: «Ой юлдузлилар»

Конфедерацияси: УЕФА

Бош мураббий: Шенол Гюнеш

Энг кўп ўйин ўтказган футболчилар: Рушту Речбер (120), Ҳоқон Шукур        (112), Булент Қўрқмас (102), Арда Турон (95), Тугай Керимоглу (94), Эмре Белезоглу (93), Алпай Озалан (90), Ҳамит Олтинтоп (82), Тунжай Шонли (80).

Энг кўп гол урган футболчилар: Ҳоқон Шукур (51), Тунжай Шонли (22), Бурак Йилмаз (21).

Машҳур футболчилари: Ҳамит Олтинтоп, Меҳмет Аурелио, Эмре Ошиқ, Йилдирай Боштурк, Эмре Белозоглу, Окан Бурук, Булент Қўрқмас, Гёкдениз Карадениз, Умит Каран, Ниҳат Қаҳвачи, Алпай Озалан, Рушту Речбер, Тугай Керимоглу, Арда Турон, Ҳоқон Унсал, Ҳасан Шош, Ҳоқон Шукур, Ҳоқон Чалханоглу, Хоқон Болта.

Дастлабки учрашуви: Туркия - Руминия - 2:2 (Истанбул, Туркия; 26 октябрь, 1923 йил)

Энг йирик ғалабалари: Туркия - Сурия - 7:0 (Анқара, Туркия; 20 ноябрь, 1949 йил), Туркия - Жанубий Корея - 7:0 (Женева, Швейцария; 20 июнь, 1954 йил), Туркия - Сан-Марино - 7:0 (Истанбул, Туркия; 10 ноябрь, 1996 йил).

Энг йирик мағлубиятлари: Польша - Туркия - 8:0 (Хожув, Польша; 24 апрель, 1968 йил), Туркия - Англия - 0:8 (Истанбул, Туркия; 14 ноябрь, 1984 йил), Англия - Туркия - 8:0 (Лондон, Англия; 14 октябрь, 1987 йил).

Жаҳон чемпионатларида

Иштироки: 2 (илк бор 1954)

2002 йилги жаҳон чемпионатида 3-ўринни қўлга киритган.

Европа чемпионатларида

Иштироки: 4 (илк бор 1996)

2008 йилги Европа чемпионатида бронза медалларини қўлга киритган.


Туркиянинг бўлажак ўйинлар учун чақирилган футболчилари рўйхати қуйидагича:

Дарвозабонлар: Мерт Гюнок («Башакшеҳир»), Гокхан Аккан («Ризеспор»), Синан Болат («Антверпен», Бельгия), Угурчан Чақир («Трабзонспор»);

Ҳимоячилар: Меҳмет Челик («Лилль», Франция), Нозим Сангаре («Антальяспор»), Озан Муҳаммад Кабак («Штутгарт», Германия), Чоғлар Суюнчи («Лестер», Англия), Каан Айҳан («Фортуна», Германия), Мериҳ Демирал («Сассуоло», Италия), Женгиз Умут Мераш («Бурсаспор»), Эмре Тошдемир («Галатасарой»), Ҳасан Али Калдирим («Фенербахче»);

Ярим ҳимоячилар: Абдулқодир Омур («Трабзонспор»), Женгиз Ундер («Рома», Италия), Дениз Туруч («Қайсариспор»), Дорукхон Токоз («Бешиктош»), Эфечан Карача («Аланяспор»), Эмре Белезоглу («Башекшеҳир»), Ифран Жан Қаҳвечи («Башекшеҳир»), Маҳмут Текдемир («Башекшеҳир»), Оғузхон Озякуп («Бешиктош»), Окай Йокушли («Сельта», Испания), Озан Тўфон («Аланяспор»), Юнус Малли («Вольфсбург», Германия), Юсуф Язичи («Трабзонспор»), Ҳоқон Чалханоглу («Милан», Италия), Умар Али Шаҳинер («Коняспор»);

Ҳужумчилар: Бурак Йилмаз («Бешиктош»), Женк Тосун («Эвертон», Англия), Энес Унал («Вальядолид», Испания), Гувен Ялчин («Бешиктош»), Кенан Караман («Фортуна», Германия).

Маълумот учун, Туркия 30 май куни Греция, 2 июнда эса Ўзбекистон термаларига қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказади. 8 июнь куни Евро-2020 саралаши доирасида Франция ва 11 июнда Исландия жамоалари билан ўйнайди.

Жаъфархон БОБОХОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz