Қайднома

Қидирув

Томошанинг ташвишли томони

Томошанинг ташвишли томони

  08.06.2019 07:21
  0
  585
Томошанинг ташвишли томони

Шаҳзода Уильямнинг ташаббуси билан ВВС томонидан яратилган картина футболчилар ўртасидаги депрессия ҳолатига бағишланган бўлиб, унда Питер Крауч, Гарет Саутгейт, Дэнни Роуз, Тьерри Анри ва Жермейн Женас каби ўйинчилар ўзларининг руҳий муаммолари ва унга қарши курашиш усуллари билан ўртоқлашдилар.

- Мабодо, заифлик сифатида баҳоланадиган бирорта сўз оғзингдан чиқиб кетгудек бўлса, майдонга тушмай қўявер. Чунки ўша заҳоти мухлислар ўртасида кулгига қоласан, - дейди Англия терма жамоаси ҳамда «Тоттенхэм»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Жермейн Женас. - Футбол майдони - бизнинг саҳнамиз. У ерда мухлисларимиз кўнглини овлашга уринамиз. Лекин шу билан бирга кўпчилик касбдошларимиз футболнинг ажралмас қисми бўлган босимга дош бера олмасликлари ва саломатликларини йўқотишлари мумкин.

Йилдан йилга Буюк Британияда руҳий муаммолар ва депрессия ҳолати хусусида кўп гапирилмоқда. 2017 йилда шаҳзода Уильям шаҳзода Гарри билан ҳамкорликда руҳий муаммоларни бартараф этиш билан биргаликда улар ҳақида очиқ-ойдин гапириш ва ёрдам сўраш нормал ҳолат эканлигини тарғиб этадиган хайрия муассасасини йўлга қўйишди.

- Эркак киши ўз ҳис-туйғуларини изҳор этишга жазм этавермайди. Чунки тингловчи уни заифлик сифатида қабул қилиши мумкин, - дейди шаҳзода Уильям. - Ҳаётда эса эркаклар доимо кучли ва зўр эканликлари, бехато иш тутишлари ҳақида тушунча пайдо бўлган. Бу улкан босим. Суицид, яъни ўз жонига қасд қилиш 45 ёшгача бўлган аҳоли ўртасидаги ўлим ҳолатларининг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда. Унинг 75 фоизини эркаклар амалга оширмоқдалар. Даҳшатли статистика! Биз ўз ҳис-туйғуларимизни ошкор этиш орқали бошқаларга ўрнак бўлишимиз, вазиятни ўзгартиришимиз лозим.

Бевосита шаҳзода иштирок этган бир соатли фильмда барча футболчилар ўзлари дуч келган муаммолар ва улардан фориғ бўлиш усуллари билан ўртоқлашдилар.

- Биз моделлар ролини ижро этишимиз лозим бўлади, - дея тушунтиради шаҳзода. - Масалан, мен саноат соҳаси вакилларини суҳбатга тортишга уриниб кўраман. Агар қайсидир йирик корпорациянинг раҳбари даъватимизга «лаббай» деб жавоб берса ва шунча руҳий муаммоларга қарамасдан улкан корхона раҳбарлигини уддалай олаётганини эътироф этса, демак ишлари чакки эмас. Юксак лавозимдаги кишилар руҳиятларига салбий таъсир этадиган кучли босим остида бўладилар. Фақат уни ҳеч кимга айтмайдилар. Спортчилар эса ҳар куни машқ қиладилар, аммо фақат жисмоний тарбияга эътибор қаратадилар. Аслида ақлий ҳолатимиз, эҳтирос ва ҳиссиётларимиз таъсири жисмоний ҳолатимизникидан кам эмас.

«Тоттенхэм» ҳимоячиси Дэнни Роуз ўзининг руҳий муаммолари хусусида ўтган йилдан гапира бошлаганди: «Бундан 1,5 йил муқаддам мен илк бора жароҳат олгандим. «Тоттенхэм» ва терма жамоамиз рисоладагидек ўйин кўрсатаётган, мен эса жимгина ўтириб кузатишдан бошқасига ярамай қолгандим. Ана шу ожизлик асабимга теккани боис, спорт формасини тиклаш маш­ғулотларига баджаҳл ҳолатда борардим ва деярли ҳеч ким билан гаплашмасдим. Уйдан кўчага чиқмайдиган, ҳеч нарсага қўл урмайдиган, аввалгидек ухламайдиган бўлиб қолдим.

Ўзининг руҳий ҳолатидан Дэнни клуб шифокорига арз қилгач, унинг тавсияси билан руҳшунос қабулида бўлди. Руҳшунос Роузда депрессия аломатларини аниқлаб, тегишли муолажаларни буюрди. Шундан кейин футболчи соғлом ҳолатига қайта бошлади: «Саломатлигим борасида муаммоларга дуч келганимни тан олганим ва шифокорга мурожаат қилганим ҳаётимдаги энг мақбул қарор бўлди. Шундай қилмаганимда нима бўлиши номаълум эди. Айни ўша дамларда амаким ўз жонига қасд қилди. У депрессия туфайли ҳаётдан бевақт кўз юмди».

Англия терма жамоасининг Коста-Рикага қарши учрашуви арафасида интервью берган футболчи бу мавзуга тўхталиб ўтди: «Ўйин куни телефонимга 100дан ортиқ миннатдорлик хабарлари келди. Танаффусдан кейин майдонга қайтаётганимизда эса, икки нафар рақиб ўйинчилари депрессияга оид ҳикоямни мамнуният билан ўқиб чиқишганини айтишди. Улар ҳам мен босиб ўтган йўлдан ўтишган экан. Шунда қанчалик савоб иш қилганимни ҳис этдим».

Жермейн Женас Дэннининг ҳикоясига қўшимча қилди:

- Роуз сафимизга қўшилган пайтда мен «Тоттенхэм» етакчиларидан эдим. У тез-тез ёнимга келар ва арзини менга айтарди: «Жей-Жей, дам олиш кунлари мен ўйнай олмайман, уйимни соғиндим, кетмасам бўлмайди». Чиндан ҳам у Донкастерни қўмсаб қийналарди. Балки бу унинг ички муаммоларидан дарак берган кўз илғамас белгидир. Эҳтимол, биз ўзаро эътиборлироқ бўлганимизда, унинг ҳис-туйғуларини аввалроқ тушунган бўлармидик.

2018 йилнинг ёзида Роуз яхши спорт формасига эришгач, бошқа жамоага ўтиш варианти юзага келди. Миш-мишларга кўра, унга «ПСЖ» ва «Шальке» қизиқиш билдирганди.

- Музокаралар жараёнида менга тўсатдан қўнғироқ қилишди: «Сен билан учрашмоқчимиз. Мақсадимиз - сенинг телба эмаслигингга ишонч ҳосил қилиш». Ўзимдан ўзим уялиб кетдим. Чунки бошимдан кечирганларим фаолиятимга умуман таъсир этмаган, деб ҳисоблардим. Майдонда бор кучимни сарфлаган ҳолда тўп сурардим. Қисқаси, менга шартнома таклиф этишмади, бунга чидаса бўлади. Аммо телбага чиқариб қўйишганига чидаб бўлмасди.

Питер Крауч ўзининг ташқи кўринишидаги камчиликлари хусусида гапирди:

- Мазкур муаммоларни кўпчилигимиз ўз бошимиздан ўтказганмиз, унинг ҳеч қанақа ажабланадиган жиҳати йўқ. Лекин мен тенгдошларимдан фарқли равишда улғайдим, бошқа футболчиларга ўхшамасдим. Шу сабабли кўп куюниб, умримни хавотирли ўйлар билан ўтказган ва азият чекканман. Илк жамоам - «КПР» сафида пайдо бўлганимда, мухлислар менинг ташқи кўринишимга қараб баҳо беришганди. Бўйим ўша пайтда ҳам ҳозиргидек бўлган, лекин жуда озғин эдим. Ҳозир бу ҳақда хотиржам ҳикоя қиляпман, аммо у даврда бу мен учун чинакам азоб эди. Мухлислар орасида ўта шафқатсизлари жуда кўп. Болалик пайтимда кўп йиғлаганман, ҳатто 14-15 ёшлигимда ҳам тун бўйи йиғлаган ҳолда савол берардим: «Отажон, нима учун мен бошқа болалардек эмасман? Улар каби футбол ўйнашни истайман, бироқ уларга ўхшамайман». Аслида мен омадли эдим: муаммоларимни отам ва бошқа яқинларим билан муҳокама қилардим. Улар билан мулоқот қилишнинг иложи бўлмаганида, футболдан воз кечган бўлардим. Чунки 40-50 минг мухлиснинг масхара қилишини кўтара олмаган бўлардим. Англия терма жамоаси таркибидаги дастлабки учрашувларимдан бири «Олд Траффорд»да бўлганди. Захирадан майдонга тушганимда ҳуштакбозлик билан кутиб олишди. Ваҳоланки, мен энг буюк орзумни амалга оширгандим. Аввало, трибунада ўтирган оила аъзоларим хаёлимдан ўтишди: мени калака қилишганини кўрган онам йиғлаб ўтирган бўлса керак, деб ўйладим. Хайриятки, ўйиним ёмон чиқмади. Лекин ўша кундан бошлаб терма жамоадаги ҳар бир учрашувда гол уришни ўзимга вазифа қилиб олдим. Чиндан ҳам кўп гол урардим, аммо ўзимни доимо «Б» режа ўйинчиси деб ҳис этардим. Ҳеч қачон Руни ёки Оуэндек ҳис этган эмасман.

Жермейн Женас интернетдаги хейтерлар ҳақида:

- Ҳар гал Match of the Day намойишидан кейин студияни тарк этганимда, «Твиттер»им тасмаси турли эътирозларга тўлиб кетади: «Буни бундай дединг», «анавини нотўғри айтдинг»... Шунга ўхшаш таъна-дашномларга қандай муносабатда бўлишим ўша пайтдаги кайфиятим ва ҳолатимга боғлиқ. Баъзан ажойиб шоудан кейин «Твиттер»­даги заҳарханда киноялар ҳафсалани пир қилади. Аммо кейинги куни шунчаки ҳеч нарсага эътибор қаратмасликка қарор қиламан ва телефонни четга суриб қўяман. Бироқ энг ажабланарлиси бу эмас. Мен доимо холис бўлишга интиламан, ҳақоратомуз фикрларни йўллаганларга босиқлик билан жавоб қайтараман: «Яхши, нима учун фикримга қўшилмаслигингизни тушунтириб бера оласизми?» Хушмуомалалик билан кишиларни тушунишга ҳаракат қиламан. Ҳар сафар баҳсга киришар эканман, бир хил луқмани эшитаман: «О-о, жавоб берганингиз учун раҳмат!» Ваҳоланки, шу мижоз бир дақиқа аввал мени ҳақорат қилганди! Ҳа, ижтимоий тармоқлар олами рангбаранг. У ижобий унсурларга жуда бой. Лекин салбий жиҳатлар янада кўпроқ. Бунинг боиси шуки, бугун ижтимоий тармоқларда ҳар ким ўз фикрини билдиришни истайди.

Гарет Саутгейт фаолиятидаги энг нохуш омадсизлик 1996 йилда юз берди. У Англия мезбонлигида ўтган Европа чемпионати ярим финалининг пенальтилар сериясида ҳал қилувчи зарбани аниқ амалга ошира олмагач, немислар финал иштирокчисига айланишганди. Оқибатда Гарет асосий антиқаҳрамон мақомига сазовор бўлганди.

- Эртасига матбуот вакиллари уйимни қуршаб олишди. Рафиқам иккимиз уйдан чиқолмай қолдик, таътил баҳонасида хорижга чиқиб кетиш йўлини қидира бошладик. Ҳар 15-20 дақиқада журналистлар эшигимизни тақиллатиб, биз билан мулоқот қилишга уринишарди. Евродаги омадсизликдан сўнг ёқимсиз ҳиссиёт мени таъқиб эта бошлади: қаердадир пайдо бўлишим билан кишилар ўртасида ўзаро пичир-пичир бошланарди. Улар жамоанинг финалга чиқа олмаганига мен сабабчи бўлганимни яхши билишарди. Кейинчалик одамлар мени ўз фарзандларига антиқаҳрамон сифатида таништиришни бошладилар.

Энди Саутгейт Англия терма жамоасига устозлик қилмоқда ва ўз шогирдлари учун идеал шароит яратишга уринмоқда.

- Футболчи учун энг мураккаб жараён майдонга тушиш эканлигини яхши биламан. Шу сабабли мураббий сифатида жамоада футболчилар ўзларини хотиржам ҳис этадиган муҳитни яратишга интиламан. Энг муҳими, ўйинчи қандайдир хатога йўл қўйгудек бўлса жазоланмаслигини билиши керак. Шунда у дадил тўп сура олади. Футболчилик давримда менга шу қўрқув халал берарди. Шогирдларим бундай хавотирдан холи бўлишларини истайман.

Гарет Саутгейт бош мураббий лавозимига келганидан кейин терма жамоадаги муҳит сезиларли даражада ўзгарганини футболчилар ҳам эътироф этишмоқда...

Четдан қараганда, Тьерри Анридек машҳур ҳужумчининг ҳаёти фақат муваффақиятлар ва хурсанд­чиликлардан иборатдек кўринади. У ўзининг жонажон Франциясида ҳам, Англияда ҳам мухлислар ёқимтойи эди. Бироқ 2009 йилдаги ягона ғирромлик унинг нуфузига путур етказди. ЖЧ-2010 йўлланмаси учун Ирландия билан кечган тўқнашувда ҳужумчи рақиб дарвозаси олдида тўпни қўли билан тўхтатган ва жамоадошини самарали узатма билан таъминлаганди. Шу тариқа Франция мундиал йўлланмасини қўлга киритган, лекин Анрининг етук футболчи мақоми шубҳа остида қолганди.

- Тўп йўлланган пайтда дарвозабон унга ета олмади, мен эса беихтиёр қўлимни ишга солдим. Аслида барча футболчилар болалик давридан ҳар бир вазият учун охиригача курашишга кўникма ҳосил қилишади. Ўйиндан сўнг Парижга қайтар эканман, мухлислардан таъналар эшитишимни сезгандим. Аммо оила аъзоларимнинг жиддий эътирозларини кутмагандим. Тез орада ОАВ яқинларимга ҳужум қила бошлади. Шунда мен қанчалик аянчли ҳолга тушиб қолганимни ҳис этдим. Шу пайт­гача ҳаётдаги муаммоларни ҳал қилишда ҳеч қачон қийин­чиликка дуч келмагандим. Бироқ бу вазиятда илк марта ўзимни ожиз ҳис этдим. Шунда ҳеч ким ёрдам беришни истамади. Ҳеч ким! Энг асосийси, ёлғизлик азоби мени қийнай бошлади. Мен депрессия ҳолатини бошдан кечирдимми? Очиғи, буни аниқ билмайман. Бунақа ҳолат юз бериши мумкинлигини, уни қай тариқа бартараф этишни умуман билмасдим. Чунки бу мавзуни ҳеч қачон муҳокама қилинмаганди.

Фильм охирида иштирокчилар ва шаҳзода Уильям оддий мухлислар билан майдонда тўп суришди, ўз муаммолари ва улардан халос бўлиш усуллари билан ўртоқлашишди. Футбол юлдузлари ва қирол оиласи вакиллари руҳий тушкунлик ҳолатлари ҳақида очиқ-ойдин фикр билдиришаётган экан, сизга ҳам шуни маслаҳат берамиз. Хижолат чекманг!

Уткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz