Қайднома

Қидирув

Шавкат Муллажонов: «Ҳар ким ўз иши билан шуғулланса, натижа бўлади»

Шавкат Муллажонов: «Ҳар ким ўз иши билан шуғулланса, натижа бўлади»

  07.06.2019 05:03
  0
  526
Шавкат Муллажонов: «Ҳар ким ўз иши билан шуғулланса, натижа бўлади»

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ўртоқлик учрашувларида метин ҳимоя қўрғонини қуриш мақсадида таркибга «Локомотив» ва «Пахтакор»нинг мудофаа вакилларини жалб қилди. Якуний таркиб эълон қилинишидан аввал барчанинг фикри турлича эди. Яъни ҳамма ўз истагидан келиб чиққан ҳолда бу позицияда янгилик кўришни исташди, жумладан, Шавкат Муллажоновни яна терма либосида кўришни истагандик. Аммо жаноб Купер нима қилаётганини яхши билади, унинг ишларига аралаша олмаймиз. Айни вақтда «Металлург» жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган Муллажонов билан суҳбатни мамлакатимизда янги жорий этилган мусобақа ҳақидаги саволдан бошладик.

- Лига кубоги мусобақаси жамоалар учун қай даражада муҳим ва керакли?

- Юртимизда футбол йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Жаҳон футболидан андоза олган ҳолда бу йилдан Ўзбекистон Лига кубоги мусобақасига асос солинди. Вилоятлардаги футбол муҳити худди Англия Премьер-лигаси баҳсларини эслатиб юборяпти. Бу мусобақа биринчи навбатда ёшлар учун фойдалидир. Захирада қолиб кетаётган футболчилар учун бу жуда яхши имкон. Зеро, улар ўзларини яхши тарафлама кўрсата олишса, бу кейинги фаолиятларига ижобий таъсир кўрсатади.

- Ёшингиз ҳам 33га кириб қолди. Бутсаларингизни михга илишни ўйлаб кўрмадингизми?

- Менимча, бунга ҳали эрта. Фаолиятимни тугатишни хаёлимга келтирганимча йўқ. Ҳозир бор эътиборим «Металлург» ўйинларига қаратилган. Шунинг учун диққатимни бўлишни ҳоҳламаяпман. Ҳар нарсанинг ўз вақти-соати бор. Катта футбол билан хайрлашиш ниятим бўлса, ўзим хабар бераман.

- Сизда ҳимоячиларда кам учрайдиган ажойиб хислат бор, яъни мудофаадан туриб ҳужумчиларни яхши кўра оласиз. Бу мураббийлар тавсияси самарасими ёки туғма қобилият?

- Аслида, ҳамма футболчида шундай хусусият бўлиши керак. Масалан, Осиё кубоги-2011да Вадим Абрамов Одил Аҳмедовни ҳимоячи сифатида орқа чизиқда ўйнатган, бундан кўзланган мақсад ҳужумни ҳимоядан бошлаш бўлганди. Мендаги бу одат, менимча, мураббийнинг тактикаси самараси.

- 2011 йилги Осиё кубогидан сўнг Европа жамоаларидан таклиф тушгани ростми?

- Йўқ. Тўғри, Қатардаги мусобақа таркибдаги барча футболчиларнинг юқори даражага кўтарилишига сабаб бўлган. Шу боис, қарийб ҳаммамиз хориж жамоаларидан таклиф олганмиз, аммо Европадан эмас.

- «Ляонин», «Ал-Аҳли» «Ал-Наср»-да яхши ўйин намойиш қилгансиз. Ҳозир ҳам хорижлик дўстларингиз билан алоқани сақлаб қолганмисиз?

- Айни пайт деярли ҳеч ким билан гаплашмайман.

- Австралия билан ўйиндаги мағлубият таркиб билан боғлиқмиди ёки нотўғри танланган тактика?

- Ўша мусобақада ярим финалга қадар турли таркибда майдонга тушаётгандик ва бу қайсидир маънода фойда берганди. «Яшил қитъа» вакилларига қарши ҳужумкор ўйнаш нотўғри эди. Лекин ўшанда ўзимизга бўлган ишонч юқорилиги боис очиқ футбол таклиф қилганмиз. Афсуски, барча уринишларимиз зое кетган.

- Жамоанинг руҳан тикланишида Александр Гейнрихнинг ўрни бўлганми?

- Ҳа, албатта. Сашадек инсон фақат бир марта туғилади. Ундаги характер, ноодатий қарорлар, ўйин бошқа ҳеч кимда йўқ. У - ягона.

- Ҳимоячи сифатида Гейнрихга қарши ўйнашни истармидингиз?

- Йўқ. Умуман олганда, барча ҳужумчиларга қарши тўп суриш қийин.

- Келинг, суҳбатни Суперлиганинг сўнгги турида бўлиб ўтган «Бунёдкор»га қарши учрашув ҳақидаги фикрларингиз билан давом эттирсак. Вадим Абрамов жамоасини қай даражада таёрлабди?

- Майдонда нима бўлганини ҳамма кўрди. Ўзимизнинг хато ва камчиликларимиз туфайли мағлуб бўлдик, кераксиз жойда тўп ўтказиб юбордик. Менимча, ортиқча изоҳга хожат йўқ, натижа барини кўрсатиб турибди.

- Айрим мухлислар «Бунёдкор»-ни муддатидан аввал кучлилар сафидан чиқариб қўйишганди...

- Бу гаплар мавсум бошида эди. Ҳозир вазият буткул ўзгариб кетди. Жамоада тажрибали мураббий ишламоқда. Албатта, унинг имзоси яққол кўзга ташланяпти.

- «Бухоро»да ҳам маълум муддат тўп сурдингиз, кўҳна шаҳар жамоасининг айни пайтдаги ҳолатига қандай муносабат билдирасиз?

- Бухорода 2016 йили аҳил ва иноқ жамоа йиғилганди. Мураббийлардан тортиб футболчиларгача ўз ишини сидқидилдан бажаришган. Кейинчалик Улуғбек Бақоев жамоани қабул қилиб олди. Шунда ҳам натижа бўлди - олтинчи ўрин. Бу ойлаб маошсиз ўйнаган йигитлар учун аъло натижа ҳисобланади. Жамоада футболни тушунмайдиган айрим шахслар бор. Исмини айтмайман. Ҳар ким ўз иши билан шуғулланса, футболчилар фақат футбол ҳақида ўйласагина, натижа бўлади.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz