Қайднома

Қидирув

Феликс Санчес: «Копа Америка имкониятларимиз қай даражада эканини кўрсатади»

Феликс Санчес: «Копа Америка имкониятларимиз қай даражада эканини кўрсатади»

  08.06.2019 03:17
  0
  751
Феликс Санчес: «Копа Америка имкониятларимиз қай даражада эканини кўрсатади»

Йил бошида Феликс Санчес қўл остида Қатар терма жамоаси Осиё кубогида зафар қучди. Умуман олганда, малмакат футболининг ривожланишида ушбу мутахассиснинг ҳиссаси катта. Феликс Санчес Қатарга 2006 йили ташриф буюрган. Ўшанда у Aspire академиясида иш бошлаганди. Орадан бир қанча вақт ўтгач, испаниялик мутахассис Қатар терма жамоаларидаги фаолиятини бошлади. Унинг қўл остида мамлакат ёшлар U-19 терма жамоаси 2014 йилги Осиё чемпионатида зафар қучиб, 2015 йили бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этди. Бир неча кун олдин Қатар футбол ассоциацияси Санчес билан амалдаги шартномани узайтирди. Энди мураббий жамоани ЖЧ-2022 якунига қадар бошқаради. Кўриниб турибдики, қатарликлар унинг ишидан қониқиш ҳосил қилишмоқда. Айни пайт Қатар термаси Бразилия майдонларида бўлиб ўтадиган Копа Америка мусобақасига тайёргарлик кўрмоқда. Океан ортига йўл олишдан олдин Санчес FIFA.com сайтига интервью берди.

 

- Осиё чемпионатидаги муваффақиятдан сўнг Қатар терма жамоаси ЖЧ-2022га тайёргарлик кўрмоқда. Копа Америкадаги иштирок жамоага ижобий таъсир ўтказадими?

- Инсон ҳамиша асосий мақсади нима эканлигини белгилиб олиши лозим. Қатар мамлакати тарихий воқеа бўлган - ЖЧ-2022га тайёргарлик кўрмоқда. Биз жамоанинг яхши формада эканлигига ишонч ҳосил қилишимиз лозим. Турнирда нафақат ўзимиз учун қатнашамиз, балки мусобақа тарихида ўзига хос из қолдирмоқчимиз. Бунинг устига, мундиалга айнан Қатар мезбонлик қилади. Америка кубогидаги иштирокимизни жаҳон чемионати учун қўйилган қадамимиз дейиш мумкин. Мазкур турнирда ўта тажрибали терма жамоаларга қарши баҳс олиб борамиз. Гуруҳимизда Аргентина бор. Бу терма жамоанинг имкониятлари барчага яхши маълум. Шунингдек, Колумбия ҳам ўзига яраша кучга эга. Парагвай ҳам ҳар қандай мусобақада ўзини кўрсатишга қодир жамоа. Шу боис ҳам мазкур термаларга қарши ўйинлар биз учун ажойиб имконият. Айнан шу ўйинлардан сўнг имкониятларимиз қай даражада эканлигини билиб оламиз.

- Мазкур турнирдан нима олмоқчисиз ва Қатар термасининг Копа Америкадаги имкониятлари қандай?

- Таркибимизда ёш футболчилар кўп. Шундай экан, нуфузли турнирдаги иштирокимиз орқали биринчи навбатда тажриба тўпламоқчимиз. Умид қиламанки, жамоамиз уялтириб қўймайди. Гуруҳ босқичида иложи борича кўп очко жамғаришга ҳаракат қиламиз. Агар «плей-офф» босқичига чиқа олсак, ажойиб бўларди.

- Турнир олдидан Бразилия терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушасизлар. Шу орқали Жанубий Американинг иккита номдор жамоасига қарши ўйнаш имкониятига эга бўласизлар: биринчиси - Неймар бошчилигидаги Бразилия бўлса, иккинчиси - Мессиси бор Аргентина.

- Улар буюк футболчилардир. Умуман олганда, шундай жамоаларга қарши ўйнаш имкониятига эга бўлганимиздан хурсандман. Бундай ўйинларнинг фойдаси катта бўлади.

- Яқинда ҚФА сиз билан амалдаги шартномани 2022 йилнинг ёзига қадар узайтиргани маълум қилинди. Буни сўнгги йилларда олиб борган ишларингиз учун мукофот деса бўладими?

- Бунинг учун ҚФА ва ташкилот президенти Шайх Ҳамад бин Ҳалифа ал Танига миннатдорчилик билдираман. У менга ишонч билдириб, шундай имконият яратиб берди. Шартноманинг Осиё кубогидан сўнг узайтирилиши эса бизнинг яхши ишлаётганимиздан далолат. Умид қиламанки, ҳамкорлигимиз кейинги бос-қичда ҳам давом этади.

- Жаҳон чемпионати бошланишига уч ярим йил бор. Бу борада ўз режаларингиз борми?

- Менимча, ҚФА кейинги босқичнинг муҳимлигини тушуниб турибди. Умид қиламанки, уюшма бизга керакли ўйинларни ўтказишимизга ёрдам беради. Осиё кубогига тайёргарлик кўриш жараёнида кучли жамоаларга қарши ўйинларни ташкиллаштириб беришди. Натижада Швейцария, Исландия ва Эквадор термалари билан баҳс олиб бордик. Энди Копа Америкада қийин ўйинларни ўтказамиз. Унга қадар эса Бразилияга қарши ўйин бор. Яна шуни унутмаслик керакки, биз Осиёдаги иккита саралаш ўйинларида иштирок этамиз. Гарчи ЖЧ-2022 мезбони бўлсакда, саралаш ўйинларида қатнашамиз. Шунингдек, 2023 йили бўлиб ўтадиган Осиё кубоги саралаш баҳсларида ҳам ўйнаймиз.

- Кўплаб қатарлик футболчилар хорижда ўйнаб, ички чемпионатга қайтишган. Нима деб ўйлайсиз, энди улар Европанинг кучли лигаларида ўйнашга қодирларми?

- Ҳа. Аввалига тажриба тўплашди. Энди уларнинг айримларини Европада профессионал футбол ўйнашга ҳақлидирлар, деб ҳисоблайман. Умид қиламанки, футболчилар Копа Америкадаги иштироклари орқали Европа клублари назарига тушадилар.

А.Ҳамидов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz