Қайднома

Қидирув

Карлес КОТО: «ЛУШАН БИЛАН ЎРТАМИЗДА НИЗО БЎЛМАГАН»

Карлес КОТО: «ЛУШАН БИЛАН ЎРТАМИЗДА НИЗО БЎЛМАГАН»

  03.06.2019 09:26
  0
  665
Карлес КОТО: «ЛУШАН БИЛАН ЎРТАМИЗДА НИЗО БЎЛМАГАН»

Сергей Лушан 2014 йили «Бунёдкор» бош мураббийи этиб тайинлангач, таркибни ёшартиришни бошлади. Жумладан, ҳозирги миллий жамоамиз аъзолари - Достон Ҳамдамов, Акром Комилов, Рустам Ашурматов сингари футболчиларга ишонч билдирди. Уларга клубда айнан Лушан даврида имконият тақдим этилди. Натижа эса барчага аён. Ўз навбатида, Лушан клубдаги айрим легионерларни эътибордан четда қолдирди. Жумладан, Сергей Симоненко ва Карлес Кото ўйин амалиётисиз қолиб кетишди. Яқинда Ўзбекистон тарихидаги илк испаниялик легионер Карлес Кото билан ижтимоий тармоқ орқали боғланиб, суҳбат қурдик. У интервью бериш чоғида «Бунёдкор» клуби билан ҳеч қандай муаммо бўлмаганини алоҳида таъкидлади.

- Карлес, «Бунёдкор»даги қисқа фаолиятингиз давомида уч мураббий билан ишлашга улгурдингиз, дастлаб Миржалол Қосимов, унинг ёрдамчиси Александр Волков, сўнг Сергей Лушан... Улар орасидаги тафовутни сездингизми?

- Миржалол Қосимов - улкан тажриба соҳиби, футбол билимдони, деб бемалол айта оламан. У билан ишлаган давримда ҳаётда асқотадиган кўпгина нарсаларни ўргандим. Қосимов фақат асосий таркиб билан боғланиб қолмай, академиядан етишиб чиқаётган ёшларни ҳам кузатарди. Шунингдек, «Бунёдкор»нинг аксарият футболчилари терма жамоада бирга тўп суришарди. Мураббийимиз ўзбек футболи афсонаси эканлигини, шундай инсон қўл остида ўйнаётганлигимни ҳис қилардим. Шахсан у мен учун энг яхши мураббийдир. Волков ҳам жамоамизнинг муҳим аъзоси эди, Қосимов клубдан кетганидан сўнг барча масъулият унинг зиммасида қолди. Жамоа Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида қолиб кетаётган бир паллада Волков бор маҳоратини намойиш этиб, жамоани гуруҳдан олиб чиқди. Тўғри, у Миржалол сингари тажриба ва кучга эга эмасдир, бироқ футболчиларга кўрсатмаларни тўғри тушунтирарди. Волковнинг устун томони - унинг ижобий фикрлашида, мен шу каби хислат соҳибларини яхши кўраман. Сергей Лушан билан ўртамизда ҳеч қандай низо бўлмаган. У менга эмас, ўзи билган шогирдларига ишонч билдирди, холос. Ўзимда ҳам айб бор, у истаган ўйинни кўрсата олмадим.

- Тошкент клубида сизни барча нарса қониқтирганми?

- Ўзимни жуда яхши ҳис қилардим. «Бунёдкор»да футбол ўйнаш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилганди. Клуб базаси унча-мунча Европа жамоалариникидан қолишмайди. Очиғи, жамоага келишимдан олдин тасаввурларим буткул бошқача эди. Шаҳар гўзал, инсонлари самимий, мухлислар мен билан суратга тушишни исташарди. Мен эса ҳеч қачон рад қилмаганман. У ердан кетиш ачинарли ҳолат эди, мен учун.

- «Барселона» академияси тарбияланувчиси бўлганингиз учун сиздан кўп нарса кутгандик. Нима деб ўйлайсиз, маҳорат ва потенциалингизни етарли даражада кўрсатишингиз учун нима етишмади?

- Аҳамият беринг, мен фақат Осиё Чемпионлар Лигасидагина тўлиқ тўп сурдим. Чемпионат баҳсларида фақат дастлабки турлардагина 90 дақиқа фаол ўйнадим. Кейин кетма-кет жароҳатлар боис барча ўзимни кўрсатолмадим. Бундан афсусдаман. Клубга кўп нарса бермоқчи эдим, бироқ... ўхшамади. Аммо жамоанинг ўринбосарлар таркибида яхши тўп сурдим.

- Лушан жамоадаги легионерларга қандай муносабатда бўларди?

- Очиғи, у биринчи давра якунига етиши арафасида келган. Лушан билан бир ой ҳам ишламаганман. У келди, мен кетдим. Шунинг учун бу саволга аниқ жавоб беролмайман. Агар аввалги мураббий қолганида, балки воқеалар бошқача ривож олиши ҳеч гап эмасди.

- Сиз билан деярли бир вақтда кетган Сергей Симоненко билан можароли ҳолат яқинда ўз ечимини топди. Янги раҳбарият унинг пулларини тўлади. Хўш, сиз ва «Бунёдкор» ўртасида бундай вазият вужудга келмаганми?

- Йўқ. Қандайдир мавзуларда бўлган бўлса бордир. Аммо у қадар жиддий муаммо кузатилмаган. Молиявий томондан ҳам клуб шартномада кўрсатилган пулларни ҳисоб рақамимга ўз вақтида ўтказиб берган.

- Айни вақтда қаерда тўп суряпсиз?

- Ҳозир Греция иккинчи лигаси иштирокчиси - «Волос ФК» аъзосиман. Турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқдамиз. Биздан кейинги ўринда турган жамоа билан ўртада беш очколи фарқ бор. Лекин бу хотиржамликка берилишимизни англатмайди. Агар ушбу дивизионда чемпионликни қўлга киритсак, Суперлигага йўл оламиз. Бош мақсад шундай, бунинг учун бизда жуда яхши имконият бор. Барчаси ўз қўлимизда.

- Бирозгина «Барселона» ҳақида гаплашсак. Эрнесто Вальверде жамоани тарк этадиган бўлса, бу ўзгариш клубга ижобий таъсир кўрсатадими?

- Агар Гвардиола ёки Зидан даражасидаги мураббий келса, ҳа. Аммо бу имконсиз. Умуман олганда, Вальверде клуб билан кўплаб совринли ўринларни эгаллади. Ҳар нарсанинг интиҳоси бўлгани каби, унинг учун ҳам жамоани тарк этиш вақти келди.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz